Азим Суюн. Тараққиёт талаби (1990)

Бугун онда-сонда бўлса ҳам «биз ҳуқуқий давлат тузмоқчимиз», «жумҳуриятимизнинг тўла мустақиллиги учун курашамиз», «ягона Туркистон халқ жумҳурияти ташкил этиш масаласини кўтариб чиқиш даври етди» каби иборалар тез-тез қулоққа чалинмоқда, даврий матбуот саҳифаларида кўзга ташланмоқда.

Бу табиий ҳол. Муҳит, маънавий, ижтимоий ва сиёсий тараққиёт шунга олиб келди.

Бир асрнинг нари-берисида халқимиз нималарни бошидан кечирмади. Боболаримиз кўкраги чор Россияси ҳукумати (рус халқининг эмас) қўшинларининг найзаларига нишон бўлди, қонлар дарё бўлиб оқди. Эрк ҳуқуқи ер билан яксон қилинди, ғурури, номуси топталди. Саводхон ўлка саводсизликка юз тутди. Ахлоқий, маърифий-маданий қашшоқлик одатий ҳолга айланди. Бош кўтарганлар дорга тортилди, «Сибирь» қилинди, турмаларда чиритилди.

1917 йил февраль ойида Россияда буржуа-демократик инқилоб амалга оширилди. Бу инқилобга катта умид боғланган муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий «Улуғ Туркистон» газетасида: «Билмоқ керакки: ҳақ олинур, берилмайдур. Ҳар бир миллат ва мамлакат халқи ўзини ҳуқуқи, диния ва сиёсиясини ҳаракат ва иттифоқ ила бошқалардан олади. Дунё жиҳодгардир. Жиҳод-жаҳд ва жиҳодни шакли ҳар замонда бошқа бўлур… Ҳозир бизни жиҳодимиз фикр газет ва басират ҳамда иттифоқ ила бўлур. Биз мусулмонлар, хусусан, Туркистон мусулмонлари истаймизки, ҳеч бир киши бизнинг дин ва миллатимизга зулм ва таҳдид қилмасин ва бизни ҳам бошқаларға таҳдид қилмоққа асло фикр ва ниятимиз йўқ», — деб ёзди. Аммо Керенский ҳукуматининг Туркистонга мухторият бермоқчи бўлган ваъдаси қолиб кетди… Ленин инқилоби эса йўлни олти-етти йил ўтмасдан бошқа изга солиб юборди…

Халқимиз нималарни бошидан кечирмади. У ўз уйи ўлан тўшагини, оиласининг ор-номусини, киндик қони тўкилган тупроғини, ота маконининг дахлсизлигини деб «босмачи» — тамғасини ажинлар ариқ қилиб юборган пешонасига бостириб олди. Замон дарёсининг тўлқинларида гангиб қолган деҳқон «қулоқ» бўлиб кетаверди. Мудҳиш очарчилик йиллари сунъий равишда уюштирилганлиги бугун ҳаммага аён. Бовурим қозоқ халқининг учдан икки фоизи шу йилларда ўлимтикхўрларга ем бўлганлиги ҳақиқат. Истиқлол (миллий мустақиллик) йўлини танлаган юзлаб зиёлилар, эл сарварлари кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган азоб-уқубатларга дучор қилинганлиги, қатағон этилганлиги дунёга маълум. Марказий матбуотнинг хабар беришича, Ўрта Осиёдан 46 минг киши қатағон қилинган, шундан 25 минги Ўзбекистондан экан. Австрия адибаси Эбнер Эшенбех «Эзгулик, саховат ниқоби остида ёвузлик қилинмаганда эди, дунёда бу қадар ваҳшийлик бўлмасди» деб ёзганда қанчалар ҳақ эди.

