Тақдир раиятга юз бурди! Ҳақиқат, адолатнинг боғланган кўзлари очилди! Лойқаланган фикрлар сунбула сувларидай тиний бошлади. Деҳқон назарини илғайман — кўнглида умид уйғониши, чўпон нигоҳига диққат қиламан — руҳ янгиланиши, элимиз сарварлари қалбида покланиш куртаклари, зиёлиларимиз юрагида қайта қуриш ёғдуси… Беихтиёр кўксингда туйғулар жунбушга келади, халқим, уйғонишинг, юз очишинг муборак бўлсин, тафаккурингни, онгу тушунчангни қайта қуришинг муборак бўлсин, покланишинг қутлуғ бўлсин, дегинг келади.
Албатта, покланиш ҳаммомга тушиб чиқиш эмас. Маънавий покланиш! Эътиқодсиз инсон ҳеч қачон маънавий баркамол бўлолмайди. Халқни юксак ишончдан, эътиқоддан айирмаслик ҳар қандай жамият ривожи ва унинг мустаҳкамланиши учун муҳим омилдир.
1961 йилнинг 12 апрели. Бутун инсониятни ҳайратга солиб Ю. А. Гагарин самога парвоз қилди. Ўшанда 6 синфда ўқир эдим. Барча синф ўқувчилари, ўқитувчилар жисмоний тарбия майдонига йиғилдик. Мактабимиз директори Нормурод Қозоқов зўр ҳаяжон билан нутқ сўзлади. У сўзининг сўнггида: «Сиз бахтли авлодсиз, ютуқларимиз шу даражага етдики, 80-йилда коммунизмда яшайсиз. Ур-ра!» деди. «Ур-ра!» дедик.
Бирдан… «коммунизмда яшаш давримиз»га келиб ҳамма нарса бошқача бўлиб чиқди. Бугун халқимиз, қанчалик аччиқ бўлмасин, ҳақиқатни билиши керак. Айниқса, Ўрта Осиё халқлари кўп мураккаб жараёнларни бошларидан кечирган. Гап шундаки, улар Улуғ Октябрь инқилоби туфайли феодализмдан социализмга «сакраб» ўтганлар. Бу «сакраш» жараёнига В. И. Ленин ўз вақтида диққат-эътиборини қаратган эди. Аммо доҳийнинг Ўрта Осиё халқлари учун ғоятда муҳим бўлган бу фикрлари кейинчалик мутлақо унутилди. «Сакраб» ўтганимизни унутиш эса Ўзбекистонга қимматга тушди. Нега шундай бўлди?
Биз йиллар давомида ҳар қандай муаммоларни «яшин тезлиги»да ҳал этиб келдик. Кичик ғалабани кўзлаб, катта ғалабаларни бой бердик. Француз классик шоири Гильвик айтганидек: «…муз салтанатида атиргул ўстирмоқ зарур»лигини унутдик. Бутун бир мамлакат буйруқбардорлик билан бошқарилди. Халқ талаби инобатга олинмади. Томорқасига ҳам пахта эккан ўзбек деҳқонининг аҳволи танглашди: хилма-хил касалликлар, тўйиб озиқланмаслик, камқонлик… тинка-мадори қуриган одамлар эшигидаги сигирининг туғишини пойлашдан, ўша бузоқчани боқиб беш-тўрт сўм харж пули қилишдан ўзга чорани ўйлаб топа олмади. Чорвадорнинг боши эса «камомад«дан чиқмади. Озодликка чиққан ўзбек аёли оқ пахтанинг қора меҳнатчисига айланди. Меҳнаткашнинг хўжайини шунчалар кўпки, ўйлаб ёқа ушлайсан. Қайсидир журналда сурат босилди: бир деҳқон мук тушиб далада ишлаяпти… Унинг қаршисида агроном, раис, партия ташкилотининг котиби, райком вакили, бошқарма бошлиғи, обком котиби… яна қандайдир тафтиш аъзолари… қўлларини белларига тираганича кузатиб туришибди. Деҳқон ишлаяпти…
Хуллас, оддий меҳнаткаш яшаш учун йўллар ахтарди. Қорин қайғуси кишини не кўйларга солмайди, дейсиз. Бугун қанчалаб бегуноҳ деҳқонлар, чўпонлар сўроқ бериб юришибди. Қайта қуриш даврида оқ оққа, қора қорага ажралиши керак. Ахир улар битта-иккита эмас, қолаверса, уларнинг бола-чақалари ҳам битта-иккита эмас. Муҳит кейинги 20—25 йил ичида янада оғирлашди. Деҳқон болалари чопиқда, яганада, теримда… чўпон болалари ўтарларда… болалар тирикчилик учун бозорларда… Уларнинг ўқишида, билим олишларида тайин бўлмади, чаласавод бўлиб қолишди. «Катта»ларнинг болалари эса ҳатто республикаларни тебрата бошлади! Халқнинг эътиқоди сўнди, ҳеч нарсага ишонмай қўйди. Балки динга ишониш, «латта-путта»ларга кўр-кўрона сиғиниш, қандайдир «муқаддас жой»ларга зир қатнашлар кучайишига шу сабабдир. Гўёки, улар оғирини енгил қиладигандай, гўёки улар имконият йўлларини очадигандай… қайта қуриш даврида юксак эътиқод пойдеворларини мустаҳкамлаш билан меҳнатга ҳақ тўлашни тўғри ташкил қилиш зарурат бўлиб қолади. Менимча инсонни ўз ўтмиши эътиқодга ўргатади. Бир ҳаётий мисол келтирмоқчиман. Шу йил Хотира куни отамнинг қабрига ёдгорлик ўрнатдик. Қабртошга отамнинг шажараси, яъни 14 бобомнинг номини ёздирдим. Йиғилиб келишган бутун қишлоқдошларим уни кўришиб, хитоб қилиша кетди:
— Аширмат бизнинг ҳам бобомиз-ку?..
