Боймирза Ҳайит. Туркистон — Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1987)

http://n.ziyouz.com/images/turkiston-legioni.jpg

(Анқара университетининг «Дунё ва турклик» мавзуидаги симпозиумида 1987 йил 21—28 апрелда ўқилган нутқ)

1935 йил охиригача Туркистон турклари Совет Армиясига сафарбар этилмас эди. 1935 йилда қабул қилинган «Совет Армиясига сафарбарлик» қонунига асосан 1935-38 йиллар ичида Қизил Армия хизматларига туркистонликлар оз миқдорда олинганди. 1939 йил сўнгида Совет Иттифоқи билан Финляндия орасида уруш борганлиги сабаб бўлиб туркистонликлардан Қизил Армияга аскар олиш орта борди. 1941 йил июнь ойида Совет Иттифоқи билан Олмония орасида бошланган урушнинг дастлабки йилларида (1941-43) Қизил Армияда тақрибан 4.847.775 туркистонлик бор эди. 18 билан 65 ёш орасидаги туркистонликлар жабҳа хизматига сафарбар қилинди. Туркистонликлар 1939-45 йиллар орасида узлуксиз равишда Қизил Армия хизматига олинишидан олдин, Совет режими Туркистондаги дастлабки сиёсатининг «мевасини» тотаётган эди. Сталиннинг «Давлат ва коммунистик партия идораларини халқ душманларидан ва миллатчилардан тозалаш»га оид кўрсатмаси билан Совет Иттифоқи коммунистик партияси Марказий Комитети қабул қилган қарор асосида 1937-39 йилларда туркистонликлардан тақрибан 2 миллионга яқин киши қамоққа олинганди. Бундай террорлардан кейин, қўрқинчли йиллар таъсиридаги туркистонликлар энди Қизил Армия хизматига олинаётган эди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтларида Қизил Армияга сафарбар этилган Туркистон туркларининг саноғи тўғрисида тўла маълумот йўқ. Лекин, «Миллий Туркистон» Бирлик Қўмитасининг 1942-43 йилларда Олмония томонида жабҳада бўлган «Туркистон легиони»нинг аскарларига берилган саволларга олинган жавоблардан уруш даврида Қизил Армияда бўлган туркистонликларнинг саноғи борасида ҳақиқатга яқин маълумот олиш мумкин бўлганди. Тўпланган маълумотларга қараганда, 1943 йилда Қизил Армиянинг 6 ҳарбий қисмида, яъни, Минск, Киев, Москва, Ленинград, Узоқ Шарқ, Шимолий Кавказда 1.179.802 туркистонлик аскар бор эди. Фақат Минск ва Киев қисмларида 997.802 нафар эди. Совет Иттифоқининг бошқа ҳарбий қисмларида бўлган туркистонликларнинг саноғи ҳақида маълумот олишнинг иложи бўлмаган. Олмон уруши доираларининг тарқатган маълумотларига кўра, Совет Иттифоқи билан Олмония орасидаги урушнинг илк йилларида (1941-42) Советларнинг Ғарбий жабҳасида тақрибан 2 миллионга яқин туркистонлик аскар бўлган. Тўрғай шаҳрида жойлашган Олмон ҳарбий асирлари Бошқармасининг 1943 йилда берган маълумотига кўра, урушнинг илк йилларида (1941-42) Совет Армиясидан 1.700000 га яқин туркистонлик олмонлар томонидан асир олингандир.

Олмон-Совет урушидан олдин, Совет Армиясига чақирилган туркистонликларнинг кўпи Украина ва Польшада хизмат қилаётган эди. Финляндия — Совет Иттифоқи урушида маънавий ва моддий кучларидан айрилган Қизил Армия Олмониянинг Польшадаги уруш бораётган чегараларига юборган аскарларини на қурол жиҳатдан, на-да маънавий жиҳатдан таъминлаган эди. Олмон Армияси билан юзма-юз келган туркистонлик совет аскарларининг кўпчилиги қўлларида милтиққа ўхшаган тахта парчаларини кўтариб боришарди. Олмонлар биринчи бўлиб чегарада турган совет аскарларидан туркистонликларга оғир зарба бергандилар. Шу сабабли туркистонликларнинг бир қисми ёппасига ҳалок бўлди. Кўпчилиги эса немисларга таслим бўлган ва улар томонга ўтган эди. Совет Армияси таркибида хизмат қилаётган туркистонликларнинг фақат озгина қисми орқага чекинди. Лекин буларнинг ҳам аксарияти немис армияси томонидан асир олинди ва ўлдирилди.

