Нодира Рашидова. Усмон Носир: “Мен ҳаётга қайтишим керак…” (1988)

http://ziyouz.com/images/uz/usmon_nosir2.jpg1956 йил сентябрь ойининг охирларида Масодиқова Холамбиби номига хат келди.

«Гражданка Масодиқова Холамбибига!

Сизга шуни маълум қиламанки, ўғлингиз Носиров Усмоннинг иши текшириб чиқилди.

Ўғлингиз асоссиз ҳукм қилинганлиги аниқланди.

Аризангиз ҳамда Носиров Усмоннинг жиноят иши, 1956 йил 3 сентябрь куни ўтказилган текширув материаллари асосида аввалги ҳукмни бекор қилиш ва ўғлингизни батамом оқлаш учун Бош Ҳарбий Прокурор номига (Москва шаҳрига) жўнатилди.

Карор ҳақида Бош Ҳарбий Прокурор сизга маълум қилади.

ТуркВО Прокурорининг ўринбосари, юстиция подполковниги (имзо)

М. ПАСТУШЕНКО»

Холамбибининг кўп йиллар зардобга тўлиб ётган юрагида умид учқуни пайдо бўлди: «У тирик!» Бу учқунни октябрь ойининг бошида Москвадан келган бошқа бир хат яна алангалатди.

 

Сизга маълум қиламанки, аризангиз Бош Ҳарбий Прокуратура томонндан ҳал қилинди.

 

Ўғлингиз Носиров Усмонга тегишли жиноий иш қайта кўриб чиқиш учун Олий Судга жўнатилди.

 

Натижа Суд томонидан Сизга маълум қилинади.

ГВП бўлимининг Ҳарбий Прокурори, Юстиция подполковниги (Имзо)

ПРОШКО

«Демак, Усмонхон тирик. Биронта хатда унинг вафоти ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ, ахир! Холамбиби бу гапларни товуш чиқариб айтишга қўрқар, гўё бу сўзлар айтилса, умиди барбод бўлиши мумкиндек, шу умид онанинг ҳаётига бир оз бўлса-да, нур олиб киргандек эди.

Бироқ, 1957 йилнинг апрель ойида келган хат… уни қулатди.

СССР Олий Судининг Ҳарбий коллегиясидан

1956 й. 30 март

СПРАВКА

Ҳибсга олингунга қадар ёзувчи-шоир бўлган Носиров Усмоннинг айбланиш тўғрисидаги жиноий иши СССР Олий Судининг Ҳарбий коллегияси томонидан 1957 йил 21 мартда қайта кўриб чиқилди.

 

1938 йилнинг 5 октябрида Ҳарбий Коллегия томонидан Носиров Усмонга тегишли иш юзасидаи чиқарилган ҳукм вужудга келган янги вазиятларга кўра, бекор қилинди ва жиноят состави йўқлиги туфайли жиноий ишнинг кўрилиши тўхтатилди.

 

Носиров У. вафотидан сўнг оқланди.

СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси Судловчи ҳайъатнниг раиси, Юстиция полковниги (Имзо)

КОСТРОМИН.

«Вафотидан сўнг». Оппоқ қоғозга қора сиёҳда ёзилган бу совуқ сўзлар онанинг қалбини бир зумда чил-чил қилдирди.

1937 йилнинг қуюни унинг бағридан бирйўла уч фарзандини: Усмонни, куёви Ўзбекистон Компартияси Марказқўмнинг секретари Нуриддин Ўлмасбоевни, 23 ёшида вафот этган қизи Равзахонни юлиб кетди. Лекин биргина илинж — Усмоннинг тириклигига бўлган ишонч онага дармон, далда эди. Хат бу ишончни ҳам тилка-пора қилди.

Холамбиби ётиб қолди. Ўша йили ёз ойларида бир куни ҳовлига озғиндан келган, новча одам кириб келди. Она уни дарров таниди: бу Усмоннинг дўстларидан бири Иброҳим Назир эди. У Холамбиби билан анча суҳбатлашди. Меҳмон кетганидан сўнг она ўртаниб қолди.

