Бекқул Эгамқулов. Хўрлик ёки аёл нега эрини ўлдирди? (1989)

1988 йилнинг 18 октябри кечаси Самарқанд район, Улуғбек қишлоғидаги хонадонларнинг бирида фожиа юз берди. Ойсара Назарова эри Мирзакарим Назаровни ўлдирди. Воқеадан ҳамма ларзага тушди. Одамлар биринчи бор эшитишганда, йўғ-е, деб ёқаларини ушлашди. Ахир у жуда мулойим, қўй оғзидан чўп олмайдиган аёл эди-ку, деганлар ҳам бўлди. Аммо фактдан кўз юмиш қийин. Ойсаранинг ўзи ҳам ўша куни кечаси эрини электр мослама ёрдамида ўлдирганини тан олди. Далилий ашёлар ҳам буни исботлайди.

1989 йилнинг 4 февраль куни Самарқанд район халқ судининг биносида бу иш кўрилди. Суд ҳайъати Ойсара Назаровани Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 81-моддаси билан айбли деб топди ва беш йилга озодликдан маҳрум этди.

Хўш, шу билан ҳақиқат қарор топдими? Мен шу масалада ким билан гаплашмай, суд қароридан қониқмаганлигини айтишди. Кўпчилик, Ойсара ноҳақ қамалиб кетди, деган фикр билдиришди. Нега? деган савол туғилади. Ахир у қотиллик қилди-ку.

Ҳа, у қотиллик қилди. Нега? Нима учун оддий ўзбек аёли ўз эрини ўлдирди, шунча йил бир ёстиққа бош қўйиб келган умр йўлдошининг жонига қасд қилди, норасида болаларини етим қолдирди? Мен Ойсаранинг редакцияга йўллаган мактубини ўқиганимдаёқ шулар ҳақида ўйладим. Самарқандга боргач ҳам, ким билан гаплашмай шу ҳақда сўрадим ва бунга жавоб топгандек бўлдим.

1981 йилда Ойсара Назарова Бахмал район маиший хизмат уйига ишга киради. Ўзининг меҳнатсеварлиги, айниқса чеварлиги билан кўпчиликнинг ҳурматини қозонди. Ўша кунларнинг бирида у Мирзакарим билан танишиб қолди. Мирзакарим Бахмал районида такси ҳайдовчиси бўлиб ишлар эди. Улар шунчаки дўст бўлишади Чунки Ойсара шу райоининг Уяс қишлоғида яшовчи бир йигитга унаштириб қўйилган, расм-русумга кўра нон синдириш ва фотиҳа тўйи бўлиб ўтган эди. Орадан кунлар, ойлар ўтади. Ойсара бирдан турмуш қуришдан бош тортади. Сабаби… Мирзакарим уни бир куни алдаб чақириб, номусига тегади. Воқеанинг бундай чапга бурилиб кетишидан Ойсаранинг ота-онаси ташвишга тушиб қоладилар. Бундан ташқари унаштириб қўйилган қиз боланинг бирдан айниб қолиши қишлоқда ҳар хил мишмишлар тарқалишига сабаб бўлади, ота-она оғир аҳволда қолади. Аммо можаро бу билан тугамайди. Қуда томон кетган ҳаражатларни тўлашни талаб қилади. Натижада Ойсаранинг ота-онаси қарз-ҳавола қилиб, собиқ қудасига 3200 сўм пул қайтаради. Мен Ойсараларнинг уйида бўлганимда онаси йиғлаб ҳамон шиферланмаган уйининг томини кўрсатди:

— Отаси шифер олиб қўйган эди. Уларни сотиб, тўй ҳаражатларини тўладик.

Бир қарашда бу воқеанинг қотилликка ҳеч алоқаси йўқдек. Аммо яхшироқ ўйлаб кўрсангиз, тўғридан-тўғри алоқадорлигини сезасиз. Худди шу воқеа Ойсарани доимо оиласида бўлаётган можаролар ҳақида ҳеч кимга, ҳатто ота-онасига ҳам оғиз очмасликка, барча алам, ғам-андуҳларни ичига ютишга мажбур этар эди. У оиласининг тинчи бузилганда кўп марта юрагини онасига ёргиси келар, шу билан бироз дардини енгиллатишни истарди. Аммо ундай қилишга ҳақи йўқ эди. Ота-онаси, ўзинг пиширган ошни ўзинг е, деса нима деган одам бўлади. Чидаши керак, ёруғ кунлар ҳам келиб қолар…

