Болалар, ўсмирлар, катталар ўртасида бўлаётган номаъқулчиликларни эшитиб, гувоҳи бўлиб, нега шундай гуллаб-яшнаган даврда бемаза ишлар кўпаймоқда деб ўйлаб қолдим. Бу савол билан ўзимга ҳам, бошқаларга ҳам қайта-қайта мурожаат этдим, баҳоли қудрат мулоҳаза юритдим.
Мен кўпинча ишимга алоқадор «совершенно секретно» деган хатлар оламан, қарорлар билан танишаман, музокараларда қатнашаман… Надоматлар бўлсинким, болалар орасида бўлаётган ишларни ҳатто сувга ҳам айтиб бўлмайди. Мен бу мақолани катта қозонда қайнаш учун ёзмадим ёки оғизга тушиш учун «зўр билан муштлашмоқчи» ҳам эмасман. Лекин мен оддий бир ўзбек фарзанди сифатида маҳаллам, қишлоғим, республикам, Ватаним болалари, ўсмирлари тақдирига бефарқ қарай олмайман!
Бола деганида биз мурғак қалбни — ҳаёти ножўя ишлардан йироқ, шўхликка ўртоқ, қуралай кўз, тиниб-тинчимас, покиза дилни тушунамиз. Шунинг учун ҳам баъзи яхши одамлар тўғрисида, «Жуда бола феъл-да! Мунча боладай содда бўлмаса!» деб сўзлаймиз.
Ишдан ҳориб келаётган ота дарвозада «Дадажон», деб қучоқ очиб югурган фарзандини кўриб, чарчоғини бутунлай унутиб юборади. Бемор она бошини жажжи дўмбоғи силаб қўйса бас — у сархуш тортиб, оғриқни унутади: ширини билан суҳбатлашишга тушади. Болалар, қандай яхши! Оҳ, қантдек ширин, покиза улар!
Область ижроия комитетида кенгашдан чиқиб ўйланиб қолдим. У ердаги гаплар менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Нега ҳаётимиз кундан-кунга фаровон бўлаётгани сари болалар ўртасида жиноят қилувчилар, унда қатнашувчилар камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда? Нега улар безбет — нафақат бир-бирларига, катталарга ҳам гап қайтарадиган бўлиб боришмоқда? Нима учун дилозорликни касб қилишмоқда?!
Улар орасида ножўя ҳаракатлар, болаликка хос бўлмаган бераҳмлик, қўполлик одат тусига киряпти. Чақалоқликда покизалик рамзи бўлган оҳу кўзлар шумшукона пирпирайди. Подваллардан, чердаклардан қўлларида шприц, оғизларида папиросу каллалари ҳар хил химиявий моддалардан карахт ҳолда топилмоқда. Сабаби нима бунинг? Шундай масалалар биргина ижроия комитетлардагина эмас, кўплаб муассасаларда муҳокама этиляпти: кимлардир ишдан олиниб, кимлардир ишга қўйилмоқда. Болалар учун спорт клублари, иншоотлари қурилмоқда, ишга туширилмоқда. Борингки, боболаримиз орзу қилган тинч осмон, кўм-кўк денгиз, қумлоқ қирғоқ, ёруғ синфхоналар, асфальт кўча, тоғу қирлар, мўл дастурхон болаларнинг инон-ихтиёрида. Хуллас, кўнгил тусаган нарсалар муҳайё, кийимлари ранг-баранг… Нега унда бахтли болаларимиздан баъзилари жиноятчилар рўйхатидан жой олишмоқда? Ажабки, рўйхат кундан-кунга кўпаймоқда. Сабаб? Тўқликка шўхликми?!
Келинг, биргаликда ўйлаб кўрайлик. Бола — бу ҳар бир қарашида қизиқиш, ҳайрат, ҳадик, ҳаракатида такрорийлик, тақлид мавж урган «ноловой» организмдир. Биз катталар эса болалар қилаётган ҳар бир ҳаракат бизларга тақлид эканига эътибор қилмаймиз. Айниқса, «катталар» ниҳоятда иш билан бандмиз, вақтимиз тиғиз. Ҳамиша шошилганимиз-шошилган. Соат миллари бизларга ҳукмдор!
— Замонангга қойил қолдим, — деган эди амаким Инъом бова, — ҳаммангни иш билан калла-патра қилиб ташлади-я! Бир минутгаям шиминг ер искамайдиган бўлиб қолди барингни.
