Аминжон Маматов. Эҳтиёж фарзанди (1989)

Саводхонлик кишиларнинг маданийлик даражасини, билимдонлигини, ўз тили ва тарихига, маданий меросига мунрсабатини кўрсатувчи муҳим белгилардан биридир. Бу соҳада улкан ютуқларга эришдик, бироқ саводхонлик ҳарф таниб, китоб ўқиш ва хат ёзишни билишдангина иборат эмас. Буни чаласавод ҳам эплайди.

Бизнингча, яқин ўтмишда юз берган кўнгилсиз ҳодисалар ана шу учала душманнинг бирликдаги ишидир. Ёзма ахборот алоқанинг муҳим воситасига айлангач, саводхонлик даражамиз яққол кўриниб қолди. Айниқса, расмий ёзма манбалар, йиллаб турадиган лавҳалардаги хатолар, ўринсиз номлар чаласаводликнинг амалий кўринишидир. Ҳозирги чаласаводлик тилга, маданий-маънавий бойликка эътиборсизлик, яъни маънавий қашшоқлик оқибатидир. Хўш, бу соҳада аҳвол қалай?

Маълумки, сўнгги ўн йилликларда қатор ёшларнинг наинки чаласавод, ҳатто саводсиз бўлиб чиқаётгани «сезилмай» қолди. Масалан, қуйидаги икки фактни қиёслаб кўрайлик (битириш имтиҳонида ёзилган иншолардан): «талантли уйғун шойиргина эмас Айни Вақтда истидодли драматургдур». «У «қалтис хазил хайот қўшиғи олтин қул Алишер навойи Драмаларини яратди» («Ўқитувчилар газетаси», 1973, 17 июнь). Шундан 14 йил ўтгач, 10-синф ўқувчилари ҳақида: «Синфимизда 39 ўқувчи бор, шулардан икки нафари бутунлай ёзолмайди, дарсни сўзлаб беролмайди. Зўрға ҳарф танийди. 20 дан ортиқ синфдошимиз эса бемалол ўқиб кетолмайди», — деб ёзилди («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1987, 3 апрель). Бу ўқувчилар ўрта мактабни битириши, ҳатто олий мактабга кириши ҳам мумкин, чунки келажак студенти, ўқитувчи-мутахассиси, олими, давлат арбоби шулар. Ўрта ва олий мактаб фаолияти ўзаро шундай боғлиқки, биридаги ҳолат бошқасида албатта акс этади, аммо мактаб таълими киши фаолиятида чуқур из қолдиради, чунки у «қон билан киради». Масалан, қўқонлик бир ўқитувчининг редакцияга ёзган уч варақлик расмий хатида 94 та хато қилгани, ўз исм-фамилиясини тўғри ёзолмагани («Муштум», 1980, 2-сон) шунинг аксидир.

Булар-ку айрим шахслар фаолиятига хос, аммо расмий манбалардаги нуқсонлар чаласаводликнинг кенг ёйилганидан дарак беради, чунончи, Ғафур Ғулом номли кўчадаги лавҳада «атиги» 10 та (умумлаштирсак, 8 та) имловий хато бор. Айни бир жой ёки кўчанинг ўзбекча номи ҳамон 2-3, ҳатто 4-5 хил кўринишда кўзга ташланади: Оқтепа — Оқ-тепа — Актепе — Ак-тепе — ак-тепа, Озод — Азад — Азод — Азат, Матлубат — Матлюбот — Матлюбат — Метлубад, Боғ — Баг — Бог-куча, Охакчи — Ахокчи — Ахакчи, Сабзазор — Сабзизор, Маориф — Мориф, Янги-обод — Янги-абад. Буюк зотлардан Форобийни Фарабий — Фаробий — Фараби — Фароби, Огаҳийни Агахий — Агахи шаклларида ўқиб юрдик. Мазкур ёзувлар, уларни ким ёзганидан қатъий назар, Ўзбекистон марказида — Тошкентда «порлаб» турибди. Ўзбекистон, Тошкент деганда кўз ўнгимизда ўзбек халқи гавдаланади, бинобарин, бу хатолар бизнинг нуқсонимиз саналади. Нега бўлмаса, таниқли олимимиз Т. Н. Қориниёзов фамилияси ёзма манбаларда беш хил формада учрайди: Қориниёзов — Қори-Ниёзов — Қориниёзий — Қори-Ниёзий — Қори Ниёзий. Ёки эса Беш-Ёғоч, Юнус-Хан, Чор-Су, Кўк-Су, «Уқитувчи», Алмазар (кафеси) кабилар жорий имлога мосми? Баъзилар саводхонликнинг пастлигини ўқитувчиларга юклайди. Эътироз йўқ, аммо ўз касбини ардоқлаб, ёшларга таълим-тарбия беришда ҳалол-пок ишлаётган ўқитувчилар, педагог-олимлар ҳам оз эмас, бинобарин, чаласаводликнинг илдизлари анча чуқур ва мураккаб.

