Мен йигирма тўққиз йилдан бери деярли ҳар йили бир марта бир ойлик муддат билан ўзбек шеваларини ўрганиш бўйича илмий экспедицияда бўлиб қайтаман. Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё областларида (уларнинг баъзиларида бир неча марта) бўлдим. Бу жойлардаги ўзбек шеваларини ўрганиш билан бирга шу шевалар вакиллари бўлган халқларнинг этник состави (уруғ-аймоқларга бўлиниши), шажараси, ўтмишда қандай халқлар билан муносабатда бўлганлиги, ҳозирги тил ва этник муҳити, расм-русумлари ва қадимий урф-одатлари, азалий машғулоти, касби-кори, фольклори ҳамда уларнинг моддий ва маънавий ҳаётларининг яна бошқа бирқанча соҳаларига доир кўплаб ажойиб маълумотлар тўпланди, ҳар хил текстлар ёзиб олинди. Шу муносабат билан айрим этнографик адабиётларда (масалан, Ўзбекистонни районлаштириш бўйича эълон қилинган ишларда) ана шу областлардаги аҳолининг этник состави, топонимияси ва тарихига доир янглиш ва хато маълумотларнинг ҳам мавжуд эканлиги маълум бўлди. (Масалан, баъзи уруғларнинг номлари, тарқалиши нотўғри кўрсатилган, топонимлар янглиш талқин қилинган ва ҳоказо).
Ўзбекистоннинг турли районларида олиб борилган кўп йиллик кузатувлар, йиғилган бой ва хилма-хил материаллар одамнинг бир тушунчага бўлган ишонч ва эътиқодини борган сари орттириб боряпти. Бу — халқнинг ўзи тарих, деган тушунчадир. Тўғри, бундай тушунча аввалдан маълум, лекин биз, айниқса, мутасадди илмий жамоатчилик бунга кам эътибор берамиз. Ўзбекистон ва ўзбек халқининг ўтмиш тарихига доир бой фактик материал ҳозир ҳам халқнинг ўзидадир. Тўғри, Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тарихи ҳақида совет олимлари ёзган асарлар, қўлёзма шаклидаги кўплаб ноёб тарихий китоблар, археологик қазишмалар ва этнограф олимларнинг йиққан материаллари ҳамда турли даврларда қурилган тарихий обидалар яхши маълумот беради. Булар ўзбек халқининг ва Ўзбекистоннинг тарихини ёзишда асосий манбалар бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга Ўзбекистон ва ўзбек халқининг мукаммал ва системали тарихини ёзишда тил материаллари ҳам жуда катта аҳамиятга эгадир. Бу борада Ўзбекистон топонимияси (ер, сув, жой номлари)нинг материаллари айниқса қимматли бир манбадир. Топонимларни бекорга «ернинг тили» деб айтмаганлар олимлар. Уларда халқимизнинг ва ўлкамизнинг тарихига доир жуда қадимий ва ноёб маълумотлар бекиниб ётибди. Шунга қарамай, Ўзбекистон топонимиясини илмий жиҳатдан ўрганиш ишига эътибор берилмай келинаётир. Бу соҳада ўз ҳолича иш олиб бораётган айрим ўзбек тилшуносларининг фаолиятлари қўллаб-қувватланмай келинади. Мақола, китоб, диссертация тарзида якунланган илмий ишлар ёки ўзбек шевашунос олимларининг бу соҳадаги тўплаган материаллари ва тадқиқотлари эса, Ўзбекистон тарихи билан шуғулланувчи олимларимиз томонидан ўрганилмаган, умумлаштирилиб ишлаб чиқилмаган, улардан тарих ёзишда фойдаланмай келинмоқда. Ҳатто