Бахтиёр Назаров, Қўзибой Қорабоев, Абдулла Орипов. Элимиз дарду қувончи — тилимиз (1989)

Журналимизнинг ўтган сонида «Муаллиф мулоҳазаси» рубрикасида илк бор таниқли драматург ва публицист Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг мақоласи ёритилган эди. Тилимиз муаммолари — бугунги давра суҳбатида қатнашаётган муаллифларимиз мулоҳазалари ҳам шу мавзуга қаратилган. Давра суҳбатида республикамизнинг таниқли ижодкорларидан Абдулла Орипов, филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Бахтиёр Назаров, республика Фанлар академияси Президиумининг етакчи мутахассиси Қўзивой Қорабоевлар иштирок этишади.

Бахтиёр Назаров: «Янгидан-янги зафарлар қучилган» турғунлик йилларида нафақат халқ хўжалиги, социал-иқтисодий тараққиётда, шунингдек, кишиларимиз маънавиятини тарбиялашда, ўтмишни, у билан боғлиқ бўлган маданий ва адабий меросни ўрганишда, миллатлараро муносабат масалаларида жиддий нуқсонларга йўл қўйилди. Хусусан, бу даврда миллий тиллар, шу жумладан, ўзбек тилига эътибор сусайди. Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоиздан кўпроғини ўзбек халқи ташкил этса-да, шуиингдек, қардош халқлар — тожик, қозоқ, қирғиз, озарбайжон, туркман, бухоро яҳудийлари, турк, қрим-татар, уйғур, татар, бошқирдлар, қолаверса, бу ерда (айниқса қишлоқларимизда) кўп йиллардан буён яшаб келаётган рус, украин, белорус, арман ва бошқа халқларнинг бир қисми ўзбек тилида сўзлаша ёки тушуна олса-да, тилимиз минбарларда янграмади, расмий давлат ишларида қониқарли қўлланилмади, олий ўқув юртларида унинг роли ниҳоятда сусайди. Илмий тадқиқот институтларидаги аҳволни сўзлашдан тил ожиз, ҳатто она тилимиз масалаларига бағишланган диссертацияларнинг рус тилида ёзилиши ёки бу тилга ўгирилишини қандай изоҳлаш мумкин! Бугунги ошкоралик туфайли, бутун мамлакатда  демократия принципларини қайта тиклашга қаттиқ бел боғланган бир пайтда бу нуқсонларни очиқчасига гапириш ва уларни тезроқ тузатайлик дея кенг жамоатчиликка, мана, масалан, неча юз минг сонли муҳтарам журналхонларимизга айтиш имкониятига эга бўлдик.

Қўзивой Қорабоев: Дарҳақиқат, социалистик жамиятимизга зориқиб кутилган ошкоралик кайфияти, демократиянинг ҳаётбахш шабадалари кириб кела бошлади. Бунинг натижасида ҳал этилишини кутиб турган ҳаётий муҳим муаммолар борлиги ҳам маълум бўлиб қолди. Бошқа миллий тиллар қатори, ўзбек тилининг ҳаётимизда, кундалик турмушимизда тутган ўрнини, ролини аниқ белгилаб олиш, тилимизга бўлган муносабатларда масъулиятни ошириш кабилар шундай муаммолар жумласига киради. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳар бир тил бошқа тиллардан ўзига хос жозибаси билан фарқланади. Бу ҳақда Алишер Навоий ҳам, Александр Пушкин ҳам, В. И. Ленин ҳам ҳаққоний фикрларни баён этишган.

Абдулла Орипов: Дунёда турли-туман қушларнинг мавжудлиги табиий бўлгани сингари турфа хил тилларнинг борлиги ҳам табиий ҳолдир. Тўғри, тарих саҳифаларини бир варақласак, баъзи тилларнинг айрим қуш турлари каби турли сабаблар туфайли йўқолиб кетганига гувоҳ бўламиз. Масалан, санскрит, латин ҳозирги пайтда ўлик тиллар бўлиб, тор илмий доираларда, тил тарихи ёдгорлиги сифатидагина ўрганилади. Шу боис ҳар бир халқ ўз тилини эъзозлайди, асраб-авайлайди, бойитади, бунинг учун курашади. Бу, масалан, қуёш чиқиши, майса униши, шамол эсиши каби табиийдир.