— Норбой бизнинг ҳам бобомиз…
— Оллоёр «фалончи»ларнинг ҳам бобоси…
— Ёпирай, тубимиз битта экан…
— Ҳаммамиз бир отадан тарқалган эканмиз-да…
— Бегонадай юрибмиз-а?..
— Азимбой, барака топ, бутун бир қишлоқни бирлаштирдинг!
Тарих — халқни бирлаштирувчи куч! Ҳар бир халқ ўз тарихини билиши, ҳурмат қилиши, эъзозлаши керак. Ўз тарихини назар-писанд қилмаганнинг келажаги йўқдир. Ўзбекистон тарихининг ҳали ўқилмаган саҳифалари жуда кўп. Ва ёки саҳифалари ёлғон, чала ўқитилиб келинмоқда. Бизнинг тарихимиздек бой тарих камдан-кам халқларга насиб қилган. Ва у мураккаб, оғир кечган. Шу пайтгача бу ҳақда мукаммал тарих китоби чоп этилмаган. Ўрганилганлари эса уларнинг чалакам-чатти қирралари холос… Қадим замонлардан Улуғ Октябрь инқилобигача бўлган тарихимиз бир жилд, етмиш йиллик тарихимиз эса уч жилдга жойлаштирилганлигини қандай изоҳлаш мумкин?!
Буюк инқилобнинг бизга берган энг буюк хизмати шундаки, у туркий элатларни, жумладан, ўзбек элатини халқ сифатида намоён этди. Биз халқимизни бир бутун ҳолда кўрдик, танидик. Илк тарихдан маълумки, ҳозирги Ўрта Осиё, заминида ёки Амударё ва Сирдарё оралиқларида, уларга яқин бўлган жойларда жуда кўплаб туркий қабилалар яшаганлар. Саклар, массагетлар, сўғдийлар, уйшунлар, тоҳарлар, қанглилар, оқ хуннлар, ўғузлар, ўзбеклар, тухсилар, чиғиллар, қарлуқлар, яғмолар, арғинлар, жалойирлар, барлослар, қавчинлар, арлотлар, сулдузлар, нукузлар. XV аср охирида Дашти Қипчоқдан келган кўчманчи ўзбеклар — бугунги ўзбек халқининг аждодларидир. Шуни айтиш керакки, бу уруғ, қабилаларнинг кўпчилиги Мовароуннаҳрга ҳар хил даврларда Олтой, Еттисув, Шарқий Туркистондан келишган. Маҳаллий туркий қабила ва уруғлар билан чатишиб кетганлар. Бу чатишишлар ҳосиласи ўлароқ туркий қабилалардан қарлуқлар, чиғиллар, яғмолар барпо этган қорахонийлар давлати даврида, яъни X—XII асрларда ўзбек элати тўлиқ шаклланди, эски ўзбек тилига асос-бўлган қарлуқ-чиғил лаҳжаси ёзма адабиёт тили даражасига кўтарилди ва у ўзбек элатининг умумий тили бўлиб қолди. Бу даврнинг «Қутадғу билик», «Девону луғотит турк» каби ёдгорликлари улуғ қобусномалардир. Бу қобусномаларни бугун ҳатто кутубхоналардан топиш амри маҳол. Умуман, олганда бизнинг халқимизда ўз тарихига қизиқиш, уни чуқур билиш, тушунишга ҳаракат ғоят суст. Рус муаррихи Н. С. Ликошин: «…шундай катта тарихга эга бўлган бу маҳаллий халқда фахр туйғуси жуда кучсиз», деб ёзганда минг баробар ҳақ эди. Ким билади дейсиз, ана шу беғурурлик, эътиқодсизлик VIII асрда араб имлосига йўл очиб бергандир, асрлар ўтиб лотин имлосига ўтилди ва ҳоказо.