Йўқ, биз бугун «айбдорлар»ни изламоқчи эмасмиз. Лекин унутиш, хотиралардан чиқариб юбориш ҳам мумкин эмас. Хива хони Исфандиёр Хоразмдаги Шўркўл тепалигига чиқиб, «Ў, менинг юртим шунча каттами?..» деб ҳайратда қотган экан. Эҳтимол, халқимиз бошига шунча кулфатлар, бало-қазолар ёғилганлигига қадамидан нарини кўролмаган баъзи калтафаҳм хонлар, беклар айбдордир. Эҳтимол, уруғчилик, қавмчилик, элатчилик, тарафкашлик сингари азалий давом этиб келаётган бузғунчилик ҳолатлари айбдордир. Эҳтимол, фикр авжи, ҳаёт, табиат тараққиёти гуноҳкордир. Балки, худо иродаси шундайдир… Бироқ, ёдда тутмоқ — зарурият: барча ёвузликлар, ваҳшийликлар бошида, XX аср ибораси билан айтганда, «ҳазрати инсон» турибди. Ҳа, Алишер Навоий ёзганидек:

Вайронадур масканим, андин менга бисёр ғам,
Оҳим била эшикта ўрт, ашким била девор нам!

Хўш, Улуғ ватан урушидан кейинги «тинчлик йиллари»да халқимиз аҳволи тубдан ўзгардими? Нега саксонинчи йилларда «коммунизм»да яшамадик? Нега Америка Қўшма Штатлари, Япония, Туркия, Жанубий Корея мамлакатларидан сурувидан айрилган айланмабош қўй каби орқада қолиб кетдик? Нега Швеция, Австрия, Норвегия, Финляндия, Канада, Испания янглиғ давлатлар ишчилари бизнинг ишчиларимизга қараганда 4—5 марта кўп маош олиб яшайди? Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, «Уларнинг иқтисодий ҳимояланганлиги, меҳнаткашларининг турмуш даражаси фақат тушимизга кириши мумкин». Нега? Нега яккаю ёлғиз зангори қозонимиз — Оролдан айрилиб ўтирибмиз? Нега ҳавомиз, сувимиз, тупроғимиз — заҳарзаққум? Нега бунча қалбимиз қашшоқлашиб кетди? Нега юрагимизда бунчалар лоқайдлик; кўзларимизда ўт сўнган? Кексаларимизнинг донишмандлиги, аёлларимизнинг нафосати, йигитларимизнинг соғломлиги қаёқда қолди? Маънавий қадриятларимиз қайга йўқолди? Нега? Нима сабабдан бошқа халқлар қиладиган ишларни биз қилолмаймиз? Нега ҳам руҳий, ҳам жисмонан мажруҳ бўлиб қолдик?

Бу «Нега?», «Нима сабабдан?», «Нима учун?», «Боиси нима?», сингари туман-туман саволларнинг жавоби битта: Мустақил ривожланмаган мамлакат, эл турмуши ҳеч қачон фаровон бўлиши мумкин эмас!

Ўз-ўзидан яна савол туғилади. Мустақил мамлакат — мустақил жумҳурият, биринчи галда, нималарга таяниши, нималарга куч-ғайратини сарф этиши керак?

«Мамлакат мустақиллиги, тараққиёти, умматлар ва миллатлар бахт-саодати шу юрт ерларининг катталиги, одамнинг кўплигига эмас, балки уларнинг илмига, санъатларининг қай йўсинда тараққий қилгани ва халқнинг маданияти, сиёсий онги қай даражада эканлигига боғлиқ», — деган гапни ўқидим бир қўлёзмада. Оқилона, топиб айтилган!

Менимча, бизда биринчи навбатда маориф ва маданий-маърифий соҳалари авжига бутун диққат-эътиборни қаратмоқ лозим. Миллий боғчаларни кўпайтириш, тарбияланувчилар тарбиясига урф-одатларимизга кўра жонбозлик қилиш, мактаб қурилишларини тубдан изга солиш, ўқувчи-ўсмирларни миллий шарт-шароитдан, адаб-ахлоқ, бир сўз билан айтганда, миллий руҳиятдан келиб чиққан ҳолда ўқитиш, тарбиялаш зарур. Англияда бир синфда 5—6 ўқувчи ўқийди. Бизнинг бир синфга эса 50 га яқин ўқувчи жойлаштирилади. Муаллимлар аҳволига нима дейсиз?..