Ўзбекистонда топонимия билан шуғулланадиган бирор илмий ташкилот ёки бўлимнинг йўқлиги жуда ачинарли бир ҳолдир. Ўзбекистон топонимиясини илмий асосда мукаммал ўрганиш ишини планлаштириш ва уни тўғри ташкил қилиш вазифасини ҳеч бўлмаганда Ўзбекистон Фанлари академиясининг президиуми ўз қўлига олиши керак. Республикамиз ҳаётида юз бераётган иқтисодий, ташкилий-маъмурий ўзгаришлар, хусусан, бир областдан иккинчисига аҳолининг кўчирилаётганлиги, қишлоқлар ва областларнинг йириклашиши, ердан ва экин майдонларидан фойдаланиш ишларини баъзан қайта ташкил этиш ва ҳар хил қурилиш ишлари каби факторлар ер-жой номларининг ўзгариб кетишига, уларнинг бир қисмининг эса тамоман йўқолиб кетишига ҳам таъсир этади. Шулар билан бирга халқимиз ва ўлкамиз тарихининг «кичик-кичик бўлакчалари» ҳам йўқолиб, унутилиб кетади. Биз ҳали шу пайтгача Тошкент, Андижон, Наманган, Марғилон, Фарғона, Ўш, Ўзган, Асака, Бухоро, Термиз каби кўплаб шаҳарларимиз, катта-катта дарё ва кўлларимиз номларининг маъноларини билмаймиз, улар ўрганилиб, тарих китобларига, ўрта ва олий ўқув юртига мўлжалланган дарсликларга киритилиши лозим. Бундай маълумотларнинг Ўзбекистон тарихини бойитишдан ташқари, ёшларимизии ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишида ҳам аҳамияти беқиёсдир.
Халқимиз ва ўлкамиз тарихи учун муҳим бўлган яна бир манба — ўзбек шевалари лексикасида сақланиб, лекин йилдан-йил камайиб бораётган тарихий сўзлардир. Сўз ҳам тарих, у ҳам тарихий обида. Ҳар бир тарихий сўзда халқимиз тарихининг кичик бир «бўлакчаси» ифодаланган бўлади. Республикамизнинг турли регионларида азалий мавжуд бўлиб, сўнг йўқолиб кетган ёки қисман ҳар-ҳар ерда сақланиб қолган қадимий ҳар хил хўжалик соҳалари, турмуш тарзининг бирор соҳаси, расм-русумлар, урф-одатларнинг излари сўзларда сақланиб қолган. Халқимизнинг 70—80 ёшлардаги кекса авлодининг тили, нутқи, сўз бойлиги, сўзлаш услуби билан 18—20 ёшлардаги авлоднинг сўз бойлиги орасида жуда катта фарқ борлиги сезилиб турибди. Мен ҳар сафар экспедицияда бўлганимда бу ҳақиқатга амин бўламан ва отахонларнинг сўэ бойлигини ёзиб олишга ошиқаман. Ўзимнинг ёшим ҳам элликдан ошган бўлишига қарамай, умримда эшитмаган, «тутилмаган» ажойиб сўзларга дуч келаман. Бундай сўзларни ўрганиб, улар ёрдамида шу халқ тарихининг бизга қоронғи бўлган кўп қирраларини билиб, илғаб олиш мумкин. Андижон областида бўлганимда, қўрғонтепалик отахонлар билан кўп суҳбатлашдим. Улар бу ерда азалдан нўхат экилмаслигини, бунинг сабаблари борлигини сўзлаб бердилар. Бу ҳам кичик бир тарих. Бундай маълумотлар Ўзбекистонда, унинг турли область ва районларида қишлоқ хўжалигининг қандай тармоқлари ривожлангани ва аксинча, қайси тармоқлари бўлмаганини, унинг сабабларини аниқлаш учун аҳамиятлидир. Шу хилдаги анъаналарни ҳам халқнинг ўзидан ўрганиш керак. «Ўз ерини ўз халқи билади» деган нақл бор тилимизда.