Суд ҳужжатларида, ҳақиқатан ҳам, Мирзакарим Ойсарага шундай йўл билан уйлангани таъкидланган. Аммо кимлардир ҳамон бу фактни инкор этишга ҳаракат қилаяпти. Гўёки иккови бир-бирини яхши кўриб турмуш қуришган, бу ҳақда иккови ҳам 1982 йилда республика прокуратурасидан борган вакилга ёзма кўрсатма беришган эмиш. Тўғри, шундай тушунтириш хати ёзилган. Лекин уни бошқа биров ёзган, Ойсара фақат қўл қўйган. Балки эрта-индин кимдир келиб бизга қўл қўйган бўлса бўлди-да, демак, бу тушунтириш хати Ойсараники дейишлари мумкин. Мен буни инкор этмайман. Аммо тушунтириш хатини нега Ойсаранинг ўзи ёзмади? Севодсизмиди? Йўқ. Ўрта мактабни яхши баҳолар билан тугатган. Бундан ташқари ўша пайтларда Бахмал маиший хизмат уйида талабаларга дарс берар эди. Ахир ўзи ёзиши ва тагига имзо чекиши мумкин эди-ку. Лекин ундай бўлмаган.

Ойсаранинг гапига қараганда, бу тушунтириш хатини Мирзакаримнинг опаси Мамлакат Абдумавлонова олиб келиб қўл қўйдирган. Ўша пайтда Ойсаранинг янги келин эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, унинг бу хатга имзо чекишдан бош тортиши асло мумкин эмаслигини тушуниш осон. Чунки бизда ҳали ўзбекчилик, келинлик ҳаёси, ибоси каби тушунчалар унутилгани йўқ. Унутилмаслиги ҳам керак. Балки қонун бу тушунчалар билан ҳисоблашмас. Аммо замон қонунларни халқчиллаштиришни талаб этаяпти. Қонун ҳар бир халқнинг характери, урф-одатларидан келиб чиқиб тузилмас экан, ҳуқуқ посбонлари хатога йўл қўяверадилар, одамлар ноҳақ жазоланаверадилар.

Мирзакарим билан Ойсара доимо жанжаллашиб яшади десак хато бўлади, албатта. Улар дастлаб яхши, бир-бирини тушуниб яшашди. Мирзакарим тўйдан сўнг бироз ўтгач, Ойсаранинг ишлашига монелик қила бошлади. Опасининг юмушларига қарашиб туришни талаб қилди. Ойсара ишни йиғиштириб, уй юмушларига қарайдиган бўлди. Аста-секин Мирзакарим ўзгара бошлади. Ойсара билан тез-тез жанжаллашадиган одат чиқарди. Шу орада улар учта фарзандли бўлишди. Ойсара чидади. Фарзандларини деб ҳамма хўрликларга чидади.

Улар 1985 йилда Самарқандга кўчиб келишди. Ойсара бу ерда энди яхши яшармиз, деб умид қилган эди. Аммо умиди пучга чиқди. Мирзакарим таксопаркда ишлар эди. У баъзида кечки сменада ишлаганини, баъзида бошқа баҳоналар билан уйга келмай қоладиган одат чиқарди. Ойсара эрининг бу ишидан гоҳо хафа бўларди, гоҳо эса индамай тишини-тишига қўйиб чидарди. Уйда баъзан нон бўлмай қоларди, Ойсара қўшнилардан пул сўраб чиқарди. Айрим пайтларда қарзини вақтида қайтара олмагани учун уялиб юрарди. Мирзакарим уйга келган кунлари аёли пул сўрарди, аммо пул олиш ўрнига сўкиш эшитарди. Эри доимо сен билан яшамайман, сени ўлдираман дер эди. Бу гапларни мен тўқиётганим йўқ. Воқеани ўрганиш жараёнида аниқланган, тергов ишларида қайд этилган фактлар бу.

О. Назарова Самарқандга кўчиб келгандан сўнг ҳам анча вақт ишламаган. 1987 йилнинг ёзида эса райондаги 20-болалар боғчасига ишга киради. Кирқ кунлар ишлагач, Мирзакарим келиб боғча мудири Муҳаббат Сайфиева билан хотинимни ишдан бўшат деб жанжал қилади. М. Сайфиеванинг гапига қараганда, Ойсара бир куни унга баданини кўрсатган. У жуда кўп жойда пичоқ изларини кўрган. Шунинг учун қонунга хилоф бўлса-да, ишдан бўшатиб юборган.

