Тарихга инқилоб номи остида киритилган, 1920 йил эрта кузида Бухорода юз берган воқеалар ҳақида қарийб етмиш йил давомида деярли бир хил фикр юритилди: «Бухорода 1920 йилда бўлиб ўтган халқ инқилоби оқибатида 2 сентябрь куни Бухоро амирлиги ағдарилди. Бухоро халқ Шўролар ҳукумати тузилди. Бухоро инқилоби моҳияти билан демократик характерга эга бўлиб, феодал тузумга қарши қаратилганлиги сабабли халқ оммасининг кенг қатламлари қатнашган инқилоб эди» (ЎзСЭ, II т., 521-бет). Бу сўзлар қай даражада ҳақиқат?
Қомуснинг ўша саҳифасида: «амир ҳокимиятини ағдариб ташлашга Бухоро меҳнаткашларининг қудрати етмас эди. Бухоро инқилобини амалга оширишда Совет Россияси ўз ихтиёрида бўлган қуролли кучлар билан ёрдамга келди», — дейилиб, Туркистон фронтининг қўмондони М. В. Фрунзе-Михайлов, комиссари В. В. Куйбишев ва турли даврларда ўлкага келган Ш. З. Элиава, А. А. Иоффе, А. X. Петерс, Л. М. Каганович, Я. К. Рудзутак, Г. К. Оржоникидзе кабилар (тарихчиларнинг мақсадларига қараб айримлари керакли ўринларда тушириб қолдирилади ёки бошқа номлар қўйилади) Бухоро инқилобининг фидойилари сифатида талқин қилинди.
Бош Қўмондоннинг ғалаба ҳақидаги телеграммасини ўқиётиб бунга амин бўлиш мумкин: «Жумҳурият ҳарбий инқилобий кенгашининг бош қўмондонига, В. И. Ленинга. Бугун Эски Бухоро қалъаси ҳужум билан қўлга олинди… Регистон устида ЖАҲОН ИНҚИЛОБИНИНГ ҚИЗИЛ БАЙРОҒИ ғолиб ҳилпирамоқда. Бутун Марказий ва Шимолий Бухорода инқилобий тузум ўрнатилди» (М. В. Фрунзе. Избранние сочинения, т. 1, с. 344). Бухоро инқилоби деганда беҳуда тўкилган ҳисобсиз қонларни эмас, «ғолиб ҳилпираётган қизил байроқни» тасаввур қилиш шу ондан расм бўлди. Н. Бердяев «инқилоб бу машъум қисматдир», деб ёзганида унинг «машъум», яъни истаб-истамай қон тўкилиши мумкинлигини, «қисмат» деб атаганида, уни уюштириб ёки ясаб бўлмаслигини уқтирмоқчи бўлган. Биз эса бир неча ўн йиллар давомида унга «буюк сифат ўзгариши» деб қарадик. Ҳар ҳолда «сифат ўзгариши»ни уюштириш тақдир тақозосига нисбатан мумкин ва осон-ку: «Бошдан оёқ вайрона, жаҳолат ўчоғи, зулм ва истибдод маскани, қуллар ва тулларнинг қоронғу ўлкаси» (А. Шукуров. «Бухоро республикасининг РСФСР билан ҳамкорлиги». Т., «Фан», 1972, 35-бет) да инқилоб «етарлича ғайрат қилинса, бугундан бошлаб икки ҳафталик муддатда ҳал бўлиши мумкин» (М. В. Фрунзенинг С. С. Каменевга телеграф орқали хабаридан. «Родина». 1989, 11-сон) эканлигига ўзимизни ишонтирдик. Ишонмай ҳам бўладими?! «Амирнинг ҳарбий таълим кўрмаган 13 минг сарбозига қарши замонавий қурол ва жанговар аслаҳали 70 мингдан иборат жангчилар» («Родина», 1989, 11-сон), яъни «40 замбарак, 5 бронепоезд, 11 самолёт сафарбар қилинди» (ЎзСЭ, II т., 528-бет). Бундай ҳарбий қудрат билан икки ҳафта эмас, балки ундан озроқ муддатда нафақат амирликни, балки минг йиллар давомида халқнинг миллий ғурури саналиб келган Бухоро осори атиқаларининг кулини кўкка совуриш мумкин. Манбалар ҳам шуни тасдиқлайди: «1 сентябрда Бухорога ҳужум бошланди ва 17 соат ичида шаҳар қўлга киритилди» (ЎзСЭ, II т., 528-бет).
Бу яксон қилиш операциясида қатнашишни ўзича юксак фахр деб билган рус ҳарбийларидан X. Омелюстий ёзади: «Уруш ҳаракатлари 31 августда соат 4 да бошланди. Унгача бутун кучлар ҳужум уюштириладиган жойга махфий равишда тўпланди. Ҳужум қўққисдан бошланди. Олдинда амир пойтахтининг деворлари… Бу деворлар олти аср бурун қурилган, баландлиги эса беш саржинга яқин… Дала тўпининг ўқи деворнинг бир қисмини кўчириб юборганига қарамай, деворларни олиш қийин бўлди. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам, уларни олиш керак эди. Энг ботир ўртоқларнинг ҳаётини қурбон қилиб бўлса ҳам, шаҳар деворининг бир жойидан кичикроқ туйнук очишга эришдик. Яқин келтириб қўйилган тўплар Қарши дарвозасининг арчадан ясалган табақаларини тўпга тутди… Арк олди ва атрофи ловуллаб ёнмоқда эди» (Г. Омелюстий. Под стенами Бухары. В кн. «Сборник статей десятилетию Бухарской и Хорезмской революции», Т., 1930) Бу воқеаларга шоҳид бўлган кишиларнинг, масалан, О. Оқчуриннинг ёзма хотираларини, ҳарбий ҳисоботномаларни ўқир экансиз, «Инқилобми бу ё рус ҳарбийлари уюштирган қуролли тўнтаришми?» — деган ҳақли савол туғилади. Бироқ бундай савол қўйиш «буржуача мафкура» саналган. Рус тарихчиси О. Гловацкий бу воқеани «буржуа-демократик инқилоб» дегани учун тавқи лаънатга учраган. Л. Соловейчик «социал инқилоб эмас, жуда ном бериш зарур бўлса, аграр инқилоб» деб ёзгани учун етмиш йилдирки совет тарихчилари томонидан танқид қилинади.
Табиийки, бу даврда маҳаллий вакилнинг фикри эътиборга олинмас, агар инобатга олинса, Тошкент шаҳар думасида мусулмон депутати Ибн Ямин Енбоев томонидан айтилган сўзларии ўз вақтида тушунардик: «Ҳозирги ҳокимият тан олинган демократиялиги даргумон. Ушбу ҳокимият мусулмонлар номидан гапириш эмас — қип-қизил ёлғон… Мазкур ҳокимиятнинг асл кучи тўп ва пулемётлардир» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1990 йил, 27 июль). Бунга шоҳид келтиришнинг ҳожати йўқ, чунки Турк МКнинг М. В. Фрунзега ёзган табрик телеграммасида айтилганидек, «қурол ва милтиқ садолари остида янги инқилобий ҳукумат — Бухоро инқилобий қўмитаси тузилди» (История БНСР, 1920—1924 гг. Сборник документов. Т., «Фан», 1976, с. 46). Унинг қўмондони эса, маҳаллий инқилобчиларни илҳомлантирарди: «Ғалаба учун барча маҳаллий имкониятларни ишга солингиз!», «Бухоро ва Россия меҳнаткашларининг манфаати учун, олға!» (М. В. Фрунзе. Изб. сочинения, т. I. с. 342—343).
1917 йилнинг октябрида Қишки Саройга ҳужум бошланишидан аввал тарихий ёдгорликка заҳа етказмаслик ҳақида В. И. Лениннинг махсус кўрсатмаси бўлган. Бухородаги бу тўнтаришда эса, негадир ўша кўрсатмага амал қилинмайди. Бош қўмондон нуқул буйруқ бериш билан чекланган. «Бронепоездлар ҳимоясида Эски Бухорога шиддатли ҳужум қилинсин!». «Сўнгги резервимни ёрдамга ташлаяпман… Ҳал қилувчи ҳужум билан Эски Бухоро, Ситораи Моҳи Хосса ва душманнинг бошқа таянчлари сари, олға!» (Ўша асар, 343—344-бетлар).
