Ҳозир ҳамма қайта қуриш тарафдори. Ҳеч ким қарши эмас. Лекин покланишни ҳар ким ўзича тушунади. Қочган ҳам «худо» дейди, қувган ҳам… Ўғри, муттаҳам, фирибгар, порахўр ҳам ўз қилмиши йўриғида ишини «қайта қурмоқчи» бўлса, бундан сергакланиш керак.
Қайта қурувчиларни уч тоифага — ўнглар, сўллар ва марказчиларга бўлиш мумкин. Ўнг қанотдагилар (улар орасида машъум турғунлик даврининг намояндалари ҳам бор) ўзларининг «ёғлиқ жойларини» сақлаб қолиш ёки йўқотилган мавқеларини тиклаб олишларида қайта қуриш даври «ўткинчи давр» ҳисобланади. Уларда оғзаки иқрор, даъват билан дил рағбати бир-бирига қойим эмас. Сўллар том маънодаги покланиш тарафдорлари. Улар иқтисод, маънавиёт ва мафкурада турғунлик даврининг иллатларига буткул қарши чиқмоқдалар ва ҳар қандай қабоҳатга зудлик билан барҳам беришни талаб этмоқдалар. Манфаат кишилари бўлмиш аросатда қолган марказчиларда эса (буларни «оғмачилар» деса ҳам бўлади) бирон қатъий мақсад йўқ. Улар замона зайлига қараб — кимдан кўпроқ наф тегса, ўша томонга қуллуқ қиладилар. Олайлик, айни бир одам бирон мукофот, янги хизмат лавозими, фахрий унвон ва ёки илмий даража олиш илинжида юрган бўлса — ўнг томонга қараб таъзим қилади. Мабодо дилидаги нияти амалга ошмаса ёки бирон сабабга кўра юқоридан дакки еса — дарҳол сўлларга қўшилиб олади. Масалан, яқиндагина каттакон мансаб кишиси бўлган бир олим, амалидан «кавуши тўғрилангандан» сўнг, «Мана энди мен «миллатчи» бўламан!» — деб овоза тарқатган. Ана алфоз, ана савия…
Демократиями — демократия, ошкораликми — ошкоралик. Қуёш ҳаммага баравар нур сочади. Тенглик ҳам барчага баравар бўлиши керак. Шифохонада беморларни миллатига, ирқига, жинсига, мазҳабига қараб даволашмайди-ку. Дарддан барча бирдай қутулиши лозим. Баъзи бир қилаётган ишларимизга қараганда, жилла бундай эмасга ҳам ўхшайди. Айрим тўралар ва амалдорлар ҳамма бирдай иллатлардан халос қилинса, уёғи қандоқ бўларкин, деб ваҳимага тушиб қолгандай. Қандоқ бўларди, айни муддао бўлади. Зотан, қайта қуришдан муддао не: дарддан, кулфатдан фориғ бўлиш эмасми?