Ҳа, асримиз шошмакор, тезкор. Уйқисираган боламизнинг юзини ювар-ювмас дастурхонга ўтқазамиз. Ним қоронғида гурос-гурос мактабга жўнашади. Шу билан кечгача хайр. Улар чўнтагидаги биз берган чақалар билан ишдан қайтгунимизча кўчада сандирақлаб юришади. Баъзан яхши оила фарзандининг безорилигини эшитиб ёқа ушлаймиз: «Шундай оила фарзанди-я!» деб куюнамиз. Отасининг «қўй оғзидан чўп олмаганини», онасининг мунис-мўтаъбар эканини эслаймиз: «Болаларга нима бўляпти ўзи?»
88 йил болалари… Каттани кичик қилиб қўйган шумшик болалар!
Шанба куни эди. Тушликка чиқдим. Яқинроқ ошхонада тамадди қилиш мақсадида Ленин кўчасидан эски шаҳар томонга секин кетяпман. Сал олдинда бамаъни бир йигит билан қиз кетяпти. Йигит қизнинг елкасидан оҳиста ушлаб олган. Худди кинолардагидек. Ўнг тарафда кўп қаватли уйлар. Чапда область алоқа бўлими жойлашган бино. Йўлнинг икки четида автобус бекатлари. Нарироқда ярмарка. Кичик бозорча. Одамлар ғуж-ғуж, кўча болаларга тўла. Нохосдан қиз қоқилиб кетди. Йигит уни ушлаб қолди. Қиз миннатдорчилик ила йигитни астагина ўпди. Йигит қизнинг сочини силади. Қўл сирғалиб белга тушди. Йигит яна беадабчилик қилди: пастроққа… Болаларнинг кўзи шуларда. Катталар бефарқ ўтиб боришар, Лайли ва Мажнунлар эса бор дунёни унутишгандек ялашиб-юлқашарди.
Кечки пайт ишхонамнинг деразасидан ташқарига қараб турибман: Ленин майдонидан ҳар кунгидек болалар қийқириғи эшитиляпти, болалар ҳайкал атрофида қувлашиб ўйнашмоқда.
Каттароқ қизлар коляскада укаларини тебратишиб ўтиришибди: гоҳ-гоҳо олдиларидан югуриб ўтаётган дўмбоқчаларга пўписа қилишиб, ҳай-ҳайлашади. Ажойиб манзара. Нарироқда эса ёш ўзбек йигит билан қиз кўчага тескари ўгирилиб ўтиришибди. Драмалардагидек. Иккаласи ҳам шаҳарликка ўхшамайди. Йигитнинг сочи қирилган, бошида дўппи. Қизнинг эгнида атлас кўйлак. Дақиқалар сари улар ораси яқинлашиб бормоқда. Хиёл ўтмай гавда бир. Қани энди уларни ажратиб кўр-чи!
Болалар ўйнашмоқда, болалар қийқиришмоқда. Лекин қувлашганда ҳам, сакрашганда ҳам, сирпанишганда ҳам кўзлари — ўша ёқда. Катталар ўтиб боришмоқда. Катталар бефарқ…
Министрликда кенгаш тугагач, «Облремстройтрест»нинг бош инженери машинасида Жиззахга жўнадик. У ўғилчасини ҳам Тошкентга олиб тушган экан. «Пахтакор» стадиони тўғрисидаги боғда тўхтадик. Фавворалар отилиб ётибди. Ёз куни эмасми, уйида диққинафас бўлиб ўтиришни истамаган одамлар болаларини етаклаганча боғда сайр қилиб юришибди. Скамейкаларда-чи?! Скамейкалар банд! Скамейкаларда сочлари ёйиқ, ёйилмаган қизлар, жинси шим кийган йигитлар: бири — қўл силашган, бири — ялашган, баъзиларининг қўллари бир-бирига чамбарак бўлиб кетган. Ҳатто бир қиз узала тушиб ётиб ҳам олибди: бошини йигитнинг болдирига қўйиб олган, хўроз дон чўқилагандек йигит ҳар замонда энгашиб қўяди… Бола билан боғга ҳам киролмайсан. Чорасиз машинага қайтдик.
Худди шу ҳолни трамвайда кўриб, жаҳлим чиққанидан титрай бошладим, миямга оғриқ кирди. Уч йигит ўта маданиятлидек суҳбатлашишар, балоғат ёшидаги эркакча кийинган ўзбек қиз эса… бирининг тиззасига ўтириб олибди. Йигит қўлини унинг қўлтиғидан ўтказиб «қулфлаб» олган: ҳеч нима бўлмагандек суҳбатлашиб кетишяпти. Яна болаларга текин томоша, катталар эса бефарқ кетишяпти.
