Чойхона ва чойхона хизмати — қадимги миллий анъаналаримиздан.
Инқилобдан олдин Ўрта Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда меҳмонхоналарнинг камлиги, радио, телевизор кабиларнинг омма орасида кенг тарқалмаганлиги ва ҳатто йўқлиги шароитида меҳнаткашлар ишдан бўш вақтларини кўпинча чойхоналарда ўтказганлар. Шаҳарлардаги чойхоналарда қишлоқлардан, узоқ юртлардан келган меҳмонларни кутиб олиш учун махсус ҳужралар бўлиб, меҳмонхона вазифасини ҳам бажарган. Дастлаб келган одам шаҳар ҳаёти, халқнинг урф-одати, маданияти ва ҳоказолар билан ҳам худди шу ерда танишган.
Чойхоналарда ширинсуханлик ва меҳмондўстлик қадимий анъаналардандир. Уларда ҳамиша миллий таомлар — нон-патирлар, ширинликлар муҳайё бўлган. Истаган кишилар шу ерда паловхўрлик ҳам қилишган.
Қадимги чойхоналарда дутор, ғижжак, най каби миллий чолғу асбоблари мавжуд бўлиб, халқ қўшиқлари, айниқса, классик ашула-куйларни ижро этувчи машшоқлар, хонандалар, кишиларга маънавий, эстетик завқ бағишлаганлар. Тўр қовоқларда каклик ва беданалар тинимсиз сайраб турган. Шу маънода чойхона маданий дам олиш, ҳордиқ чиқариш маскани ҳам ҳисобланган. Чунки инқилобгача шаҳарларда ҳам, қишлоқларда ҳам клублар бўлмаган.
Чойхона Ўрта Осиё халқлари, айниқса, ўзбеклар ва тожиклар орасида жуда кенг расм бўлган. Чойхоначилар чойхонага қадам ранжида қилган ҳар бир меҳмон олдиға ўша заҳоти патнисда иссиқ нон, қанд, майиз ва чой келтириб қўйганлар. Бу яхши одат қатъий тартибга айланган. Аксарият чойхоналарда нуроний кексалар учун юқоридан махсус жой ажратилган; у жой ғоятда тоза ва тартибли сақланган. Кексалар учун ажратилган жойларга ҳеч қачон ёшлар ўтиришмаган.
Маҳалла чойхоналари ўша жойдаги ҳаётнинг ҳамма соҳасини камраб олган, маҳаллада кимда ким бирор ножўя иш қилиб қўйса, бунинг гапи чойхонада қайнаган. Ножўя иш қилиб қўйган кишининг юзи шувут бўлиб чойхонага чиқаолмай — одамларга қўшила олмай қолган. Чунки ҳар кимнинг барча яхши ва ёмон хислати чойхона орқали тарқалганлиги учун жамоатчиликдан гап эшитишдан қаттиқроқ жазо бўлмаган. Ножўя иш қилган кишининг қариндош-уруғлари, яқин дўстлари ҳам ноқулай аҳволда қолганлар.
Чойхона оммавий-сиёсий ва маданий ишларни олиб бориш учун қулай бўлганлиги боисидан у Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида тарғибот-ташвиқот ҳамда ташкилий-тарбиявий ишлар марказига айланди. 20-йилларда Туркистон коммунистик партияси ташкилоти идеологик ишларни олиб боришда маҳаллий аҳолига яқин, тушунарли бўлган халқ анъаналари ва урф-одатларидан усталик билан фойдаланди. Туркистон Сиёсий, маданий-оқартув бошқармасининг 1921 йил 28 июнда тасдиқлаган «Агитаторларга кўрсатма»да аҳоли амал қилаётган маҳаллий турмуш шароитини, урф-одатини, диди, ахлоқи, эътиқоди, дам олиши, машғулоти ва ҳоказоларга диққат билан эътибор бериш кераклиги бежиз айтилмаган эди. Партиянинг бу кўрсатмаси Ўзбекистонда идеология ишини кучайтиришда, уни тарғиб қилишнинг қулай воситаси бўлган чойхоналарнинг ролини оширишда муҳим роль ўйнади.
Чойхоналарда Қизил бурчаклар ташкил этилди, улар фан, маданият тариққиётини кўрсатувчи плакатлар, адабиётлар, газета ва журналлар билан бойитилди. Қизил алвонларга турли чақириқлар ёзилиб, чойхоналарга илиб қўйилди. Шу тариқа Қизил чойхоналар вужудга келди. Масалан, Тошкентдаги Қизил чойхоналардан биридаги манзара қуйидагича эди: Қизил чойхона вилоят ижроия комитети яқинидаги кенг ва ёруғ бинога жойлашганди. У ерда озодаликка риоя қилинарди, деворларга ўзбек, рус, қирғиз, татар тилларидаги плакатлар илиб қўйиларди, газеталар мунтазам келтириб туриларди ва саводсизлар шароити ҳисобга олиниб овоз чиқариб ўқиларди. Чойхўрлар бу ерда шахмат-шашка ўйнаб, қўшиқ-куй тинглардилар, аския эшитардилар.