1987 йилнинг бошларида Мирзакарим Назаров Самарқанд шаҳридаги магазинларнинг бирида сотувчи бўлиб ишлайдиган Саодат исмли қиз билан танишгач, оиласи ва болаларини бутунлай унутади.

Саодатнинг судда ва терговда берган кўрсатмасича, ҳақиқатан ҳам, улар 1987 йилнинг бошларида танишишган. Мирзакарим ҳар куни уни ишдан чиқишини пойлаб турган. Унга севги изҳор қилган, уйларига элтиб қўйган. Хотинимни қўйиб юбориб, сенга уйланаман деб ваъда берган. Ҳатто, Саодатларнинг уйларига келиб ўз режасини унинг отасига ҳам айтган. Буни Саодатнинг отаси ҳам судда тасдиқлаган.

Шу ерда битта савол туғилади. Хўш, Мирзакаримнинг хотини ва учта фарзанди борлигини Саодат билармиди? Биларди. Суд ҳужжатлари буни тасдиқлайди. Аммо Саодат буни била туриб ўзи қилаётган ишнинг оқибатини ўйламади. Ҳатто тўй қилишга тайёргарлик кўра бошлади.

«Менинг укам Мирзакарим, ҳақиқатан ҳам, Саодат исмли магазинда ишлайдиган қизга уйланмоқчи бўлиб юрганлигини билардим. Менга доимо укамнинг ўзи, опа мен Ойсара билан яшай олмайман, деб айтар эди. Охирги вақтларда Саодатга уйланаман, тўй қиламиз, деб айтган эди. Шунинг учун мендан 2500 сўм пул сўраган эди. 17 октябрь куни кечқурун укам Мирзакарим келиб мендан 2500 сўм (25 дона 100 сўмлик), пулларини бир нарсага керак, деб олиб кетди. Укам вафот этгач, Саодат келиб 2500 сўм пулни қайтариб берди. Тўй қиламиз деб, Мирзакарим унга берган экан».

Мамлакат Абдумавлонова (марҳумнинг опаси).

17 декабрь 1988 йил. (Жиноят иши. 388-бет).

Кўриниб турибдики, агар Мирзакарим вафот этмаганда яқин орада Саодатга уйланиши керак эди. Хотини, фарзандлари-чи? Уларни нима қилмоқчи эди?

«16 октябрь куни Мирзакарим ака бизни отамникига олиб борди. Йўлда менга сени ўлдираман, ота-онангдан розилик сўра, деди. Уришга ҳаракат қилди. Аммо болаларим йиғлаб менга тармашиб олгани учун ура олмади. Уйимизга боргач, онам ва синглимга йиғлаб бўлган воқеани айтиб бердим. Кейин тезда яна Самарқандга қайтдик. Йўлда эрим албатта ўлдирса керак деб ўйлаган эдим, аммо болаларим сақлаб қолди…»

(О. Назарованинг редакцияга ёзган тушунтириш хатидан.)

Айримлар, ягона гувоҳ Мирзакарим вафот этган бўлса, Ойсара ҳар хил гапларни айтаверади-да дейиши мумкин. Тўғри. Аммо бундан ташқари ҳам Мирзакарим хотинига пичоқ ўқталгани тўғрисидаги фактлар суд протоколларида қайд этилган.

Мени бир нарса ҳайратга солади. Бир оиланинг инқирозига юз тутиб бораётганини кўпчилик — Ойсаранинг ота-онаси ҳам, Мирзакаримнинг опа-укалари ҳам билган. Лекин олдини олиш тўғрисида ҳеч ким ўйламаган. Бу ерда Саодатнинг ҳам айби катта. Аммо бизнинг қонунларимизда бундай аёлларни қораловчи биронта модда йўқ.

Саодатга ўхшаганлар бировнинг оиласини бузса ҳам, болаларнинг етим бўлиб қолишига сабабчи бўлишса ҳам, уларни ҳеч ким жавобгар қила олмайди. Кейинги йилларда бундай зотларнинг кўпайиб кетишига худди шу жавобгарликнинг йўқлиги сабабчи бўлмаяптимикан?