Эсингизда бўлса, олдинлари чет эл матбуоти Ўрта Осиё халқлари тилларининг, жумладан, ўзбек тилининг ҳозирги ҳолати ва келажаги ҳақида турли бўҳтонлар, маҳаллий халқларни руслаштириш деган уйдирма гаплар тарқалаётгани ва бу иғволарга қарама-қарши ўлароқ тилимиз эркин ривожланиб, маданиятимиз кун сайин гуллаб бораётгани ҳақидаги мақолаларни ўқир эдик-у, бироқ маданиятнинг гуллаши кенг ва ёруғ кўчалару осмонўпар бинолар, кўркам кошоналар, кўкаламзор хиёбонлару театр ва кинолар сони билангина белгиланмаслигини ўйлаб кўрмас эдик.

Бизнингча, ўша бўҳтон ва туҳматлар осмондан эмас, балки ҳаётимиздан олинган. Шаҳримизга ҳар куни юзлаб, минглаб турли мақсаддаги сайёҳлар келиб кетади, қўлларида дурбин, фотоаппарат, ҳар нарсага синчиклаб қарашади. Ҳозиргача шу ҳақда гап борса, «Ит ҳуради, карвон ўтади» деб келдик, аммо ўша итнинг сезгирлигига ва беғам карвон сезмаган бир нарсани билиб ҳураётганига эътибор бермадик. Ҳа, чет элликлар ҳам ҳаётни тушуниш, фикрлаш жиҳатдан биздан асло кам эмас. Чиндан ҳам мавжуд расмий алоқаларни қўя турайлик, анчагина кўчаларимиз номларини, ишлаб чиқариш, маъмурий-давлат, маиший хизмат, савдо, спорт, таълим масканлари ичидаги ёзувларни кўрган одам: «Ҳа, буларнинг гапида ҳам жон бор экан-ку» деб юборади. Ана шу нуқсонлар, гарчи улар ташқи безакдан бошқа нарса бўлмаса-да, тўла йўқолмагунча ва тилимиз барча соҳада ўз мавқени эгалламагунча, ўша бўҳтон ва туҳматларни рад этиб бўлмайди, чунки «туристлар» кўз билан кўриб, қулоғи билан эшитмагунча ишонмайди ва ишонтириб бўлмайди.

Тўғри, айрим хатолар рус тилида иш юритиш оқибатида келиб чиққан, масалан, кўзимиз тушган Аклан, Аксай, Аль-Хорезми, Богобод, Руми Джалалтдинов (энди Джалалитдинов — Джалалитдин — Джалалетдин), Джизак, Джурджони, Куяш, Укчи, Урак кабилар шулар жумласидандир. Аммо, дейлик, ул. Саперная ўрнида тилимизга хос бўлган Сапёрлар (Педагоглар, Танкчилар, Ёзувчилар…) кўчаси каби оҳангдор номларни нега қўлламаймиз? Биз ёшлар чаласавод бўлиб қолаяпти деймиз-у, бироқ мазкур нуқсонларга улар айбдор эмас. (Шу ўринда яна бир гап: — атамалар аксарият адабий тил бойлигидир. У ҳолда, дейлик, Куяш, Укчи кабилар ўзбек адабий тили бойлиги бўладими ёки рус адабий тили бойлиги бўладими?) Ўтмиш зиёлилармизни шу қадар лоқайд ва ҳиссиз қилиб қўйган эканки, пешонасига нима ёзилган, у нимани англатади — бу билан иши йўқ, шунинг учун тилимизга хос бўлмаган номлар ўта кўпайиб кетди. Ваҳоланки, ҳозир ҳар бир кўча, маҳаллада фан кандидатию доктори, тилшуносу адабиётшунос, шоиру ёзувчи топилади. Яқинда бир маҳалла чойхонаси қошида кооп. «Чайханщик», кооп «Пекарь», бир хонадонда эса «Лагман уйгурский» номлари пайдо бўлибди. Ҳозир қаерга борманг, уч-тўртта ўзбек сомса, нон, лағмон, кабоб каби миллий таомлар пишириб ётибди-ю, тепасида «Самсовая», «Самсово-лепешечный цех», «Лепешечный цех», «Лагманная», «Шашлычный», «Пловная», «Национальные блюда» каби ёзувлар туради. Сабзавот дўконларида аксарият «лук», «морьков», «редька», «репа», «тыква»… бор-у, «пиёз», «сабзи», «турп», «шолғом», «ошқовоқ»… йўқ. Яқин вақтларгача деҳқонлар сабзавот экиб келган кенг далаларга олиб чиқадиган бир кўчанинг номи «Урожайная».

