Йигирма-ўттиз йил муқаддам Бўстонлиқ чиройини таърифлашга тил ожиз эди. Лекин бу кўрк, чирой ширингина туш мисол кўз ўнгимиздан йироқлашиб бормоқда.
Бор-йўғи йигирма-ўттиз йил оралиғидаги йўқотиш, салбий ўзгаришларни кўриб, одамнинг ҳеч ишонгиси келмайди. Болалик кезларимизда мева ва сабзавотларга ҳар хил дори солиш, химиявий ишлов бериш деган гаплар бутунлай йўқ эди. Тоғдан шарқираб оқиб келувчи шалолалар бўйлаб жаннатмакон боғлар яшнаб ётарди. У жойларга техника бора олмасди. Колхозлар учун ҳеч кераги йўқ бўлтак-сўлтак, қиялик, тошлоқдан иборат ўша ерларни қишлоқ кишилари ўз қўл кучлари билан яшнатиб юборган, бир парча ҳам бўш жой топилмасди. Меҳнаткаш одамлар баҳордан то қишгача шу майдон-боғларида яшаб, боғдорчилик, соҳибкорлик ва чорвачилик билан шуғулланишарди. Оила аъзоларининг ҳаммаси учун ўзига лойиқ иш топиларди. Катта ёшдагилар колхозда меҳнат қилсалар, уларнинг фарзандлари дарсдан бўш пайтларида, таътил даврида боғ ва чорва юмушларини бажаришар, рўзғорни бемалол тебратиб туришарди. Дарахтларга чирмашиб ўсган токлар, хилма-хил мевалар кесилмас, кўмилмас, шундай бўлса-да, ҳар йили шиға-шиға ҳосил бераверарди.
Эллигинчи йилларнинг охирларида кутилмаган хунук воқеалар содир бўлди. Ўша йўқотишнинг нақадар катта фожиа эканлигини эндигина сезиб, туб моҳиятига тушуниб турибмиз. Одамларнинг боғларини, қайсики тоғ этаклари, оралиқларидаги ерларни тўсатдан тортиб олишга киришдилар. Бу “ҳужум” бошида турганлар колхоз номи билан, халқнинг хоҳишисиз иш олиб боришарди. Шу ўринда боғ эгаларининг ҳам кўпчилиги жоҳиллик қилдилар: “Бекордан бекор ташлаб кетгандан кўра дарахтларни ўтинга кесиб олганимиз маъқул.” Шу ўй билан азамат дарахтлар ҳатто эндигина қулоч ота бошлаган навқирон ниҳолларнинг кундаларига ҳам болта урилди. Гуркираган боғлар ўрнида мунғайган, шип-шийдон қуруқ ер қолди. Бу Бўстонлиққа суиқасднинг бошланиши эди…
Кейинроқ туман бағрида ёппасига оромгоҳлар қурилиши бошланди. Ўнлаб лагерлар, ҳордиқ чиқариш, соғломлаштириш масканлари қарор топди. Дам олиш зонасига айлантирилгандан сўнг Бўстонлиқда ижобий ўзгариш юз берар, деган умидда эдик. Афсуски, бора-бора шу илинж ҳам чиппакка чиқди.
Одамларнинг дам олгани, мусаффо табиат қўйнида яйраб-яшнагани яхши, албатта. Қачонки, улар ўзларини одамдай тута билса. Афсус, масъулият, жавобгарликни ҳис қилмайдиганлар кўп. Инсон қўли билан тоғу тошларга ўт қўйилди, сой сувларини заҳарлаб, балиқ овланди, доривор ўсимликлар илдиз-пилдизи билан юлиб олиб кетилди, ёввойи паррандаю даррандалар қийратилди. Бир мисол: Шўробсой деб аталувчи тоғ шалоласида қадим-қадимдан ғиж-ғиж мазали балиқлар яшарди. Ҳозирги кунда Шўробсой ўлик сувга айланган. Бунинг сабабини шу атрофдаги чўпону молбоқарлар яхши билишади. Уларнинг гувоҳлик беришларича, Қоржантов тоғларининг бағрида ер портлатиб юрган геологлар авваллари гарбит билан оз-оздан балиқ овлаб юришган. Режадаги ишлар тугаб, бутунлай қайтар кезларида эса сойнинг энг тепасидан кучли заҳарли дори оқизишган-да, ёппасига қирилиб, сув бетига чиққан балиқларни қоп-қоп қилиб машиналарга юклаб кетишган.