Саодат ҳозир ҳам ўзини асло гуноҳкор деб ҳисобламайди. Бир онаизорнинг бахтига зомин бўлганини тан олишни истамайди. Бу ўтар дунёда яшаган ҳар бир куним ғанимат деган тушунчали бундай кимсалар, афсуски, кундан-кунга кўпайиб бораяпти.

Яқинда бир судья билан шу масалада суҳбатлашиб қолдим:

— Районимизда ҳар ҳафтада икки, учта ажралиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқамиз. Бир-бирига жуда мос ёш оилаларни ажратишга тўғри келади. Ҳаммасига сабаб битта. Ё эр ёки хотин хиёнат йўлига кирган. Умуман ҳозирги ажралишларнинг 60—70 фоизи шу туфайли бўлаяпти, — дейди судья.

Унинг гапида жон бор. Ўзингиз ҳисоблаб кўринг. Агар ўртача бир йилда битта районда юзта оила бузилса, шуларнинг олтмиштаси хиёнат туфайли содир бўлаяпти. Ҳар оилада ўртача иккитадан фарзанд бўлса, 120 гўдак тирик етимга айланаяпти. Республикамизда бир юзу элликка яқин район борлигини ҳисобга олсак, йилига 18 минг бола ё отасиз, ёки онасиз қолаяпти. Ўн саккиз минг бола кимгадир зор бўлиб ўсаяпти. Йилдан-йилга республикамизда болалар уйларининг кўпайиб бораётгани ҳам шундан эмасмикан?

Ойсара Назарова Самарқанд районидаги 20-болалар боғчасидан зўрлаб бўшатиб олингандан сўнг анча пайт ишламай юрди. Бу вақтда оилада қандай жанжал бўлгани-ю, бошига қандай ташвишлар тушганини фақат Ойсаранинг ўзи билади. У узоқ тортишувлардан сўнг 1988 йилнинг бошларида район марказидаги 27-болалар боғчасига ишга киради. Чунки улар бу пайтга келиб Мирзакаримнинг опасини уйидан кўчиб кетган, район марказидан ижарага квартира олиб яшаётган эди. Мирзакарим уйга кам келар, болаларнинг ейишига ҳеч нарса йўқ эди.

Мен 27-болалар боғчасида бўлганимда, ҳеч ким Ойсаранинг шаънига бирор оғиз ёмон сўз айтмади. Қизлар бири қўйиб бири Ойсаранинг ўша пайтлардаги аҳволини тушунтира кетди:

Дилшода Каримова: — Ойсара опа уч боласи билан бизникида турар эди. Эри оиласига умуман қарамасди.

Ҳафиза Файзиева: — Мен Ойсара билан қўшни эдим. Жуда ночор яшарди. Илгари эри қарамай қўйгани, калтаклаши ҳақида ҳеч нарса демасди. Кўпинча юзлари кўкариб келарди. Лекин яширарди. Бир куни эри таксида келиб Ойсарага, опам юкларингни ташқарига чиқариб ташлабди, квартира топиб олиб кел, дедида қайтиб кетди. Кейин завхозимиз бориб юкларни ортиб келди, биз ўзимиз туширишга ёрдамлашдик. Шундан сўнг у эри оиласига қарамай қўйганини айтадиган бўлди.

Бир куни қўшнимиз ёниб кетди. Ҳаммамиз чопиб бордик. Қайтиб келаётиб, Ойсара мен ҳам ўзимни ёқиб ўлдираман, беш литр бензин яшириб қўйибман, деди. Мен тўкиб ташланг, болаларингизга ачинмайсизми, деб уришдим.

Мавлуда Аҳмедова: — Бир куни Ойсаранинг уйида ейишга ҳеч нарсаси қолмапти. Кейин уйига битта хат қолдириб, болалари ва ўзини поезд тагига ташламоқчи бўлиб поезд йўлига чиқибди. Аммо болаларига раҳми келиб, бу ишни қила олмабди. Буни менга ўзи айтиб берганди.

Умуман, боғчанинг барча ходимлари Ойсара доимо қийналиб яшаганини, бозор-ўчар билан ҳам доимо ўзи шуғулланганини айтди. Бундан ташқари Ойсара доимо улардан қарз сўраб турган. Бу фактлар Мирзакарим, ҳақиқатан ҳам оиласини ташлаб қўйганини, бутунлай Саодат билан бўлиб болаларини ҳам унутиб юборганининг исботи эмасми? Жиноий ишнинг 255, 256, 257-бетларидаги учта хат ҳам боғча ходимларининг гаплари тўғри эканлигига гувоҳ бўла олади.