Шунга ўхшаш Весна, Зимняя, Культиваторный, Лабораторный, Ленточная, Ниточная, Новый путь, Питомная, Фигурная, Шахтинская, Широкая, Штапельная, айниқса, русча либосдаги Арычный, Дувальная, Каттабагская, Сарьжульская, Хавастская, Хивинская, Чаштепинская каби «ўзбекча» номларни, дам олиш жойларидаги «Льдинка», «Рыбак», «Солнышко», «Юнга» каби атамаларни, «Антикор», «Онекс», «Росомаха», «Уют», «Элекс» каби кооператив номларини ўқиб турган қайси чет элликни булар ўзбекча сўзлар деб ишонтирасиз? Тўғри, яқинда «Новза», «Бир зумда», «Тезкор», «Себзор» каби номлар ҳам пайдо бўла бошлади, аммо улар денгиздан томчи. Шу ўринда Тошкент области доирасида тузилган кооператив номларига қаранг: «Грибной», «Добрая услуга», «Луч», «Маяк», «Металлист», «Наш дом», «Прогресс», «Радикал», «Рассвет», «Серебряные узоры», «Строитель», «Темп», «Шашлычная», «Эстетика», «Ясная поляна» ва «Уста» («Тошкент ҳақиқати», 1989, 21 февраль). Кўриб турибсизки, булар ҳозирги уйғониш даврида юз берган бўлиб, ўзбекча ва ҳинд-европа тилларига оид номларнинг ўзаро нисбати 1:1.5!

Турли идораларнинг пештоқидаги номини ҳисобга олмаса (шу ҳам ҳамма ерда эмас), ичидаги стенд ва кўргазмаларда, реклама ва турли мазмундаги эълонларда, бўлим номларида, иш ва қабул вақти ёзилган лавҳаларда ўзбекча ёзувлар кўринмайди. Айрим завод, фабрика ва нозик идораларни айтмайлик, маҳаллангиздаги магазин, почта, поликлиникаларда, ҳатто маданиятимиз, тил ва адабиётимизга алоқадор айрим ташкилотларда ҳам аҳвол шу. Ваҳоланки, она тилида лавҳаларнинг тўғри ёзилиши, биринчидан, саводхонлигимизнинг ошишига, иккинчидан, бошқаларнинг ўзбек тилини ўрганишига ёрдам берувчи муҳим воситалардандир.

Шаҳримизда ажабтовур номлар, нотўғри ёзувларнинг туғилишида маиший хизмат, ободонлаштириш, қурилиш ташкилотлари фаол ўрин тутади: улар ўзлари ташкил қилган идора ва нуқталарга, кооперативларга жойнинг тарихий ўрни ва маҳаллий халқ тили ҳусусиятини ҳисобга олмай, истаган номни қўйишмоқда. Саводхонлик борасида русларда бир яхши одат бор: агар бирор соҳада янгилик пайдо бўлса, Рус тили институти орқали унга берилган номнинг ёзувда қандай ифодаланишини аниқлаб олишади, бизда эса ҳар ким билганича ёзаверади. Кўзга яққол кўриниб турган ёзувлар жуда таъсирчан бўлади. Уни кўпчилик ўйлаб, тўғри-нотўғрилигига эътибор бериб ўтирмай айнан қабул қилаверади. Бу ҳол тилнинг барча соҳасига тарқалган: аддел култура бошлиғи, Алиевада тушаман (жонли нутқ), Абдуллаева кўчаси… с-з Ташкент отд-1 п-с Шамсиабад ул. Гулистан (эълонлардан), Чаштепинская кўчаси… (телевидение). Ҳужжат туфайли Акбаев, Газиева, Гиясов, Казаков, Сагатов, Ханходжаева, Юльчиев каби номларни ўзбекча ёзолмайдиган, ҳужжат моҳиятини, ўз исм-фамилияси маъносини билмайдиган зиёлилар қанча!

Ташқи таъсир сабабли ҳатто филолог-студентлар ҳам маданият саройи каби жўн иборани қўллай олмаяпти, чунки клубнинг пештоқида «Дворец культуры»дан бошқа ном йўқ. Бундай ҳодисалар бошқа шаҳарларда, ҳатто қишлоқларда ҳам мавжуд, айниқса, совхозларга қаранг. Бу нима, тақлидми? Воажаб, Бобур «Эли туркдур. Шаҳр ва бозорисида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам билан росттур» деб атаган Андижонда замонавий меҳмонхона учун «Олтин водий» деган ном топилмабди! Қайси шаҳарга борманг, «Анҳор (сой) бўйи йўқ — «Набережкая» ёки Тошкентда «Ғалаба» боғи, бирорта райком биноси олдида «Ҳурмат тахтаси», «Энг яхши кишилар» деган ёзувлар кўриндими? Айни шу сабабли мажлислар зали, дарс жадвали, кутубхона, ўқув зали (қироатхона), бўлим мудири, ўринбосар каби оддий сўзлар ҳам ёдгорликка айланиб бормоқда. Турли сабаб ва баҳона билан ўзбекча матбуотни олмайдиган корхона, ташкилот ва ҳатто кутубхоналар бор.