«Усмон оғир дардга мубтало бўлди; унинг совуқ урган қўл-оёқларини кесиб ташлашди, цинга касалидан тишлари тўкилиб кетди… бир бурда нон ейишга зор бўлиб, Магаданда 1952 йили вафот этди…» деб айтди Иброҳим Назир.

Унинг гапларини кейинчалик Тожиҳон Шодиева ҳам тасдиқлади.

Она учун умиднинг охирги учқуни ҳам сўнди. «Усмон йўқ!» Бу хаёл уни чаёндек чақарди.

Ўша суҳбатлардан сўнг ранги янада синиққан, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолган она ҳасратини менга, ёш қизалоққа тўкарди:

«Усмонни олиб кетишганига уч-тўрт ойча бўлган эди. Тоғанг қамоқхонадан хат чиқариб, Иброҳим Назир ва Мадамин Давронларда пальто билан этиги борлигини айтиб, шу нарсаларни етказишни сўрабди. Мен аянг (Роҳатхон) билан қўшни қиз Дилбарни Арпапоя маҳалласига юбордим. Мадамин Давроннинг синглиси уларни қаршилаб олибди-да, Иброҳимнинг эшигини тақиллатиб қизлар келганлигини айтибди. Шунда Иброҳим эшикни қия очиб туриб: «Мен халқ душманнинг синглиси билан гаплашмайман!» деб пальтони итқитибди ва шошиб эшигини беркитиб олибди. Роҳатой уйга йиғлаб-йиғлаб қайтди. Эртаси куни Мадаминнинг синглиси бизникига келиб, Иброҳимни кечаси олиб кетишганлигини айтди. Мана, Иброҳим ҳам эсон-омон қайтибди. Тоғанг эса йўқ…»

Ўша кезларда Холамбибига Ўзбекистон Ёзувчилар союзидан у ерда 1957 йил 2 июлда бўлиб ўтган мажлиснинг қароридан кўчирма олиб келишди. Унда Усмон Носирни Ёзувчилар союзи аъзолигига тиклаш ва унинг онаси Масодиқова Холамбибига 6 минг (янги пул билан 600) сўм маблағ ажратиб берилиши тўғрисидаги масалалар кўрилган эди.

Кўп ўтмай Холамбибининг қўлига пул келтириб беришди. Ҳайкалдек қотиб ўтирган она қўлидаги бир даста пулга қараб йиғлаб юборди. Чунки…

Усмон ҳеч ёлғиз юрмасди. Уйга ҳам ҳеч қачон ёлғиз кириб келмасди; ёнида ҳамиша дўстлари, ўртоқлари бўларди. Кунларнинг бирида у беш-олтита ўртоқларини меҳмонга олиб келади. Она ўчоқ бошида овқат тайёрлаш билан овора бўлади… Бир пайт Усмон ташқарига чиқиб, онасига қўшнидан қарз олиб бўлса-да, дўстларига сигарета топиб келтиришни илтимос қилади. Яқинда Қўқондан кўчиб келган Носир ота ҳали ишга жойлашмагани сабабли. оилада етишмовчилик бўлса ҳам, Холамбиби қўни-қўшнилардан биронта нарса сўрагани тортинарди. Она ўғлига аҳволни тушунтиради. Шунда Усмон: «Ая, ҳеч уялма, қарз узиладиган нарса. Ҳали вақт келадики, менинг ўлигим ҳам сени боқади!» дейди. Ўша куни бу воқеадан воқиф  бўлган Носир ота Холамбибининг қўлидаги биттагина узугини бир халта сигаретага алмаштириб, Усмоннинг ўртоқларига киритиб юборган экан. Шуларни эслаб она юраги вайрон бўлди.

«Бу пулларни энди нима қиламан?!» деб менга тикилиб қолган бувимнинг ёш тўла кўзлари ҳамон дилимни ўртайди.