Бошқа бир мисол: қўрғонтепалик оқсоқоллар ўзларининг аслида Тожикистон Қўрғонтепасидан келганликлари (ўз номлари билан) ҳақида қизиқ тарихий маълумотларни сўзлаб бердилар. Бу ҳам эътиборли факт. Ҳар бир кекса авлод орамиздан кетганида ўзи билан жуда кўплаб ноёб сўзларни ва айни замонда тарихимизга, хўжалигимизга доир кўплаб маълумотларни, жой номларининг маъноларини ҳам абадий олиб кетади. Уларни қайта тўплаш мумкин эмас. Халқимизнинг тарихи, тили ва қадимий маданиятига оид бундай йўқотишлар тез-тез бўлиб турибди. Ахир В. В. Радлов, П. М. Мелиоранский, А. К. Боровков каби улуғ олимлар қўлёзма китобларда археологик обидаларда акс этмай қолган тарихий фактлар халқнинг жонли тилида сақланган бўлиши мумкин деб неча бор айтишган эди-ку.
Ўзбек халқининг этник тузилиши ҳам кўп йиллардан бери конкрет территориялар бўйича атрофлича ўрганилмай келинади. Ўзбек халқининг ва тилининг тарихи, этногенези учун жуда муҳим бўлган масаланинг бу аҳволда қолиши тамомила ачинарли бир ҳолдир. Бу соҳада қилинган ишлар жуда оз бўлиб, қаноатланарли эмас.
Ҳозирги пайтда катта-катта шаҳарларда ва уларга туташ бўлган қишлоқларда уруғ-қабилачилик излари деярли сақланмаган. Уларда тил (шева), маданият жиҳатидан яхлитлашган аҳоли яшайди. Лекин айниқса Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм областларида бундай ҳолга дуч келамиз: катта шаҳарлардан турли томонлар бўйлаб қишлоқларга юрганимиз сари аҳоли ҳар хил уруғларга бўлиниб, этник жиҳатдан парчаланиб боради ва аксинча, узоқ қишлоқлардан йирик шаҳарларга томон юрилса, айниқса катта-катта марказий шаҳарлар ва уларнинг атрофларига келиб, аҳоли этник жиҳатдан бирлашиб, уюшиб яхлитлаша боради ҳамда уруғ-қабилачилик бўйича бўлинишлар ҳам йўқолиб кетган бўлади. Этник тузилиш бўйича бундай хусусиятни қисман бўлса-да, Фарғона водийси районларида, хусусан Андижон областининг чекка (масалан шарқий) районларида ҳам кўриш мумкин. Бу хусусият Ўзбекистондан ташқарида, масалан, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон республикаларида ва Шимолий Афғонистонда тарқалган ўзбеклар орасида ҳам ҳозиргача яхши сақланган. Бу ҳолат ана шу ерлардаги хилма-хил ўзбек уруғларини, уларнинг ҳаётидаги қадимий-анъанавий уруғ-қабилачилик муносабатларининг сақланиш даражасини жуда аниқ ўрганишни тақозо этади. Бунинг учун эса ўша ерларга бориш керак, у ерлардаги ўзбек аҳолисининг кекса авлоди хотираси ва ҳофизасида сақланиб қолган маълумотларни зудлик билан ёзиб олмоқ, ўрганмоқ керак.
Ҳолбуки, ўзбек халқининг этник тарихи ҳақида тарихий, тилшуносликка доир айрим китоб ва мақолаларда, дарсликларда «Ўзбек халқи этник жиҳатдан яхлитланиб бўлган», «уруғ-қабилавий бўлинишлар йўқолиб, улар ўзбек халқи таркибига сингиб кетган» каби нотўғри фикрларни тез-тез учратамиз. Бундай мулоҳазалар бу масалани чуқур ва тўғри ўрганилмаганининг оқибатидир. Этник гуруҳларнинг «сингиб кетиши» барча областларда бир хилда ва бир текисда эмас. Шунингдек, ўзбек халқининг туркий бўлмаган бошқа (эроний, араб) халқлар билан ҳамда мўғул халқи билан бўлган тарихий муносабатлари ва уларнинг ҳозирги этник тузилишдаги кўринишлари ҳам етарлича ишланган эмас. Умуман, этногенез масаласи билан ҳеч ким жиддий шуғулланмаётир. Бир масала ҳам тарих, этнография, тилшунослик, хусусан шевашунослик каби бир неча соҳа олимларининг муштарак иши бўлмоғи керак. Тил материалисиз этногенез масаласини ҳал қилиб бўлмайди.