Оиламиз билан тарихни жуда яхши кўрамиз. Халқимиз тарихини, тўғрисини айтсам, кўпроқ кенг билимли рус, хориж олимлари асарларини ўқиш орқали ўзлаштирганман. Бартольд, Якубовский, Бертельс, Вяткин, Греков, Крачковский, Гумилов, Саблукова, Березин, Барнштам, Вельяминов-Зернов, Леонов, Массон, Розенфельд, Салье, Толстов, Лунин, Петришевский, Гуревич, Строева, Баженов, Струве, Семенов, Кондратьев, Пугаченкова ва бошқа кўплаб туркий халқлар тарихининг у ёки бу қирраларини теран ўрганган билимдонларнинг нашрларини халқимиз унутишга ҳаққи йўқ! Бундан ташқари Н. С. Ликошин, Н. П. Остроумов, Д. Н. Логофет, А. Г. Туманский, М. И. Шрейдер, рассом В. В. Верешчагин, генераллар К. П. Кауфман, М. Г. Черняев каби ҳар хил қарашдаги сиёсий арбоб, тарихчи, саёҳатчи, хотирачиларнинг «ёзма иш»ларини билиш ҳам халқимизнинг яқин тарихини билишда катта аҳамиятга эга. Кавказ халқлари тарихида рус тарихчилари, олимлари, саёҳатчилари А. С. Пушкин сингари шоирларнинг хотираларини эсланг… Озарбойжон ССР ФА академиги Зиё Мусаевич Буниётов ҳам буюк илмий ишлар қилди.
Ўзбек тарихчилари ҳам кўп иш қилдилар, Аммо бу «кўп» ҳам кам. Яҳё Ғуломов, Иброҳим Мўминов, Бўрибой Аҳмедов, Ҳамид Зиёев каби кенг қамровли олимларимиз хизматларини жуда қадрлайман. Абдураззоқ Самарқандий, Наршахий, Зайниддин Восифий, Давлатшоҳ Самарқандий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчи олимларимизнинг айрим асарлари, «Абдулланома»нинг икки жилди, «Васиқалар тўплами», «Шайбонийнома», «Ирқ битиг» ва бошқа бир қанча адабий, тарихий ёдгорликларни халқимиз бугунги кунда севиб ўқимоқда. Аммо ағдарилмаганлари қанча?.. Улар араб, рус тилида ҳаракатсиз ётибди.
Ўтган йиллар ичида «Ўзбекистон тарихи» бир неча бор ҳар хил ҳажмда нашр этилди. «Самарқанд тарихи» (II жилд), «Хоразм тарихи» (I жилд), «Бухоро тарихи» (I жилд) ўзбек, рус тилларида чоп этилди. Бу албатта — хайрли иш. Лекин шуни айтиш керакки, бу «Тарих»лар ҳали мукаммал эмас. Жуда кўп сохталиклар мавжуд. Чалкашликлар қалашиб ётибди. Бир нашр фактлари иккинчи нашр фактларига тўғри келмайди. Менимча, ўзбек халқи тарихи туркий халқлар тарихидан узилиб олинмаган ҳолда тартибга солиниши керак. У жуда қадимдан бошланади. Бор манбалар ўрганилиб чиқилса ҳам… кўп нарса ойдинлашади. Мендан учрашувларда: «Бобур ким бўлган, у ўзбек эмасми?» деб сўрашади. «Бу қанақаси?» десам: «Бобур Шайбонийхонни «ўзбак» деб сўкади-ку?» дейишади. Тўғри. Бу саволга тарихчиларимиз аниқ-тиниқ қилиб ўзбек тарихига жавоб ёзиши керак-ку! Мен буюк рус тарихичиси Василий Осипович Ключевскийдек ўзбеклар тарихини изчил ўрганиб, ўзбек халқининг мукаммал тарихини яратувчи бир зотнинг пайдо бўлишини фақат орзу қиламан.