Лавҳалардаги мазмуний чалкашликлар таржимонлар маҳсулидир. Масалан, Главное аптечное управление (Дорихоналар бош бошқармаси) бирикмасини Бош дорихоналар бошқармаси тарзида таржима қилиш туфайли Кичик дорихоналар бошқармаси ҳам борлиги англашиб қолган. Шунингдек XXXIV Киров район ҳисобот-сайлов партия конференцияси кабилар ҳам таржима оқибати. Энди мана бу ёзулардаги сўз тартиби ва мазмунга эътибор беринг: Союз ССР Энергетика ва электрлаштириш министрлиги, Госкомиздат Ўзбекистон ССР, СМ УзССР, УзССР Маорифи министрлиги, УзССР Маданият Министирлиги қошидаги Республика Марказий

кўрлар учун кутубхонаси (энди атаманинг сўнгги қисми «Марказий кўрлар кутубхонаси» шаклини олибди). Бундай нуқсонларга чек қўйиш учун омма учун мўлжалланган қар бир лавҳа, турли мазмундаги ёзувлар тегишли назоратдан ўтмоғи керак.

Саводхонликнинг пасайишида зонал тиллар, тилларнинг келажакда қўшилиб кетиши ва кейинчалик туғилган икки тиллилик, иккинчи она тили, халқаро умумий луғат фонди каби тушунчалар катта ўрин тутади. Қарангки, моҳият жиҳатидан мазкур қарашлар бир хил, аммо сўнгги ўн йилликларда олдинги қарашлар кескин қоралангани ҳолда кейинги қарашларга зўр берилди. Бироқ уларга, авваллари бўлганидек, бир томонлама ёндашилди, жумладан, икки тиллилик истисносиз барча халқларга нисбатанми ёки фақат маҳаллий халқларга нисбатанми ва ўзбек-тожик, ўзбек-қозоқ, тожик-ўзбек, қозоқ-ўзбек каби икки тиллилик ҳам шунга кирадими деган масала очилмай қолди ва шундай қолмоқда. Икки тиллиликка оид ишларда асосий диққат маҳаллий тилларнинг рус тили таъсирида лексик жиҳатдан ривожланишига қаратилди, яъни ўзбек-рус икки тиллилигига алоҳида эътибор берилди-ю, айни чоғда рус-ўзбек икки тиллилиги қандай бўлиши, унинг аҳволи ҳақида фикр юритилмади. Аслида икки тиллилик оммавий равишда кундалик заруратга, эҳтиёжга, одатга айланиб, оилавий турмушга сингиб, ўзбек-рус, рус-ўзбек, ўзбек-тожик, тожик-ўзбек ҳолати юз берганда ўз моҳиятига айнан мос келади. Бунга бухоро-самарқанд тип икки тилли шеваларни мисол қилиш мумкин. Бундай шева вакиллари табиий кўникмага эга бўлгани учун ўзбек ва тожик тилларида фикрлай ва алоқа қила оладилар, аммо шу тиллардан биринигина она тили ҳисоблайдилар. Бундай ҳодиса асрлар давомида рўй беради, биз эса ўзбек-рус икки тиллилигининг ғоят қисқа вақт ичида юз беришига интилдик, ҳатто юз берди деб ҳам ҳисобладик, амалда эса бир тиллиликка интилиш бошланди. Эсимда: ёшлигимда европалик ўртоқлар дадам билан «Саники баланчук якши?», «Маники кизингка бар» қабилида гаплашаверарди. Ҳозирги авлод бутунлай бошқача руҳда тарбияланиб қолди, ҳатто ўз тилини тушунмайдиган зиёли ўзбеклар пайдо бўлди ва мавқеи оша борди.

