Эрта тонг. Қушлар чуғури авжида. Аллақаерда трактор гуриллайди. Офтобнинг мунаввар нурлари ёйилмоқда. Тупроқ кўчадан тап-тап қадам ташлаб жажжигина қизалоқ мактабга бораётир. Беғубор хаёллар оғушида синф хонасига кирган қизчанинг шифтга тираб қўйилган устунларга, ярмигача нам тортиб, шўрлаб кетган деворга, қинғир-қийшиқ қалаштириб ташланган «кўргазмали қурол»ларга кўзи тушганда хаёлидан нималар кечганини тасвирлаш қийин. Балки у мурғак тасаввурида мавжуд аҳволни идрок қила олмас, лекин биз катталар гулдай фарзандларимизнинг оғилхонадан фарқи йўқ синф хоналарида «таълим» олаётганидан кўнглимиз озор чекиши шубҳасиз. Қишлоқ мактабларининг аксарияти мана шундай аҳволда. Хўш, бунга ким айбдор? Баҳоналар, важлар кўп.
Жумҳуриятимиздаги ҳар саккиз мактабдан бири ёки аниқроқ қилиб айтганда 1132 мактабга фарзандини етаклаб келган ота-онанинг хаёлидан юқоридагидай ўй кечиши табиий.
Ургутдаги Карл Маркс номли давлат хўжалигида «Сўфи» деган қишлоқ бор. У ерда аҳоли зич яшайди. Қишлоқ марказидаги Лутфий номли 78-ўрта мактаб 1960 йилда қурилган. Ҳозир 462 ўқувчи икки боеқичда ўқийди. 13 та синф хонаси мавжуд. Хоналар жуда тор. Усталик билан жойлаштирганда нари борса ўнта парта базўр сиғади. Ҳар бир синфда 25—30 тагача ўқувчи ўқийди. Улар қандай қилиб жойлашадию қандай қилиб бемалол фанларни ўзлаштиради — тасаввур қилиш ҳам қийин. Сўнгги пайтларда нуқул ёшларимиз билимсиз, оқибатсиз, ундоқ-мундоқ деяпмизу унинг асл сабаби билан қизиқмаяпмиз чоғи. Масалан, ўша мактабда эрталаб соат саккизда дарс бошланса, соат бирдан ўн минут ўтганда тугайди. Ҳали синф хоналарини болалар тарк этиб улгурмай, ўша синф хоналарида иккинчи ярим кунлик машғулотлари бошланади. Албатта хона чанг, ифлосланган бўлади бу пайтда. Беш минутда уни тозалашнинг имкони йўқ. Шундай қилиб машғулотлар шом туша бошлаганда тугайди. Бундай шароитда синфдан ташқари ўқиш, ўқувчиларнинг билим савиясини мустаҳкамлаш ёки тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида гап бўлиши мумкинми?
Мактабнинг на ҳовлиси бор, на боғи бор. Синф хоналари тор. Поли қирқ ямоқ. Кичкинагина парталарда ўқувчилар учтадан бўлиб ўтиришади.
Тўғри, 78-мактаб учун 624 ўринли янги бино қурилиши бошланганига роппа роса 4 йил бўлибди. Ўша янги бино қурилишини ҳам бориб кўрдик. 1986 йилда қўйилган биринчи пишиқ ғиштлар аллақачон қор, ёмғир, шамол таъсирида емирила бошлабди. «Туя гўшти еган» мактаб қурилиши учун давлат ажратган 923 минг сўм маблағдан 254 минг сўми сарфланди холос. 1990 йилда яна 100 минг сўмлик иш бажариш мўлжалланган эди. Бироқ режалигича қолди. Қурилиш учун масъул бўлган қишлоқ хўжалик бошқармаси қурилиш бўлими ходимлари нима хаёлда юришган экан?!.
Ургут ноҳиясида ана шундай аянчли аҳволдаги мактаблардан ўн иккита экан. «Партия XXIV съезди» номли жамоа хўжалигидаги 11-ўрта мактаб, «Уч қаҳрамон» давлат хўжалиги ҳудудидаги 14-ўрта мактаб ва бошқалар ҳикоя қилганимиздан ҳам ночор аҳволда. Самарқанд вилояти бўйича эса бундай мактаблар 110 тани ташкил қилади.
Жумҳуриятимизнинг келажаги бўлган ўқувчи ёшларнинг тақдирига бундай панжа орасидан қараш хиёнат эмасми? Оммавий саводсизликнинг илдиз отишига бир сабаб мана шу шарт-шароитнинг йўқлиги эмасми?