Бизнинг мактабларда ўрганилаётган «Ўзбекистон тарихи» ғоят қашшоқ, ғариб. Ёлғони кўп. Грузин халқи ўз тарихи ҳақида «ёлғон» нашр чиқиб қолгудек бўлса, унинг бирортасини ҳам қолдирмай топиб гулханга ташлар экан. Ўқувчиларимиз ўнинчи синфни битиради-ю, кимнинг боласи эканлигини англамай институтларга йўл олишади. Маҳмуд Замахшарийнинг «Асос ул балоға», «Муқаддамат ул адаб», Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат», Сулаймон Боқирғонийнинг «Биби Марям китоби», «Охир замон китоби», ўғуз қаҳрамонлик достони «Қўрқут Ота китоби», «Ўғузнома», Херман Вамбери таъриф-тавсифини келтирган Абулғозий Баҳодирхоннинг «Шажараи турк», «Шажараи тарокима» каби асарлари тарихий жиҳатдан ҳам жуда қимматлидир. Кейинги йилларда инглиз тарихчиси М. Бойснинг «Оташпарастлар» тўплами, «Қадимги шарқ адабиёти» матнлари,
«Ўзбекистон тарихи манбалари» (Б. В. Лунин тўплаган) матнлари, Фасих Хавофийнинг «Мужмали Фасихий», «XV—XVI аср Самарқанд ҳужжатлари», «Таворихи гузида Нусратнома» каби тўпламлар рус тилида нашр этилди, улар ўзбек китобхонларига ҳам етказилса, севилиб, талашиб-тортишиб ўқилишига шубҳам йўқ. Шу фикримни алоҳида таъкидлайманки, Бартольд, Бертельс, Толстов, Вяткин, Семёнов каби рус тарихчиларининг Ўрта Осиё тарихи, илми, адабиётга оид асарларини албатта ўзбек тилида чоп этиш зарур. Улар тарихимиздаги асл манбаларни чуқур ўрганишиб чиқишган ва қарашлари ҳам халқимиз манфаатларига мос тушади…
Қайта қуриш барча халқлар олдига жуда кўп масалаларни қайта кўриб чиқишга, дейлик, дарахтнинг фақат шох-шабадаларигагина назар ташлашга эмас, илдизларига ҳам синчиклаб қарашга олиб келди. Кишилик жамияти ўзи шундай яралган. У ҳамиша янгиланиб, бир ҳолатдан иккинчи бир ҳолатга ўтиб, ўзгариб туриш асосига қурилган.
Мактабларимиз аҳволини тубдан яхшиламас эканмиз, маърифатчилик ғояларини ҳар бир юракка сингдирмас эканмиз, бошимиз нодонликдан, жаҳолатдан чиқмай қолаверади! Бунинг йўли борми? Бор! Аммо ҳамма йўллар иқтисодий шарт-шароитларга бориб тақалаверади!.. Биз тарихимиздан узилиб қолган халқмиз. Буни бугун ҳамма билади. Ҳаётнинг пасту баландини тушунганимиз сари бу масала юзага чиқиб қолаяпти. У чуқурлашиб бораверади. Тил билгувчилар кексаяяпти, ўринбосарлар йўқ, қўлёзмалар эса ўқилмай сарғаяяпти… Ҳай, бу узоқ тарих… Аммо бугунги она тилимиз кай аҳволда, саводимиз жойидами? Қўлимиз нималарга етди? Қайси юлдузни узиб олдик? Аввало, шуни айтишим керакки, бугунги ўзбек тили сезиларли даражада қашшоқлашди, оҳорсизланди, таъбир жоиз бўлса «сўлим»лигини йўқотди. Назаримда, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Миртемир тилларининг салмоғи камайгандек… Тил масаласи билан кадрлар масаласи чамбарчас боғлиқ, деб биламан. Нега миллий кадрлар етишмаяпти? Етишмаяпти эмас, жуда кўп. Лекин уларнинг кўпчилиги «тил» билмаслигидан, яъни рус тилини пухта эгаллаб ололмаганидан юқорилаб кетолмаяпти. Маълум нуқталарга бориб, таққа тўхтаб қолишмоқда. Ваҳоланки, миллий кадрлар масаласи, уларнинг халққа раҳбарлик қилишлари — ғоят муҳим. Миллий кадрларнинг жойларда туриши муҳим. Улар — халқнинг келажаги. Бир юнон файласуфи қайси халқнинг ўз йўлбошчилари, даҳолари бўлмас экан, ўша халқ ер юзидан супирилиб, йўқ бўлиб кетишга маҳкум, деб ёзган.
Бизнинг раҳбарларимиз фақат «ўриндиқ»ларинигина ўйламасдан, халқимиз тақдирини ўйлашлари лозим бўлган вақт келди. Улар халқнинг бугунига масъул, келажагига жавобгардирлар. Виждон, имон кўкрак қафасини ёриб чиқиши лозим бўлган замон етди!
Жамият ўсувчан. Табиатнинг ўзи сингари ҳамма ғоялар, услублар ўзгарувчан. Янги кунлар келади, янги авлодлар етишиб чиқади, янги ғоялар пайдо бўлади. Уларни яратишда халқимизнинг ҳам ўз ўрни бўлиши шарт.
Бугунги тараққиёт шунга олиб келадики, ҳеч бир халқ бошқа халқлар устидан ҳукмронлик қилишдек имтиёзлар берилмаслигини дунё халқлари биргаликда ҳал этишлари зарур! Ҳар бир халқ эркин, озод, тинч-тотув яшашлари ҳаётий заруриятдир.
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 7-сон