1990 йил охирларида, яъни олти ой бурун, рўзномаларда Ўзбекистон ССР прокурори ҳузуридаги ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчи бўлиб ишлаган Абиддин Алибоев устидан суд бошлангани хабар қилинган эди. Орадан шунча вақт ўтди. Аммо ҳамон бу суд ниҳоясига етгани йўқ.
Хўш, А. Алибоев ким эди? Нега уни олти йилдан кўпроқ вақт судсиз қамоқда сақлашди? У шунчалик «катта» жиноятчимиди? Ахир, жумҳурият ва вилоят раҳбарининг жиноий ишларини текшириш ҳам бунчалик узоқ чўзилмаган-ку! Бу саволларга бугун жавоб бериш қийин. А. Алибоевнинг жиноятчи ёки жиноятчи эмаслигини суд аниқлайди. Аммо бир саволга жавоб бор. А. Алибоев олти йилу икки ой ноҳақ қамоқда ушлаб турилди. Жиноят процессуал кодексига кўра, айбдорни кўп деганда, шунда ҳам СССР Бош прокурори розилиги билан, тўққиз ойдан ортиқ ҳисбда сақлаб туриш мумкин эмас (бу муддат яқинда бир ярим йилга узайтирилди). Демак, қонунчилар томонидан қонунга хилоф иш қилинди. Бир фуқаро, бўйнига айби қўйилмай туриб, олти йилдан кўпроқ қамоқхонада сақланди. Тўғри, бу иш Поп агросаноат ишлаб чиқариш бирлашмасининг собиқ бош директори Аҳмаджон Одилов иши билан қўшиб текширилган. Лекин ҳеч бир терговчи ёки прокурорга терговни бунчалик чўзиш ҳуқуқи берилмаган. Кези келганда, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Аҳмаджон Одилов ҳам узоқ йиллар қонунга зид равишда ҳибсда ушлаб турилди. Терговчиларнинг айби билан катта шов-шув кўтарилди. Матбуотда отдан олдин чанг чиқарилди. Шу йўл билан улар судга таъсир ўтказишга эришмоқчи бўлдилар.
Мен Аҳмаджон Одилов ёки Абиддин Алибоевда мутлақо айб йўқ, деган фикрдан йироқман, юқорида таъкидлаганимдек, уларнинг айби бор-йўқлигини суд, фақат суд айтади. Лекин негадир терговчилар матбуотга берган интервьюларида бу шахсларни тўғридан-тўғри ЖИНОЯТЧИ, деб атайди. Қонунда бундай дейиш мумкин эмаслигини била туриб, шундай қилади. СССР Бош прокурори ҳузуридаги ўта муҳим ишлар бўйича терговчи Б. Свидерский «Аргументы и факты» ҳафталиги мухбири А. Бинеевнинг «Тошкентда Рашидовнинг «Яхши» номини оқлаш бўйича қандайдир гуруҳлар тузилган, деб эшитдим. Шу тўғрими?» деган саволига: «Бунга сира йўл қўйиш мумкин эмас. Рашидов ва Одилов ягона ЖИНОИЙ СИСТЕМА», деб жавоб беради. Нима, Б. Свидерский совет қонунларида кўрсатилмаган имтиёзга ҳам эгами? Наҳотки, қонун ҳимоячиси бўла туриб, А. Одиловни ҳали жиноятчи дейиш мумкин эмаслигини билмаса? Билади. Лекин олти йиллик қилган ишини суд пучакка чиқариб қўйишидан қўрқади. Йўқса, бунчалик шов-шувга берилиб кетмаган бўларди. Мен бу билан маъмурий ташкилотлар ва матбуотни бир-бирига қарама-қарши қўймоқчи ҳам эмасман. Айтилаётган ҳар бир гап тўғри бўлиши, объектив фикр билдирилиши тарафдориман, холос.
Б. Свидерский матбуотда бир неча бор чиқиш қилди. Ҳар доим А. Одиловни, А. Алибоевни ва бошқаларни қоралаш билан шуғулланди. Лекин бирор марта шу шахслар қонунга зид равишда ҳибсда ушлаб турилганини, маҳбуслар бир неча бор очлик эълон қилганини айтмади. Ваҳолангки, терговчи матбуотда тарозининг икки палласини тенг қўйиб фақат холис фикр билдириши керак.