Бахтиёр Назаров: Демак, тилимизнинг аҳволи ҳақида жиддий ўйлайдиган пайт келди. Бугунги кунда ўзбек тилини ривожлантириш учун «Ўзбек тили» комплекс программасини ишлаб чиқиш зарурлигини чуқур ҳис этмоқдамиз. Республикамизда ана шундай «Рус тили» комплекс программаси ишлаб чиқилган. Кўплаб бундай муаммоларимизни кўнгилдагидек ҳал этиш мақсадида тилимиз, тарихимиз, маданий меросимизнинг ҳозирги аҳволи учун қайғурувчи олимлар, ёзувчилар, санъат аҳли, студентлар, исталган касб эгаларини ихтиёрий равишда бирлаштирувчи Ўзбек тили кўнгилли жамияти тузилса яхши бўларди. Энг муҳими, бу ишда халқимизнинг ўзи ҳам қатнашарди ва шунда чинакам демократик йўл тутган бўлур эдик.

Қўзивой Қорабоев: Сиз таклиф этган тадбирлар яна шунинг учун ҳам муҳимки, кейинги пайтда ўз она тилига — сут билан кирган тилига беписанд, нигилистик муносабатда бўлаётган кишилар пайдо бўлди. Бунга сабаб ўзбек тилининг роли сусайиб кетганлигидир. Уларга қарата халқимизнинг атоқли фарзанди, маърифатпарвар шоир Абдулла Авлонийнинг ушбу сўзларини айтгинг келади: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурғон ойнаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир… Рус тилини билиш эса ҳаёт ва саодатимиз учун ош ва нон каби керак, лекин ўз еринда ишлатмак ва сўзламак зарурдир. Зиғир ёғи солуб, мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур… Боболаримизга етушган ва яраган тил ва адабиёт бизга ҳеч камлик қилмас. Ўз уйимиздан қидирсак ва ахтарсак, йўқолганларини ҳам топамиз. Йўқолса йўқолсун, ўзи бошимга тор эди, деб Еврупо қалпоғини киюб, кулги бўлмак зўр айб ва уётдир». Бу сўзлар илк бор 1913 йилда чоп этилган «Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ» китобидан (1967 ҳамда 1979 йилларда ҳам нашр этилган — Ред.) келтирилди, асар ҳозирга қадар долзарб аҳамиятини йўқотгани йўқ бу сўзларни ҳар биримиз қайта-қайта ўқишимиз керак!

Абдулла Орипов: Абдулла бобомиздан жуда қимматли мисолни келтирдингиз, Кўзивой ака. Мен бошқа Абдулла бобомиз — Қодирий романларининг тили ширалилиги, биз, адиблар ул муҳтарам зотдан ҳамиша ўрнак олишимиз зарурлиги ҳақида айтмоқчиман. Бугунги кунда Қодирий романлари билан, айтайлик, ўз она тилини чала биладиган, асарларининг сўз бойлиги 100 тага ҳам етмайдиган бирор ёзувчини солиштириб кўринг. Бундай манзарага ўзингиз баҳо беринг.