Бундай ҳодиса Иттифоқ миқёсида юз берди, масалан, қатор шаҳарларда, баъзи автоном республикаларда ўқувчилар етишмаслигидан миллий мактаблар ёпилиб қолди, она тилидаги китоблар сотилмаслигидан, миллий тилларда китоб нашр қилиш камайиб кетди, жумладан, Бурятия АССРдаги ҳолатга кўз ташланг. Одатда, халқ бор экан, тил яшайди дердик, аммо тажриба халқ мавжуд бўла туриб, тил йўқолиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Йўқолган тил эгалари бошқа халқ тили билан яшайверади, чунки бир бутун халқ бирданига йўқолиб кетмайди. Шу ўринда иккинчи она тили иборасини кўрайлик. Бу ибора 60-йиллардан бошлаб кенг тарқалди, аммо партия Программасининг янги нашрида рус тили «миллатлараро алоқа воситаси» деб аталди. Бироқ биринчи тушунча, кўпчилик зиёлилар, айниқса, раҳбарлар, сиёсатдонлар онгига шу қадар сингиб кетган эканки, она тили ҳақида гап борса, ҳануз шу иборани рўкач қилишади.

Унутмангки, тил билиш ютуқ, аммо тил билмаслик гуноҳ эмас, бундан кулиш маданиятсизлик бўлади. Мухбирларимиз шу масалада кубалик ёшларни мисол келтиришади-ю, рус тилида ижод қилувчи ёзувчи ва шоирлар, олимлар, уни мукаммал билган қанчадан-қанча зиёлилар, ишчилар ҳақида индашмайди. Бир мамлакатдан илм, ҳунар ўрганаман деб келган одам, албатта, шу эл тилини билмай иложи йўқ. Агар тарихга мурожаат қилсак, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Форобий, Маҳмуд Кошғарий каби олимларимиз Бағдодда таълим олиб, араб тилини мукаммал эгаллашди, аммо шуни пеш қилиб, сен нега тил билмайсан дейилмайди. Табиат инсонга битта тил беради ва у шу тил билан яшайди. Тил ўрганиш узоқ давом этади ва у касб, эҳтиёж, истеъдод, шароит, саъй-ҳаракатга боғлиқ. 10—15 йиллаб она тилини ўргана олмаймиз-у, ўзга тилни билишни миллионлаб халқдан бир хилда талаб қиламиз. Бу ишимиз кампаниябозликни эслатади. Маълумки, оилада биринчи ва иккинчи она бўлмайди — она битта бўлади. Она тили тушунчаси шу билан боғлиқ. Борди-ю, бола қайси тилда тарбия олса, шу тил она тили бўлиб қолаверади, ҳатто полиглотларда ҳам она тили битта бўлади. Рус тили халқаро тиллардан бири, усиз жаҳон маданиятидаи тўла баҳраманд бўлиш, фанни ривожлантириш қийин. Буни ғоят кўпчилик тушунади, шунинг учун кишилар рус тилини тарғиботсиз ҳам билишга интилмоқда, масалан, бозордаги оддий деҳқонни олинг. Бу эҳтиёж натижаси. Дарвоқе, тарғибот аксарият иккинчи бир ҳодисани инкор этишга қаратилади.

Цирк, кино санъати ҳам маданиятимиз кўрки, аммо ўзбекча цирк кўрдингизми ёки миллий тиллар ва миллий маданиятлар гуллаб-яшнаётгани ҳақида гапирилаётган бир пайтда «Ўзбекфильм» ўз номига яраша нечта машҳур фильм яратди? Матбуотнинг ёзишича, «Ўзбекфильм»да ўзбек тилидаги асарлар қабул қилинмайди ва у ерда тилимиз таржима тили даражасига тушиб қолган. Рус тилида яратилган «Тоҳир ва Зуҳра», «Алишер Навоий» каби фильмларни чет эл студиялари ҳам яратиши мумкин, лекин шундай ҳолат ўзбек миллий кино санъатининг кўрки бўлолмайди. Айниқса, «Даҳонинг ёшлиги» фильмида Ботир Зокиров роль ўйнаб, Обид Юнусов сўзлаши ғоят кулгили кўринди. Бундай ҳолга сабаб нима ёки кино санъати сирларини, унинг ўзига хос хусусиятларини ўзбек тилида ёритиб бўлмайдими? Бизнингча, келажак авлодга санъаткорларнинг сўзи, ҳаракати, қиёфаси мужассам қолмоғи керак. Яна бир кўнгилсиз ҳодиса: ЎзЛКСМ Марказий Комитети пленумларидан бирида қорақалпоғистонлик механизатор бир қиз русча гапиролмай йиғлаб юборибди («Ёш ленинчи», 1987, 20 октябрь). Бошқа шаҳарда эмас, Тошкентда! Ўтирганлардан бирортаси «Гапиринг» дея олмабди. Бу қиз ёзнинг жазирама иссиғига, қишнинг қаҳрли изғиринларига бардош бериб, Сиз билан биздан кўпроқ меҳнат қилаётган, Ватан бойлигини ошираётган пахтакор-ку! Пахтада эзилгани етмагандай, энди бу жиҳатдан ҳам эзиладими? Хўш, бу ҳолда унинг қалбида кимга меҳр-муҳаббату кимга ғазаб туйғуси уйғонди экан? Қаранг, яқингинада бири ўзбекча нутқингни шартта тўхтатиб қўйган, бири «домла» сўзини қўллаш динчилик бўлади (бу тушунча ҳамон мавжуд) деб дашном берган бўлса, икки тиллилик ва тиллар тенглиги шундай бўладими?