А. Алибоев суди 1990 йилнинг 7 декабрида бошланган эди. Ўзбекистон ССЖ Олий суд аъзоси А. В. Попков раислигида, халқ маслаҳатчилари И. Инина, Ш. Қаҳҳоров иштирокида биринчи одил ҳукм чиқарилди — А. Алибоевнинг эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, ҳибсдан озод қилинди. Лекин суд негадир чўзилиб кетяпти. Анча вақт А. Попковнинг тоби қочиб қолди. Бундан ташқари, кўпгина гувоҳлар ўз вақтидз судга келмаяпти. Чунки, уларни терговчилар чақиравериб безор қилишган. Жиноий ишдаги айрим фактлар ҳам ойдинлаша бошлади. Суд жараёнида кўпгина гувоҳлар Алибоевни шахсан танимаганлиги, у ҳақда терговчилардан кўп эшитгани, қўрқитув ёки алдов йўли билан, шунингдек, баъзилар (масалан, чўпон Шермат Абдураҳимов) рус тилини мутлақо билмаслигидан ёлғон кўрсатма беришга мажбур этилганлари маълум бўлди. Ҳатто кўпгина гувоҳлар очиқ суд мажлисида терговчилар тазйиқи остнда туҳмат қилишганини айтишиб, Алибоевдан узр сўрашди. Айрим гувоҳлар (жумладан, Носир Одилов, Содиқ Ғафуров) А. Алибоевга қарши туҳматдан иборат кўрсатмалар беришдан бош тортгани учун уларнинг эмизикли болали хотинларини ҳам қамоққа олишганини айтишганда, суд зали ҳаяжондан қалқди. Афсуски, бизга «четдан ҳалоллик олиб келмоқчи бўлган» терговчилар шундай иш билан ҳам шуғулланишган. Лекин ҳеч бир қонунда боласи учун ота, ёки эр учун хотин жавоб бериши кераклиги айтилмаган. А. Алибоев судида ўтириб, яна бир ҳақиқатни англагандай бўлдим. Терговнинг чўзилишидан, марказдан келган терговчилар кўпроқ манфаатдорга ўхшаб кўринди. Уларга қолса, тергов ишлари иложи борича узоқ чўзилса, одамлар йиллаб судсиз-сўроқсиз қамоқда ётса ҳам майли. Юқоридан ижозат олиш мумкин. Уларнинг мантиқи ҳам тўғри-да. Ишни тез тугатиб Москвага кетса, минглаб оддий одамлардан бирига айланади. Нонга, сутга, гўштга соатлаб навбатда туриш керак. Бу ерда эса ҳаёт, ҳар қалай, ўзгача. Олти йил ичида биргина давлат машиналаридан (асосан, «Волга»лардан) фойдаланиш харажатлари, хомчўтларга қараганда, уч юз минг сўмдан ошиб кетибди, бу пулларга СССР прокуратураси ҳисобидан эмас, болалар боғчаси ва мактабларга мўлжалланган маҳаллий бюджетдан тўланибди! «Наманган» меҳмонхонасининг бутун бир қавати гуруҳнинг азму ихтиёрида. Еганинг олдингда, емаганинг орқангда. Атрофингда қўрққанидан хушомад қилиб, ялтоқланиб, хизмат қилиб турган одамлар бўлса! Москвада топиш амру маҳол бўлган ноёб молларни бу ерда осон топиш мумкин. Гуруҳдаги терговчи Юмашкиннинг ўзи бир нечта япон видеомагнитафонига эга бўлди. Биттаси чайқовда қанчалигини тасаввур этинг! «Жигули», «Москвич» олганлар ҳам бор. Бари вилоят ҳисобидан! Қанча уруш ва меҳнат ветеранлари, Қаҳрамон оналар, кўпболали оилалар, машина, ноёб молларга навбатда турганда, янги боғча, мактаблар қуриш, эскиларини таъмирлаш зарур пайтда, бу хил ҳотамтойлик кимларга керак бўлдийкин?!
Б. Свидерский гуруҳининг жумҳуриятимизга юборилганига етти йилча бўлиб қолди. Улар ҳали ҳам Наманганда фаолиятларини давом эттиряптилар. Ўнлаб одамларнинг тақдири уларнинг қўлида. Ўйлаймизки, бу одамларнинг иши текширилганда, юқоридаги каби қонунбузарликларга йўл қўйилмайди.
Шуниси қизиқки, терговчи тўплаган қурама материалларнинг чоки бирин-кетин сўкилиб боряпти. Олти йил судсиз қамоқда сақланган Р. Одилов, М. Асланов озод қилиниб, ишлари терговга қайтарилди. Демак, терговда хатога йўл қўйилган, қонун бузилган. Яна бир мисол, А. Алибоев суди бошланганда, бир неча жилдли материаллар ичида энг муҳим ҳужжат — «айбдор»га нисбатан жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги қарор йўқлиги маълум бўлди. Бу қонунчиликнинг қўпол равишда бузилишидир!
СССР Бош прокурори ҳузуридаги ўта муҳим ишлар бўйича терговчи иши орқага кета бошлаганидан сал хавотирланиб қолди. Шунинг учун кейинги интервьюларида шашти пасайгани билина бошлади. Жумладан, у «Литературная газета»нинг шу йил 2-сонида мухбир И. Маймистов саволларига берган жавобида: «Судда кўргунга қадар бирон бир маълумот бериш бизнинг қоидамизга тўғри келмайди. У ёки бу жиноятларда айбдорлик даражасини аниқлашга фақат суднинггина ҳаққи бор», дейди. Тўғри гап. Лекин у узоқ вақт шу тўғри гапни айтмай келди. Поп агросаноат бирлашмасидаги аллақандай зиндонлар ҳақида шов-шувлар кўтарилди. А. Одилов ва унинг атрофидагиларни жаҳон аҳамиятига молик жиноятчилар қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинди.
А. Алибоев иши устидан суд тергови ниҳоясига етяпти. Судда сўнгги ва ҳал қилувчи сўз айтилишига оз қолди. Лекин мени бир нарса ташвишга соляпти. Хўш, борди-ю, А. Алибоев ва Поп агросаноат бирлашмаси бўйича қамоққа олинган бошқа шахслар айбсиз, деб топилса, уларнинг шунча йил азоблаб ҳибсда ушлабтурганлар жазоланадими? Ёки уларни марказ яна ўз ҳимоясига оладими?!
«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.