Холамбибининг аҳволи тобора оғирлаша борди. 85 ёшлик Носир ота ҳамон давлат ишида бўлиб, Сирдарёдаги қамиш заводида директорлик қиларди, Тошкентга бир ҳафтада бир марта келиб кетарди. Мен хаста бувимнинг ёнида кўпроқ бўлишга ҳаракат қилардим. Уни ҳеч ёлғиз қолдиргим келмасди. Унинг ўша кезларда юрагидан отилиб чиққан аламлари, ҳасратлари қалбимга ўрнашиб қолган…

1936 йилнинг баҳори. Усмон Тошкентдан Қўқонга келиб Носир отага ўзининг дўсти Нуриддин Ўлмасбоевга катта синглиси Равзахонни турмушга бериш нияти борлигини айтади. Ота розилик беради. Тўйни ўтказиб Усмон Равзахонни Тошкентга кўчириб келади. Бир оз вақт ўтгач, Усмон Қўқондан бутун оиласини Тошкентга кўчириб келиш ниятида яна Қўқонга бориб: «Энди ҳаммамиз бир жойда бўлайлик», деб отасини кўндиради. 1937 йилнинг баҳорида Усмон оила аъзоларини Тошкентга, Чақар маҳалласидаги бир қариндошиникига олиб келади. Икки ойлар дўсти Нодирбек топган шу маҳалладаги Йўлдош қассоб деган кишининг уйида ижарада турадилар. Носир ота ҳовли ахтариш билан шуғулланади. Шу кезларда Усмон бир куни уйга маст бўлиб қайтди. Уни ўртоқлари — артист Муҳсин Ҳамидов билан шоир Юсуфжон Ҳамдам олиб келишган эди. Усмон онасига: «Бугун мени ёзувчиликдан ўчиришди,— деб айтди.— Нимагалигини ўзим ҳам билмайман». Она шўрлик ўғли миллатчиликда айбланиб, Ёзувчилар союзида «иши» муҳокама бўлганини билмасди. Усмонга раҳбарлардан бири: «Айбингни бўйнингга ол, кейин гуноҳинг енгиллашади. Мен сенинг тарафингни олиб, оқлаб чиқаман. Эгилган бошни қилич кесмайди, ахир!» деб авраганини ўз қулоғи билан эшитган киши ҳозир ҳаёт, лекин илтимосига кўра, унинг исми-шарифини келтирмадик… Усмон унга ишонди. Ўша мажлисда Усмонни роса талайдилар…

Шундай қилиб, энди 24 баҳорни қаршилаган шоирнинг қанотини синдирадилар. Дарвоқе, мажлис охирида «айбланувчи»нинг ўзига, шоир Усмон Носирга сўз берилади. У ҳалиги раҳбар «айтганини» қилиб, айбини бўйнига олади. Лекин қайси айбини?! Ўзи ҳам билмасди… Ўша «маслаҳатчи» дик этиб ўрнидан турадию: «Ана, кўрдингизми, у айбини бўйнига оляпти! Унга орамизда ўрин йўқ. Союздан ўчирилсин деганлар қўл кўтарсин!» дейди… Бу эртакка ўхшайди. Ўшанда Усмон зоғлар орасида қолган булбулга ўхшарди.

Бир неча кундан кейин Усмон Носирнинг уйига эрталаб бир киши кириб келди. Ўзини НКВД ходими ўртоқ Мансуров деб таништирди. У китоб-қоғозларни тинтув қилди. Узоқ тинтув қилди. Усмон деразанинг тепа тоқисига икки қўлини тираганча индамай турарди. Ногаҳон эшикдан йиғлаб кириб келаётган синглиси Равзахонга кўзи тушади. «Синглингиз ўлсин, ака! Мени нима учун бу ерларга олиб келгандингиз, акажон…» деб бўзлар эди у. «Розочка… Розочка, йиғлама, синглим!» дейди жовдираб Усмон ва синглисини бағрига босади. Пешонасидан ўпади. Равзахон акасининг бағрида ҳушидан кетади. Усмонга хонадан чиқишга рухсат йўқлиги учун Равзахонни унинг қўлидан олиб ҳовлининг нариги бетидаги уйга киритадилар. Тинтув тугагач, Мансуров Усмонни олдига солиб ташқарига чиқади. Усмон ҳовлида турган отаси ва Қўқондан улардан хабар олгани келган амакиси Ибоджон билан қучоқлашиб хайрлашади, сингилларининг пешонасидан ўпади. Қўшни хонада ҳамон ҳушидан кетиб ётган синглиси Равзахонга кўз қирини ташлайди-да, Мансуров кетидан кўча эшик томон юради. Изидан: «Усмонжон, болам, аянг ўлсин!.. Бизни ўзинг кимларга ташлаб кетяпсан?!» деб фарёд қилаётган онаси томон қайрилиб: «Ўлсанг ўлавер!..» деб чиқиб кетади. Онанинг фарёди бўғзида қолади… Шунчалар «бемеҳр» ўғлининг кетидан чиқиш ё чиқмаслигини билмай жойида тахта қотади. Биров шу зум унинг юрагини муздай сувга ботириб олгандай бўлади. Кўзидан селдай оқиб келаётган ёши бир зумда қурийди. Онанинг кўз ўнгида Усмон сиймоси қўлидаги оппоқ кепкасини ғижимлаган кўйи бир умр муҳрланиб қолди…