Саводхонликнинг пасайишига ҳисса қўшган амалий ишлар яна талайгина, жумладан: бирор фан қўшиладиган ёки бошқа бир фанни ўқитишни яхшилаш лозим топилса, мактабларда ва тегишли ўқув юртларида аввало ўзбек тили ва адабиёти предметлари соати қисқара борди; ўзбек маданияти ва санъати билан боғланган, тил ва нутқимиз ривожига ҳисса қўшадиган қатор институтлардаги мавжуд тил ва адабиёт ички имкониятлардан фойдаланиб номигагина ўқитиладиган бўлди. Натижада тил адабиётдан, адабиёт маданият ва тарихдан узилиб қолди ва бу ҳол ўқитувчи-мутахассисларда ҳам, студентларда ҳам шу соҳага қизиқишни сусайтирди; расмий йиғилишларда ва турли ҳужжатларни тўлдиришда она тилидан фойдаланиш, ариза, рапорт, рухсатнома, талабнома, тилхат, ҳисобот кабиларни она тилида ёзиш истеъмолдан чиқиб қолди; диплом ишлари аксарият рус тилида ёзилса, диссертациялар умуман она тилида ёзилмайдиган бўлди; қатор институт ва техникумларда дарсларни она тилида ўқитиш тўхтаб қолди (ўзбекча текстни машинкада ёздириш ҳам муаммо) ва б.

Миллий тилларга бундай муносабат, уларнинг функционал доирасини чеклаш, албатта, тегишли маъмурий раҳбарларнинг кўрсатмаси, сиёсатдонларнинг қувватлаши билан юз берди. Эҳтимол, уларнинг бундай ҳаракатини тушуниш керакдир, чунки улар аслида ижрочи, холос. Тўғри, она тилини камситадиган бирор расмий ҳужжат учрамайди, шунинг учун ҳам бу соҳада ўзимиз айбдор деб келар эдик. Аммо ошкоралик туфайли маълум бўлишича, миллий масаладаги нуқсонлар мамлакатимизнинг етакчи раҳбарлари номи билан боғлиқдир. Масалан, МДУ профессори, филология фанлари доктори М. Всеволодованинг ёзишича, КПСС МКнинг собиқ Биринчи секретари Н. С. Хрушчев: «Биз ҳаммамиз рус тилида қанчалик яхшироқ гаплашсак, коммунизмни шунча тез қурамиз», — деган бўлса («Правда», 1989, 6 март), Л, И. Брежнев даврида КПСС МК секретари бўлган М. Суслов миллатлар ва уларнинг тиллари, маданиятларининг зудлик билан қўшилиб кетишини қатъий талаб қилганини таъкидлайди Украина Компартиясининг собиқ биринчи секретари, КПСС МК Сиёсий бюроси аъзоси П. Е. Шелест («Аргументь: и факть!», 1989, 2-сон), Хўш, булар қайси расмий ҳужжатдан кам? Ахир, бизда айрим кўрсатмалар оғзаки берилиши, аммо уларни бажариш шарт эканлиги маълум-ку!

Айниқса, Н. Хрушчевнинг гапи икки ёқлама хавфлидир: бир томондан, миллий тил эгаларида ўз тилига лоқайдлик, ишончсизлик кайфиятини туғдирса, иккинчи томондан, рус халқининг, айниқса, ёш авлодида ўта мағрурлик, бошқа тилларни менсимаслик кайфиятини туғдиради ва чиндан ҳам шу ҳодиса юз берди. Бўлмаса «Билимлар уйи»даги бир рассомга ўзбекча шиор ҳам ёзгин дейишса, «ишдан бўшашга ариза берсам бераманки, лекин ўзбекча ёзмайман» дермиди («Фан ва турмуш», 1989, 7-сон, 21-бет) ёки эса ёш пионернинг ўтган йилги ҳақоратомуз гапини эсланг. Айтиш мумкинки, порахўрлик, қаллоблик, ахлоқсизлик, кўзбўямачилик каби иллатларни кўра билган ва шунинг учун республика бошлиғига ёқмаган одил раҳбарлар, олимлар ҳам миллий масала соҳасида юқори билан ҳамфикр бўлган бўлса керак. Шу жиҳатдан қараганда, икки тиллилик, иккинчи она тили, халқаро умумий луғат фонди ҳақидаги назариялар юқоридаги кўрсатмалар асосида юз берганга ўхшайди. Кўринадики, катталар мумкин қадар адашмаслиги керак, чунки уларнинг хатоси республика, ҳатто мамлакат ривожига салбий таъсир қилиши мумкинки, бунинг жароҳати ўта хавфлидир. Буни кўриб турибмиз. Хайриятки, партия ва ҳукуматимиз раҳбарлигида нуқсонларимизни вақтида пайқаб, ижодий тараққиёт сари юз ўгирдик.