Бўстонлиқ воҳасидаги шу каби чексиз бебошликларни ким тияди, уларга қарши ким курашади?! Мазкур вазифани бажариши керак бўлган ўрмон хўжаликлари, овчилик жамияти аъзолари, бошқа соҳадаги табиат қўриқчиларининг ўзлари, афсуски, нафс бандаларига айланиб қолишган. Йилнинг тўрт фаслида ҳам бўстонлиқлик браконьерлар беозор ёввойи ҳайвонлар ва қушларни беомон қирғин қилаверишади. Назоратчиларнинг қўлига тушиб қолишдан унчалик қўрқмаса ҳам бўлади – улардан қутулиб кетиш қийин эмас. Чунки уларда нафс йўқ дейсизми?
Туман бош архитектори Виктор Иванович Китченконинг зорланиб айтишича, дам олиш зонаси қураётган ташкилотлар қияликларни текислаш, тепаликларни суриб ташлаш, истаган жойларидан зовурлар очиш, умуман, хаёлларига келган бебошликларга қўл ураверишлари оқибатида қанчадан-қанча арчазорлар, бошқа ноёб ўсимликлар нобуд бўляпти. Тоғ кўчиш хавфи кучайиб бормоқда. Ўзбилармонлик билан ер остидан сув тортишлар ҳам Бўстонлиқ мувозанатини бузиб юбормоқда. Тоғ булоқларининг суви қочиб, шу чашмалар ҳисобига яшаб турган яшил бойлик қуриб қоляпти. Ҳолбуки, Бўстонлиқда табиат бағрига чанг солишдан аввал, туман бош архитектори билан маслаҳатлашиш, унинг кўрсатмасига қатъий амал қилиш лозим эди. Аммо бу қоидага ҳеч ким бўйин эгмаяпти.
Ажабо, республикамиз пойтахти – Тошкентга ҳаёт бахш этиб (тоза ҳаво, зилол сув асосан шу воҳадан оқиб келади) турган оромбахш бу гўшани қутқариб қолиш учун наҳотки имкон қолмади?!
Бўстонлиқ туман бош архитекторининг қўлидаги мўъжазгина бир китобчада бу саволга ижобий жавоб бор. Инқирозга юз тутаётган ушбу воҳа сингари жойларни миллий боққа айлантириб, қайта тиклаш ҳақида ажойиб режалар, олижаноб орзулар шу қадар ёрқин бўёқларда тасвир этилганки, беихтиёр ҳаяжонланиб, қувониб кетасан киши! Агар Бўстонлиқда ана шу режа амалга оширилса, табиат йўқотганларини ортиғи билан қайтариб, қадимгисидан ҳам зиёда яшарарди, кўркамлашиб кетарди. Туман табиати дардига малҳам қўювчи, унинг кўрки жамолини кечаю кундуз муҳофаза этиб турувчи ягона куч вужудга келарди. Бу ташкилот рухсатисиз бирон дарахт кесилмасди, битта ҳам тош жойдан қўзғалмасди. Шўробсой каби тоғ шалолаларининг балиқлари ҳам қириб ташланмасди, браконьерларнинг эса пайи қирқиларди.
Бўстонлиқни миллий боққа айлантириш масаласи анча олдин кўтарилган. Бу ҳақда туман миқёсида қарор қабул қилинганига бир йилча вақт бўлди. Шунга қарамай мутасадди ташкилотлар ҳануз жим. Шундоқ ҳам Бўстонлиққа ён қўшни – Чирчиқ шаҳрида йирик саноат корхоналарининг ҳаддан зиёд кўпайиб бораётганлиги, шамол эсган кезларда ўша заводларнинг қурумини обдан тинкаси қуриган бу воҳа устига учираётгани дард устига чипқон бўляпти. Ғазалкентнинг, қатор посёлка ва қишлоқларининг аҳолиси ичимлик сувга тобора ташна бўлаётгани сир эмас. Қайсики, келажакда саноат корхоналари қурилиши мўлжалланаётган Чимбойлиқ қишлоғи зонасида ер остидан тортиб олинаётган сув билан Ғазалкент шаҳри зўр-базўр таъминлаб турилгани ҳаммага маълум. Наҳот буни туман ижроия комитети мутасаддилари тушуниб етмаса?! Бу шаҳар остидаги сувлар эса ичиш у ёқда турсин, ҳатто ювинишга ҳам яроқсиз ҳолга тушиб қолганини туман санитария ва эпидемиология станцияси ходимлари неча бор исботлаб беришган.
Бир пайтлар бенуқсон бўлган Бўстонлиқда эндиликда дориларсиз, химиявий ишловларсиз мева, узум, сабзавот ва бошқа экинлар ҳосил бермай қўйди. Бу нимадан? Албатта, табиат асрлар давомида амал қилиб келган мувозанатнинг қўпол равишда бузилишидан.
“Совет Ўзбекистони” газетаси,
1988 йил 12 июль сони.