Ёшларимиз, ўсмирларимиз тили нақадар ночорлиги хусусида гапирмаса ҳам бўлади. Ўрта мактабни тугатаётган йигит-қиз ҳайвон, довдарахт, ўт-ўлан, қушлардан нари борса 15—18 тасининг номини билади. Ваҳоланки, мутахассислар юзлаб ҳайвонлар номини, дарахтлар турини, сабзалар атамасини тутилмасдан қалаштириб ташлайдилар. Бизда чорвачилик терминлари, ранг атамалари ҳақида махсус илмий ишлар яратилган. Лекин улар тор доира кишилари орасидагина қолиб кетган. Илмий тадқиқот, аслида, халққа, кўпчиликка наф келтириши жоиз.
Табиатда мавжудотлар кўп, ўсимликлар мўл. Лекин ҳозирги кунда йўқ бўлиб кетган ҳайвон, ўсимлик турлари кўп. Қирилиб кетган ҳайвону ўсимликларнинг номи халқ тилида, дилида сақланган бўлса, уни қайта жонлантириш мумкин. Номки хотирадан ўчдими, тамом, мавжуд нарса изсиз йўқолди деяверинг.
Алишер Навоийнинг «Лисонут-тайр» асари бадиий бойлик сифатида юксак қадрланади. Айни пайтда бу асарни қушшунослар қомуси, ҳайвонот олами изчил тасвирланган манба дейиш мумкин. Қуйидаги байтга диққатингизни тортмоқчиман:
Сафлар ичра пил ила зуррофа ҳам,
Руҳ била даббобаву кашшофа ҳам.
Гап сафга тизилган шахмат доналари хусусида кетяпти. Хўш, саф тортган — шоир санаётган доналар — ҳайвону қушларни ҳозир биз биламизми? Фил ҳақида гап йўқ. Уни ҳамма билади. Зуррофа билан даббобани луғат кўриб жирафа ва айиқ эканлигини айтиб берамиз. Лекин «руҳ» нима, «кашшофа»чи? «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «кашшофа» умуман учрамайди, «руҳ» шахмат донаси — тўра эканлиги айтилади. «Навоий асарлари изоҳли луғати»да «кашшофа» ҳайвоннинг номи эканлиги, «руҳ» шахмат доналаридан бирилиги таъкидланган. «Кашшофа» қандай ҳайвон? Эҳтимол у ҳозирги тилимизда бошқача ном билан аталар? Балки умуман йўқ бўлиб кетгандир. Ҳар ҳолда биз уни ўрганишимиз, аниқлашимиз даркор. Байтда келтирилган «руҳ» нима? Шахмат тахтасида руҳ ҳамон ўз ўрни, мавқеи, йўриғига эга, лекин «руҳ> моддий оламдаги қандай нарсанинг аталмаси? Мантиқан қараганда, фил, зуррофа, айиқ, асп қаторида ҳайвон туриши керак. Ундай десак, руҳ деб аталган ҳайвон ёҳуд қуш қандай бўлган?
Алишер Навоийнинг «Хазойинул-маоний» достонидаги мана бу байт ҳам диққатга сазовор:
Ким кучук бирла хўтукка неча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами.
Бу байтни ҳамма билади, унда ифодаланган дидактик маънони шарҳлаб беради. Лекин кўпчилик кучук улғайгач ит бўлишини, ҳўтук катта бўлгач эшак бўлишини ўйлаб ўтирмайди. Айниқса ҳозирги пайтда «вовуллайдиган»ларнинг жамиси ит, тошкентликлар тилида кучук. Шундай сакбонлар борки, итларнинг турларини аниқ фарқлайдилар. Уларнинг қанчадан-қанча номларини тутилмасдан айтадилар. Бизда итлар, қушлар, мушуклар кўриклари бот-бот ўтказилади. Бундай кўрикларда янги ном, атамалар қулоққа киради — тил бойлиги ортади. Бундай кўрикларни ҳозирча кўпроқ рус ўртоқлар уюштирадилар; 6—7 ёшли болакайнинг қушлар, итлар номларини бийрон-бийрон санаши кишини мароқлантиради. Ўзбек болалари ит, кучук, теват, кўппак, лайча сингариларни фарқламайдилар. Даҳшатлиси шундаки, шаҳар болалари отни эшакдан, қўйни эчкидан фарқламайдилар, туяни билмайдилар. Улар булбул, қарқиноқ, майна, каклик, бойўғли, попишак, читтакни кўрмай катта бўляптилар. Болалару ўсмирларни қўя турайлик: кап-катта зиёли одамлар подачи билан чўпон орасидаги фарқни билмайдилар, йилқичи қаби касб борлигини эшитмаганлар.
Тилимизнинг бойлигига шубҳа йўқ. Лекин бой тилимизда ички боғлиқлик, қонуниятлар бор: биронта сўз, ибора йўқки, у келиб чиқиши, маъноси жиҳатидан бошқа сўз билан боғланмаган бўлсин. Масалан, одам ҳақида гап борса, эркак, аёл, бола деб ажралиш бир туркумни ташкил қилишини англаймиз. Лекин ҳайвону қушларнинг нари (эркаги), урғочиси (аёли) ва боласини фарқлаб ўтирмаймиз. Тилимизда «отнинг (эшакнинг, итнинг, чўчқанинг қўйнинг) боласи» деган ибора кенг қўлланилади, «она қўй, она кийик, она буғи» сингари бирикма ҳам учрайди. Аслида нар, урғочи, бола ҳайвоннинг мана шу тартибдаги атамасини келтирамиз. Бу ерда хатолик бўлиши мумкин. Агар ҳурматли журналхонларимиз бу рўйхатни давом эттирсалар, хатоимизни тузатсалар, айни чоқда шунга қўшимча тарзда ўз қишлоқлари ва ноҳияларида ўсадиган, экиладиган ўсимликлар, гуллар номларини тартиб билан ёзиб юборсалар, тилимизни бойишига ҳисса қўшган бўлур эдилар.
Ҳайвон, қушнинг номи | Нари (эркаги) | Модаси (урғочиси) | Боласи |
туя | буғро | моя | бўталоқ |
от | айғир | бия | той, қулун |
эшак | ханги | моча | ҳўтик |
сигир | буқа, ҳўкиз | говмиш | бузоқ |
қўй | қўчқор | совлиқ | қўзи |
эчки | така, серка | эчки | улоқ |
чўчқа | қобон | мегажин | жўрпа |
ит | кўппак, теват | қанжиқ | кучук |
кийик | оҳу | кийик | қуралай |
товуқ | хўроз | товуқ . | жўжа |
бедана | сайроқи | макиён | жўжа |
“Ёш куч” журнали, 1990 йил 1-сон