Бухородаги бу ҳарбий тўнтаришни инқилоб деб тавсиф этилганига қанчалик осон кўнмайлик, «амирлар, беклар ва бойларнинг зулмларидан озод қилмоқ ва бизларнинг роҳатимиз ва тинчлигимиз учун харажат ва тараддуд» (А. Бадрий. Ёш бухороликлар кимлар? М., 1919 йил, 3-бет) қилган Абдурауф Фитратни инқилобчи деб атасак, албатта, шубҳа билан қаралади. Сабаби, ҳар нашрида «таҳрир» этилавериб, кўплаб рост сўзлар қатори унинг номи ҳам 30-йиллардаёқ тарих китобларидан ўчирилган. Ҳатто бугун ишончли манба сифатида суянаётганимиз Файзулла Хўжаевнинг «Бухоро инқилоби ва Ўрта Осиёда миллий чегараланишга доир» китоби ҳам «тузатилган», «тўлдирилган». Садриддин Айнийнинг 1926 йили Москвада чоп этилган «Бухоро инқилоби тарихидан материаллар» шаҳодатномаси ҳам муаллиф томонидан бир неча бор «таҳрир» этилгани ҳёч кимга сир эмас. «Ўн етти соат ичида» содир этилган «буюк сифат ўзгариши»нинг тарихий илдизларини излаш баробарида эътиборимизни Бухородаги миллий-озодлик ҳаракатлари, хусусан, амир Бухоросидаги мавжуд тартиботдан қониқмай, уни ўзгартиришга бел боғлаган жадидчилик ҳаракати тортади. Чунки «ҳар қандай инқилоб халқнинг асрий орзу-истакларини рўёбга чиқариш баҳонасида содир этилади» (Н. Бухарин).
Қатағон ва турғунлик йилларида ёзилган тарих китоблари жадидларни қанчалик «реакцион» қилиб кўрсатмасин, улар XIX асрнинг ўрталаридан ўлкада халқ орзу-ниятининг ифодачилари сифатида майдонга чиққан эди. Унинг нафақат маданий-маърифий оқим, балки йирик сиёсий ҳаракат эканини профессор Б. Қосимов яхши асослаган эса-да («Ёшлик, 1990, 7-сон), биз учун бу ўринда жадидчиликнинг Бухородаги кўринишлари ва Фитрат фаолияти билан боғлиқ нуқталари муҳимдир. Адабиётшунос Л. Климовичнинг ёзишича, Бухоро жадидлари Россия ва Туркистон жадидларидан фарқли равишда Бухоро мустақиллиги учун эртароқ ҳаракат бошлаган эдилар. Фитрат талабалик йиллариданоқ бу ҳаракатга фаол қатнашган, кейинчалик эса унинг раҳбарларидан бирига айланганини эслаш баробарида, Ф. Хўжаевнинг юқорида номи келтирилган китобидан ўқиймиз: «Мавжуд тузумни қаттиқ танқид қилган, унинг барча камчиликларини аёвсиз очиб ташлаган, амирликнинг чирик системасини фош қилиб берган «Сайёҳи ҳинди», «Сайха», «Оила» ва бир қанча асарларини («Бегижон» пьесасини) кўрсатиб ўтмоқ керак… бу шеърларда («Сайха» тўплами назарда тутиляпти — Ҳ. Б.) Бухоро мустақиллиги ғояси биринчи марта жуда ёрқин шаклда ифодалаб берилди» (Ф. Хўжаев. Танланган асарлар. Уч томлик. 1-том, Т., 1976, 98—99-бетлар). Илк ғазалларида кўринган истиқлол ғояси шоирни «истиқлол ва тараққий» учун курашаётган ўлкаларга бошлади.
Маълумки, Фитрат аср бошларида Туркияга ўқишга бориш учун тайёргарлик кўради. С. Айний таъкидича, «Абдурауф Эрон орқали Истамбулга келди». 1905—11 йиллар Эрон инқилобчиларининг кураш йиллари бўлганини барча марксистлар тан олишади. 1907 йили Эрон шоҳи Музаффариддин инқилобчилар билан муроса қилишга мажбур бўлиб, Конституциянинг Асосий Қонунига ўзгартишлар киритганидан Фитрат Бухородалиги пайтидаёқ «Вақт» рўзномаси орқали хабар топганди. Унинг Эрондан кейин Истамбулда бўлиши Туркиядаги 1908 йилги ёш турклар инқилобидан кейинги даврга тўғри келади. Шубҳасиз, Фитрат Истамбулдаги инқилобчи ташкилот «Иттиҳод ва тараққий»нинг фаолиятига аралашган. Шундай экан, Бухородаги сиёсий ҳаракатда Фитрат Эрон ва турк инқилобларининг самараларига таянган. Бундан ташқари, Россия туркпарастларининг отаси Исмоил Ғаспринский таълимоти билан яхши таниш бўлган Фитрат томонидан унинг «Дорул-роҳат мусулмонлари» асарини туркчадан форсийга ўгириши ҳамда бу асарнинг Теҳрон ва Бокуда чоп этилиши ҳам 10-йилларнинг бошига тўғри келади. Англашиладики, Фитрат истиқлол, мусовот (тенглик) ва ҳуррият ғояларини марксистик дарсликлардан эмас, балки мусулмон Шарқидаги миллий-озодлик ҳаракатларидан ва унинг бош хабарчиси бўлган «Таржумон» рўзномасидан ўқиб билганди. «Таржумон»нинг 1909 йил 27-сонида «Бухорони қаён етакламоқдамиз» номи остида бош мақола берилиб, у асосан, Бухоро ёшларига қаратилган, тараққийпарвар «усули жадида»нинг ўрнак бўларли томонларидан фикр юритилган эди. Айниқса, И. Ғаспринский томонидан илгари сурилган «Тил ва истиқлол учун бирлашингиз!» шиори Чор Россиясини қўрқитиб юборган, ундан таълим олган Бухоро жадидлари ҳам эндиликда истиқлол ғоялари билан қуролланиб, «ўз ватанини чоризм оёғи остидан тортиб олиб» озод қилмоқликни ўйлай бошлаган эдилар (Л. Климович. Ислам в Царской России. с. 194). Дастлаб исломпарастлик бўлиб кўринган бу ҳаракат, секин-аста амир олдига талаблар қўйиш даражасига етади. «Мунозара»нинг Бухорода чоп этилиши учун шахсан амирнинг рухсати керак бўлганда Фитрат амирга шундай мурожаат қилади: «Сенинг қодир қўлинг идора қилаётган мусулмон юртида имомни попга, азонни қўнғироққа, мачитни черковга алмашмоқдин ўзга юмуш қолмади… Ким бизнинг халоскоримиз? Бизнинг ожиз қўлимизни бу бахтсизлик бўронида ким тутиши мумкин? Кофирлар бой ва хотиржамликда яшамоқдалар, ки биз нечун қашшоқ ва бебахтмиз?!» (Фитрат — бухарец. Спор бухарского мударриса с европейцем в Индии о новометодных школах. «Истинний результат обмена мыслей.» С персидского перевел полковник Ягелло. Не подлежит оглашению. Ташкент. 1911. с. 53—54). Бу фикрлар учун чор Россияси томонидан таъқибга олинган Фитратни маданият тарқатиш йўлидан сиёсий йўлга бурган биргина ташқи инқилоблар таъсири эмас эди. Тоқат қилиб бўлмайдиган даражадаги оғир ҳаёт, икки томонлама зулмни у ҳушёр сиёсий арбоб сифатида тушуниб улгуради. «Буни Бухоро жадидларининг ўша вақтларда анча кенгайиб кетган адабиётчилик фаолиятидан ҳам кўриш мумкин… 1912 йилдан чиқариб турилган «Турон» ва «Бухорои шариф» газеталари ҳам озодлик адабиётида катта роль ўйнади» (Ф. Хўжаев, ўша асар, 98-бет). Фитрат ёзади:
Зулм аст онки хонаи моро хароб кард,Зулм аст онки сийнаи моро кабоб кард.
(Мазмуни: уйимизни хароб қилган зулмдир. Сийнамизни кабоб қилган зулмдир.)