Шажара ҳам бир тарих. Халқимиз орасида катта ва кичик шажаралар мавжуд. Ҳозир ҳам қишлоқларда уруғ-қабила ва аждодлар шажараларини, уларнинг тарқалиш тарихини яхши биладиган ўқимишли, зукко отахонлар учраб туради. Кичик бир мисол: ўғил — отанинг боласи; невара — боланинг боласи; эвара—неваранинг боласи; чевара— эваранинг боласи; панневара—чеваранинг боласи; кунун невара—пайневаранинг боласи; ёт невара — кунун неваранинг боласи. ёки: «Мен — болам-невара-чевара-эвара-кавара-дувора — томдан итариб юбора» (бегона дегани) каби шажараларда етти авлод, уларнинг кимлиги, қаерларга тарқалганлиги, нуфузи, ижтимоий аҳволи каби маълумотлар ҳам кексалар эсида сақланганлиги каби фактларга дуч келамиз. Бундай маълумотларни тўплаш ва уларни синчиклаб таҳлил этиш ҳам халқимиз ўтмиш тарихини тўғри ёритиш ишига ёрдам беради. Ўзининг аждодлари ва насл-насаби тарихини яхши билиш, уларга содиқ бўлишнинг ҳозирги қайта қуриш пайтида тарбиявий аҳамияти йўқ эмас. Минг афсуски, бундай маълумотлар ҳам халқимиздан йиғиб олинмаган.
Халқимиз ўз тарихида турли-туман кўчиш-кўчирилишларни бошидан кечирган. Ҳар хил сабабларга кўра турли мавзеларда аҳолининг айрим қисмларини қайта жойлаштириш ишлари объектив ва субъектив сабабларга кўра юз бериб турган. Бу хилдаги тарихий маълумотларни яхши биладиган билимдон кексалар халқимиз орасида ҳали бор. Улардан бу хилдаги маълумотларни ҳам кечиктирмай ёзиб олмоқ керак. Чунки бир жойдан иккинчи жойга йирикроқ бир гуруҳ аҳоли кўчиб бориб ўрнашса, ўша жойда улар тил ва бошқа этнографик белгиларга кўра қайта шакллана бошлайди. Бу масала ҳам ўзбек халқининг тарихи, тилининг шаклланиши ва ривожланиш босқичларини аниқлашда эътиборга лойиқ фактлардан биридир.
Маълумки, Ўзбекистонда сунъий суғориш, умуман, суғориш иншоотлари тарихи муҳим масалалардан биридир.
Кичик бир мисол келтирай: Андижон областининг Қўрғонтепа қишлоғидаги бир суҳбатда Маткарим ота Мадраҳимов, Азимбой ота Раҳмонов каби кекса отахонлар бундан бир неча аср 4 муқаддам ер ости ғиштли қувур билан Ўшдан Ақбуғра сувини Қўрғонтепага олиб келиниб, экин суғорилгани тўғрисида жуда мароқли бир тарихни батафсил сўзлаб бердилар. Бундай маълумотларни мен бошқа районларда бўлганимда ҳам бир неча бор эшитганман ва уларни дала дафтаримга ёзиб қўйганман. Бу хилдаги тарихий воқеаларга бағишланган ривоятлар, қадимий мақоллар, қўшиқлар, нақлларнинг халқимиз тилида кўплигини, хилма-хиллигини айтмайсизми? Булар ҳам тарихий фактлар сифатида хизмат қилиши мумкин.