1936 йил июль ойининг жазирама куни она юрагини роппа-роса 20 йил куйдирди. «Ўлсанг ўлавер!..» деган сўзлар ўша дамда она юрагига ништардек санчилган эди. Усмон бу даҳшатли сўзларни онасининг қалбини асраб қолиш учун атайлаб айтганини ҳеч ким билмасди, албатта. Она буни кўп йиллар ўтгандан кейин ич-ичидан ҳис этди.

Усмоннинг изи ўчди… У билан бирга оила ҳаётидан шодлигу бахтиёрлик, тинчлик кетди. Фақатгина бир нарса қолди — ўзаро аҳиллик, ўзаро тотувлик.

Оила ниҳоятда оғир аҳволда яшай бошлади. Носир отага «халқ душмани»нинг отаси бўлгани учун ҳеч қаерда иш йўқ, қизлари Роҳатхон, Инобатхонларга ҳатто мактабларнинг эшиклари берк, Равзахон яна ота-онаси хонадонига қайтган. Унинг турмуш ўртоғи Нуриддин Ўлмасбоев Акмал Икромовнинг сафдоши сифатида қамалган. Носир отага: «Усмон сизга ўгай ўғил, ундан ариза орқали воз кечинг. Сиз инқилоб учун кўп хизмат қилган одамсиз. Ҳукумат сизни қўллаб-қувватлайди, иш беради», деб маслаҳат берувчилар кўп бўлди. Лекин Носир ота ўғлининг номини сотмади, унинг бегуноҳлигига умрининг охиригача ишонди. Ўғли билан, унинг ҳалоллиги билан ҳамиша фахрланди. Ҳатто ўша оғир йилларда ҳам Усмоннинг номини ҳимоя қилди. Оила эса оч-наҳор яшар эди. Носир ота қизлари билан Тошкент қамоқхонасига бот-бот озиқ-овқат, кийим-кечак киритиб туриши керак эди. Бири Усмонга ва яна бири куёви Нуриддин Ўлмасбоевга. Ана шундай оғир кунларда она уйдаги жамики қоғоз-китобларни йиғиб қопга солади-да, пистафурушга топширади. Бу қоғозлар Усмон Носировнинг ҳали газета, журнал, китоб саҳифаларини кўришга улгурмаган қўлёзмалари эди… Икки йил муқаддам, 1935 йилда ёзилган «Нил ва Рим» шеърида Усмон Носир шундай деган эди:

Ўлим яхши, одам агар шундай хор бўлса!
Бир парча нон нима ўзи! Шунга зор бўлса!

Биз ночорлик ва қўрқувни ҳозир унчалик ҳис этолмаймиз. Лекин ўша пайтларда одамларни ғафлат чирмаб олган эди.

1944 йилнинг март ойида Фаррух Аҳмадий исмли киши (у сургундан қайтгач, Муқимий номидаги музикали драма театрида қоровул бўлиб ишлаган) Усмоннинг Сибирдан ёзган хатини синглиси Роҳатхонга етказади. Хатда: «Синглим Роҳатхон! Эшитдим, Ўткир Рашид билан турмуш қилибсизлар. Жуда хурсанд бўлдим (бу никоҳ Усмон Носирнинг васияти эди — Н. Р.). Бахтли бўлинглар. Тошкентга, Ёзувчилар союзига «В. И. Ленин», «Шаҳло» деган поэмаларимни юбордим. Наҳотки, бутун Ўзбекистонда мени бу ерлардан олиб кетадиган биронта дўст, ёру биродар топилмаса?.. Тошкентга борсам, умрим қамоқда ўтса ҳам майли эди… Союзга аям илтимос билан борсин. Менинг гуноҳим йўқ. Жоним синглим, хатни ўқигач ёқиб юбор!» дейилган эди.