Фитрат Бухорога қайтиши билан жадидларнинг сиёсий фаоллиги ортади, айни замонда эса рус айғоқчилари таъқиби ҳам кучаяди. С. Айний хотираларини ўқиймиз: «Бу орада Фитрат ва Атохўжа Бухорога қайтдилар. Табиийки, улар жадид мактаблари билан боғланиб, ўқитувчилар билан борди-келди қилиб, мактабларнинг ишини яхшилаш бўйича турли тадбирларни амалга оширдилар, муаллим ва ёшларга маслаҳат берардилар. Бу ҳолга рус элчихонасининг маъмурлари тоқат қила олмадилар. Бухоронинг ярим ислоҳ бўлган мактаблари талабаларини Истамбулга юбориш ишига аввалига эътибор бермаган бу маъмурлар эндиликда Истамбулда тарбияланганлар, хусусан, Фитрат каби ўз қалами билан ўзини танитган кишиларнинг мактаб ишларига аралашувидан қандайдир шубҳаларга бордилар» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1988 йил. 4 ноябрь). Бу фикр Ф. Хўжаев томонидан янада асослироқ баён қилинади: «Бундай мактабларни… Абдувоҳид Бурҳонов ҳам, Усмонхўжаев, Мукомил Бурҳонов ҳам очди. Амир Бухоросидаги тирик жоннинг ҳаммаси шу мактаблар теварагида бирлашдилар. Улар 1918—1920 йиллардаги Бухоро революцияси ходимларининг катта қисмини тайёрлаб берган манба бўлди» (Ўша асар, 100-бет). Демак, истиқлол ва инқилоб ғояларини амалга ошириш учун кадрлар тайёрлаш муҳимлигини тушунган Фитрат шу ишларга бош бўлган, деган хулоса қилишга асос бор.
1914—15 йиллари реакция, икки томонлама тазйиқ кучайди, рўзномалар ёпиб қўйилди. «Маърифат» нашриёти ва китоб савдоси ишлари тугатилди, бу ўз навбатида жадидлар ўртасида ихтилофлар келиб чиқишига сабаб бўлди. «Истамбул ва Оренбургдан қайтиб келган кўпгина шогирдлар мақсад ва усуллари масаласида ўзларининг устозлари билан келиша олмадилар. Улар сиёсий жиҳатни олдинга суришни, сиёсий вазифаларни аниқ таърифлаб беришни талаб қилдилар. Уларнинг янги талабларида народниклик кўрина бошлади… Эски тарздаги жадидларга А. Бурҳонов, сўл жадидларга Фитрат бошчилик қилдилар» (Ф. Хўжаев, Ўша асар. 101-бет).
1917 йил бошидаги Россияда рўй берган воқеалар, хусусан, Февраль инқилоби амир ҳамда рус айғоқчилигининг зўр бериб яширишига қарамай, бир ҳафта ўтмаёқ Бухорога етиб келади ва жадидларни тўлқинлантириб юборади. Натижада дилдаги ҳуррият, мусовот ва истиқлол сўзлари тилга чиқади, март ойларидан бошлаб намойишчилик ҳаракати кенг ёйила бошлайди. «Юртимизда, — деб ёзади Ҳ. Исмоилов «Туркистон 1917 йилда» мақоласида, — Февраль инқилоби туфайли юзага кеган мусулмон умумдемократик ҳаракати шаклланган бир сиёсий куч сифатида гавдаланди» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1990 йил, 27 июль). Бу ҳаракатлардан чўчиган Туркистон генерал-губернатори Куропаткин Муваққат ҳукумат ташқи ишлар министрлигига шундай деб ёзади: «Янги тартибга ўтиш Бухоронинг Россияга қўшиб олиниши билан ёки бусиз ҳам бошқача… ҳал бўлиши мумкин. Менимча, иккинчи усул маъқул. Ҳозирча янги тартибни киритишга тайёрланиш учун муваққат резидентлик ҳуқуқи ўрнатмоқ ва Бухоро ҳокимиятининг ҳаракатларини кузатиб, демократик асосга ўхшаган йўналишда ҳаракат қилмоқ лозим» (ЎзССР МДТА, 3-ф, 2-р, 513-д., 49-в). Бу оқилона маслаҳатга Муваққат ҳукумат бажонидил рози бўлади, тезда Бухородаги сиёсий айғоқчилик Россия резидентлигига айлантирилади. Бу билан сиёсий айғоқчиликнинг вазифаси ўзгармасдан қолаверади, фақат вазиятга кўра номнинг алмаштирилиши натижасида Бухоро, айниқса, Самарқандга кўплаб рус сиёсатдонлари тўплана бошлайди. Туркистонга ҳам айни шу пайт Сталиннинг ҳаммаслак ва сафдошларидан Л. М. Каганович юборилади ва у «демократик асосдаги сайловлар» натижасида Тошкент шаҳар Совети раислигига «сайланади». Ўрта Осиё рус ҳарбийлари ва сиёсатчилари учун аср бошларидаёқ «ўзини кўрсатиш майдони»га айланган эди…
Бухоро амири янгидан вужудга келган Муваққат ҳукуматга суянмоқчи бўлгани каби жадидлар ҳам музаффар рус ишчи-деҳқонларидан мадад кутадилар. Бухорога эркинлик шимолдан келиши мумкин эмас эди, уларга «оғаларча мадад»ни эса юқоридагидай сиёсий-ҳарбий кадрлар кўрсатарди. Улар билан маслаҳатни пухта қилган амир Фармон беришга мажбур бўлади. Жадидларнинг маркази саналган ва тазйиқ туфайли махфий равишда ишлашга ўтган «Ўн иккилар қўмитаси» ичида мана шу фармонга муносабат ва намойиш ўтказиш масаласида ихтилоф чиқади. Фитрат бошчилигидаги намойиш тарафдорлари нисбатан озчиликни ташкил этади. Навбатдаги тортишувдан сўнг Бухорода «жадидизм бутун бир ҳаракат сифатида ўзини тугатди… кейин ёш бухороликлар инқилобий партияси деб ном олган расмий ташкилот мана шу воқеадан бошланди. Ниҳоят даражада муҳим бўлган бу факт Бухородаги жадидизмнинг ўша давр учун бўлган ижобий муваффақиятларидан биридир» (Ф. Хўжаев, ўша асар, 104-бет). Лекин жадидлар ўзларининг номини алмаштиришга шошилмадилар, бунинг унчалик аҳамияти ҳам йўқ эди, чунки Бухоро инқилоби «бешигини тебратган» ёш бухороликлар партиясининг барча ҳаракатлари жадидлар фаолиятининг давоми саналарди.
Жадидчилик ҳаракатидан инқилобчи партия туғилади, унга раҳбарлик қилиш учун тўққиз кишидан иборат Марказий қўмита сайланади: А. Бурҳонов (раис), Фитрат (саркотиб), Усмонхўжаев (хазинадор), Ф. Хўжаев ва бошқалар аъзо бўлиб кирадилар. Ташкилот махфий равишда ўз сафларини меҳнаткаш ва зиёлилар ҳисобига кенгайтиради, 50 га яқин «дюжина» деб номланган бошланғич ташкилотлар тузади ва амирдан ислоҳот талаб қила бошлайди, бу йўлда Муваққат ҳукумат амирни «тартибга чақириб» ислоҳот ўтказишга ундайди деган ўйга борадилар. Ёш бухороликлар фақат Муваққат ҳукуматга эмас, балки ишчи ва солдат депутатларининг Петроград советига ҳам телеграф орқали юборилган иккинчи телеграммадан ҳам натижа бўлмагач, Марказий Қўмита Петроградга икки киши — Фитрат ва Усмонхўжаевдан иборат делегация юборишга қарор қилади. Делегация Оренбургга етганида, Петрограддан «махсус комиссия келяпти» деган хабар чиқиб, уларни Бухорога қайтарадилар. Бу воқеа туфайли қатағон йиллари Фитрат Муваққат ҳукуматга эмас, балки «Россия тарихидаги энг демократик инқилоб» (А. Солженицин) — Февраль воқеаларига хайрихоҳлик билан қараган эди. Петрограддан ҳеч қандай комиссия келмайди. Бу амир ва унинг рус айғоқчилари Шульга, Введенский ва Миллер томонидан ёш бухороликларнинг Петроград билан боғланишларига қарши уюштирилган навбатдаги найранги эди. Шундан сўнг Миллер эски жадидлардан айримларини танлаб олиб, улар билан суҳбат ўтказади ва натижада Бухоро амири Сайид Олимхон 1335 ҳижрий йили жумодис-сонийнинг 28-куни (мелодий 1917 йил 7 апрелда) Фармони олий эълон қилиб, ёш инқилобчиларнинг айрим талабларига ён босишга мажбур бўлади. Эски жадидлар Фармони олий шарафига байрам қилишни, Фитрат бошлиқ «сўллар» эса намойиш ўтказишни талаб қиладилар. Не қийинчилик билан уюштирилган намойишни Регистонда амир аскарлари ўққа тутадилар, қолганларига эса, Бурҳонов уй-уйига тарқалиш лозимлигини эълон қилади. Амир ўзига қарши илк бош кўтарган намойишчилардан ўч ола бошлайди, ўттиздан ортиқ киши қамоққа олинади. Фитрат ва Усмонхўжаев Тошкентда иш олиб боришга мажбур бўладилар, кейинроқ эса Фитрат Самарқандда 1917 йил апрелидан чиқа бошлагач «Ҳуррият» рўзномаси таҳририятига таклиф қилинади.