БИРИНЧИ ХАТ:

«Мирзакарим ака, мени ва болаларимни изласангиз поезд йўлдан топасиз. Мен бу йўқсизликка бошқа чидай олмайман. Битта нонга зор бўлиб етти йил яшадим. Энди бардошим тугади. Ўлсам ҳам уч боламни ҳеч кимга бермайман. У дунёга ҳам олиб кетаман».

ИККИНЧИ ХАТ:

«Мирзакарим ака, байрам кунлари ҳам келмадингиз. Илтимос, жуда бўлмаса болалар учун керакли нарсани, яъни озиқ-овқатни олиб бериб кетинг. Чунки уйда ейишга нондан бошқа ҳеч нарса йўқ. 8 октябрь 1988 йил».

УЧИНЧИ ХАТ:

«Мирзакарим ака, Хондамирнинг мазаси бўлмай қолди. Унинг устига 8 октябрь куни ҳам бордим, лекин бир келдингиз-у, яна келмай кетдингиз. Ахир мени ўйламасангиз, болаларингизни ўйланг. Уйда на пул, на ейишга нондан бошқа ҳеч нарса йўқ. Илтимос, бир келиб кетинг. 13 октябрь, 1988 йил».

Шу хатларни ҳаяжонсиз ўқиш мумкинми? Мен бу хатларни ўқиганимда, рости юрагимнинг бир ери узилиб кетгандек бўлди. Аммо Мирзакарим бу хатларни очиб ўқиб ҳам кўрмаган.

«Бир куни ўттиз ёшлардаги аёл келди. Мирзакаримни сўради. Маршрутда эканлигини айтдим. Унда шу қоғозни бериб қўйинг, деб қўлимга конверт узатди. Сиз кимсиз, деб сўрадим. Хотиниман деди. Мирзакарим келгач, конвертни бердим. У конвертни очиб ҳам кўрмади. Фақат менга қараб, икки кун уйда бўлмагандим, деб кулиб қўйди».

(Самарқанддаги 4-такси парки диспетчери Анаид Осипова билан суҳбатдан.)

Самарқанддан қайтгач, бир неча кун ўйланиб юрдим. Менга бир савол сира тинчлик бермасди. Нега Ойсара эри билан ажралиб кетмай қотиллик қилди? Мен бу савол билан район суди раиси А. Шукуровга ҳам, тергов ишларини олиб борган терговчи А. Юсуповга ҳам мурожаат қилгандим. Аммо жўяли жавоб эшитмадим. Аксинча улар ҳам Ойсара эрини ўлдириш ўрнига, ажралиб кетиши керак эди деган фикр билдиришди. Тўғри, лекин барибир у ажралиб кетмаган, аксинча эрининг қотилига айланган. Назаримда терговда ҳам, судда ҳам шу фактга кўпроқ эътибор берилиши керак эди. Аёл узоқ йиллар давомида хўрланиб келади-ю, лекин эрини ташлаб кета олмайди. Нега? Шу саволга жавоб излаб аёллар колониясига бордим. Аёллар колониясида Ойсара билан суҳбатлашдим. У кўзларини ердан узмайди. Балки қилган иши учун ич-ичидан эзилаётгандир, балки болаларини соғингандир.

— Нима қилган бўлсам, болаларимни деб қилдим, — деди аста бошини кўтариб. — Мени ўлдириб қўйса, болаларим бировнинг қўлида хор бўлади деб ўйладим. Болаларим бундай сарсон бўлиб қолишини билганимда… Ахир мени саккиз йилдан буён хўрлайди, улар. Сен паст табақадансан дейди. Ота-онам пенсионер бўлса, қишлоқда яшаса, бу паст табақа дегани эмас-ку, ахир.

— Ахир, ундан ажралсангиз бўлмасмиди?

— Эрим мендан ажралишни истамасди. Сабаби, Самарқандда опаси ва поччасининг ҳашаматли уйи бор эди. Мен унга қанча ҳаражат қилинганидан хабардор эдим. Чунки икки йил ишламасдан уйни ремонт қилган усталарга овқат пишириш билан банд бўлганман. Шунинг учун эрим сени қўйиб юбормайман, фақат ўлдириб қутуламан, агар ҳайдаб юборсам, опам билан поччамнинг оёғига болта урасан, дер эди.