Оқшом пайти уруш қурбонлари учун қурилган Ғалаба боғида сайр этдим. Хаёлим паришон. Ҳар йилги гул қўйишлар, митинглар кўз ўнгимда намоён бўлади. Тақдир тақозоси билан чет элларда қолиб кетган ўзбекларни ўйлайман: эҳ, уруш бўлмаганида эди!.. Шу пайт ўтлар ораси шитирлайди. Чўчиб қарайман — йигит ва қиз… Уч-тўртта ўроқ кўтарган болалар дарахтлар орасидан мўралаб, пойлаб туришибди. Нариги томонда ўт ортишга мўлжалланган ғалтаклари, велосипедлари…
Бу ҳолни кўриб милиция сержантига арз қилдим.
— Кўзингизни кўр, қулоғингизни кар қилинг! — деди у. — Сизга қонун бор, лекин уларга қонун йўқ. Тағин «туҳматчи» сифатида жазоланиб кетманг!
Аслида, қонун йўқ эмас, қонун бор. Фақат баъзи жойларда ўша қонунларнинг «кўзи кўр, қулоғи кар», холос.
Кўчамиз бурчагида бир уй бўлар эди. Кўпчилик кириб чиқарди. Аёл қадри булғанган бу хонадон маҳалла аҳлининг бошини эгарди. Ҳеч ким тартибга сололмасди. Келганлар калтак еса ҳам, участковой, колхоз раисига айтишса ҳам ярамас ҳол такрорланаверар эди. Уй — отарчилар маркази, бузуқ аёллар маскани эди. Бундай «қўли калталикдан» ўша аёлнинг оғзи катта, тили узун: «Нима дейсан?! —дерди у насиҳат қилганларга. — Бу ихтиёрий нарса!» Маиший бузуқлик билан пул топишни ихтиёрийлик деб оқлаган ўша хонадон энди йўқ. Аммо худди ўшандай маиший бузуқлар болаларга «ўрнак» бўлишмайдими?! Муҳаббатнинг қадри, севгининг қадри шунчалик хор бўладими?.. Ҳайвоний нафсга раъй бериб, инсон фарзанди эканлигини унутган кимсалар эртага мактаб боласининг фарзанд кўрганини эшитиб, уни лаънатлашса ажаб эмас. Юқори синф болалари қуйи синф қизининг орзу-ҳавасини зўрлик ила чилпарчин қилишганини эшитишса, балким улар томоғларига ҳам чанг солишар. Лекин ўзларининг ифлос қилиқлари билан ёшларни жиноятга етаклаётганларини билишармикан?! Ҳаммасини билишади. Ҳаммасини сезишади. Улар ҳаётда ўзларидан бошқа нарсани тан олмайдиган тубанлар, инсон қиёфасидаги маҳлуқлардир!
Бола тарбияси ҳозирги вақтда бир дақиқа ҳам бўшаштирилмайдиган муҳим масаладир. Биз болаларимизга ҳамма нарса беряпмиз-у, лекин яхши тарбия бера олмаяпмиз. Ҳозирги замон боласи оилада, мактабда ва кўчада тарбия топяпти. Демак, ё оилада, ё мактабда, ё кўчада бола тарбиясига путур етмоқда. «Қўзидай» боламиз «бўри»га, покиза қизимиз — енгилтак аёлга айланмоқда.
Микрорайондаги 2-уй олдида стадион қурилди. Ҳар куни болалар гавжум. Футбол ўйнайдилар. Катталар томошабин. Катталар у ёқ-бу ёққа ўтиб туришибди: оғизда папирос, қўлда газета. Деразаларда ҳам томошабинлар… Болалар футбол тепишмоқда-ю, лекин жағлари бир-бирини сўкишдан чарчамайди. Етти маҳаллага шанғиллаб сўкинишмоқда: «Турғун, онангни палон қилай, баққа таша!.. Юра, Юра! Ҳа-я, энангни эшшак!..» Бир инсон йўқки, ҳой болалар, нима деяпсанлар деса! Гол уришса — қарсак чалишади, сўкинишса — жилмайишади, муштлашишса — тескари бурилишиб, ўз ишлари билан банд бўлишади.
Тўйхонадаман. Дарвоза олдида сиполик билан қўл қовуштириб қатор турибмиз. Болалар ҳам кўп. Нарироқда потирлашиб иккитаси муштлашиб қолишди. Катталарга эрмак топилди.
— Ҳасаннинг ўғлини ур! Аҳмаднинг ўғли хом экан-да ҳали…
— Оёғидан ушла, торт-торт! Тишлавол, тишла!