Тилга бўлган ҳар қандай ножўя ҳаракат халққа нисбатан қилинган ҳаракатдир. Биз тил билади деб кишиларни бошқа шаҳарлардан истаган соҳага жалб қилавериб, анчагина маҳаллий ишчиларни сунъий тил тўсиқлигига дуч қилдик. Ҳатто оддий котибаликка кирувчидан ҳам русчани яхши биласанми, протоколни русча туза оласанми, деб сўрашади-ю, бошқалардан ҳеч бўлмаса ўзбекчани тушунасанми деб сўрашмайди. Бунинг натижасида не-не ижодий фикрлар, орзулар айтилмай қолди экан, балки маҳаллий ижодкор ишчилар синфининг кенг қулоч ёймаганлиги ҳам қисман шундандир. Тағин маҳаллий ишчилар етишмайди деб нолиймиз. Маҳаллий халқнинг узоқ саноат корхоналарига бориб ишлашга иштиёқманд эмаслигини ҳам унутмаслик керак. Эҳтимол, унинг ватанпарварлиги шунда ҳам мавжуддир. Пахта даласидаги оғир меҳнатни қойил қилаётган халқ бошқа соҳадаги ишларни ҳам қойил қилар. Бунинг учун унга ҳеч бўлмаса ўз юртида тил тўсиқлиги бўлмаслиги керак.

Миллий тилларга беписандлик тарихий номлар марказий шаҳарларда қайта тикланаётган бир пайтда бизда бошқаси билан ўринсиз алмаштириб туришда ҳам кўринмоқда. Масалан, атоқли ўзбек шоири, Ленин мукофоти лауреати Ғафур Ғулом номидаги совхоз Тимошенко бўлиб қолибди. Эсингизда бўлса, Чилонзордаги бир майдонга Фурқат ҳайкалини ўрнатишга ҳаракат бошланиб, унинг номи берилай деб турганда «Чайка» бўлиб қолди. «Чорсу» номини эшитиб юриб, «Москва»га дуч келдик. Кимнингдир ташаббуси билан тарихий Қатортол номи «Правда» газетаси» бўлиб турибди. Зиддиятнинг сунъий равишда туғдирилишини қарангки, энди бунга ҳақли эътироз билдирилса, «Правда»дек сиёсий номга қаршилик бўлиб туюлади. Яна Бектемир шаҳри Наримонов бўлди ва ҳоказо. Бундай тарихий номлар аслига қайтарилиши керак. Ҳайронман, ўзбекча номлар шу қадар тиканли, ёқимсизми? Нега бундай ҳодисаларга қуйидагилар эътироз билдиради-ю, раҳбарлар жим ёки улар ўқишмайди, кўришмайдими? Биламиз, мазкур номларнинг ҳаммаси замонавий, маъноси чуқур, уларга эътироз билдириш сиёсий ва маънавий калтабинликдир. Демак, гап тарихий номларни сақлаб қолишда ва уларни ўринсиз ўзгартиришда. Ахир, бизда янги-янги совхозлар, аҳоли пунктлари, маданий, объектлар ёки ўзгартирилиши керак бўлган номлар қанча. Ном қўйишда яна бир ўринсиз одатимиз бор. Дейлик, Пушкин номидаги жойни ҳар бир шаҳар ва районда учратиш мумкин, аммо Бобур, Машраб, Завқий, Аваз Ўтар, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода каби номларни эса маълум жойлардагина учратамиз. Бу маҳаллий чекланиш оқибатидир. Ҳали бизда номи бирор жойга берилмаган ўтмиш сиймолар қанча. Тарихнинг эъзозланишини қарангки, яқинда Октябрь инқилобининг ашаддий душманлари атаман П. Краснов, генерал, А. Деникин, муваққат ҳукумат бошлиғи А. Керенский кабиларнинг асарларини ҳам ўқиш мумкинлиги эълон қилинди. Юқорида қайд этилган нуқсонлар миллий муносабатларнинг кескинлашувида сезиларли ўрин тутди деб ўйлайман.