Ёш бухороликлар мамлакатда ўтказилиши зарур бўлган ислоҳотлар дастурини тузмоқчи бўладилар, унинг лойиҳасини ишлаб чиқиш Фитратга топширилади. У қарийб икки ой мобайнида амалий иш лойиҳасини тузиб, МКга топширади. Нафақат жадидларнинг, балки Бухородаги барча афкор омманинг фикрини акс эттириши лозим бўлган бу лойиҳа инқилобчи ёш бухороликлар сиёсий партиясининг «программа-минимуми» сифатида қабул қилинади.
Бухорода ҳуқуқий давлатчиликни жорий этиш ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий мустақиллигига эришишга қаратилган, ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган бу лойиҳада деҳқончилик ва қишлоқ хўжалиги масалаларига кенг ўрин берилганди. Унга биноан, ерга бўлган мулкчилик уч хил шаклда — вақф ерлари, хусусий ва давлат ерларидан иборат бўлиши лозим эди. Амир мулки эса давлат мулкидан ажратилиши керак, ерга нисбатан белгиланган ўндан ортиқ номдаги солиқлар бекор қилиниб, янги солиқ тартиби таклиф қилинади. Шунингдек, лойиҳада суғориш тадбирлари — Зарафшон суғориш тузилмасини тартибга солиш, қишлоқ хўжалигида қарзлар орқали механизациялашга эришиш, махсус агрономия мадрасалари очиш кўзда тутилади. Бундан ташқари, вақф ерларидан келадиган барча сармоя фақат маданий-маърифий ишларга сарф этилиши, Армияни тартибга келтириш мақсадида Бухоро фуқароси учун 22 ёшдан бошлаб икки йиллик ҳарбий хизмат жорий қилиш ва ҳарбийда асосан, мусулмон офицерлари бўлишига эришиш режалаштирилади. Бухоро музофотидаги барча ишларни бошқариш учун Фитрат ўнта халқ нозирлигидан иборат Нозирлар шўроси тузишни таклиф этади. Булар: ер ишлари нозирлиги, вақф нозирлиги, ҳарбий, молия, ички ишлар, адлия, милиция нозирликлари; йўллар, қазиб чиқарувчи ва қайта-ишловчи саноат нозирлиги; маориф ва ташқи ишлар нозирликларидир. Ф. Хўжаевнинг ёзишича, «лойиҳанинг катта камчилиги шундан иборат эдики, Фитрат ўнг қанотнинг аччиғини келтирмайин деб лойиҳанинг бирор жойида жумҳурият сўзини ишлатмади». Лекин 1920 йилдан вужудга келган Бухоро шўролар жумҳурияти ҳам, асосан, Фитрат ишлаб чиққан дастурни ўзининг давлат идора усули деб билади…
1918 йилнинг бошларида Туркистон Халқ Комиссарлари советининг раиси Ф. Колесов Ашхободга бораётиб, Когонга қўниб ўтади, чунки бу ерда ёш бухороликлар қурултойга тайёргарлик кўрмоқда эдилар. Рус инқилобчилари Полторацкий, Уткин ва Преображенскийнинг таклифига кўра бўлғуси қуролли қўзғолонга тайёргарлик хусусида Бухоро номидан Ф. Хўжаев Колесов билан музокара олиб боради. Колесов Бухородан кўра яқинда Қўқонда ташкил топган Туркистон мухториятидан кўпроқ хавфсираётган эди. «Қўқонда эришган ўзининг ғалабасидан маст бўлган Колесов амир Бухоросини шундай енгиллик билан тугатаман деб ўйлаган эди», шунинг учун ҳам қўзғолонга тайёрланиш ва бирга курашиш ҳақидаги битимга рози бўлди, «пулемёт ва аскарлардан ёрдам беришга» ваъда қилди (Ф. Хўжаев). Амир номига Ф. Хўжаев ва Ф. Колесов имзоси билан ультиматум юборилади. Гарчи амир уларнинг шартларига розилик билдириб, «шаҳарга қўшин билан кирмасликни сўраган» бўлса-да, қўзғолончилар куч ишлатишни маъқул кўришади. Шунда Фитрат: «Агар биз қайсарлик қилсак, ҳаммаси ўлади. Амир аччиғланиб, бутун кучларини бизга ташлайди. Бу уруш нима билан тугашини ҳеч ким билмайди… Амир кучли…» деб огоҳлантиради. «Ревком аъзоси Фитратнинг бу гапини қолган ёш бухороликлар маъқуллашди» (Ҳ. Содиқовнинг «Қон билан муҳрланган» мақоласидан. Қаранг: «Звезда Востока», 1989, 5-сон, 100-бет). Кейинчалик амир чиқаришга мажбур бўлган Фармони олий: «Худо таоло номи билан халқимизга маълум қиламизки, миллат учун тенглик ва эркинликдан кўра улуғроқ бахт йўқ», деб бошланади. Сўнг амир Олимхон сўз ва жамият эркинлиги, ҳурфикрлилар Ижроия қўмитаси тузиб, «у билан биргаликда давлатимизни бошқаришга» ваъда берганига қарамай, қўзғолончилар бир гуруҳ маслакдошларининг ҳибсга олинганини баҳона қилиб курашни бошлаб юборишади. «Бизда европача артиллерия бўлганлиги амир армиясига нисбатан бирдан бир афзаллигимиз эди. Биз бундан фойдаланиб, Эски Бухорони тўпга тутишга, шаҳарга ваҳима солиб, оломонга таъсир ўтказишга қарор қилдик. Тўпга тутишни бошлаб юбордик» (Ф. Хўжаев, Ўша асар, 155-бет).
«Колесов воқеаси» деб ном олган бу қуролли қўзғолон муваффақиятсиз тугади, бунга биринчидан, Колесов ваъда қилган қурол-яроғнинг келишилган миқдорда ўз вақтида етказиб берилмаганлиги, иккинчидан, ичкаридан (халқ томонидан) кўтарилиш лозим топилган қўзғолон сиртдан аркка ҳужум ва тўпга тутиш билан бошлангани сабаб бўлади. Пировардида бу воқеа эл назарида амирга қарши халқ қўзғолони эмас, балки ғайридинларнинг Бухорои шарифга бостириб кириши таассуротини уйғотади ва ёш бухороликларнинг ишига мислсиз зарар кўрсатади. Март ойидаги мана шу беш кунлик қирғин, яъни колесовчиларнинг чекиниши чоғида амир сарбозлари томонидан «қўзғолончилардан 5 мингдан кўпроғи ўлдирилди, уларнинг 3 мингдан ортиғи ёш бухоролилар инқилобий партиясининг аъзолари бўлган» (ЎзСЭ, 11 т., 540-6.). Саросимада қолган Колесов ёш бухороликлар билан маслаҳатлашмай амир олдига чор маъмурларидан Введенский ва Ҳайдарҳожи Мирбадаловни элчи қилиб юборади. Амир уларга жавобан Ф. Хўжаев, Фитрат ва Бурҳоновни тутиб берсалар, битимга розилигини билдиради. Колесов бунга розилик бермайди. Хуллас, Март воқеалари натижасида «раҳбарлик ҳарбий ўртоқлар ва шахсан Колесов қўлига ўтди… Улар амир билан битимни тезроқ имзолашга интиладилар» (Ф. Хўжаев). Ниҳоят, 25 мартда Қизилтепа битими имзоланади. «Колесов воқеаси» Туркистон ўлка советларининг V қурултойида (1918 йил 20—30 апрель) муҳокама этилган бўлса-да, унга одил баҳони Фитрат муҳаррирлигида чиққан «Ҳуррият» рўзномаси берди: «Бу воқеалар Бухоронинг сўнгги юз йиллик тарихини бўяган энг қонли доғ бўлди». Ўша қонли доғ Фитратнинг нисбатан кейинроқ «Шарқ» достонида яққол акс этган:
Ўтлар аро ёниб турган қишлоқлар,Хирмон бўлиб ётган гавдалар жонсиз. Оқмоқдадир қизил қондан ариқлар,
Тинч турганлар таланар омонсиз… — Ким тўккан бу муқаддас ишга шунча қонини?!