Болада шундай куч, энергия мужассамки, у гўё ҳаво тўлдирилган қўл тўпига ўхшайди. У энергиясини вақтида сарфламаса, касал бўлади. Буни текшириш учун бир профессор 5 ёшлардаги бола ҳаракатини такрорлайди: сакраса — сакрайди, чопса — чопади, бирор нимага тирмашса — тирмашади, бақирса — бақиради. Оқибати… тақлидчи профессор 3,5 соатдан ўтмаёқ ҳушидан кетади. Биз болалардаги бу куч, бу ғайрат, бу энергияга тўғри йўналиш бера олмас эканмиз, тузатилмас хатога йўл қўйган бўламиз!
Оилапарвар ўртоқлар, сиз боадаб бўлганингиз билан кўчада бефарқ бўлсангиз, билингизки, рўй бераётган жиноятларга сиз ҳам шериксиз! Болалар олдида дарс-соатни — маошни кўпайтириш учун жанжал қилаётган, ислоҳотни «ёза-ёз» деб тушунаётган, қўлини белига тираб, бармоғини бигиз қилиб бир-бирларига «заҳар» сочаётган мўътабар ўқитувчилар, олтин медаль билан ўрта мактабни битирган ўқувчингизнинг «қора курси»да ўтирганини кўриб асло ажабланманг. Чунки унинг шундай киши бўлиб «вояга етиши»да сизнинг ҳам ҳиссангиз катта!
— Келинингиз билан бир ёш қиз ҳам туғуруқхонага борган экан. Лекин у фарзанди туғилгач, эртасига болани ташлаб ўзи қочиб кетибди. — Шофёрим Пўлатнинг бу гапи юрагимни пармалайди.
Сабабини қидираман, ўйлайман. «Ҳаёт кечириш енгил бўлгани сари енгилтаклик кўпайиб бормоқда», деб куюнишади кексалар.
Хаёллар, хаёллар… Китоб очганда, телевизор қаршисида, уйда, кўчада ҳам мени хаёллар тарк этмайди. Сабаби нима? Сабаб! Нега?!.
— Болалар билан бир хонада телевизор кўргани уяласан киши, — дейишади катталар.
Кейинги пайтларда инқилобий мавзудаги фильмларни тез-тез кўрсатишмоқда. Ватанпарварлик, қаҳрамонлик ҳақидаги кўрсатувлар ҳам айни муддао, лекин баъзан ўзимизнинг фильмларимиз ҳам чет элга тақлид бўлиб кетяпти. Айниқса, лирик фильм қаҳрамонлари кино тугагунча ҳам каравотдан тушишмайди: ўпишишни-ку боплаб кўрсатишади —аёл эркакнинг сочини силаганча оғзини балиқдай каппа-каппа очиб, ютоққандай бир-бирларига елимланиб қолишади. Илгари бунақа эмас эди, пьесаларимизда ҳам, видеофильмларимизда ҳам «айниш» бошланди.
Идеология фронтимиз сал бўшашар экан, унинг қалқонини бемаъни «ўқлар» тешиб ўтаверади ва болаларимиз, ўсмирларимиз, қариб қуйилмаган кекса бўйдоқларни қони қизийверади. Оқибатини тушунганимизда эса кеч бўлади.
Ҳамма миллатда бўлганидек ўзбек халқида ҳам асрлар мобайнида тўлланган ибратли одатлар жуда кўп: эрта туриб юзингни юв, каттага салом бер, кичикка меҳрибон бўл, дастурхондан молдек туриб кетма, нонни увоғини ҳам кўзингга сурт ва ҳоказо.
Баъзилар ўзбек оилаларида болаларни тоза чегаралаб ташлайди дейишади. Бу нотўғри! Ота-боболаримиз ҳамма нарсанинг оқибатини ўйлашган. Сабр-қаноатни, меҳнатсеварликни, покизаликни, билимли бўлишни тарғиб этишган, ўргатишган. Яхши нарса бўлса душманингдан ўрган, деган мақолга амал қилиш, яхшисини билиб, ёмонини итқитиш лозим.
Нима, биз катталар ёлғиз қолганда аёлга қандай муомала қилишни, ўпишишни билмаймизми?! Бизни «овунтириш» учун, маданий дам олиш учун енгил-елпи кўрсатувларнинг нима кераги бор?! Мабодо боланг иккинчи сменада ўқиса, қани уни назорат қилиб кўр-чи! Икки телевизорли оилалар камми? Умуман, болалар билмайдиган катталарнинг сир-асрори қолмади ҳисоб. Ўзимиз кичкинани катта қилиб қўйяпмиз.