Баъзан бошқача ножўя ишлар ҳам бўлади. Биласизки, ҳайкал улуғ кишиларга қўйилади. Бордию бошқа жойга кўчириш керак бўлса, одамлар кўздан панароқ қилиб, муҳофаза билан

кўчирилади. Бироқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Й. Охунбобоев ҳайкалини куппа-қундузи экскаваторнинг чўмичига боғланган тросс билан у ёққа тортиб, бу ёққа тортиб ағдаришди. Хўш, бу кимга ҳурмат, ниманинг белгиси? Аслида отанинг ҳайкали шу ерда тургани маъқул эди. Бу билан ҳам тарихий бир ҳодисага хиёнат қилдик. Бундай ишлар миллий ҳиссиётга тегиб кетишини сезмаяпмиз. Унутмангки, «Ҳиссиёт авлодларда такрорланади, у замонга бўйсунмайди» дейишади, чунки ҳиссиёт доимо потенциал ҳаракатда туради. Ҳиссиёт, ифтихор, ғурур, фахр тушунчалари бир-бири билан боғлиқ ва ҳамма халққа хос. Халқлар бор экан, бу тушунчалар, яшайди, халқлар дўстлиги, интернационализм турли тилларда сўзлашувчи ва миллий ифтихорга, ўз маданияти, урф-одатига эга бўлган халқларнинг мавжудлигида юз беради. Энг олий йиғинларда ҳам нутқларнинг турли тилларда эркин янграши ютқизиқ эмас. Дарвоқе, хапқлар дўстлиги ғояси бизда азалдан мавжўд, масалан, Алишер Навоий асарлари, «Алпомиш» достони қаҳрамонларини эсланг. Арманистон зилзиласи шуни кўрсатдики, мурувват, одамгарчилик, дўстлик чет элларда ҳам кам эмас экан. Адашмасак, Ҳаммер ҳеч бир ташвиқотсиз пулнинг ўзидан бир миллион доллар ҳадя қилди.

Ўзбек тилини ўқитиш ўта яхшиланган, ҳатто давлат тили бўлганда ҳам, бошқа тил эгалари уни ёппасига ўрганмайди. Эҳтиёж, қизиқиш бўлмаганидан ўзбек маҳалласида 20—30 йиллаб яшаб ёки ўзбек хонадонига келин бўлиб келиб, бир неча болали бўлса-да, бир оғиз ўзбекча гапирмаганлар бор. Бу билан уларни айблаб бўлмайди, чунки тил ўрганиш ихтиёрий. Тилимизми бировга ўргатиш учун олдин ўзимиз ардоқлашга ўрганайлик. Демак, давлат тили аввал ўзимизни тарбиялайди, ўзимизда масъулият, эҳтиёж, қизиқиш туғдиради, айримларнинг ножўя ҳаракатига, пала-партиш ном қўйишларга чек қўяди, тилни муҳофаза қилади, турли соҳалар бўйича адабиётлар, қўлланма ва дарсликлар кўпаяди. Тилни эҳтиёж яратган экан, демак, уни эҳтиёж ҳимоя қилади, эҳтиёж бўлмаса, тарғибот ва ташвиқот самарасиз бўлади. Тегишли идора ва раҳбарлар амалий ишга ўтиб, намуна кўрсатиб турмаса, қолганлар катта арава бошлаган йўлдан кетаверади. Шу жиҳатдан олганда, республика доирасида давлат тилининг иккита бўлиши кўпчилик ташкилотларда мавжуд ҳолатни ўзгартирмайди. Рус тили расмий равишда айтилса-айтилмаса, СССР миқёсида давлат тили бўлиб қолаверади, буни ҳамма билади, шунинг учун рус тилини ўқитишни яхшилаш ўз-ўзидан маълум. Тўғри, сўнгги пайтларда баъзи ижобий ўзгаришлар юз бера бошлади, жумладан, қатор ўрин-жойлар, нарса-ҳодисалар ўзбекча номларга эга бўлди, дейлик, Комсомол кўли, «Мовий гумбазлар» каби машҳур масканлар рисоладаги номини олди, айниқса, маданий марказлардан бирининг номи Муқимий шаклида ёзилиб, театр ходимларини саводсизлик таънасидан қутқариб қолди ва бошқалар, бироқ Хамза, Теша Захидов, Ғофур Ғулом каби янги нуқсонли ёзувлар кишини таажжубга солмоқда.

Миллий масалада буюк ўзгаришлар бўсағасида турибмиз. Ўйлаймизки, эски усул ва қарашлар барҳам топиб, янгича қарашлар ғолиб чиқади. Албатта, янгиликнинг қаршиликка учраши табиий, аммо етилган масалалар вақтида ечилгани маъқул, акс ҳолда ўзлигини таниш оша бораётган экан, бир ёқлама қарорлар келгусида яна зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин.

Аминжон Маматов, филология фанлари номзоди, доцент

“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 11-сон