— Бу ҳақда сиз судда айтганмисиз?

— Айтганман, лекин эшитишни исташмаган.

Мен бу суҳбатни айнан келтириш билан Ойсаранинг гапи бирдан бир тўғри гап демоқчи эмасман. Балки ростидаи ёлғони кўпдир. Аммо бир нарса ҳақиқат. Ойсаранинг икки йил ўша уйда яшагани ҳақиқат.

Мен Самарқанд районида бўлганимда айрим фактларни аниқлаш учун шу хонадонга бордим. Айланиб суҳбат мавзуси шу уйга келди. Шунда Рустам Давронов менга уйнинг ҳамма ҳужжатлари бор, кўрасизми, деб қолди. Ҳужжатлар борлигига шубҳа қилмайман. Лекин мен у ерларга бировларнинг уйини ҳужжатларини текшириш учун эмас, бир бечора аёл излаган ҳақиқатни топишга ёрдам бергани борганман. Ҳақиқатнинг қадри бундай уйларнинг баҳосидан юз чандон қимматроқ туради.

Ойсаранинг ва гувоҳларнинг гапига қараганда, Мирзакарим доимо хотинига сени ўлдираман, Саодатга уйланаман, болаларингни унга чўри қиламан деб келган. Бундай ҳақоратга қандай она дош бера олади, ахир.

Фожиа рўй берган куни ҳам Мирзакарим соат учдан сўнг кечки сменани тугатиб уйига қайтади. Сўнг уни кутиб ўтирган Ойсарага ёмон муносабатда бўлади, унга сени ўлдираман деб, дўқ уради. Болаларингни Саодатга чўри қиламан, деб ҳақоратлайди. Ҳатто уни ўлдириш учун пичоғини ўткирлайди.

«Аям билан дадам уришишди. Кейин дадам пичоқчасини ўткирлади. Аямга сени пичоқ билан ўлдираман, деб айтган эди.

Хондамир Назаров» (Жииоят иши. 202-бет).

«Дадам уйга келганда ҳамиша жанжаллашади. Ўша куни аям билан дадам қаттиқ бақириб уришишди. Шундан биз уйғониб кетдик.

Беҳзод Назаров». (Жиноят иши. 203—204-бетлар).

«Мирза тоғам билан кеннойим уришишганидаи уйғониб кетдим. Нима деб уришишганинн билмайман. Мирза тоғам пичоғини ўткирлади. Кеннойимга сени ўлдираман, деди».

Аваз, марҳумнинг жияни (Жиноят иши 205-бет).

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, болалар марҳумнинг укаси Суннат иштирокида сўралган.

Демак, Мирзакарим Ойсарани ўлдирмоқчи бўлган. Уни урган. 1988 йил 28 октябрь куни қилинган суд-медицина экспертизаси ҳақиқатан ҳам Ойсарага ўша куни тан жароҳати етказилганини тасдиқлайди. Иккови ҳам кечаси билан ухламайди. Ойсарани бир ўй қийнайди: Мени эрим ўлдирса, болаларим нима қилади? Унинг хаёлига шундай фикр келганига ишончим комил. Ахир ўлим билан унинг ораси бир қадам. Мирзакарим пичоғини ўткирлай-ўткирлай бир қадам нарида турибди. Бугун бўлмаса эртага ўлдиради. Болаларни ҳам ўзи айтгандек Саодатга чўри қилар. Бу хаёллар уни сўнгги йўл — қотиллик қилишга мажбур этгандир эҳтимол.

Яна бир гап. Ойсара эрини ўлдирган электр мосламани қаердан олган? Барча уни маҳсус тайёрланганини таъкидлашди. Ойсара Назарованинг гапига қараганда, уни эри ўша куни сандиқдан олган ва розеткага тиқиб қўйган. Балки у Ойсарани шу йўл билан ўлдирмоқчи бўлгандир?

Хуллас, Ойсара Назарова жиноятининг келиб чиқиш сабаблари қисқача шундай. Тўғрироғи, гувоҳлар, ҳужжатпар, суҳбатлар натижасида пайдо бўлган фикрлар шу.