Барча ҳаракатлар наф бермади. Бир оз ўтгач, «Ёзувчилар союзига Усмондан пакет келибди. Унда «В. И. Ленин» ва «Шаҳло» поэмалари бор экан», деган хабар тарқалди. Холамбиби ўша йиллари Ёзувчилар союзининг раҳбарларидан бўлмиш кишининг ҳузурига боради. Ўғли Усмон Носирни Тошкентга келтирилиши учун ёрдам беришларини илтимос қилади, ўғлининг ўз қўли билан ёзган поэмаларини кўрмоқчи бўлади. Онага ўғлидан келган хату қўлёзмаларни кўрсатиш у ёқда турсин, «Халқ душманининг онаси билан гаплашиладиган гап йўқ!» деб кабинетдан чиқариб юборишади. Она кўча эшигигача зўрға етиб келиб, остонага беҳол ўтириб қолади. Унинг ёнига юзида киноя аралаш табассум билан Темир Фаттоҳ келиб сўрашади; ўзини гўё авваллари онани ҳеч танимагандай тутади. Холамбибининг даргоҳи Қўқонда ҳам, Тошкентда ҳам Усмоннинг дўстлари учун ҳамиша очиқ эди. Энди эса… Она дили вайрон бўлди. Ўша дамда Холамбиби шу Темир Фаттоҳ, Носир ота Усмондан воз кечган дўстларини бир куни койигани учун, матбуот саҳифасида бу оиладан кейин аламини олажагини билмаган эди. («Совет Ўзбекистони» газетаси, 1967 йил 24 сентябрь).

Бугунги кунда ўша воқеани Холамбибининг қизи Роҳатхон яхши эслайди. Ўшанда у онасининг ёнида эди. Онанинг қалби илк бор фарёд қилади ва биринчи бор нафратга тўлиб, қарғиш ёғдиради…

Орадан кўп ўтмай она Ёзувчилар союзининг раиси Ҳамид Олимжон автомобиль ҳалокатида фожиали вафот этди деган хабарни эшитади ва Усмоннинг қўлёзмалари тақдирини билишдан умидини узади.

* * *

Аждарҳога ўхшаш 1937 йил элнинг кўпгина асл фарзандлари қатори ҳали 25 ёшга тўлмаган Усмон Носирни ҳам ютди. Уни ўзбек халқининг бағридан туҳмат, ҳасад, маломатлар юлиб кетди. Хўш, навқирон, сурур осмонида парвоз қилиб юрган шоир қандай қилиб бирдан «халқ душмани» тамғасини олди?! Ўйлаб ўйга етиш қийин. Ўша даҳшатли, ажал ёғдирган йиллар ва воқеаларнинг гувоҳи бўлган, вақти келса иштирокчисига айланган кишилар бугунги кунда ҳаёт. Ўйлаб ўйга етолмайсан… Ахир ўшаларнинг кўпчилиги майда шахсий манфаатларини кўзлаб халқнинг бойлигига, бисотига чанг солганлар-ку! Халқнинг маънавий дунёсини поймол қилганлар-ку!

Мана шундай ўй-хаёллар менинг хотирамга Уйғуннинг улуғ шоиримиз Ҳамзага бағишланган тўрт мисрасини михлаб қўйди.

Уни ўлдирганлар билмади:
Мумкин эмас уни ўлдирмоқ!
У-чи кўрки бўлиб шеьриятнинг,
Ўтирибди қўр тўкиб тўрда…

Ҳа, фақатгина 24 ёшгача ижод қилган Усмон Носир ҳам бугунги шеъриятимизнинг «тўрида қўр тўкиб ўтирибди». У орадан жуда эрта кетди. Лекин ўзбек халқининг қалбига учқун ташлаб ўтди. Шунинг учун ҳам Усмон Носирни бахтли инсон деб айтиш мумкин. Ҳозир қайси ўзбек шоирининг тўпламини қўлга олманг унда албатта Усмон Носирга бағишланган шеър ўқийсиз. Демак, шоир барҳаёт! Демак, у ўлмаган!