Маориф ишларини — ҳаётга эш қилмоқ кечиктириб бўлмас вазифадир! Зеро, ожизларга куч-қувват бахшида этгувчи куч — маърифат, деган донишмандлар.

Мактабларимизда, албатта, инглиз, рус, араб тилларини, олий ўқув юртларида шуларга қўшимча равишда турк, хитой, форс, япон, ҳинд тилларини ўқитиш ишларини тартибга солиш жоиз, деб биламиз. Кошкийди, болаларимиз чет мамлакатларда ўқишса, келиб ўз ватанига хизмат қилишса…

Шуни ёдда тутиш керакки, асримиз бошида Япония барча саъй-ҳаракатини маориф ишининг юксалишига сарфлади. Натижасини эса бутун жумлаи жаҳон кўриб турибди. Ҳолбуки, ўша йилларда Туркистон шарт-шароити, ривожланиши орасида Япониядан кўп ҳам фарқ қиладиган жиҳатлари бўлмаган.

Буюк ҳинд адиби Тагор «Россия ҳақида мактублар» эссесида бизга сабоқ бўларлик бир хабар беради: «Бизнинг кунларимизда Туркия даҳшатли оғир юк бўлган диний фанатизмдан озод бўлиш йўлидан қадам ташлаб бормоқда. Туркия тез суръатлар билан маориф ишларини йўлга қўймоқда. Фақат Ҳиндистон уйқуда…»

Бу сатрлар бизни сергаклантириши, тағин унинг «… худди шу маориф воситаси билан қисқа муддат ичида ўз ватанининг ишлаб чиқариш қувватини ошира олди, давлатнинг саъй-ҳаракатларини бутун халқ интилишлари ва орзу-ниятлари билан бирлаштирди» каби мисралар ўйга толдириши лозимга ўхшайди.

Буюк Тагор бизнинг маориф соҳамиздаги таназзулимизни аввалдан кўргани каби шундай ёзади: «Буларнинг хатолари йўқ деёлмайман, жиддий бир хатолари бор. Бир кун бориб у бир бахтсизликка сабаб бўлади. Қисқача айтганда, бу хато шундан иборатки, маориф ишлари бир андозада олиб борилмоқда, бироқ андозага солинган инсон моҳияти барқарор бўлмайди, чунки билим жонли ақл-фаросат билан уланмаса бир кун бориб бу андоза тилка-пора бўлади, ё бўлмаса инсон ақди тор бир доира ичига олинса, бориб-бориб йўққа чиқади ёки одам боласи мурувватли қўғирчоқдай бўлиб қолади».

Иккинчидан: СССР таркибидаги «мустақил жумҳурият» номини олар экан, миллий саноат тараққиёти билан боғлиқ масалаларни ҳам кечиктирмасдан ҳал этиш — зарурият эканлиги барчага маълум ҳақиқат, деб ўйлайман. Саноатимизда техник жиҳозлаш даражаси ғоятда паст, мажруҳ. Асосий тармоқлар эса Марказга бўйсундирилган.

Бизда ишчилар синфи шаклланмаган, дейишади. Тўғрироғи, шакллантирилмаган. Янада тўғрироғи, улар пахта майдонлари учун «жонли темир»ларга айлантирилган.

Туб аҳолини саноат корхоналари жойлашган кентлардан ҳар хил усуллар билан суриб чиқариш шакли мавжуд, деб биламан. Айтайлик, ерни жон-дилдан севган миллий ишчига — «шаҳардаги уйингни топшир, деҳқончилик сенга қулай-ку…» деган «ажойиб» таклиф тавсия этилади ёки оддийгина «ҳали-бери турар-жой бўлмайди», дейилади. Бечора ишчи ёки бўлажак ишчи юкини орқалаб, «отам ишчи ўтмаганку…» дея далага йўл олади… Прописка масаласини айтмай қўяқолай. Шундай экан, бизнинг ишчи синфимиз, қолаверса, ҳар бир соҳада миллий кадрларимиз қандай шакллансин?!