Бадииятнинг биринчи белгиси — тил. Ижодкор (нафақат ижодкор!) сўз бойлигини кўпайтириб боришга интилиши зарур. Ўтган давр мобайнида бадиий тилимиз қотиб қолмай, муттасил ривожланиб келди. Миртемир шеъриятининг тилини бу фикримга далил қилиб келтириш мумкин. Бир пайтлар шеваларда ишлатиладиган сўзларнинг бадиий адабиётга олиб кирилишига нигилистик муносабатда бўлинди, бу масалани ҳам ҳозирда кўриб чиқиш керак. Яқинда 548 йиллик юбилейи кўтаринки руҳда нишонланган бобомиз Алишер Навоий асарларини ўқишга ёшларда иштиёқ баланд, лекин барча сўзларни ҳам тушунаверишмайди, буни ҳатто ҳамма мутахассислар ҳам билаверишмайди. Бунинг учун бирор тарихий тараққиёт босқичларини қоралаб бўлмайди. Данте тили ҳозирги замон итальян тилидан узоқлашган. Ёки бўлмаса славян халқларининг ҳозирги тили илгаригисидан анча фарқ қилади. Ўзимизда ҳам ўзгаришлар сезиларли. Масалан, Фурқат прозасида ўнлаб «ва» боғловчисини учратиш мумкин, ҳозирги стилистикамизда бу нарса хато ҳисобланади. Ёхуд 20-йиллар адабиётида «бўладир», «келадир» деб ёзилган, иейинчалик «р» ҳарфи ўз-ўзидан тушиб қолди. Демак, тилни муттасил ўзгариб борадиган жонли организмга қиёслаш мумкин. Орада 30—100 йил ўтар, бизнинг бугунги нутқимиз ёки ёзувимиз қандай бўларкин! Не бўлса ҳам, тилнинг камбағаллашиб кетишига йўл қўймаслигимиз зарур ва, айтиш керакки, тил ўз-ўзидан бойиб қолмайди.

Баъзан болаларимиз ўсимликлар номини билмайди, деб ўпкаланамиз. Ахир, боланинг бунга иши тушмаса, мия омборхона эмаски, унга турли терминларни тахлаб, қулфлаб қўяверилса… Балки, бу, илмий терминология ишлаб чиқилмагани сабаблидир. Яна бир кузатиш: «зангори зкран»да тез-тез кўриниб турадиган олимларимиздан аксариятининг нутқини тинглаб туриб, сўз «бойлиги» 100—130 тадан ортиқ эмас, деган ачинарли хулосага келаман…

Бахтиёр Назаров: Бу фикрларингизда жон бор, албатта. Шунинг учун ҳам тилимиз муаммоларига кенг жамоатчиликни, халқимизни жалб этишимиз зарур. Шу йилнинг 6 январь куни КПСС Марказий Комитетида фан ва маданият арбоблари билан учрашувда М. С. Горбачев қайта қуришнинг интеллектуал имкониятларини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор берди ва, хусусан, миллий муносабатлар ҳақидаги фикрларини якунлаб туриб, шундай деди: «Бизнинг жамиятимиз халқнинг овозига қулоқ солиши керак. Бизда кўпинча шундай бўладики, ўз позициясини таъкидлаш керак бўлгандагина халқни рўкач қиладилар, халқ у ёки бу ўртоқнинг даъвосидан фарқ қиладиган ўз фикрини айтганида эса, халқ ҳамма нарсани тушунавермайди, деган гапни айта бошлайдилар. Йўқ, халқ ҳеч кимнинг адашишига йўл қўймайди». Ўртоқ М. С. Горбачеа худди шу ўринда яна қатъий қилиб қуйидагиларни айтди: «Ўйлайманки, сиз билан бизнинг адашишимизга ҳам йўл қўймайди». Бу, мазкур учрашувда иштирок этган фан ва маданиятнинг улкан арбобларига, шунингдек катта-катта лавозимдаги барча партия ходимларига қарата айтилган фикрдир.