Хуллас, Қизил чойхоналар Ўзбекистоннинг барча область ва районларида ташкил этилган. Агар 1923 йилда Туркистон республикасида 137 та Қизил чойхона мавжуд бўлган бўлса, 1925 йилда уларнинг сони 227 тага етган. Чойхона ўша вақтларда клуб вазифасини ҳам бажарган.
70-йиллардан бошлаб республика областларида намунали чойхоналар, масалан, Тошкентдаги «Салом», «Самарқанд», «Мовий гумбаз», область, район марказларидаги «Оталар чойхонаси» кабилар ишга тушди. Хусусан, Самарқанд, Наманган, Қўқондаги бир неча чойхона бинолари атрофмуҳит билан уйғунлаштириб қурилди ва яхши жиҳозлантирилди. Бундай чойхоналарда шаҳар аҳолисининг ўзига хос нозик дидини,табиатини, меҳмондўстлигини, хушмуомалалигини кўриш мумкин.
Шоир Ҳ. Саъдулла «Наманган ҳақиқати» газетасининг 1986 йил 24 май сонида эълон қилган «Чойхонада дийдорлашайлик» мақоласида фойдали таклифларни илгари суради. Мақолада таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг биринчи халқ шоирларидан бўлган Муҳаммадшариф Сўфизода, шоир Рафиқ Мўмин, атоқли санъаткор, СССР халқ артисти Раззоқ Ҳамроев ва бошқа маданият намояндалари бир вақтлар Наманган шаҳридаги «Шарқ» чойхбнасидан минбар сифатида фойдаланганлар. Кейинчалик Наманганнинг гавжум чойхоналарида қўшиқ айтиб, чойхўрлар дилига завқ-шавқ бахш этувчи санъаткорлар «Шарқ» анъаналарини давом эттирганлар. Шоир ва ҳофиз Шўхий, Ўзбекистон ССР халқ артисти Муҳритдин Мансуровлар чойхоналарга файз киритишган. Хуллас, чойхона бир вақтлар энг эрта очилиб, энг кеч ёпиладиган, баъзан эса кун тунга, тун кунга уланиб кетадиган даргоҳ эди.
Аммо ҳозир-чи? Чойхоналарга муносабат ҳамма жойда ҳам бир хил эмас. Кўпгина чойхоналарда эса, миллий анъаналар яхши сақланмаган. Айрим керакли жойларда чойхоналарнинг йўқлиги ёки камлиги, уларнинг зарур пайтларда ишламаслиги ундан ҳам ёмон. Масалан, Тошкентга эрталаб четдан ҳориб келган меҳмон чойхона излаб то шаҳар марказидаги «Мовий гумбаз» чойхонасигача келиши керак. Чунки темир йўл ва автобус вокзалларида дурустроқ чойхона йўқ.
Бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. 1985 йил 20 сентябрь эди. Тошкентдан Наманганга қайтаётгандим. Ўшанда Жанубий темир йўл вокзали ишга тушган пайтлар эди. Қашқадарё областининг Яккабоғ районидаги «Шарқ юлдузи» колхозидан шаҳарга келган пенсионер Пирим ота Рустамов мендан чойхонани кўрсатиб қўйишимни илтимос қилиб қолди. Афсуски, тўрт-беш километр атрофида бирорта чойхона топишнинг иложи бўлмади.
Умумий овқатланиш бошқармаларининг савдо ташкилотларидаги «ишбилармон» баъзи корчалонларининг, баъзи савдо мутасаддиларининг ташаббуси билан чойхоналар план билан ишлайдиган корхоналарга, даромад манбаларига айлантирилди. Кўплаб ошхоналар ресторанларга, ошхоналар ҳузуридаги чойхоналар эса, ўз-ўзига хизмат қилишдек бемаъни тартибга ўтдики, бу нарса чойхонанинг чинакам моҳиятини йўққа чиқаради. Бу ўз-ўзидан чойхоналар аҳамиятининг сусайишига олиб келади, унинг файзини, қадрини йўқотади. Эндиликда аҳвол шунгача бориб етдики, чойхоналарнинг жуда кўпчилигида мис самоварлар, чинни чойнаклар, пиёлалар ўрнига бак, тунука чойнак, стаканлар пайдо бўлди. Тоза гиламлар, кўрпачалар, яхши ёғоч чорпоялар ўрнига бир аҳволга тушган кирчил палослар, стол ва стуллар пайдо бўлди. Чой навларининг пастлиги туфайли дамланган чойларнинг бемазалиги, хуштаъм эмаслиги, бўйнини харидек қилиб ўдағайловчи баъзи чойхоначилар тўғрисида гапирмасак ҳам бўлади.