Натижада муҳаббатнинг ширин шароби ўтлар орасида, дарахтлар панасида, машинада, девор тагида, подвалларда, подъездларда, паркларда, чердакларда, парта остида, парта устида, умумий ётоқхоналарда татиб кўриляпти. Қизлар майиб, чақалоқлар увол, йигитлар бошини ушлаган, судхона эшиклари гавжум, бухгалтерлар алимент ўтказишдан чарчашган…
Бир марта муҳаббатнинг ширин шаробини татиган қиз ҳаёни унутиб, кўнгли тусаган эркак билан чинни пиёласини уруштириб кетаверади. Болаларининг бири қора, бири сариқ… Болаларнинг кўз олдида онаси бир кун Ваня амакиси билан чой ичишиб ўтирибди, бошқа куни «дядя Аҳмед» пакет кўтариб келади. Ёмон нарсани ёритиш бефаросатлик — бу сезилмаган тарғиботдир. Бирорта жиноятни очсак, икир-чикиригача матбуотда ёритамиз: энди жиноят қилиш йўлини билмаганлар билишади, билганлар ҳушёрроқ ҳаракатга ўтишади.
Никоҳ узугисиз, ёр-ёрсиз, оқ либосу оқ фотиҳасиз гўшангага кираётганларни ҳаётнинг ўзи жазоламоқда, улар ўз характерларидан топишмоқда. Оқибати — кўнгиллари вайрон, кўзёшлари дарё! Тағин газета ва журналларга ёзишади, «Нима қилай?» деб.
Самарқандда бир қизни кўрдим. Қирқ кокили тақимига тушади. Бошида дўппи, эгнида дўппи рангидаги ҳарир либос. Бу қиз худди эртаклардаги парига ўхшарди. Ёнида турмуш ўртоғи, икки фарзанди. Улар оҳиста юришиб олдимиздан ўтиб кетишди. Ҳаракатлари, кийимлари, сочлари, дўпписи бирам ўзига ярашганки! Ёнидаги болаларини айтмайсизми! Қани, ҳамма қизларимиз ҳам шундай сипо, босиқ, ўзини тута билган бўлса!
Беихтиёр журналда ўқиганларимни эслайман. Кимнидир оти бир йўловчига ёқиб қолади. «Бир минай», — деб сўрайди у. Отга мингач: «Энди олиб бўпсан!» — дейди ва отга қамчи уради. «Шошма, яхшининг боласи, шошма!—деб қичқирганча унинг орқасидан югуради отнинг эгаси. — Гапимга қулоқ сол, майли, от сеники бўла қолсин!» «Хўш, нима дейсан?» дея нопок ўғри отнинг жиловини тортади. «Барака топкур, қилган ишингни, алдов билан отга эришганингни бировга айтма! Бошқаларни бузма!!! Отимдан кечдим!», дейди у.
Ҳа, ўртоқлар, «суд очерк»ларида тарбия кучи бўлмаса, тарбияга путур етадиган бўлса — матбуотларимизда сенсацион материаллар ёритиш керак эмас! Мақсадсиз ёзилган бир жумла ҳам минглаб нохушликларга туртки бўлиши мумкин.
— Оғзингни юм! — дейишади кексалар. — Бола бор, ўйингга машғул бўлиб ўтиргани билан қулоғи шу ёқда. Ҳамма нарсага ақли етади.
Баъзи хонадонларда шунчалик бефарқликки, ётиш-туриш болалар билан бир. Эр-хотинлик ҳам бир хонада! Қоронғи деб ҳирсингизга эрк бериб, ақлингизни йўқотманг!
Умуман, бутун соҳада бўлгани каби газета-журналларда, радио-телевидениеда ҳам ишимизни қайта қуришимиз керак. Олдимизда аниқ мақсад бўлсин, оммани эзгуликка чорласин, етакласин!!!
Ушбу мақолани ўқиган ўртоқ, тоза ношукр, тили аччиқ экан-да, дейиши мумкин. Начора, виждоним буюргани шу — дилимдаги дардим тилимга чиқди, холос. Тилимдагини қоғозда кўряпсиз. Кимга қандай таъсир қилади — ўзларига ҳавола. Мен асло ҳамма болалар расво бўлиб кетишяпти демоқчи эмасман. Лекин кейинги йилларда болалар ўртасида ҳам «салбий ҳолатлар» кўзга ташлана бошлади. Ёмондан яхши чиқди деб суйинма, яхшидан ёмон чиқди деб куйингин. Ҳаётда яхши болалар жуда кўп.
Мақсадимиз — болаларимиз, меваларимиз тоза бўлсин, пок бўлсин, келажакка боп бўлсин!!!
“Ёшлик” журнали, 1988 йил, 2-сон