Ўзбекистон ССРда ўзбек тили давлат тили бўлиши керак, деган фикр эса хато эмас. Бу — чуқур ўйлаб, жиддий мулоҳаза юритиб, халқ фикрини, жамоатчилик фикрини теран ўрганиб, шундан кейингина бир хулосага келишга ундайдиган фикр. Шуни таькидлаш керакки, рус тили миллатлараро восита тили сифатидаги ниҳоятда зарур бўлган мавқеини бундан кейин ҳам сақлаб қолаверади. Бу муҳим вазифани бажараётган тилни ўрганишга эса эҳтиёж орта боради. Республикадаги бошқа халқларнинг вакиллари ва тилларига ҳурмат мутлақо сусаймайди. Бунга ҳамдўстлигимиз, қардошлик ҳис-туйғулари йўл қўйиши мумкин эмас. Агар республикамизда ўзбек тили давлат тили сифатида белгиланса, бошқа миллат вакиллари ва тилларига ҳурматсизлик рўй бериши мумкин, деган ҳадик асослими? Менимча, асосли эмас. Агар тегишли қонунларда: ҳамма тиллар тенг ҳуқуқли, кимда-ким бошқа тилга ҳурматсизлик қилса, ёхуд уни ҳақоратласа қонун олдида тегишлича жавобгарликка тортилади, дейилса, назаримда боягидаги каби ҳадикларга буткул ўрин қолмайди.

Зеро, ҳар бир республиканинг тили унинг номидаги тил эканлиги яқинда киритилган тўлдириш ва қўшимчалар билан тасдиқланган СССР Конституцияси (Асосий қонуни)да ҳам маълум даражада ўз ифодасини толган. Унинг 119-моддаси 15-қисмида (уни 15-банд дейиш ҳам мумкиндир) шундай дейилади: Совет Иттифоқининг Олий ҳокимияти, яъни СССР Олий Совети Президиуми «СССР халқ депутатлари съезди, СССР Олий Совети, унинг палаталари, СССР Олий Советининг Президиуми, СССР Олий Совети Раиси қабул қилган СССР қонунлари ва бошқа актларни иттифоқдош республикаларнинг тилларида эълон қилади». Демак, улар Узбекистон ССРда ўзбек тилида эълон қилинади, яъни ўзбек тили республикамизда давлат тили статусига эга бўлиши учун қонуний асос бор.

Умуман, миллатлараро муносабатлар, шунингдек, тилга оид баҳслар қай тариқа ва нечоғлик мураккаб, ечилмаган, зиддиятли масалалар атрофида юритилмасин, энг асосий мақсад халқлар ва миллатлараро нифоқ солишга эмас, аксинча, уларни бирлаштиришга, дўстлаштиришга, ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилмоғи керак.

Қўзивой Қорабоев: Қонунларнинг ҳаётимиз учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳеч ким рад этмайди. Лекин бу қонунларга киритилмаган шундай ҳақиқатлар борки, улар ҳар бир инсон мансуб бўлган миллатнинг маънавияти, руҳияти, бир сўз билан айтганда, ҳаётий илдизларига бориб тақалади. Ҳар бир инсон мансуб бўлган миллатнинг ўз тупроғи, ўз ошиёни, ўз маскани борки, буни ВАТАНИМ деб атайди. «Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг Ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган ерини жондан ортиқ суяр», — дейди Авлоний. Ёки бўлмаса, Алишер бобомизнинг мана бу машҳур рубоийсини ҳар биримиз болаликдан ёдда тутамиз:

Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Гар олтин қафас ичра қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш.

Халқимиз ўз ошиёнида, ўз тупроғида наҳотки ўз тилининг қонуний ҳуқуқларига эга бўлишга ҳаққи йўқ!? Мамлакатимизда ошкоралик ва қайта қуриш жараёнининг такомиллашиб боришини бу ва шу каби масалалар ижобий ҳал этилгандагина чуқур ҳис этиш мумкин.