Яна бир нарса хусусида эсламасликнинг иложи йўқ. Кўпгина янги қурилган чойхоналарда миллий архитектурадан фойдаланилган бўлса-да, айрим нозик томонлар, жумладан, деразалар ва очиқ айвонлар бўлиши ҳисобга олинмаган. Мисол учун Тошкентдаги ойнаванд қилиб қурилган «Мовий гумбаз», Жанубий темир йўл вокзалидаги ҳар томони ойна билан ўралган бундай чойхоналар қиш мавсуми учун бироз маъқул бўлса-да, асосан эрта баҳордан то кеч кузгача давом этадиган иссиқ кунлар учун ҳеч мос эмас.
Яна бир масала. Шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда яшовчи минг-минг кишилар ўз миллий урф-одатларини юритиш имкониятига эга эмаслар. Бордию бир амаллаб бирор тадбир ўтказадиган бўлсалар баъзи қўшнилар томонидан ҳар хил таъналарга дуч келадилар. Маҳаллий шароитни — миллий хусусият ва географик-психологик иқлимни ҳисобга олмай қурилган бундай уйларда кишиларнинг ҳамфикрлигини, яқинлигини таъминлаш имконияти йўқ. Агар ҳар маҳаллада битта одми чойхона қурилганда айни муддао бўлур эди.
Кишиларнинг дидига мос тушадиган, дам олиб ҳордиқ чиқариш учун тегишли шароитга эга бўлган чойхоналаримиз ҳам йўқ эмас. Масалан, Чуст шаҳрига борган киши маданият ва истироҳат боғига киради-да, у ердаги шинам ва озода «Камар сада» чойхонасида меҳмон бўлади. Чойхонага кириб кўрпачага ўтиришингиз биланоқ чойхоначи сизни илиқ кутиб олиб, айтмасингизданоқ дарров патнисда оби нон, қора майиз, қанд ва дид билан дамланган кўк чойни келтириб: «Хуш келибсиз, меҳмон», дейди. Борди-ю улфатлар дам олиб, паловхўрлик қилишни истасалар, улар учун барча зарур нарсалар ҳам муҳайё.
Саҳарлаб ёғ тушса ялагудек қилиб супириб-сидирилган, саришта, чойи хуштаъм, жойи баҳаво, атрофи гулзорга айланиб кетган чойхонага ким ҳам интилмайди дейсиз. Қолаверса, чойхоначилар танти ва саҳоватли бўлишса, шаънига доғ тушмаслик учун чойнинг энг тоза навларини топиб келса, қўлини кўксига қўйиб жой кўрсатса, покиза чойнакка чой дамлаб, озода пиёла билан олдингизга қўйса, унга не етсин. Бугунги кун тажрибалари шуни кўрсатадики, халқнинг чинакам, ҳақиқий чойхоналарга бўлган эҳтиёжи ўсиб бормоқда.
Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, миллий анъаналарни, ижтимоий ҳаётнинг тараққиёт қонунларини яхши билмай туриб, субъектив қарашлар билан халқимизнинг чойхона билан боғлиқ эзгу урф-одатларини ривожлантириш қийин. Тарбиявий аҳамияти бўлган чойхоналарга катта эътибор бериш зарурлигини даврнинг ўзи талаб этмоқда. Ҳатто чойхоначилар тайёрлайдиган махсус курслар очилса ҳам яхши бўларди. Чойхоналарнинг асл кўринишини ва моҳиятини тиклаб, улар ҳузурида моҳир нонвойларнинг турли хилдаги оби нонлар ёпиб туришини, ҳар хил шарқона ширинликлар билан савдо қилинишини уюштириш ҳеч қандай қийинчиликсиз амалга оширса бўладиган ишдир.
Ҳозирги ёшлар тарбиясидаги айрим нуқсонларнинг мавжудлиги ҳам уларнинг чойхоналарга кирмай қўйганликлари, кексаларнинг фойдали ва ибратли панд-насиҳатлари ни эшитишдан маҳрум бўлганликларидандир. Чойхоналарга фақат овқатланиш учунгина кирганликлари туфайли ҳозирги баъзи ёшларда кўп ҳолларда катталарга нисбатан андишасизлик, ҳурматсизлик ҳоллари учрайди.
Умуман, ҳамма вақт кишилар билан гавжум бўладиган чойхона чойхонадек бўлиши, халқнинг энг севган оромгоҳига айланиши лозим. Унда чинакам шарқона чойхоналарга хос бўлган миллий анъаналар ўз ифодасини топиши лозим.
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 4-сон