Кейинги йилларда болаларни оғир меҳнатдан холос қилдик. Энди улар фақат ўқишади, билим олишади, деб кўкракка урадиган бўлиб қолдик. Тўғри, эндиликда ўқувчилар пахта йиғим-теримига ёки бошқа бирон юмушга илгаригидек оммавий «сафарбар» этилмаётир. Мактаблар ёпилмайди. Аммо оила пудрати, ижара звено деган гаплар ҳам чиқдики, буниси аввалгисидан ошиб тушди. Қўполроқ қилиб айтганда, арқонни қишлоқ боласининг оёғидан олиб бўйнига солишди. Илгари ишга чиқишга табелчи ёки бригадир мажбур қилса, энди ўз ота-онаси қувади. Чунки оилага бир сўм келса ҳам ҳарна-да. Ахир қишлоқда ҳатто ейишга нон тополмаётган, унни қарзга олаётган оилалар ҳам йўқ эмас, Шундай шароитда деҳқон ўз боласининг ўқишидан манфаатдорми? Йўқ! Аввал унинг қорнини тўйғазишни, эгнини бут қилишни ўйлайди.
Биз, ҳамма қишлоқ мактабларида ҳам аҳвол шундай, дейиш фикридан йироқмиз. Бироқ кўпчилик жойларда, билим ўчоқларида мана шундай. Руҳий муҳит ўқитувчиларга ҳам таъсир этмай қолмайди. Қолаверса, болаларнинг чаласаводлигига уларнинг ўз касбларига меҳр-муҳаббатсизлиги, лоқайдлиги сабаб бўлаётир. Хўш, чаламулла ўқитувчилар шундай шароитда пайдо бўлмайдими? Бир мисол, ўтган йили Самарқанд Давлат дорилфунунида тарих куллиёти биринчи курс талабалари билан савол-жавоб ўтказилган эди. Маълум бўлишича, етмиш фоиз талаба ўқишга «адашиб» кириб қолганлигини тан олишган. Ўз хоҳиши билан ўқимаётганини, бошқа ўқув юртларига ўтказишларини сўрашган. Мана, чаласавод ёки бу касбини севмайдиганлар қаердан пайдо бўлади! Бундай «адашган»лар ҳар бир олий ўқув юртида бор. Чунки улар отасининг пули, тоғасининг ғайрати билан бир амаллаб ўқиган, деган номни олишса бўлгани, бир куни келиб нонини топиб ер, деган ақидага кўниб яшаймиз.
Юқоридаги мулоҳазаларга баъзилар эътироз билдиришлари мумкин. Қишлоқ ўқитувчисининг қандай яшаётганлиги, шароити ҳақида лом-лим дейилмабди-ку, ёзгандан кейин тўлиқ ёзиш керак-да, дейишлари шубҳасиз. Сир эмаски, ҳар бир ўқитувчининг хўжалигида уч-тўрттадан мол бор. У меҳнат таътилига чиқиши билан молига хашак жамғаради, томорқадан чиққан беш-ўн боғ емиш ҳеч вақо бўлмайди. Хўжалик раҳбарига ялиниб бироз емиш олса-ку яхши, ололмаса-чи.
Ҳамма соҳаларда меҳнат таътили 24 иш куни ҳисобида. Ўқитувчиларники эса 48 кун. Чунки, у юқорида айтилган кўп ишларни қилиши, дам олиши керак. Ана шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб уларга 48 кунлик имконият яратиб берилган. Бунинг ўрнига улар нима қиладилар. Уй қурадилар, ғишт қуядилар, мол боқадилар. Янги ўқув йилига эса янги куч-ғайрат билан эмас, чарчаб-ҳориб қадам қўядилар. Бундай ҳолатда меҳнатга, касбга иштиёқ қаердан пайдо бўлсин? Ўқувчининг қандай саводи чиқсин? Номига дарс ўтишади. Тўгараклар қоғозда, ўзлаштириш қоғозда, адабий кечалар, баҳслар, қоғозда. Ўқув йилининг бошида синф раҳбарининг тарбиявий ишлар режасига кўз ташласангиз, қойил қоласиз. Чунки, ҳамма нарса ўз аксини топган, аммо амалда, ўқув йилининг охирида-чи? 80 фоизи режалар режалигича қолиб кетади.
Ана мактаблардаги аҳвол қандай. Унинг устига ўқиш-ўқитиш ишлари яхши изга солинмаган. Мактабларда Ўрта Осиё тарихини ўқитиш, ўзбек тили ва адабиётидан бериладиган дарс соатларини кўпайтириш ҳали ҳам талабга жавоб бермайди.
Хуллас, мактаб ночор бўлса, муаллим ноқобиллигича қолаверса, келажак йўллари қачон ойдинлашади. Фарзандларимиз қачон қониқиб билим оладилар? Жаҳонга маълум ва машҳур, етук олиму алломалар уларнинг сафидан ҳам етишиб чиқиши керакку, ахир!
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 10-сон