«Инсоннинг она тили битта, чунки онаси битта, Ватани битта бўлади», — дейди таниқли файласуф олим, СССР Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Эркин Юсупов. Лекин айрим зиёлиларимиз турғунлик йилларидан мерос бўлиб қолган ҳадиксираш, улуғ рус адиби А. П. Чеховнинг қаҳрамонига ўхшаб, «бирор кор-ҳол бўлмасин-да, ишқилиб» деган позицияда туришибди. «Правда Востока» газетасининг шу йил 26 январь сонидаги бош мақолада турғунлик йиллари тил масаласида олиб борилган нотўғри сиёсат оқибатида рус тилига кўпроқ эътибор берилгани, миллий тилларнинг ривожланиши анча сустлашгани айтилган. Бироқ, бу хатони тўғрилаш учун ошиқмаслик, тайёргарлик даврини ўтиш керак, дейилган. Кейинги пайтда матбуотда иккитиллилик ва кўптиллилик ҳақида чиқишлар бўлди. Аммо, шуниси ажабланарлики, республика Марказкоми қошидаги тил бўйича комиссияга юборилаётган таклифларнинг 95 фоизи ўзбек тили Ўзбекистон ССРнинг давлат тили бўлиши кераклигини айтаётган кишилардан келаётган бўлса-да, матбуот саҳифаларида бу борада бир оғиз ҳам гап йўқ!

Шу йил январь ойининг охирида ЎзССР ФА Президиуми мажлисида тилимиз муаммолари ҳақида жуда маъқул гаплар бўлди. Бу мажлисда ЎзССР ФА академиклари, мухбир аъзолари, таниқли олимларимиз ўз она тилларида нутқ сўзладилар, натижада мунозаралардаги жонланиш яққол сезилди. Мажлисни Академиямиз президенти Маҳмуд Салоҳиддинов олиб борди, тилшунос олимларимиз олдида турган вазифалар ҳақида сўзлади. Мажлиснинг ўз она тилимизда олиб борилаётгани туфайли ғурурланиш ҳиссидан энтикиб кетдим. Афсус, неча-неча йиллар мобайнида мана шу минбарга чиққан неча-неча ўзбек олимининг қанчадан-қанча фикр-мулоҳазаси, ғоялари ўз она тилида ифода этилмагани туфайли «гап эгасига етиб бормади» экан! Ўтган 31 йил мобайнида (мен бу даргоҳда 1958 йилдан буён хизмат қилиб келаман) Академиямизда уюштирилган катта-катта анжуманлар, мажлислар, илмий кенгашлар, ҳатто таниқли ўзбек олимларини сўнгги йўлга кузатиш митингларида ҳам ўз она тили — ўзбекчада нутқ сўзлаганлар жуда оз бўлганига гувоҳман. Бу мўътабар даргоҳнинг ташкил этилганига 45 йилдан ошибдики, унинг бирор бир фармони, қарори, мурожаати ўзбек тилида чоп этилгани йўқ. Бу аҳволни тўғрилашнинг бирдан бир йўли ўзбек тилига давлат статуси берилишидир, деб ўйлайман.

Абдулла Орипов: XIX Бутуниттифоқ партия конференциясида миллий тилларни ривожлантириш хусусида ҳам муҳокамалар бўлиб ўтди. Яхши биламизки, рус тили миллатлараро алоқа воситаси бўлиб хизмат этиб келмоқда. Умуман, у ўзбек тилининг республика доирасидаги ролини сира ҳам рад этмаслиги керак. Миллий тил масаласини, албатта, бутун халқ ҳал этади. Ўзбек тилига давлат статуси берилиши республикамизда яшаётган турли миллатлар ўртасидаги байналминал муносабатларга асло раҳна солмайди.

Бахтиёр Назаров: Албатта, ўзбек тили давлат тили бўлиши учун бу масалани ҳамма жойда: корхона ва ташкилотларда, колхоз ва совхозларда, турли ўқув юртларида — респубпика жамоатчилиги томонидан кенг муҳокама қилмаслик мумкин эмаски, доно халқмизнинг «кенгашли тўй тарқамас» деган мақоли бор.