Усмон Носир табиатан жуда хушчақчақ, бағри кенг, қўли очиқ йигит эди. У билан бир суҳбатда бўлган одам албатта дўстлашишга интиларкан. Қавм-қариндошлар ҳам Усмонни жуда ҳурмат қилишарди. У барчага баробар меҳрибон эди.

Нақл қилишларича, Усмоннинг ўгай амакиси Абдураҳмон Масодиқов жуда қаттиққўл бўлиб, унга кўп озор бераркан. Носир ота босмачиларга қарши курашиб юргани учун Қўқонга аҳён-аҳёнда келарди. Агар Усмон уйда бўлмаса, уни кўргани ўша куниёқ интернатга бораркан. Мана шундай кунлардан бирида Намангандан келган Носир ота Холамбибига ош дамлатиб, извошга қизлари Роҳатхон ва Инобатхонларни ўтқазиб, Усмон ўқиётган интернатга боради. Интернатда кўпроқ етим-есирлар ўқир эдилар. Усмон эса бу ерга бошқа сабабга кўра тушади: Носир отанинг укаси Ибоджон Усмонда ёшлигидан китобга, ўқишга бўлган интилишни сезади ва унинг бу хислатини ардоқлайди. Бир куни у мактабга бормай кўчада болалар билан ёнғоқ ўйнаб юрган Усмонни кўриб астойдил ранжийди ва акаси Носир ота билан уни интернатга бериш масаласи юзасидан маслаҳатлашади, интернат унинг тарбиясига ижобий таъсир қилишини айтади… Шундай қилиб, қизлари билан бирга кўргани келган Носир ота Усмонни қоронғи хонада дарс қилаётганини кўриб, юраги ачишади. Шундан сўнг Усмоннинг ўқитувчисидан рухсат сўраб, уни уйига олиб кетмоқчи бўлади. Хуллас, у имкони борича кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди. Аммо унинг акаси Абдураҳмон ака Усмонни кўп койир эди. Балки ўша аламлар оқибатида Усмоннинг қуйидаги сатрлари яратилгандир:

Отам ўлди, мен сарсон бўлдим,
Шум етим, деб сўкдилар мени.
Ажаб кунга мубтало бўлдим,
Кўчаларга қувдилар мени…
Ўша кун дилимда ҳаёт
(Оғир ғамни унутиб бўлмас!)
Тур! — дедилар,— тур, етимча зот!
Иложим йўқ, тураман бирпас.

Кўп йиллар ўтиб, Абдураҳмон ота 1966 йили 101 ёшида вафот этгач, унинг ёстиғи қатидан икки дона сурат чиқади. Бири 1943 йили фронтда ҳалок бўлган ўғли Алижонники, бири эса Усмонники эди…

Яна нақл қилишларича, 1932 йили Усмоннинг амакиси Мансуржон Масодиқов қиз кўради. Ўша кезда Усмон Носир «Норбўта» достони устида ишлаётган экан. Хабарни эшитган Усмон ҳовлига чиқибди-да: «Қизнинг оти Сарвар! Сарвар бўлсин! Агар ўғил бўлганида Норбўта қўярдим!», деган экан ҳаяжонланиб.

Қўқондаги катта ҳовлидан кичкинагина ариқ оқиб ўтарди. Усмон беш-олти ёшлар чамасидаги кенжа синглиси Инобатхонни ариққа — сув оқимига тескари қилиб ўтқазиб қўярканда, ўзи ҳаҳолаб, завқланиб, шимининг почасини тиззасигача қайириб олиб томоша қилишни яхши кўраркан. Синглиси эса «тўғон» бўлиб ариқдаги сувни тошириб юбораркан. Ҳовлини сув босаркан…

Равзахон турмушга узатилган кезлари Усмон Арпапоя маҳалласида  Мутахассислар уйида шоир Уйғунга тегишли квартиранинг бир хонасида яшар эди. Қўқондан тўйга келган қариндошларига у шу хонадонда зиёфат беради. Ўша кунни ҳозир ҳам қариндош-уруғлари кўп эслайдилар.

«Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Эшикда оқ дока рўмоллар ёпиниб кириб келаётган аёлларни кутиб олаётган Усмонхон биз билан келган отинларга қараб: «Кулбамизга худонинг хотинлари ташриф буюрибдилар, қани, қани, марҳамат!» деб ҳазил-ҳузул қилганини ҳеч унутолмайман», дейди кўзёшини артар экан Ҳошияхон ая (у фронтда ҳалок бўлган Ибоджон тоғамнинг беваси).

Усмон Носир шундай эди.

Мана шундай хотиралар, мана шундай ўй-хаёллар мени ёшлигимдан Усмон Носирнинг изларини ахтаришга ундади. Онгим билан унинг вафот этганлигига ишонсам ҳамки, қалбим бу фожиани ҳеч қабул қилишни истамасди. Назаримда, гўё у тирик ва мен уни албатта топиш имкониятига эгадек туюларди. 1968 йилда Магадан ички ишлар бошқармасига хат ёздим; мен тоғам ҳақида маълумотлару унинг қўлёзмаларини излаётганимни айтдим. У ердан келган жавоб хатда: «Усмон Носиров 1941 йилнинг охирларида Кемерово областига кўчирилган. Унинг кейинги тақдири ҳақида маълумотларга эга эмасмиз», деб ёзилган эди. 1969 йили Кемерово ички ишлар бошқармасидан келган хатдан эса мен Усмон Носиров Маринск шаҳри яқинида 1944 йилгача, яъни вафотигача истиқомат қилганини билдим. Юрагимда ғулғула пайдо бўлди. Қайси сана тўғри? Қайси бирига ишониш керак? Кимга ишонай? Ўша ерларда қамоқ муддатини ўтаб келган Иброҳим Назир, Тожихон Шодиева ва кўпгина бошқа гувоҳларгами ёки бу хатларгами? Кўп йиллар шу муаммо мени қийнади.

Ва ниҳоят, Ўзбекистон Ёзувчилар союзи раҳбарларининг кўмагида мен Усмон Носирнинг қабрини излаб кетдим. Қабристонни топдим. Кемерово область ички ишлар бошқармаси архивида сақланаётган Носиров Усмонга тегишли «дело»дан Ўзбекистон Ёзувчилар союзи номига берилган справкани олиб келдим:

Ўзбекистон Ёзувчилар союзи правлениеси секретарининг ёрдамчиси ўртоқ Ҳ. Шайховга

Сизнинг Носиров Усмон ҳақидаги сўроқ хатингиз бўйича шуни маълум қиламанки, Носиров У. Кемерово областининг маҳбуслар учун ажратилган жойларига 1943 йилнинг бошида келтирилган.

У узлуксиз равишда касалхонанинг оғир аҳволдаги касаллар бўлимида бўлган. 1944 йилнинг март ойида вафот этган.

Уни билган ва даволаган медицина ходимлари областда яшамайдилар.

Носиров Усмон 1944 йилда Кемерово область, Маринск районининг Суслово қишлоғидаги қабристонга дафн этилган.

Кемерово области Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи (Имзо)

Л. В. ПРОСИН

Ўша муаммо бирибир муаммолигича қолди: миш-мишлар тўғрими ёки давлат ҳужжатларими?

Юрагимни ҳамон гумон кемирарди. Балки бошқа «Носиров Усмон»дир? Шу сабабдан биз шоира Мукаррама Муродова билан биргаликда Кемерово область Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи генерал В. И. Руньшиков билан учрашдик. Унинг ёрдамида яна бир бора архив билан танишдик. Ҳужжатлардаги: «Носиров Усмон, шоир-ёзувчи, 1912 йили Наманганда туғилган», деган ёзувлар гумонимизни тарқатди.