(«Ўзбек ёш шоирлари» тўплами. Т., 1922)
Пишиб етилмаган ҳаракатларни сунъий — ҳарбиёна тезлаштириш натижасида Март воқеалари туфайли ёш бухороликлар катта талафот кўрдилар. Қарийб ярим асрдан буён нажот кўзларини жадидлар ва ёш бухороликларга тиккан афкор омма уларнинг «ажнабий кофирлар» билан бир сафда туриб Бухорои шарифни тўпга тутганларини ўз кўзлари билан кўргач, уларнинг чинакам халқпарварлигига ишонмай қўйдилар. Бу маънавий зарба (халқ ишончининг сусайиши) «ўрнини ҳеч нима билан тўлдириб бўлмайдиган» (Фитрат) йўқотиш бўлди. Ноилож қолган партиянинг юздан ортиқ фаол вакиллари Самарқанд ва Тошкентда сиёсий марказ тузадилар, улар ўз фаолиятларини муҳожирликда давом эттирадилар.
Тошкентда яшаган чоғида Фитрат асосан, илмий, ижодий ва маърифий ишлар билан шуғулланади. Апрель ойидан бошлаб, Тошкент дорилмуаллиминида дарс бериш баробарида дастлабки она тили дарслигини, ислом дини тарихидан «Мухтасари тарихи Исломия» (форс тилида), «Шеър ва шоирлик» адабий мубоҳасаси, юқори синфлар учун дарсликлар («Ўқув») ва кўплаб илмий-бадиий асарларини эълон қилади. Туркистон АССР сипориши (санкцияси) билан тузилган адабий ташкилот «Чиғатой гурунги» ишларида қатнашади, ўлка мусулмон бюросининг топшириғига кўра Туркистон халқлари маданий меросини тўплаб, ўрганиш ишларига жалб этилади. Шу билан бирга «Иштирокиюн», «Туркистон» рўзномаларида жўшқин мақолалари билан қатнашади. Қисқасини айтганда, Фитрат, бу даврда қуролли қўзғолондан маданий инқилоб сари юз бурган эди. Бу ҳақда Ф. Хўжаев шундай ёзади: «Фитрат партия ва сиёсий иш билан алоқани гарчи расмий равишда узмаган бўлса ҳам, аммо маданий-оқартув ишларига бутун вужуди билан берилиб кетиб ва айни вақтда Афғонистон элчихонаси хизматига кириб, партияда актив ишламай қўйди» (Ўша асар, 170-бет).
Ўрта Осиёда босмачилик дея тарихга киритилган миллий-озодлик ҳаракатлари авж олгани сайин Россия бутун эътиборини Туркистон ва Бухорога қаратади. Айниқса, атаман Дутов тор-мор этилгач, Туркистон Россияга қайта қўшиб олингандан кейин «оғаларча» ҳомийлик қилиш янгидан йўлга қўйилади. 1919 йил 8 октябрда РКП(б) МК ва РСФСР Халқ Комиссарлари Советининг махсус Турккомиссияси ташкил этилиб, унинг таркибида Ш. З. Элиава (раис), В. В. Куйбишев, М. В. Фрунзе, Я. Е. Рудзутак, Г. М. Бокий ва бошқалар Туркистондаги «ишларга раҳбарлик қилиш учун» юборилади. В. И. Ленин шу йилнинг ноябрида «Туркистондаги коммунист ўртоқларга» ёзган хатида: «Менга Халқ Комиссарлари Совети ва Мудофаа Совети раиси сифатида эмас, балки партия аъзоси сифатида сизларга мурожаат қилишга рухсат этингиз… бизнинг Туркистон комиссиямизга катта ишонч билан қарангиз ва унинг директиваларига қаттиқ риоя қилишингизни илтимос қиламан» деган эди (В. И. Ленин. ТАТ., 39-т., 349—350-бетлар). Турккомиссиянинг вазифаларидан бири «Туркистонда миллий сиёсатни амалга оширишда йўл қўйган хатоларни тузатишдан» (ўша асар, 581 -бет) иборат эди. Бироқ Турккомиссия асосий эътиборини ҳарбий сиёсатга қаратади. Дастлаб (1920 йил 2 февралда нисбатан заиф Хева хони Сайид Абдуллохон ҳукуматини ағдариб ташлашга (албатта, меҳнаткаш халқ инқилоби шиори остида) эришади. В. В. Куйбишев Хевада сўзлаган нутқида: «Рус революциясининг бутун бориши натижасида кўрсатиб берилган мана шу йўлга (қуролли тўнтариш йўлига — Ҳ. Б.) Хева халқи биринчи бўлиб тушиб олди, шунинг учун ҳам биз ҳозир Хева халқининг озод ва мустақил бўлганлигини кўриб турибмиз» («Известия ТуркЦИКа, 1920 йил, 22 июнь). Англашилиб турибдики, эркинлик ва истиқлол фақат Россия туфайли келиши мумкин деган сиёсат аллақачон авомга сингдирилган, гарчи 30-йиллардан кейин таҳрир этилган китобларда бу ҳақда назокат билан «халқимиз мадад кўзларини Москвага қаратган эди, бизга оғаларча буюк ёрдамини аямай…» деб ёзилган бўлса-да, рус ҳарбийлари «миллий сиёсатни амалга оширишда йўл қўйган хатоларни тузатмоқда» эдилар. Эндиги асосий мақсад Бухорога қаратилган эди. Муҳожирликда иш кўраётган ёш бухороликлар «Учқун» (ленинча «Искра»га тақлидан), коммунистик группа эса «Қутулиш» рўзномалари атрофига уюшган эди. Чалкашлик ва янги ихтилофларга йўл қўймаслик учун раҳбар ҳайъат МК эмас, ёш бухороликларнинг Туркистон бюроси саналарди. Бюро «Учқун» саҳифаларида «Зулмга қарши бирлашингиз!» шиори остида партиянинг янги шароитга мослаштирилган кескин дастурларини эълон қилади. «Яшасин озод ва мустақил Бухоро!» — дастурнинг асосий мақсади бўлиб, унда амирликни тугатиб, Бухоро жумҳурияти тузилиши, миллий ва ҳуқуқий масалаларда қўшимча тадбирлар белгиланиши (Фитрат ишлаб чиққан аввалги дастурга қўшимча равишда) лозим топилади. Программага илова тарзида ўзбек тилида «Бухоро қўшинларига», форс тилида эса, «Бухоронинг мазлум халқларига» хитобномаси эълон қилинади. Турккомиссия ҳар икки группани тезроқ бирлаштириб, амир Бухороси сари йўналтириш пайида бўлади. М. В. Фрунзе ташаббуси билан «ўзаро ихтилофларни бартараф этмоқ ва Бухорода олиб бориладиган революцион иш услубларини белгилаб олмоқ учун» кенгаш чақирилади. Бирлашиш ҳақидаги сўзлар яна янги ихтилофларни келтириб чиқаради. В. В. Куйбишев раислигида ўтган бу кенгаш «ҳар иккала группанинг коммунистик қисмлари битта ташкилотга бирлашсинлар, ҳар иккала группага ҳозирнинг ўзидаёқ биргаликда конкрет революцион иш олиб бориш таклиф қилинсин» деган қарор қабул қилади. РКП(б) МК Туркбюросининг талаби амалда бажарилади, ҳар иккала ўнг ва сўл қанотнинг коммунистик қисмлари Россия Компартиясининг таркибий қисми бўлган Бухоро Компартиясига бирлашадилар.