Қўрғонтепалик кекса деҳқон Маткарим отанинг айтишларича, йил (табиат) уч марта янгиланади: қишнинг чилласида, наврўз (баҳор) ойида ва ашур (август) ойида. Бу хил янгиланиш деҳқончиликда ҳисобга олинган. Чунки унинг ерга, деҳқончиликка, инсонга, ҳам таъсири бўлади. «Наврўзда ҳеч нарса олмасанг ҳам бир калиш олиб кий», дейди халқимиз…
Халқ хотирасидаги тарихий маълумотларни тўғридан-тўғри илмий-тарихий китобларга кўчириб ёзиш керак, демоқчи эмасман. Бундай маълумотларни ўрганишнинг илм учун фақат фойда келтириши мумкинлиги ҳақида гапирмоқчиман.
Хуллас, доно халқимиз кўп нарса билади. Унинг ўзидан ўрганиш керак: деҳқончилик, ҳунармандчилик, чорвачилик каби халқ хўжалигининг бошқа кўплаб соҳалари тарихи бўйича ҳам қимматли маълумотлар ҳали халқимизнинг хотирасида сақланиб келади. Булар эмас, ҳатто босмачилик ҳаракати ва Октябрь инқилоби воқеаларига доир китобларимизда мавжуд бўлган хато ва чалкашликларни бартараф этиш, уларга аниқликлар киритиш учун ҳам халқ орасида юриб, унинг ўзидан сўраш лозим бўлади.
Мен Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тарихига доир ўрганиши керак бўлган баъзи қирралар ҳақида қисқа-қисқа тўхталиб ўтдим. Бунинг сабаби халқимизнинг хотирасида «омонат» ҳолда турган тарихий маълумотларни кечиктирмай йиғиб, тўплаб олишга бўлган эҳтиёжнинг ҳозирги қайта қуриш йилларида жуда муҳимлигидир. Юқорида билдирилган мулоҳазалар ва ўзимнинг ўзбек шеваларини ўрганиш бўйича олиб борган ишларим натижаси ўлароқ шундай бир хулосани баён этмоқчиман: ҳозир тарихчи олимларимиз «Ўзбекистон ССР тарихи» деб аталган ўзбек халқи ва Ўзбекиқтоннинг саккиз жилдлик тарихини ёзишга киришдилар.
Лекин, бизнингча, ана шу катта тарихни ёзишдан олдин лоақал икки йил, яъни ҳар йили бир ойдан икки марта (баҳорда ва кузда) бутун Ўзбекистон областларида ва Ўзбекистондан ташқарида тарқалган ўзбеклар орасида комплекс илмий экспедиция уюштиришлари керак. Бундай экспедиция махсус тайёрланган сўроқлик бўйича олиб борилиши ва экспедиция составида академиклар ва мухбир аъзолар, етакчи ва йирик-йирик олимлар: тарихчилар, этнографлар, археологлар, тилшунослар, адабиётшунослар, шоирлар, ёзувчилар, журналистлар, қишлоқ хўжалик ва бошқа муҳим соҳаларнинг мутахассислари албатта уюшган ҳолда иштирок этишлари лозим. Ана шулар икки йил мобайнида, худди яқинда Москвадан уюштирилган Орол экспедициясига ўхшаб, ўзбекларнинг тарқалган территориясини тўлиқ айланиб, ўрганиб чиқишлари ва халқимиздан тўпланган материаллардан тарих ёзишда албатта фойдаланишлари шарт. Чунки 20-йилларнинг бошларида республикани районлаштириш муносабати билан нисбатан шошилинч равишда ўтказилган текширишлардан бу ёғига бундай комплекс экспедиция деярли уюштирилган эмас. Ҳозирги пайтда, назаримизда, шундай илмий экспедицияга бўлган эҳтиёж жуда ҳам сезилиб турибди. Комплекс экспедиция материаллари халқимиз тарихига доир айрим янглиш қарашлар, нуқтаи назарлар ва илмий масалаларга аниқлик киритиш, уларни тўғри ёритиш ишига ҳам шубҳасиз кўмаклашган бўлар эди.
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 3-сон