Учинчидан: жумҳуриятимиз иқтисодий мустақилликка ўтар экан, у қишлоқ хўжалиги соҳасида жуда катта ислоҳотлар қилиши даркор. Бизнинг қишлоқ хўжалигимизда пахтанинг етакчи тармоқ эканлиги етги ёшли гўдакдан, етмиш ёшли кексага ҳам аён. Пахта яккаҳокимлиги ҳақида гапирилмаган гап қолмади.

Пахта… Пахта бошқа халқлар тарихида қандай роль ўйнаганлигини билмайману, аммо ўзбек халқи тарихида у унутилмас. Оддий бир мисол: пахта чироққа пилик бўлиб бизнинг кунларгача етиб келди. Тарихий маълумотларга қараганда, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида бундан икки минг йил аввал ҳам пахта толасидан ип йигирилган, газлама тўқилган.

Қизиқ бир мисол: бундан роса 430 йил олдин Европада оддий чит зиғирпоя, жун, ҳатто ипакдан тўқилган матолардан қимматроқ бўлган. XVI асрда Англия қироличаси Елизавета жуда катта байрамлардагина чит кўйлак кийиб ясанган. Пахта денгизнинг нариёғидаги узоқ ўлкалардан келтириладиган ноёб нарса ҳисобланарди. Худди ўша вақтларда пахтага инглизлар «оқ олтин» деб ном қўйишган. Европа давлатлари ана шу оқ олтинни забт этиш учун ҳарбий экспедициялар юбора бошлаган. Оқ олтин учун инглизлар Миср ва Ҳиндистон халқларини асоратга солдилар. Хитой халқи устига қўшин юборганлар. Айни пайтда Америка жанубий штатларида эка бошлаганлар. Улар пахта майдонларида ишлатиш учун Африкадан қуллар келтириша бошлаганлар. Америкаликлар пахтани «офтоб болалари» деб атаганлар.

Ўрта Осиё пахтаси учун ўнлаб инглиз жосуслари ҳар хил ниқоблар остида ўлкамизнинг турли туманларини айланиб қайтганлар. Бу борада, албатга, чор Россияси ютиб кетди.

Санъатшунослик фанлари номзоди Абдуманноп Назаровнинг ёзишига кўра: «Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфманнинг беш йиллик мунтазам ҳисобот маърузаларида (қ. Проект отчета ген.-адъютанта К. П. Кауфмана по гражданскому управлению и устройству в областях Туркестана. 1881. Спб. 1885.), Н. С. Ликошиннинг Туркистон иқтисодига бағишланган қатор тадқиқотларида (Н. С. Ликошин, Переселение и переселенцы Историко-экономический очерк. Самарқанд, 1892) келтирилган аниқ ва батафсил маълумотларга қараганда, Туркистон шаҳар ва вилоятлари иқтисодиёти ушбу давр ва муҳит талабларига мос равишда уйғун ривожланиб келган. Масалан, қатор олтин, мис қайта ишлаш комбинатлари, кўн ва бошқа заводлар (албатта, Европа тушунчасидаги «комбинат» ва «завод» эмас) мавжуд бўлиб, пахта эса етакчи роль ўйнамаган. Чор маъмурияти Туркистонда бошқа саноат жабҳаларини бўғиб қўйиб, асосан пахтачиликни ривожлантириш ва ўлкани Россиянинг асосий пахта базасига айлантиришни мўлжаллаб қатор тадбирларни амалга ошира бошлади. Жумладан, Мирзачўлни ўзлаштириш плани Кауфман даврида туғилиб, XIX аср охири ва XX аср бошларида ҳаётга жорий қилина бошланди. Солдатское, Славянка ва бошқа аҳоли пунктлари шу аснода пайдо бўлди. Пахта тозалаш заводларини қуриш, Россияга етказиб берувчи савдо ширкатларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, айни вақтда Россиядан келтирилган машинасозлик, металлургия ва бошқа саноат маҳсулотлари билан арзон нархларда маҳаллий бозорни тўлдириш ва уни шу йўл билан бошқа маҳаллий саноат соҳаларини бўғиб қўйиш мўлжалланган «монокультура» сиёсатига олиб келди. Албатга, бундан мақсад нафақат Россиянинг тўқимачилик саноатини хом ашё билан таъминлаш, балки маҳаллий аҳолини пахтага занжирсиз «занжирбанд» қилиб, унинг бошқа бойликларини талон-торож қилинишидан фикру зикрини чалғитиш эди. Сталинизм бу сиёсатга янада кенг йўл очиб берди.