http://n.ziyouz.com/images/boymirza_hayit.jpgИккинчи жаҳон уруши даврида Совет Армиясида бўлган туркистонлик аскарларнинг «Совет Ватани» деб аталган, аслида «Рус ватанпарварлиги» руҳида яшаётган Совет Иттифоқининг ғарбий минтақаларидаги тупроқларини мудофаа қилиш учун маънавий кучлари етарли эмас эди. Ҳеч кимса 1937-1939 йиллардаги сталинизм-большевизм террорининг таъсиридан қутулолмаган эди. Устига устак туркистонлик аскарларнинг кўпчилиги рус тилини билмаганлари учун, уларга «иккинчи даражали аскар» назари билан қараларди. Шундай бўлса ҳам туркистонликлар ўз Ватанларидан йироқ жабҳаларда урушаётган эдилар. Ҳар бир туркистонлик совет аскарининг хаёлида «мен нега бу ердаман?» деган савол бор эди. Шунинг билан бирга Совет Армиясида Туркистон Миллий Озодлиги учун Русияга қарши генерал Миршакар бошчилигида ташкил этилган яширин бир ташкилот Минск шаҳрида жойлашиб, туркистонлик совет аскарларининг Олмонияга қарши жиддий жангга кирмасликларини ташвиқ этаётган эди. Қизил Армия қўмондонлиги 1944-45 йилларда тўғридан-тўғри жабҳада уруш олиб бораётган туркистонлик совет аскарларининг озгина қисми Олмонияга сиғинганлар эди. Немислар ташвиқотининг хатоси ҳам Совет Армиясига ёрдамчи ролини ўйнади. Немис армияси билан бирга туркистонлик аскарлар Совет Армиясига қарши жабҳада иштирок этаётган бўлишларига қарамай, немис тарғибот органлари «Большевизмнинг асосий манбаи мўғуллар ва осиёликлардир» деб жар солишдан воз кечмади. Бундай хатоли тарғибот ҳаммасидан олдин туркистонликларни қўрқитмоқда эди. Немисларнинг Совет Армиясидан олган асирлари ва Совет Армиясидан қочиб Олмон армиясига ўтган собиқ совет аскарларига нисбатан олиб борган бундай ёмон муомалалари совет аскарларида немисларга қарши ишончсизлик туйғусини вужудга келтирди. Совет Армиясида икки миллионга яқин туркистонлик турк ва мусулмон аскарларининг бўлганлиги, Туркистоннинг уруш давридаги инсон потенцияси оқимининг даражасини кўрсатмоқда эди. Иккинчи жаҳон уруши, Туркистон туркларининг анъанавий уруш қобилиятларининг сақланиб қолганини кўрсатди. Туркистонликлар урушга қўрқмай отилиб кирардилар. Туркистон, Совет Иттифоқининг уруш йилларидаги иқтисодий эҳтиёжларини таъминлаган марказ бўлганди. Бунга Туркистоннинг бой маъдан конлари ва зироати имкон бермоқда эди. Масалан, 1945 йилда Совет Иттифоқи кўмир резервининг 26,7 фоизи, бензин резервининг 32 фоизи, миснинг 76 фоизи, живанинг (алюминнинг) 100 фоизга яқини, руҳ ва қўрғошиннинг 86 фоизи, висмутнинг 100 фоизи, хромнинг 90 фоизи ва марганецнинг 95,5 фоизи Туркистонда эди. Иккинчи жаҳон урушидан олдин совет мутахассислари билдирган маълумотга кўра, ёлғиз Қарағандадаги кўмир кони Совет Иттифоқи кўмир эҳтиёжларини 120 йилгача қоплай оладиган даражада бойдир. Қарағандадаги кўмир конида уруш йилларида ҳар куни 31.314 тонна кўмир чиқарилганди. Уруш йилларида 150 темир-маъдан конлари кашф этилган. Жезқазған марганец-маъдан кони Украина немислар томонидан ишғол этилгандан кейин Советларнинг Кривой Рог маъдан кони ўрнига ишга солинганди. Совет Иттифоқининг ғарбий минтақалари (Украина, Белоруссия каби) ишғол этилгандан кейин, советларнинг конга ва нонга бўлган эҳтиёжларини Урол, Сибирия ва Туркистон таъминлаганди. Олмон-Совет урушидан олдин Совет Иттифоқида чиқарилган темирнинг 68 фоизи, пўлатнинг 58 фоизи, алюминийнинг 60 фоизи ғарбий минтақалардан олинарди. Лекин уруш бунга барҳам берди. Совет ҳукумати 16 август 1941 йилда Уруш Иқтисодиёти Планини қабул қилди ва фавқулодда ўлароқ Ғарб минтақаларидаги қутқариб қолиш мумкин бўлган саноатини Туркистон, Урол ва Сибирияга жойлаштирди. Украина, Белоруссия, Москва ва Ленинграддан 1941 йил июль-ноябрь ойларида 1563 фабрика (булардан 1360 таси ҳарбий саноатга оид), Совет Иттифоқининг шарқий минтақаларига кўчирилди. Булардан 250 дан ортиғи Туркистонга юборилганди. Украинадай бой бир мамлакатнинг Олмония томонидан ишғол этилиши муносабати билан, Совет Иттифоқи, ҳарбий эҳтиёжлари юкининг катта қисмини Туркистон зиммасига ортди. Туркистон Қизил Армияни озиқ-овқат, пахта, жун, ипак, мева, сабзавот, гўшт, нон ва шакар билан таъминлаб турди. Туркистоннинг ерости маъдан бойликлари, зироати ва чорвачилик имконлари ҳақида бу ерда баҳс юритишнинг ҳожати йўқ. Чунки булар ҳақида «Туркистоннинг иқтисодий муаммолари» («Die Wirtschafts – Probleme Turkestans», Турк маданияти тадқиқотлари Институти нашр этган 32, VII серия, А I сонли рисола, Анқара, 1968, 244-бет) номли асаримда маълумотлар беришга ҳаракат қилганман. Шуни ҳам очиқ айтишимиз керакки, Туркистон темир йўллари, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Совет Армияси учун беқиёс хизматлар қилди. Масалан, Ашхобод темирйўли 1942 йилда 100 минг вагон аскар ташиган эди. Уруш учун керакли бўлган саноат ва зироат маҳсулотларини жабҳага ташиш ва жабҳани Туркистонга боғлаш масалаларида Тошкент, Ашхобод ва Турксиб темирйўллари муҳим роль ўйнагандилар.

