Любовь Егоровна Горбуличева ўттиз йилдан зиёд вақт мобайнида Ғазалкент шаҳрида ёш авлодга таълим-тарбия бериб, топган бойлиги – шогирдлари ардоғи ва эл меҳри бўлди. Ўзбек синфларига мукаммаллаштирилган рус тили ва адабиётидан дарс бераётган Любовь Егоровна билан Комаров номли 3-ўрта мактаб жамоаси ҳам фахрланади.
Бўстонлиқда экология тарафдорлари билан завод қурилиши ташаббускорлари орасида қизғин тортишувлар борарди. Республика раҳбарлари одилона йўл тутиб, масалани Бўстонлиқ тумани аҳолисининг ўзи ҳал қилсин, деган тўхтамга келдилар. Кўпчилик қатори Комаров номли 3-ўрта мактаб жамоаси ҳам шу муаммо муҳокамасига тўпланди. Любовь Егоровна ҳам бетараф қололмади. Сўз сўради.
– Бўстонлиқ тумани табиатида йил сайин бузилишлар содир бўляпти, – деди муаллима, чеҳраси жиддийлашиб. – Чирчиқ шаҳридаги капролактам цехи ишга тушгандан сўнг аҳвол айниқса оғирлашди: заҳарли ёмғирлар экинларимиз, боғ ва полизларимизни қовуриб ташлаяпти. Бўстонлиқнинг олдинги ширин-шакар мевалари, узумлари, сабзавотлари қани? Завод қургандан кўра, теварак-атрофни заҳарлаб ётган корхоналарни модернизациялаш, зарарсизлантиришни ўйлаш керак! Аҳволнинг шу алфозда давом этишига йўл қўйиб бўлмайди. Бундан буён ҳар қарич ер, ҳар нафас ҳаво, ҳар қултум сув ифлосланиши учун эмас, тозаланиши учун курашайлик!
Туманда салкам эллик миллат вакиллари яшайди. Шу сўлим гўшани ўз уйим, Ватаним деганнинг ҳаммаси она табиат муҳофазаси тарафдори. Бўстонлиқ халқининг фикри ҳам, талаби ҳам битта: атроф-муҳит ифлосланишига бундан буён йўл қўйиш мумкин эмас! Унинг ҳавоси, суви, Чирчиқ, Тошкент, қолаверса, бутун республикамиз халқи учун ҳаётий зарурат.
Давр тақозоси билан Чирчиқ дарёси соҳили бўйлаб бир пайтлар ҳуда-беҳуда қуриб ташланган катта-катта заводлар эндиликда табиатга таъсир қила бошлади. Турғунлик йиллари айрим раҳбарлар заводларни ёшартириш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш каби долзарб вазифаларни ўйлаб кўрмадилар. Лоақал бундан буён йўл қўйилган хатоларни тузатишга киришиш лозим эди. Афсуски, айрим саноат ишбошилари кутилмаганда янги фаолият бошлаб юбордилар. Атроф-муҳит заҳарланаётгани уларни заррача ташвишга солмади.
Бўстонлиқ халқи табиат муҳофазасига тегишли гапларга ишонди, руҳланди. Бироқ айрим саноатчилар шу ишонч-эътиқодга путур етказиши мумкин бўлган қалтис ҳаракатлардан ўзларини ҳамон тия олмаяптилар. Чирчиқ шаҳрининг “Узбекхиммаш” заводи турғунлик йиллари чиқарилган қарорни рўкач қилиб, Бўстонлиқ бағрида улкан корхона қуриш учун миллион-миллион маблағларни сарфлаб юборди. Пиллачилик совхози ва ўрмон хўжалигига қарашли бу 52 гектар майдондаги ёш ниҳоллар, гуркираган боғлар кесилди. Ўрнига кичик бир филиал тикланармиш деган ёлғон гаплар тарқатилди. Корхона барпо этилаётган майдон гўё Чирчиқ шаҳри ҳудудига қарашли эмиш.
Бўстонлиқни Республика меҳнаткашларининг оромгоҳига, миллий боққа айлантириш ҳақида ҳамма жойда гапирилди, матбуотда ёзилди. Бироқ бугунги кунда унинг табиати танг аҳволда. Ҳудудида юзлаб дам олиш ва даволаниш муассасалари мавжуд, аммо уларнинг биронтасида гигиена талабларига мос канализация йўқ. Санаторий, дам олиш уйлари теварак-атрофларидан ташқари оқин сувларни ҳам булғаб ётибди. Ифлосликларга тўйиниб олган сув эса тўппа-тўғри Чирчиқ дарёсига қуйилмоқда! Бу ҳам етмагандек, экология зарарига ишлаётган ўша муассасаларнинг барчаси шартномада белгиланган қонун-қоидага мутлақо риоя қилишмайди: истаганларича ер майдонини эгаллаб олишган, дарахтларни аёвсиз кесишяпти, кўнгли тусаган жойга турли қурилишларни қалаштириб ташлашяпти. Туман раҳбарлари билан жумбоқли масалалар хусусида ҳисоблашаётгани йўқ: “ерни сотиб олдикми, демак, эгаси ҳам ўзимиз” деб ҳис қилишяпти.
Яна бир муаммо. Туманга ҳар йили бошқа вилоятлардан тоғлар оша ҳайдаб ёки вагонларга ортиб келинаётган неча ўн минглаб қўй ва эчки подалари энг манзарали қир-адирларни тақир қилиб қўйяпти. Ўсимлик ҳамда ҳайвонот оламига зарар етказмоқда. Қайта қуриш ва ошкоралик ўзининг авж палласига кирган ҳозирги даврда маҳаллий раҳбарлар эскича тартиб – қоидаларни қайта кўриб чиқишга нега шошилмаяптилар?
“Совет Ўзбекистони” газетаси,
1989 йил июнь сони.