Пахта… Сўнгги пайтларда баъзилар онгида пахтани қишлоқ хўжалик тармоқлари орасидан буткул чиқариб ташлаш тамоили пайдо бўлди. Мен бунга қўшила олмайман. «Пахта яккаҳокимлигини» чиқариб ташлаш бошқа гап…

Деҳқонни пастдан — ердан юксакликка кўтариш лозим, юксакликка кўтариш учун пастдан — ердан жой бериш зарур! Ер бўлганда ҳам Мир Алишер Навоий айтмоқчи:

Хирад деҳқони мундоғ нуктаи дер:
«Ки дона сочқоли яхши керак ер».

Эрк, ҳуқуқ бериш зарур. «Дунёда одам бўлиб яшов учун ҳуқуқ — эрк, ҳам ер керак. Эрксиз, ерсиз одам дунёда яшай олмайдир» (Олимжон Тиркишев. «Шўро» журнали, Оренбург. 1917 йил, 17-сон).

Деҳқон етказадиган бошқа неъматларнинг таърифтавсифига қалам ожиз. Ҳатто… Ўттиз беш йил Туркистонда яшаб, Самарқанд губернатори бўлган Н. С. Ликошин (Машраб «Девон»и билан қизиқиб, унинг ижоди ҳақида ёзиб, ғазалларини рус тилига таржима қилиб — биринчи бўлиб ўрус ўқувчисига етказган ўша Ликошин)нинг кўрсатишича, 1872 йил Тошкентда вабо тарқалган. Эл қирилади. Шунда «эт (гўшт) емас» деб лақаб олган Бобо Охун Шодмонхўжа эшон фақат ҳўл мева-чевалар еб тирикчилик қилиб, соғ қолади. Соғ қоладигина эмас, балки Чимкент-Туркистон-Тошкентда одамларни ҳўл мевалар егизиб даволаган экан…

Ва ниҳоят, жумҳуриятимизни тўла, мустақил идора қилиш ҳуқуқи — зарурият, табиий, ижтимоий тараққиёт талаби. Мустақил идора масъулияти ғоят муҳим. Оқил миллий кадрлар идораларда хизмат қилиши муҳим. Токим халқ улар билан бевосита ва билвосита гаплаша олсин.

Мустақил жумҳурият ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказишга эришишини таъминлаш керак. Украина, Белоруссия каби Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўз вакиллари бўлиши, ривожланган давлатлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши даркор!

Ўзбекистоннинг Давлат байроғи, Гимни ва Гербини халқ руҳига хосу мос қилиб яратишни таъминлаш керак.

Кишиларнинг сўз эркинлигини, матбуот эркинлигини амалиётда қонунлаштириш даркор. Асримизнинг улуғ донишманди Расул Ҳамзатов айтганидек: «Биз олисларни кўрмоғимиз керак, бизни ҳам олис-олислардан кўришсин; вазифамиз олисроқ сузиш, ерни чуқурроқ ҳайдаш ва жонажон хонадонимизни унутмасликдир».

Жумҳурият мустақиллиги — халқ мустақиллиги. Бу мустақиллик учун ҳар бир азамат ўз ҳиссасини донолик билан қўшиши фарз ва қарз! Ва айниқса, бу борада жумҳурият Олий Кенгаши раҳбарлари ҳам, унинг фуқаролари ҳам Ўзбекистон халқ депутатларига қаттиқ суянади.

«Ёш ленинчи», 1990 йил 4 апрель.