Уруш даврида Совет Иттифоқининг Ғарбий минтақаларида 3 миллионга яқин киши Туркистонга кўчириб юборилди. Булардан 2 миллион 300 минги Қозоғистон Совет Жумҳуриятида, 716 минг киши Ўзбекистон Совет Жумҳуриятида, қолган қисми Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон Совет Жумҳуриятларида жойлаштирилди. Туркистон аҳолиси буларни уй-жой, озиқ-овқат ва бошқа ҳаёт эҳтиёжлари билан таъмин этди. Етим қолган болаларнинг кўпчилиги ҳам Туркистонга жўнатилди. Булар билан Туркистоннинг турк аҳолиси инсонпарварлик руҳида муомала қилди. Масалан, тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмуд ўғли ва унинг хотини Баҳри ая Тошкент етим болалар уйидан 16 нафар, 16 миллат ва қавмдан келган етим болаларни ўз ҳимояси ва тарбиясига олдилар. Ҳар бир бола учун турк-мусулмон исми бериб, уларни турк-ўзбек лаҳжасида ва мусулмонлик руҳида улғайтирдилар ва болаларга Шомаҳмудов фамилиясини бердилар. Отасининг исми Шоаҳмад, онасининг исми Баҳри деб ёздирдилар. Бу болалар турли миллатлардан келган оилаларнинг болалари бўлганларини фақат кейинчалик билдилар. Лекин шунгача Шомаҳмудов оиласи анъаналарига боғлиқ ҳолда яшадилар ва ишладилар.