Гумонимиз тарқалди, лекин кўнглимиздаги ғубор барибир тарқалмади. Мени ҳамон битта жумбоқ қийнайди: хўш, Усмон Носир ўлимига айнан кимлар айбдор? Айбдорларнинг номлари бордир, ахир?! Ахир ҳамма фожиаларни «шахсга сиғиниш» деган мавҳум атама остига кўмиб юбориб бўлмайди-ку!

Ўзбекистон ССР Давлат Хавфсизлиги комитетининг раисига, Ўзбекистон ССР Олий судининг раисига Усмон Носир «дело»си билан танишишга рухсат беришларини сўраб қайта-қайта мурожаат этдик. Лекин илтимосларимиз оқибатсиз қолдирилди. Нега?.. Эҳтимол, шоир номини ёмонотлиққа чиқаришга «улуш» қўшган баъзи бир «адабиёт корчалонлари» Усмон Носир «делоси» ошкор этилишига қаршилик қилишаётгандир? Балки улар тарихимиздаги «оқ доғлар» ювилишидан манфаатдор эмасдир?..

«Афлотун менинг дўстим, лекин Ҳақиқат менга қадрлироқдир», деган эди улуғ алломалардан бири. Ўйлаймизки, Усмон Носир «дело»сини архивда сақлаётган ташкилот мутасаддилари ошкоралик насими эсаётган ушбу кунларда мардонаворлик билан Ҳақиқат томон юз бурадилар. Чунки ҳозирги ёшлар, айниқса, адабиётимизнинг кенжа авлоди ҳақиқатни билишлари шарт.

 

ЭСЛАТМА

Қуйида Усмон Носир қамоқдан И. В. Сталинга йўллаган мактуб эълон қилинмоқда. Мактуб ҳозирча шоирнинг ошкор этилмаган шахсий делосидан олинди.

ВКП(б) МКнинг секретари Иосиф Виссарионович Сталинга шоир Усмон Носирдан

АРИЗА

Мен халқ душманларининг бўҳтонига учрадим.

Душманларнинг миш-мишига қараганда, гўё мен Сизни ҳақорат қилганмишман, пессимистик (тушкунлик) руҳида шеърлар ёзган эмишман. 1937 йили (14 июль куни) ЎзССР НКВД томонидан ҳибсга олиндим. Тергов алдов усулларини қўллаб, менинг тажрибасизлигимдан фойдаланиб ёлғон айбномага мени иқрор этиш йўлини тутди.

1936 йилнинг 5 октябрида мен Ҳарбий коллегиянинг кўчма учлиги олдида менга қўйилган ёлғон айбномани батамом рад этдим. Лекин коллегия Ёзувчилар союзининг собиқ раҳбари томонидан суд бошланиши арафасида бўйнимга қўйилган бошдан-оёқ бўҳтондан иборат кўргазмага асосланиб, барча айбномаларни инкор этишимга қарамай, айблаш учун ҳеч қандай фактик материал бўлмаса ҳам ЎзССР ЖКнинг 67, 64—14 моддалари бўйича камина 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Жумладан, мени 5 йил сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этишди.

Бу қарор, бу ҳукм адолатсиздир.

Мен 1912 йили туғилганман, болалар уйида тарбияланганман, ўша ерда ВЛКСМ сафига ўтганман.

Менинг 6 та шеърий тўпламим, 4 та таржима китобим чоп этилган. Пушкин ва Лермонтов ижодий меросидан қилган таржималарим (ўзимнинг асарим сингари) жуда яхши баҳоланган.

Қамоқда ўтган 3 йиллик умрим мобайнида, барча қийинчиликларга қарамай, мен битта шеърий роман, 3 та пьеса ва туркум шеърлар тайёрладим.

Мен ҳали ёшман, ижодий режаларим бисёр.

Менга халқ душманлари туҳмат қилишди!

Мен мутлақо асоссиз, ҳеч бир айбсиз қамоқда ётибман!

Мен ҳаётга қайтишим керак, улуғ Ватаннинг тўла ҳуқуқли граждани бўлишим керак!

Мен Сиздан ёрдам сўрайман.

(имзо) Усмон Носир

1940 йил 20 август

Муддатни ўташ жойимнинг адреси:

Магадан ш. Хабаровск ўлкаси, N° 2 Саноат комбинати

“Ёшлик” журнали, 1988 йил 9-сон