1920 йилнинг 16—18 августида Чоржўйда ёш бухороликлар партияси ва иккала коммунистик группанинг «муштарак душман — амирга қарши блок» тузиш масаласига бағишланган қурултойи бўлиб ўтади ва бу йиғин Бухоро Компартиясининг IV съезди сифатида расмийлаштирилади. Қурултой қатнашчиларининг, хусусан, бош маърузачи О. Оқчуриннинг хотираларидан маълум бўлишича, бу суиъий равишда зўрлаб қўшилтириш катта талафотларга олиб келган. (Қаранг: «Бухоро ва Хоразм революцияларининг ўн йиллигига аталган мақолалар тўплами», Т., Ўздавнашр, 1930 й.) Қурултой қарорига кўра амир тахтидан ағдарилганидан бир ҳафта ўтгач, инқилобчи ёш бухороликлар партияси Коммунистик партияга қўшиб олиниб, тугатилади («Бухоро ахбори», 1920 йил, 14 ноябрь, 7-сон). Инқилобчи ёш бухороликлар сиёсий партия сифатида ўз ибтидосига (жадидчилик негизида тузилгани), кураш тарихига (ҳеч бўлмаганда сўнгги ўн йиллик курашни эслаш керак бўлади) ва тактикасига (ислоҳотлардан қуролли қўзғолонгача) эга бўлгани учун Коммунистлар фирқасига қўшилиб, унинг таркибига сингиб кетишни истамаган эдилар. Чунки Бухорода халқ ҳокимияти ўрнатилгандан кейин ҳам шундай қирғинлар содир қилиндики, пировард натижада жадидлар ва ёш бухороликлар курашининг мақсади — Бухорони озод ва мустақил кўриш истаги амалга ошмайди. Фитрат бу йиллар давомида партия сафига кирган, Туркбюро аъзолигига сайланган бўлса-да, ўзи яхши билган юртда ҳали пишиб етилмаган инқилобий ҳаракатларнинг русча формула — қуролли тўнтариш қабилида якунлангани ва унинг бадалида она ер «эмган» ҳисобсиз қонлар — соҳиби қаламни изтиробга солмасдан қўймасди. Инқилоб бешигини тебратган ёш бухороликларни амир эл кўзига «ғайри» қилиб кўрсатгани етмагандай, улар фаолиятининг Москвадан келган ўртоқлар томонидан «коммунизм программасига зид деб топилиши» ва зўр бериб сунъий равишда «коммунистиклаштирилувининг» келгуси оқибатларини Фитрат чуқур идрок билан пайқай билган эди. Шу боисдан ҳам жадидларннг бу бемавруд ҳарбий сиёсатдан илму урфонни, маърифатни афзал билиб «бутун вужуди билан маданий-оқартув ишларига берилиб кетгани»га ишонгимиз келади…
Ҳар бир инқилобнинг қай тахлит тарихга киритилиши унинг солномачиларига боғлиқ. Бухоро жумҳуриятидагилар солномачи танлашда адашмаган (Маориф халқ нозирлигининг 1920 йил 30 октябрь қарорига биноан Бухородаги инқилоб тарихини ёзиш Фитрат билан Айнийга топширилади) бўлсалар-да, қонуний солномачилар томонидан битилган тарих шу пайтгача тўлалигича эълон этилмади, эълон этилган қисми ҳам (Айний томонидан яратилган «Бухоро инқилоби тарихидан материаллар» назарда тутилмоқда — Ҳ. Б.) бир неча бор қайта таҳрир этилиб, тузатилди. «Есирликда қолган ҳақиқат ҳамон ўз яратувчисини изларди», деб ёзганди немис фойласуфи Ф. Ницше бундан юз йил чамаси муқаддам.
Фалсафани қўйиб ҳужжат варақлашда давом этамиз: Тошкентда маориф ишлари билан банд Фитрат янги халқ маорифи тарғиботини ташкил қилиш учун Бухорога сўралади, негадир яна тезда махсус телеграмма билан Туркистонга қайта чақириб олинади. Бухоро Халқ Нозирлари Кенгаши Туркистон Маориф комиссарлигига мурожаат этиб, бир неча масалалар, хусусан, «Фитрат бошлаган Бухоро инқилоби тарихини ёзиш тугалланмай қолмаслиги учун» уни Бухорода қолдириш илтимос қилинади. 1921 йилнинг 9 мартидан Фитрат ўз юртида халқ хўжалигини тиклаш, маориф ва маданият ишларини йўлга қўйиш тадбирларини амалга оширишга жалб этилади; жумладан, халқ маорифини ташкил қилувчилар учун тавсияномалар тайёрлаш ҳайъатини бошқариб боради. Бухорода Шарқ дорилфунунини очиш зарурияти асосларини тайёрлаб, кейинроқ (1922 йил 14 сентябрь) каттароқ лавозимда ишлаётганида БМИКнинг Бухоро дорилфунунини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинишига эришади. Бухоро жумҳурияти ҳамда Туркистон АССР ўртасида «ўқув юртлари ва мактаблар учун дарсликлар тузиш ва таъминлаш» борасидаги ишларни тартибга келтиради. Халқ хўжалиги равнақи учун турли хил иқтисодий система ва ислоҳот ўтказиш, мамлакат жўғрофий чегараланиши асосларини белгилаш, Амударё флотилиясининг вазифаларини жумҳурият мақсадларига йўналтириш, вақф ерларни ҳисобга олиш ва ундан фойдаланишни назорат қилиш, нарх-навони арзонлаштириш, вайрон бўлган шаҳарларни тиклаш, меъморчилик обидаларини асраш каби ишларда қатнашади. Унинг серқирра фаолиятини кўз ўнгимизда гавдалантирсак, «Бухоро — бизнинг улуғ отамиз, азиз ва меҳрли онамиз, Бухоро — бизнинг суйдигимиз, Бухоро — биздан, биз Бухородан… бундай қоронғиликда танбаллик ва ҳаракатсизликдан ғимирсиб ётганимиз етар» («Мунозара»га муқаддима. Истанбул, 1909, 21-бет) дейиши муҳожир талабанинг шоирона эҳтирослари эмас, балки «муқаддас турк ўчоғипнинг келажаги учун фидойи курашчининг аждодлар руҳи олдидаги бурчи экани англашилади. Ва бу она ватанини озод, ҳур кўрмоқ истагида шаҳид бўлган дўстлари олдидаги масъулият ҳам эди. Қарши беги томонидан ўлдирилган Беҳбудийнинг васиятини эслайлик: «Ўртоқларим — Сиддиқий, Айний, Фитрат… Сизларга васият қиламан: Бухоро тупроғига тезлик ила йўл бошлангизлар! Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар!» (Ҳожи Муиннинг «Муфти Маҳмудхўжа ҳазратларининг қандай шаҳид бўлганлиги ва анинг томонидин ёзилган васиятнома» мақоласидан. «Инқилоб», 1922 йил, 1-сон).
Фитрат Бухорога келибоқ жиддий киришган ишларидан бири Бухоро илмий жамиятини тузиш бўлди, у маҳаллий олим ва уламолар билан ҳамкорликда турли фанлар тарихига оид қўлёзмалар тўплашга киришади. Бу ишга С. Айний, Мусажон Саиджонов (ўша вақтдаги Халқ маорифи нозири), Мирзо Салимбек (амирнинг кўп ҳурматига сазовор бўлган, Бухоронинг кейинги амирликлар тарихини ёзган олим), Шарифжон Маҳдум (Садр Зиё номи остида элга таниш адиб) ва бошқаларни жалб этди. Жамиятнинг «Анжумани тарих» шўъбаси томонидан ёзилган «Бухоро арки тарихи» китобининг қўлёзмаси ҳозирга қадар сақланган.
Фитрат Истамбулдалик чоғида «Бухоро таълими маориф жамияти» номи билан расмий ва очиқ жамият тузган бўлиб, «бу жамият ўзининг номига мувофиқ Бухоро ва Туркистон маорифининг олға силжишига доир муҳим ишларни амалга оширган» (С. Айний). У Бухорода маориф нозирлиги ишларига жалб этилган экан, ёшларни хорижда (Истамбул, Берлин, Москва) ўқиши учун шароит ҳозирлайди, Москвадаги Коммунистик университетга Бухородан йилига 20 талаба юбориш ҳақида келишиб олинади. Ноширлик ва матбаа ишларини кенгайтириб, кўплаб дарслик ҳамда қўлланмалар нашр қилинишига эришади. Шу йилнинг март ойида Нозирлар Кенгашининг қарорига биноан «Бухоро жумҳуриятида турк тили давлат тили деб эълон қилинди, рус совет ходимларига эса рус тилидан фойдаланишга рухсат берилди» («Известия» хабарномаси, Тошкент, 1921 йил, 17 март). Шу йил кузда «бир неча театр труппалари асосида Маориф халқ нозирлиги тасарруфида бўлган Давлат театри тузилди ва бу ишга раҳбарлик қилиш учун таниқли режиссёр, ўзбек саҳна устаси Уйғур таклиф қилинди» («Бюллетень БухТА» 1921 йил, 21 ноябрь). Шахсан Фитратнинг аралашуви билан «Бухоро ахбори»га муҳаррирлик қилиш учун «таниқли шоир Чўлпон чақиртириб олинди» (ўша ҳужжатда). Шоирнинг Бухоро инқилоби бир йиллигига бағишланган машҳур «Халқ» шеъри ўша рўзноманинг 7 сентябрь сонида эълон қилинган.