Туркистон умуман Совет Иттифоқининг уруш даври иқтисодиётида муҳим роль ўйнади. Буни Сталин 1943 йилда қуйидаги фикрлар билан баён этган эди: «Ўрта Осиё ва Қозоғистон Совет Жумҳуриятлари, Қизил Армиянинг энг муҳим қурол омбори бўлди.»

Сталин биринчи марта Ўрта Осиё ва Қозоғистон атамасини ишлатган Совет коммунист раҳбари бўлган эди. Шу нарсани очиқ қайд этишимиз керакки, Сталиннинг атамачилик борасидаги бу «руҳий мерос»ини ҳозирги кунгача Ғарбда ҳам ишлатиб юрганлар талайгина.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Туркистон бир томондан Совет Армиясининг аскарий потенциалида аҳамиятли роль ўйнаган бўлса, бошқа томондан иқтисодий имконлари билан Совет Иттифоқи ҳарбий иқтисодиётига оид талабларини қондиришга мажбур этилди. Бу эса Совет Иттифоқининг урушда енгиб чиқишида муҳим негизлардан бири бўлди. Иккинчи жаҳон уруши айни чоқда Туркистон миллий масаласини ўртага кўндаланг қилиб қўйди.

Олмон-Совет уруши бошланган йилларда Олмонияда бўлган туркистонлик зиёлилар, 1939 йилда Олмония ила Совет Иттифоқи орасида Польша тақсим этилганидан кейин Туркияга кўчдилар. Ўша йилларда Парижда яшаган Мустафо Чўқай ва Берлинда турган Вали Қаюмхондай икки туркистонлик зиёли, Советлар Иттифоқи ҳокимияти остида яшаб келган турк қавмларининг муҳожир зиёлиларининг вакиллари ила ўз мамлакатларидан келган ҳарбий асирларнинг анкеталарини тайёрлаш билан машғул бўлдилар. 1941 йил декабрида Мустафо Чўқай вафот этди. Ёзувли бўлмаган (яъни оғзаки) маълумотларга қараганда, Совет Иттифоқида турк қавмларининг Олмониядаги муҳожир раҳбарлари, асирларни ишлашга жалб қилмоқ учун анкеталар тузишга киришгандилар. 1942 йил бошида аҳвол ўзгарди. Аввал Совет Русияси ҳокимияти остида бўлган, ҳозирда эса Олмонияда турган ғайрирус миллатларининг бир қисмини легионларга қабул қилиш масаласи кўрилди. Шу тариқа Олмония ҳокимияти остига кирган ерларда Армани, Гуржи, Шимолий Қофқоз, Озарбойжон, Идил-Ўрол ва Туркистон легионлари барпо этилди. «Туркистон легиони»нинг биринчи партияси 2 май 1942 йилда Брянск ўрмонларида Совет Армиясига қарши жангга кирдилар. 1942 йил августида Вали Қаюмхон раислигидаги «Туркистон Миллий Бирлик Қўмитаси» тузилди ва айни замонда «Миллий Туркистон» журнали нашр этилди. Журналнинг биринчи сони (15.8.1942) «Бизнинг йўл» номи билан чиқди ва «Бизнинг йўл оталар йўлидир, мустақиллик йўлидир» дея баёнот берди. Олмон Давлати, миллий қўмитанинг бу сиёсий йўлини ўрганиб чиқди, аммо унинг сиёсий ниятига қарши чиқмади.