«Совет Ўзбекистони» газетасининг шу йил 15 февраль сонида «Ўзбекча гапирай…» деган қизиқарли бир мақола эълон қилинди. Унинг муаллифи — Фарғона шаҳар саёҳатлар ва экскурсиялар бюроси экскурсоводи Л. Ходякова Ўзбекистонда яшаб туриб ўзбек тилини билмасликни нормал ҳол эмас, деб баҳолаб, жумладан шундай ёзади: «Баъзан «Ўзбеклар русча гапиришяпти. Бизга ўзбекча ўрганишнинг ҳожати бормикин», дегувчилар ҳам топилади. Бироқ икки халқнинг бир-бирини яхшироқ тушунишида энг яқин йўл — тилни ўрганиш демакдир…

Ҳозирги лайтда Фарғонада яшаётган европаликларнинг кўпчилигида ўзбек тилини ўрганишга иштиёқ катта. Улар орасида ёшлар ҳам, пенсия ёшига яқинлашиб қолганлар ҳам бор. Курсларда шуғулланаётганлар ўзлари учун ажойиб кашфиётлар қилишяпти. Маълум бўлишича, рус тилида туркий сўзлар жуда кўп. Ўзбек тили эса енгил ўзлаштириб олинадиган, бой, оҳангдор тил экан. Бу тилни билиш қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқ ва бошқа туркий тилларга мансуб халқлар билан гаплашиш имконини берар экан. Ахир, ҳозир мамлакатнинг каттагина қисмида худди мана шу тилларда гапирувчи халқлар яшайди-да!»

Қўзивой Қорабоев: Мен ҳозир ўйланиб ўтириб, бир нобоп ғоя жамиятимизга қанчалик маънавий зарар етказганининг ҳисобига ета олмадим. Бу, СССРда миллатлар бир-бирига қўшилиб кетиб, ягона миллат, ягона тилга эга бўлади, деган ғоя эди. У ҳақда докторлик диссертация ёқлаганлар бор, бу ғоя узоқ йиллар тарғиб қилинди, у мамлакатимиздаги барча халқларнинг миллий манфаатларига зарба берди, тили ва маданияти тараққиётига тўсқинлик қилди. Қайғули томони шунда бўлдики, айтайлик, бирор ёввойи мушук ёки ўсимлик тури йўқолиб кетаётганига айюҳаннос солиб, уларни дарҳол «Қизил китоб»га киритиб, қўриқхоналарда кўпайтириш ҳақида қарорлар чиқарилди, лекин қисқа тарихий давр ичида бутун бошли халқлар (гарчи майда халқлар бўлса ҳам) йўқ бўлиб кетаётганини қонуний ҳодиса дейилди. Мен, шахсан буни катта ҳарфлар билан ёзиладиган ИНСОНга, тили ва маданияти инқироз ёқасига келиб қолган айрим халқларга нисбатан ҳақорат деб ҳисоблайман.

Бир воқеани айтмай ўтолмайман. Академиямизнинг собиқ президенти Пўлат Ҳабибуллаев Президиум мажлисларидан бирида (мажлис одатдагидек рус тилида олиб борилганди): «Академия нафақат илмий, балки маданий марказ ҳамдир. Идорамизда тайёрланаётган барча ҳужжатлар шундай юқори савияда, грамматик жиҳатдан бекаму кўст бўлнши керакки, бу иш халқимизнинг маънавий, маданий жиҳатдан юксалишига қўшган ҳиссамиз бўлсин», — деган баландпарвоз сўзларни айтганди. Бу талаб қайси тилда амалга оширилганда, халққа нафи қай даражада тегади, деган саволнинг туғилиши табиий эдики, Ҳабибуллаев учун бундай муаммонинг ўзи бўлмаган ҳеч қачон. Ўша «нафақат илмий, балки маданий марказ» қўшган улушга бир мисол. 1987 йилда СССР Фанлар академиясидан ЎзССР ФАга келган комиссия Тарих институти олимлари чоп этган китобларнинг бор-йўғи 4 фоизи (!) ўзбек тилида эканлиги (10 фоизи чет тилларда нашр этилган ҳолда!) фактини Ўзбекистон маданияти, илму фани учун ўта салбий ҳодиса деб баҳолаганди. Шуниси ҳам борки, рус тилидаги (қолган 86 фоизи) китоблар муаллифларининг кўпчилиги ўзбек олимларидир (китобларни асосан ўзлари таржима этишади), улар рус тилида диссертация ёзишга мажбур, бунинг устига кутубхоналардаги кўпгина манбалар ўша тилда; сўнгги пайтда эса институтда ўзбек тарихчи олимлари негадир камайди. Мана сизга «халқимизнинг маънавий, маданий юксалишига қўшилган ҳисса»! Ишонамизки, Академиямиз фаолиятидаги бундай нуқсонлар албатта тугатилади.