Энди юқорида тилга олинган Ойсара ноҳақ қамалиб кетди деган фикрга қайтсак. Терговда ҳам, судда ҳам О. Назарова Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 81-моддаси билан айбланган. Бу моддага биноан жиноят қасддан қилинган бўлиши карак. Аммо воқеалар ривожига эътибор берган бўлсангиз, бу арда асло қасд йўқ, шунчаки инсоний камситилишга қарши оғир изтиробли кураш бор. Бу эса Ўзбекистон ССР ЖКнинг 82-моддасига тўғри келади. Аммо қонун бўйича жиноятни кучли ҳис-ҳаяжонда қилинган дейиш учун, одамни ларзага соладиган бирон-бир воқеа содир бўлиши ва жиноят шу дақиқанинг ўзида рўй берган бўлиши керак экан. Агар биз Мирзакаримнинг пичоқ ўқталишини одамни ларзага соладиган воқеа десак, Ойсара орадан бир-икки минут ўтмасдан уни ўлдирса, 82-модда билан жазоланар экан. Аммо мен бунга мутлақо қўшилмайман. Хўрланган, камситилган, неча йил давомида муттасил таҳқирлаб келинган инсон уч-тўрт минут ёки ярим соат ичида дарров ўзини босиб оладими? Бунга қодирми?

Дейлик сизни ноҳақдан сўкишди, бўйнингизга сиз қилмаган қатор жиноятларни юклаб партия сафидан ўчиришди. Кучли ҳис-ҳаяжонга тушасизми? Табиий. Аммо ўша ҳаяжонни ярим соатдан сўнг унутиб юбора оласизми? Ишончим комилки, икки суткадан сўнг ҳам ўзингизни босиб ололмайсиз. Қайтанга ноҳақ таҳқирланганингизни ўйлаганингиз сайин, ҳаяжонингиз ортиб боради.

Менинг шахсий фикримча, орадан ўтган ярим соат ёки ўн беш минут ҳеч нарсани ҳал қила олмайди. Қайси она ўз фарзандини эрининг жазманига чўри бўлишини хоҳлайди. Муштдек гўдаклигидан одам қилган фарзанди устидан ҳукм чиқариб қўйган эрга қайси аёл яхшилик қилишни истайди.

Майли, жиноят содир бўлган вақт ва эр-хотин жанжали ўртасида анча вақт ўтган, дейлик. Бундай пайтда жиноятчи Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 81-моддаси билан айбланади. Майли, Ойсара Назаровага қўйилган айб моддасини ҳам тўғри, деб ҳисоблайлик. Лекин суд ҳукм чиқаришдан олдин барча узлуксиз давом этган ҳолатларни ҳисобга олиши керак эди.

Ойсара Назарова жиноят қилган. Лекин қандай ҳолатда? Нима учун? Унинг учта вояга етмаган боласи бор. Суд жараёнида булар ҳисобга олиниши шарт эди. Қонун 71-моддадаги кўрсатилган оғир жиноятларни содир қилган шахсларга нисбатан ҳам 42-моддани қўллашга йўл қўяди. Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 42-моддасида эса шундай дейилган: «Суд ишнинг алоҳида ҳолатларини ва айбдорнинг шахсини эътиборга олиб ҳамда унга шу жиноят учун қонунда кўрсатилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо тайинлаш ёки бошқа енгилроқ турдаги жазога ўтишни зарур деб топганда, унинг сабабларини албатта кўрсатиб, бундай енгилликка йўл қўйиша мумкин».

Ойсара Назарованинг жиноий ишида худди шу сабаблар бор. Аммо негадир суд буни ҳисобга олишни истамаган. Бир хўрланган инсонга нисбатан ноҳақлик қилинган.

Энди болалар тақдири ҳақида икки оғиз сўз. Болалар ҳозир Мирзакаримнинг опа-укалари қўлида. Суднинг талабига қарамай, Назаровларнинг фарзандлари Беҳзод ва Зебуннисо судга олиб борилмаган, Хондамир эса судда онасини танимаган. Кўзлари жовдираб, онам ўлган-ку, деган. Демак, унга шундай тушунтиришган. Судда болалар тақдири ҳақида умуман гал бўлмаган. Бу гражданлик ишини жиноий ишга аралаштирмаслик учун қилинган, албатта. О. Назарованинг ота-онаси фарзандларни ўзйарига олишни истайди. Ҳатто ҳозир болалар яшаётган Янгийўл район судига ариза ҳам берган. Болаларнинг келажакда онаси билан қолиши кераклигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу энг тўғри йўл.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 14 апрель