«Туркистон легиони»нинг жабҳадаги аскар ва зобитларининг миқдори 1944 йил охирида 181.402 киши эди. Буларга илова ўлароқ ҳарбий форма кийган ва легионга мансуб бўлган ишчи бирликлари (рабочий персонал) бор эдики, уларнинг саноғи 85 мингдан зиёда эди. 1944 йил охирида эса «Туркистон легиони»да 267 мингдан ортиқ туркистонлик хизматда эди. Аскарий қўмондонлик Олмон армияси томонидан тайин этиларди. Туркистонликлардан батальон ва полк қўмондонлари, рота командирлари жуда кўп эди. Легионнинг сиёсий ва миллий ишлари Миллий Туркистон Бирлик Қўмитаси томонидан идора этиларди. Ҳар бир аскар ва зобитнинг (легионда хизматда бўлган олмон асир ва зобитларнинг ҳам) сўл қўлида «Туркистон, Оллоҳ биз билан» тамғаси бор эди. Аскарий онт, Қуръони карим қаршисида икки қилич бирлаштирилиб, Туркистон байроғи остида қабул қилинарди.

Олмонияда ташкил этилган Озарбойжон, Шимолий Қофқоз, Идил-Ўрол ва Туркистон легионларининг тарихи бугунги кунга қадар ёзилмади. Фақат «Туркистон легиони» ҳақида баъзи манбаларимиз бор. Лекин буларнинг нашрларида ҳарбий кучлар (аскарлар миқдори) ва уларнинг фаолиятлари борасида маълумот ҳамон йўқдайдир.

Туркистон легиони, Совет Русиясининг қўшинларига қарши жиддий жанглар олиб борди. Руслар, Туркистон миллий аскарларидан асир олмас, уларни «қора фашистлар» дейишарди. Олинган асирларни жойида ўлдиришарди. Ҳатто, ярадор миллий аскарларни ҳам аяб ўтиришмасди. Туркистон легиони 1944 йилнинг охирига қадар тақрибан 65 минг шаҳид берганди, 900 га яқин легионер, Совет партизан Бирликларига қочгандилар. Легионерлар, олмон аскар ва субойлари (зобитлар, офицерлар) билан умуман яхши англашардилар. Баъзан ораларида англашмаслик ҳоллари ҳам бўларди. Туркистон легиони ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик қавмларидан иборат эди. Улар советларнинг йиллар давомида олиб борган парчалаш ва бир-бирига қарши қўйиш сиёсатига қарамай, туркистонликларнинг «Турклик бирлиги»ни кўрсатиб қўйиш қобилиятларини ҳам исбот этгандилар. Табиийки, совет тарғиботи Туркистон легионини ичидан бузиш учун кўп ишлади. Лекин Туркистон Миллий Бирлигини бузолмади.