1921 йил 15 июнда Бухоро ҳукумати Туркиянинг Улуғ Миллат мажлисига ва Эрон ташқи ишлар вазирлигига нота юбориб, ўзаро вакил айирбошлаш ҳақида битим таклиф қилади. Натижада шу йилнинг 3 ноябрида Туркия дипломатик миссияси, 9 декабрда эса Эрон консуллиги Бухорода иш бошлайди.
Фитрат таҳриридан чиққан «Бухоро халқ Шўролар жумҳуриятининг Конституцияси» 23 сентябрда Умум Бухоро халқ вакилларининг II қурултойида қабул қилинади. Бу қонун РСФСРнинг 1918 йилги Конституциясидан қатор муҳим масалаларда фарқ қилиб, унинг 6-моддасида айтилишича, «сотиб олинган ёки мерос бўлиб қолган хусусий мулкни истаганча тасарруф қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи»ни беради. Шунингдек Россия Асосий қонунининг 9-моддаси тайин қилган пролетариат диктатураси ҳақидаги модда Бухоро Конституциясига киритилмаган, сабаби Бухоро пролетариат диктатураси ҳукмронлигидаги социалистик давлат эмас, балки демократия асосида ташкил топган халқ жумҳурияти эди.
1921 йилнинг 15—20 декабрида Бухоро Компартиясининг II съезди чақирилиб, партия ичидаги «ўнг» ва «сўл» қанотларнинг қизғин баҳслари давом этади, бу тортишувда «марказ»чилар енгиб чиқади. Натижада Бухоро Компартияси унинг қарорига кўра РКП(б) таркибига киради. йилнинг охирларида партия ичидаги қутқулар ва «Душанбе воқеалари» деб номланган қирғинлар туфайли вазият янада кескинлашади. Оддий масалаларнинг ҳал бўлиши учун яна «марказ» аралаша бошлайди. Партия ичида қайтадан тозалов ўтказилади. Бу ҳақда Ф. Хўжаевнинг РКП(б) МК га ёзган ҳисоботномасида ўқиймиз: …«жойларга текшириш комиссиялар юборилди, улар тозалаш ўтказиб ва партия сафидан ўчириб, унинг составини 14 минг кишидан 6—8 минг кишига туширди ва ниҳоят кейинги тозалаш натижасида Бухоро Компартияси сафида минг киши қолди». Туркбюро бу билан чекланишни хаёлига ҳам келтирмади, Бухоро Конституцияси эълон этилганидан тўрт ой ўтмай амал қилиши тўхтатилди. 1922 йил 22 январда Фавқулодда диктаторлик комиссияси тузилиб, у «Конституцияда кўрсатилган ҳуқуқларни чеклаш, унинг бажарилишини тўхтатиш, Бухоро МК томонидан чиқарилган буйруқларни бекор қилиш», «умумий судланувдан кўрилаётган исталган ишлар (дело)ни олиб, қайта кўриб чиқиш учун ҳарбий трибуналнинг Муваққат бўлимига бериш», «Шарқий Бухоро ҳудудида исталган шахсни мансабидан қатъи назар қамоққа олиш ва ҳудуддан чиқариб юбориш каби чекланмаган ҳуқуқлар берилди» (ЎзССР МДА, 48-ф, 2-р, Шд, 35-в). Бу Фавқулодда диктаторлик ўз фаолиятини бошлаб улгурмай туриб, РКП(б) МК Сиёсий бюроси 1922 йил 1 февралда «Бухоро масаласи»ни муҳокама қилди. Воқеани ойдинроқ тушуниш учун Ф. Хўжаевнинг бу муҳокамадан бир неча ҳафта бурун Туркқомиссия номига ёзган мактубидан парча келтирамиз: «Бу масала — «Бухоро масаласи» ҳозирги вақтда яна қўзғалиб қолди ва биз учун жиддий аҳамият касб этмоқда… Сизга журъат қилиб шуни айтаманки, юқорида айтилган сабабларга кўра ёки бошқа бирон сабабларга кўра, Бухорода ҳокимиятни алмаштиришдан иборат бирор эксперимент ўтказишни зарур деб билсангиз, буни бизга олдиндан хабар қилиб қўйишингизни илтимос қиламиз, бу ишда Сизга хизматимизни аямаймиз ва Сизга ким маъқул бўлса, (унга) ҳокимиятни топшириб қўя қоламиз. Бизнинг ҳар қандай ўжарлик қилишимиз ва Сизнинг зўрлик чоралари кўришингиз ҳалокатли бўлишини, Сизлар учун ҳам, бизлар учун ҳам номақбул оқибатлар келтиришини жуда яхши биламиз. Биз зўрлик билан қилинадиган тўнтаришларни истамаймиз, чунки шундай экспериментлардан сўнг Бухоро муқаррар хароба чўлга айланишини жуда яхши биламиз.
Муассасаларимизнинг ишларида ваъдаларимизни муддатида бажармасликдан иборат баъзи нуқсонлар рўй бераётганлигини инкор қилиб бўлмайди, албатта. Лекин мана шу нуқсонларни деб бизни ҳаддан зиёд қаттиқ айблаш керак эмас, чунки бу нуқсонлар қисман Сизнинг аакилларингиз айби билан рўй бермоқда…» (Асарлар, 1-том, 451—453-бетлар). Мана шу истеҳзо ва жанговар руҳ билан суғорилган хатдан сўнг, ўша куни МК Сиёсий бюроси Ф. Хўжаевнинг ҳисоботини тинглаб, «Бухоро Компартияси ва Хоразм фирқалари РКП(б) составига киритилсин», «Бухоро ва Фарғона территорияларида босмачиликка қарши курашаётган фронтлар РСФСР Революцион ҳарбий Совети тайинлаган махсус қўмондонлик раҳбарлигида бирлаштирилсин», деб қарор қабул қилади.
Бухорода яна ҳарбийлар сиёсати ўрнатилади, бундан норизо бўлган кўплаб партия ва давлат арбоблари ўз вазифасини ташлаб кета бошлайдилар. Жумладан, Бутун Бухоро ҳарбий қўмитасининг аъзоси, ҳарбий ишлар халқ нозири Абдулҳамид Орипов, Жумҳурият Шўролар МКнинг раиси Усмонхўжа Пўлатхўжаев каби кишилар мамлакатдаги сиёсий тангликдан чарчаб, Анвар пошшо томонига ўтиб кетадилар. Бухорога махсус топшириқ билан келган (1922 йил 18 майда) С. Оржоникидзе бошлиқ РКП(б) МК тафтиш комиссияси ўз фаолиятини бошлаб юборади. Дарҳол у Бухоро КП масъул ходимларини тўплаб, кенгаш ўтказади, унда: «Биз Бухоро ҳукуматини нафақат аксилинқилобий кучлардан, балки қариндошчилик алоқаларидан тозалашимиз керак…
Эътироз қилмаймиз: халқ нозирларининг раиси — бухоролик, МК раиси — Бухородан бўлсин, лекин Компартия МК котиби бирор миллатга (маҳаллий миллатга демоқчи шекилли — Ҳ. Б.) алоқадор бўлмаслиги керак. Худди шу каби Нозирлар Кенгаши ҳам миллатни рад этмоғи лозим. Нозирлар эса миллатдан ташқарида бўлишлари лозим. Нозир бухороли бўлса, яхши албатта, лекин унинг рус ёки грузин бўлгани (Орипов бўлганидан кўра) яна ҳам яхши!» (А. Ишанов. Создание БНСР, 1920— 24 гг. Т., 1955, с. 147) Бундай «миллий масалани ҳал қилишга ёрдам бериш» сиёсатининг натижалари тезда кўрина бошлади…
Бу даврда Фитрат Нозирлар Кенгашида қатор масъул вазифаларни адо этиш билан банд бўлиб, бу ҳақда ЎзССР Марказий Давлат архивининг ҳужжатлари қуйидагича гувоҳлик беради:
1922 йил 26 апрелда Халқ Нозирлар Кенгаши раисининг муовини ва Бухоро жумҳуриятининг Нозирлар Кенгаши ҳузуридаги план ва смета ташкилий ҳайъатининг раиси, Бухоро Компартияси МК 1922 йил II майдаги йиғилишида III Умум Бухоро қурултойига тайёргарлик ва уни чақириш ҳайъатининг ишлари топширилади. Сиёсий бюронинг 15 июлдаги йиғилишида аксилинқилобий ташкилотлар ишини тафтиш қилиш борасида маъруза қилади. Ўша қурултой қарорига биноан (1922 йил 18 август) Бухоро МК аъзолигига сайланади, 1922 йил 19 сентябрдан бошлаб Ташқи ишлар Халқ Нозири, Халқ хўжалиги Кенгашининг раиси, БХШЖ Халқ хўжалиги Олий Кенгашининг раиси ўринбосари, БухМИК раисининг ўринбосари, БХШЖ Меҳнат кенгашининг Президиум аъзоси вазифаларида ишлайди. Унинг фаолияти нафақат халқнинг, балки ГПУнинг Бухоро вакили Г. Оғабеков орқали ОГПУ вакили А. X. Петерс эътиборини ҳам тортган эди. Бу йилларда Бухоро халқ жумҳуриятини зўр бериб социалистик давлатга айлантиришга тиришилди, чунки бу ҳақда Советларнинг Бутун Россия X съездида И. В. Сталин: «Иккита қўшилмаган шўролар жумҳурияти — Хоразм ва Бухоро носоциалистик ҳисоблангани учун… айнан улар социалистик бўлмаганлари учун ҳам… Ҳеч шубҳа йўқки, ўртоқлар… бу республикалар ўзининг социализмга томон ички ривожланиш жараёнларини босиб ўтиб, яқин орада бугун ташкил бўлаётган Иттифоққа бирлашишларига ишонаман» (И. В. Сталин, Соч., т. 5 с. 151) деб башорат қилган эди. Фитрат турли хил Кенгаш ва йиғилишларда Бухоронинг социалистик йўлга чиқиши ҳали эрта, токи саноатни ривожлантирмай туриб, социалистик укладга ўтиб бўлмаслигини юртнинг фидойи фарзанди сифатида ўз вақтида айтган эди. Москва эса, Ф. Хўжаев айтмоқчи, навбатдаги «ҳокимиятни алмаштиришдан иборат янги экспериментига тайёрланарди. Буни И. В. Сталинннг 1923 йил 12 июнда УкРКП(б) миллий жумҳуриятлар ва вилоятлар партия масъул ходимларининг IV йиғилишида сўзлаган нутқидан ҳам билиш мумкин: «Мен бу ўринда маърузачига Бухородаги Нозирлар Кенгашининг таркиби ҳақида савол бердим. Нозирлар Кенгаши — бу Халқ Комиссарлари Совети. У ерда бирорта деҳқон борми? Маърузачи жавоб бермади. Лекин менда шундай маълумотлар борки, Бухоро ҳукуматининг таркибида бирорта деҳқон йўқ… 9 ёки II ҳукумат аъзосидан савдогар бойнинг ўғли, савдогар, зиёли, яна савдогар, мулла зиёли, савдогар — бирорта ҳам деҳқон йўқ… Бу Бухоро ҳукумати сиёсатига тўғридан-тўғри алоқадор принципиал масала. Коммунистлар тепада турган бу ҳокимият билан ҳисоблашадиларми?! Мен фақат иккита муҳим фактга эътиборингизни тортаман… Масъул ўртоқлар ва эски партия аъзолари қўл қўйган хатда айтилишича, Бухоро давлат банки иш бошлаган вақтдан буён хусусий савдогарларга 75 фоиз, деҳқон ва кооперативларга 25 фоиз қарз берган… яна бу совет ҳукумати, халқ ҳукумати аталади. Шуни далиллаб айтиш керакки, Бухоро ҳукумати номи остида иш кўраётганларнинг ҳеч қандай халқ ва совет ҳукуматига алоқадорлиги йўқ!» (И. В. Сталин, Соч., т. 5, с. 331—332). Кейинроқ, 1923 йил 30 июнда чақирилган Бухоро Компартияси МК Пленумида қатор ҳукумат бошлиқларига Сталин айтган айблар қўйилди. Бухоро МКнинг навбатдан ташқари чақирилган сессиясида шу лавозимларга сайланишига ҳуқуқ берган Бухоро Конституциясининг тегишли моддаларига ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинади…
1923 йил 12 июнда «Бухоро масаласига доир» қабул қилинган тарихий қарорни амалга ошириш учун ўлкага РКП(б) МК секретари Я. Е. Рудзутак етиб келади ва у Пленумдаги нутқида юқоридаги даъвони такрорлайди; «Бу ерда меҳнаткашлар оммасининг манфаатларига ҳар доим ҳам риоя қилинмаётганлиги тўғрисида бизда муайян шикоятлар бор… савдогарлар ушбу давлат маблағидан 75 фоиз қарз олганлар, ваҳоланки, кооперация ва деҳқонларга шу маблағнинг 25 фоизи берилган. Бу ҳол партиямиз МКни Бухоро ҳукумати таркибига яқиндан эътибор билан кўз ташлашга мажбур этди, чунки энг кўзга кўринган кишилар устига, масалан, Маориф нозири Фитрат устига қўйилаётган айблар ошкор бўлиб қолди, у маориф ишлари билан шуғулланиш ўрнига тош йўл қуриш билан шуғулланган… Партиямиз МК шуларга асосан, ушбу хулосага келдики, Бухоро ҳукуматининг таркибини соғломлаштирмоқ учун Фитрат, Аминов, Отахўжаев, Сатторхўжаев, Ёқубзодаларни ҳукумат таркибидан чиқариб, Бухородан бадарға қилиш зарур. Партиямиз МК мазкур ўртоқлар ўрнига… деҳқонлар ва ишчилар орасидан етишиб чиққан кишиларни ўз давлат ҳаётининг раҳбарлари қилиб сайлаб қўйса, мақсадга анча мувофиқ бўлади деб ҳисоблайди. РКП(б) МК ушбу таклифларни назарда тутиб, беш ўртоқни чақириб олишга қарор қилди, мен ўйлайманки, бу қарор Бухоро коммунистлари ва Бухоро халқи томонидан тўла равишда маъқулланади, чунки бу масалада бизнинг партиямиз… Бухоро камбағалларининг аҳволини енгиллаштириш истагида шундай иш қилаётир.
Партиямиз МК қардош совет республикалардаги ҳукуматлар таркиби аҳоли кўпчилигининг манфаатларига мувофиқ бўлиши, асосан деҳқонлар ва ишчиларнинг вакиллари ҳукумат таркибига кириши зарур деб ҳисоблайди» (Ўз КП МК ҳузуридаги Партия тарихи институтининг партия архиви, 14-ф, 1-р., 17-д., 1 ва 3 варақлар), Албатта, Фитрат ва бошқалар бўйнига бугина айблар қўйилган эмас, «мансабини суистеъмол қилгани учун», «молиявий характердаги камчиликлари учун» деган айблар ҳам тарихга киритилгани сир эмас. Лекин уларнинг асосий айби бирорта ҳам саноат корхонаси йўқ шаҳарда ишчи ёки деҳқон бўлиб туғилмаганида эдики, буни И. Сталинга ўз вақтида етказиб улгуришганди. Бошқа бир ҳужжатда «Фитрат Россияга чақириб олингани муносабати билан ўрнига Қайғисиз Отабоев тайинлансин» деб ёзилган (ЎзССР МДА, 47-ф., 1-р., 289-д, 71ва 73 варақлар). Сталинчилар ҳукумат раҳбарларини ишдан четлатиш билан чекланмайдилар, улар «савдогарлар, бойлар ва бошқа эзувчи синф вакилларини» сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этган Конституцияни (1923 йил 11 октябрь) қабул қилдиришга эришадилар. «Мамлакатдаги демократик асосдаги сайловлар натижасида IV Умум Бухоро қурултойи ҳукумат аъзолигига 32 деҳқон, 12 ишчи ва 8 ҳунармандни сайладилар, бу Бухоро жумҳуриятида совет ҳокимиятининг тўла ғалабаси эди» (А. И. Ишанов, Создание БНСР, с. 153)
1923—24 йиллар давомида Фитрат Москвадаги шарқ тиллари институти (ҳозирги Осиё ва Африка институти)да ишлайди, Ленинград дорилфунунининг Илмий Кенгаши уни профессорлик унвонига тавсия этади. 1924 йили Фитрат Москвадан ватанига қайтиб келганида Ўрта Осиёда ўтказилган миллий чегараланиш туфайли Бухоро жумҳурияти тугатилган, у Туркистон АССР га қўшиб юборилиб, Ўзбекистон ССР ташкил топган эди.
…Орадан ўн йил ўтгач, Чўлпон бу санага бағишлаб, «Диёрим» номли истеҳзоли шеър ёзган:
Бемаъни тарихни ёндирди инқилоб,Сен қўйган талабни қондирди инқилоб.
Қарғалган кечмишдан тондирди инқилоб…
Титилиб ўқилмас бўлганда тарихинг.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 1-сон