Абдулла Орипов: Ҳа, гапларингизга қараганда, бу даргоҳда ҳам ўзига яраша муаммолар бор экан. Китоб чоп этиш масаласида бизда ҳам муаммолар етарли. Масалан, кейинги йилларда ўзбек тилида китоб нашр этиш бирмунча камайди. Яна бир муаммо: ўқувчилар айрим бадиий адабиётларни дўконма-дўкон излаб юришадики, уларга бу масалада ҳатто Ёзувчилар союзи ҳам ёрдам беролмайди, яъни биз бундай китоблар тиражини оширишга аралашолмаймиз. Булар яқин пайтда ҳал бўлиши зарур масалалардандир.

Энди, ижозатингиз билан салкам чорак аср илгари ёзилган бир шеъримни ўқиб берсам — «Она тилимга» рус тилига ҳам бир неча бор таржима этилган. Менимча, у ҳозир ҳам таъсир кучини йўқотмаган.

Минг йилдирким, булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга солурман.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қолурман…

Бахтиёр Назаров: Раҳмат, Абдулла ака. Энди, суҳбатимиз якунида журналхонлар эътиборини институтимизда олиб борилаётган айрим ишларга жалб этмоқчиман. Институтимизда тил ҳақида жамоатчилик фикрини ўрганувчи марказ (жамоатчилик асосида) иш бошлади. Ўзбек тилини ўрганувчилар учун пуллик 2 йиллик курс ташкил этилди. Араб графикаси асосидаги эски ўзбек тили ва ёзувини ўргатувчи йиллик пуллик курсларда ҳозирда машғулотлар олиб борилмоқда (ўқишни истовчилар институтимизга мурожаат этиши мумкин). Келгуси режаларда қуйидаги вазифаларни белгиладик: 10 жилддан иборат «Ўзбек тилинииг изоҳли луғатиини тузяпмиз; Ўзбекистоннинг этнолингвистик атласини тузиш борасида иш бошладик; русча-ўзбекча бир жилдлик луғат; ўзбекча-тожикча, тожикча-ўзбекча луғатларни тайёрлашни ҳам бошлаб юбордик.

Хуллас, бугунги суҳбатимизни фойдали бўлди деб ҳисоблаш мумкиндир; тилимиз, умуман, маданиятимиз муаммоларига бағишлаб мана шундай давра суҳбатлари тез-тез ўтказиб турилса, деган истак билан сўзимизга якун ясаймиз.

Суҳбатни Саидмурод Хўжаев ёзиб олди.

РЕДАКЦИЯДАН: Муҳтарам журналхонлар, мана, бугунги суҳбат иштирокчиларининг тилимиз муаммоларига бағишланган фикр-мулоҳазалари билан танишиб чиқдингиз. Бу суҳбат сизда қандай таассурот қолдирди, муаллифларимизнинг мулоҳазаларига қўшимча қилиб ёки тўлдириб нималарни айтган бўлур эдингиз, балки айрим фикрлар сизни унчалик қониқтирмагандир ёки эътироз уйғотгандир сизда! Суҳбатда айтилганидек, тилимиз муаммолари кенг жамоатчиликнинг фикрларига таянилган ҳолда ҳал этилиши зарур. Ўз она тилининг тақдири учун қайғурувчи ҳар бир киши эса бу муаммолардан четда туриши мумкин эмас. Ўйлаймизки, ушбу суҳбатдан олган таассуротингиз қўлингизга қоғоз-қалам олишга ундайди — мактубларингизни кутамиз.

“Фан ва турмуш” журнали, 1989 йил, 4-сон