Олмон давлати 24 март 1945 йилда Туркистон легионини ТУРКИСТОН МИЛЛИЙ АРМИЯСИ, Туркистон Миллий Бирлик Қўмитасини ТУРКИСТОН МИЛЛИЙ ҲУКУМАТИ сифатида расмий бир васиқа билан таниди. Миллий ҳукуматга Олмония ва унга дўст давлатлар билан дипломатик муносабатларда бўлиш ҳуқуқини ҳам берганди. Олмониянинг бу тадбири бироз кечиккан бўлса ҳам, тарихий бир ҳодиса сифатида, шундай бир таниш қарорининг васиқаси ҳам ўша даврнинг Туркистон миллий масаласига бир муносабат сифатида аҳамиятлидир.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин олмонларнинг ҳимояси остида тутилган туркистонлик асирларнинг ва Туркистон Миллий Армиясининг аскар ва субойлари ҳаётида аччиқ бир давр бошланди. Иттифоқчи давлатлар Америка, Англия ва Совет Иттифоқининг давлат бошлиқларининг Ялта шаҳридаги 1945 йил февраль англашма (шартнома)сига кўра, ҳар бир давлат урушдан кейин ўз ватандошларини қайтариб олиши керак эди. Бундай шартнома озод ватанга эга бўлган давлат ватандоши учун ғоят табиий бир масала эди. Аммо, Совет Иттифоқи учун бундай қарорга келишилгани кўп кишиларнинг ўлимига сабаб бўлди. Ялта шартномаси асосида, Америка, Англия ва Франция армиясининг минтақаларида бўлган туркистонлик аскарлар ва миллий аскарлар зўр билан Совет Иттифоқига жўнатила бошланди. Совет Иттифоқидан келган туркларнинг аксарияти, шу жумладан 200 мингдан ортиқ туркистонлик Совет Иттифоқига кетишдан бош тортдилар. Иттифоқчи давлатларнинг субойлари, рус субойлари билан бирга қаердаки бир собиқ совет аскарини, асирини ёки олмонлар билан бирга Совет армиясига қарши жанг қилган аскарларни кўрсалар, дарҳол Совет офицерларига таслим қилиб берардилар. Америкадаги арманилар ўз арманиларини қутқариш учун бемалол, муваффақият билан ишладилар. Совет Иттифоқига кетишни истамаган туркларга ёрдам берадиган бир давлат изланарди. Олмонияда бўлган икки турк талабасининг ҳиммати билан 1945 йилда Туркия Аркон-и Ҳарбия-и Умумиясининг Бавариядаги Америка армияси назнидаги тамсилчиси Юзбоши Эҳсон Унасан (1966 йилда вафот этди) билан танишдим. Ундан ёрдам сўрадим. У, ўз навбатида туркларнинг анкетасини ҳозирлашимни илтимос қилди. Эҳсон Бей анкеталарнинг бир нусхасини ўзи олди, бошқа бир нусхасини эса махфий йўллар билан Анқарага жўнатди. Эҳсон Бей ўтирган учоқ Югославия устида ўққа тутилди ва учоқ уриб туширилди (унинг жомадонидаги анкеталар йўқолди). Жўнатилган иккинчи нусха эса Анқарага келган, Анқарада масъулиятли хизматчилар бу анкеталар асосида Олмониядан 100 мингга яқин туркнинг Туркияга келтирилиши масаласини муҳокама қилганлар. Ораларида «Агар буларнинг орасида 10 минг Совет жосуси бўлса нима қиламиз?» саволи туғилган ва «Қабул этилмасин» дея қарор қилганлар. Туркияга бош урган бунча инсоннинг 10 минг тугул юз кишиси ҳам жосус бўлмаслигини кўра билмаганлар. Ёрдамсиз қолган турклар, 1945 йил ноябрига қадар, Совет Иттифоқига қурол кучи ила (зўрлик билан) таслим этилганлар. 1945 йил ноябрида Эйзенхауэрнинг «Русияга бирон одам зўрлик билан жўнатилмасин!» деган амрига асосан, 6—7 минг турк, шу жумладан тақрибан 800 туркистонлик жонларини қутқазиб қола олдилар. Совет Иттифоқига зўр билан жўнатилган туркистонликларнинг офицерлари Совет Жазо қонуни, уруш пайти қоидалари асосида дарҳол ўққа тутилганлар. Қолганлар эса, 20—25 йил давомида жазо уйларида, хусусан, Сибирия сургунларида бўлганлар, соғ қолганлари сўнгра ватанларига қайтишга муваффақ бўлганлар. Иттифоқчи давлатлар, бугунги кунга қадар Совет Иттифоқига жўнатилган собиқ совет аскарлари ҳақидаги архивни нашр этганлари йўқ.

Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги Туркистоннинг Совет Ҳарбий ҳаётига қўшган ҳиссаси ҳақида Совет Иттифоқида ёзилган бир қанча асарлар бор. Туркистонликларнинг олмонлар ила бирга Совет Русиясига қарши жанглари ҳақида Совет Иттифоқида ёзилган талайгина асарлар, шу жумладан романлар, мақолалар ва хотиралар бор. Олмонияда Совет Иттифоқидан келган туркларнинг иккинчи жаҳон уруши йилларида миллий озодлик даъвоси, давом эттирган курашлари, жанглари ҳақида баъзи асарлар ёзилди. Лекин булар туркистонликларнинг ҳаракатини тўла ва тўғри ифода этмаганлар. Иккинчи жаҳон уруши йилларида туркистонликларнинг икки жабҳада, советлар ва олмонлар тарафидаги жанглари ва Туркистоннинг у йиллардаги аҳволи ҳақида бу кунга қадар миллий туйғу ва ҳалол манбалар асосида ёзилган асар йўқ, бундай асар яратилмагандир.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Олмония билан бирга урушган Туркистон Миллий Армиясининг тарихда қолдирган баъзи муҳим излари бор. Буларни қуйидаги нуқталарда баён эта оламиз:

  1. Туркистонлик беш қавм вакилларидан иборат бир Туркистон ўрдуси (Армияси)нинг қурилиши, Туркистонда миллий турк туйғуларининг ўлмаганлигини исбот этди.
  2. Туркистонликлардан ҳали Совет кишилари, Совет миллати яратилмаганлиги тасдиқ этилди. Чунки Туркистон миллий ўрдусида Совет ҳокимияти хизматида бўлган барча ижтимоий гуруҳлар (ўқитувчилар, партия ва давлат идораларида ишлаган шахслар, офицерлар, коммунистлар, ҳаттоки, сиёсий комиссарлар, талабалар, ишчи ва деҳқонлар) бор эди.
  3. Туркистон легиони, сўнгра Туркистон Миллий Армияси, Совет Армиясидаги туркистонликларга руҳий жиҳатдан таъсир кўрсатди. Шунинг натижасида Совет давлати, 1926 йилдан бери Ўрта Осиё Ҳарбий Округи исмини ташиган округ исмини ТУРКИСТОН ҲАРБИЙ ОКРУГИ деб ўзгартиришга мажбур бўлди.
  4. Туркистон Миллий Армиясида Ислом диний таълимотининг ва жабҳада ҳам Ислом маросимларининг давом эттирилиши ва Совет Армиясида бўлган туркистонликларнинг ота-оналарининг талабларига биноан, Совет давлати илк бор Туркистонда Ислом Диний Ташкилотининг тузилишига ва Совет Армиясида Ислом жаноза маросимига изн бермакка мажбур бўлди.
  5. Олмонияда маълум бўлган манбалардан биламизки, туркистонлик легионерлар ва кейинги Туркистон Миллий Армияси, аскарлари саноғининг кўплиги билан Олмонияда ташкил этилган барча миллий қўмиталар, жумладан Озарбойжон Легиони ва Миллий Қўмитаси, Озарбойжон номидан Ёрбой Фотиҳали Юдон Бей ва Туркистон номидан Бендениз, Олмон Пиёда Кучлари Қўмондонлигининг «Туркия Олмонияга қарши жабҳа очса, Туркистон ва Озарбойжон аскарлари «Туркияга қарши жабҳага кира оладими?» саволига кескинлик билан: «Йўқ, Туркияга қарши жабҳага киролмаймиз» дея жавоб бергандилар. Бу билан турклигимизнинг йўли тайин этилганди. Ҳолбуки, Олмон уруши қўмондонлиги, бизнинг Туркияга қарши жабҳага киришимизга рози бўлганди.
  6. Туркистонда уруш пайтида ва урушдан кейин Миллий Армиянинг руҳи асосида янги бир миллиятчилик оқими юзага келди. Шу сабабли Советларнинг, уруш йилларида, туркистонликларнинг Олмония билан бирга Сўвет Русиясига қарши жабҳага киришларининг сабабларидан кўз юмиши ва миллий ҳаракатни таъсирсиз ва аҳамиятсиз қилиб кўрсатиш ниятида олиб борган ташвиқоти ҳам янги миллиятчиларнинг кўпайишига имконлар берди.

Совет Армияси 1979 йил охиридан эътиборан Афғонистонни ишғол қилган илк ойларда, бу ишғолчи армия орасида туркистонликлар кўп эди. Туркистонлик совет аскарлари, Афғонистон мужоҳидларига қарши берилган буйруқ асосида ҳаракат қилмадилар. Булар ҳаттоки, Совет Армиясини маънан буздилар. Шунинг учун Совет Ҳарбий Қўмондонлиги очиқчасига Афғонистондан кўп миқдорда туркистонликларни қайтариб олишга мажбур бўлди.

Афсуски, Ғарб ўлкаларида бу кунга қадар Туркистоннинг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги (1939—1945) умумий масалалари тадқиқ этилмаган. Туркистоннинг уруш йилларидаги умумий саваш манзарасини (инсоний ва моддий потенциаллари ва миллий озодлик ҳаракатини) ўрганиш учун ҳеч бўлмаганда Советларнинг асарлари танқидий кўз билан тадқиқ этилиши керакдир.

Миразиз Аъзам нашрга тайёрлаган.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 3-сон