Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва ижодий фаолияти навоийшуносликда устод Воҳид Абдуллаевнинг (1912—1985) хизматлари туфайли кенг ёритилди; шу мавзудаги рисола бир неча марта қайта нашр этилди.
Бу мавзуга яна мурожаат этишнинг эҳтиёжи борми, деган савол туғилиши табиий. Бизнингча, бу мавзу эскирмайдиган ва ҳамиша изланишни талаб қиладиган мавзулардандир.
Самарқанд… Мўъжизакор меҳнаткаш инсоннинг теран фикри, моҳир қўллари билан бунёд этилган меъморлик обидалари билан машҳур, не-не олиму адибни, шоиру носирни, мутафаккиру муаррихни, рассому хонандани, зарринқалам котибу мафтун этувчи навозандаю созандаларни етиштирган табаррук шаҳар. Самарқанднинг тарихий ёдгорликлари кўрилар экан, шаҳарнинг қадим кўчаларидан юрилар экан, уларда Жомий ва Навоий овозлари эшитилгандек бўлади, табаррук лойқадамларининг излари тасаввур этилади ва бу заминда юриш нақадар шарафли эканини ҳис қилади киши.
Абдураҳмон Жомий Самарқанд муҳитида баркамолликка эришишга нақадар интилган бўлса, улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий ижодиётининг юқори зиналарга қадам қўйишида Мирзо Улуғбек яратган илмий-адабий муҳит таъсирию устоз Абуллайсийлар хонадонининг сабоғи ҳам шунчалик сезиларли ва самарали бўлган.
Алишер Навоий 24-25 яшарлигида — Хуросонда шоир сифатида танилган вақтда Самарқандга келган. Албатта, бу вақтгача унга Мирзо Улуғбек номи ҳам, Самарқанд шуҳрати ҳам маълум эди. Айни чоқда Алишер Навоийнинг номи ҳам Самарқанд адабий муҳитига нотаниш эмасди. Аммо у Самарқандга Хуросон ҳокими Абу Саид Мирзо томонидан сургун қилинган эдики, бунинг сабаблари шодравон Воҳид Абдуллаев рисолаларида асосли баён этилган. Қизиғи шундаки, Навоий туғилишидан 14 йил олдин Шоҳруҳмирзо машҳур Қосим Анворни ҳам Самарқандга сургун қилганда Мирзо Улуғбек уни тантанали тарзда кутиб олиб, иззат-ҳурмат қилган. Аммо Алишерни иззат-ҳурматла кутгувчи Мирзо Улуғбеклар оламдан кўз юмган эдилар. Шунинг учун сургун қилинган мусофир тарзида Самарқандга келган Алишер авваллари анча қийналиб қолган. Шундай бўлса-да, у Самарқанд муҳитида ўз таланти, илмга чанқоқлиги билан дастлаб машҳур олим Фазлуллоҳ Абуллайсий диққатини тортган бўлса, кейинчалик Самарқанд олим ва адиблари назарига тушиб, ҳатто шаҳар ҳокими, шоиртабиат Аҳмад Ҳожибек Вафоий эътибори ва ҳурматига ҳам сазовор бўлганди. Алишер Навоий Фазлуллоҳ Абуллайсий хонадонининг севимли фарзанди сифатида бу машҳур олим мадрасасида фиқх илми, тилшунослик ва адабиётшунослик қоида-қонунларини чуқур ўрганди. Улуғбек мадрасасининг мударрислари Мавлоно Аълои Шоший, мавлоно Олим Самарқандийлардан таълим олди. Самарқанднинг ўша даврлардаги бошқа мадрасалари — Фирузшоҳ мадрасаси, Аҳмад Ҳожибек мадрасаси, Бибихоним мадрасаси, мадрасаи Сафиди олим ва илм толиблари билан яқин алоқада бўлди, Улуғбек қурдирган машҳур расадхонани кўрди, фалакиёт илми соҳасида қўлга киритилган илмий кашфиётлари билан танишди, шоирлари (масалан, Мирзобек), ҳунармандлари (масалан, Бобур) билан дўст тутинди. Самарқанднинг кўркам манзилларидан бўлмиш Кўҳакни (Чўпонота), Конигил ва ундаги дилрабо боғ-роғларни завқу шавқ билан томоша қилди, “Кўҳак суйи”нинг (Зарафшон дарёси) манзараларидан баҳраманд бўлди.
Ҳамул пуштаеким Кўҳак топти исм, Не пушта жаҳон ганжи узра тилисм. Ушоқ тош анго лаълу инжу киби, Яшил сабзаси чархи мину киби. Ки мансуб эрур анга Кўҳак суйи, Нединким эрур жорий андин қуйи.Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз кетганда хусусан Абуллайсийлар хонадонининг эътибори ва аҳамияти алоҳида таъкидланади. Чунки Навоийнинг ўзи ҳам асарларида бу хонадоннинг забардаст вакили Фазлуллоҳ Абуллайсийни, унинг фарзандлари Хожа Хованд Абуллайсий, Хожа Абулқосим Абуллайсийларни ниҳоятда ҳурмат билан эслайди, кейинчалик Ҳиротга борган ўғилларини қўллаб-қувватлайди. Натижада Хожа Абулқосим Абуллайсий анча таниқли адабиётшунослардан бирига айланади.
Алишер Навоий Самарқандда илм ўрганиш, шаҳар обидаларини кўриш, одамлари билан танишиш жараёнида ўзининг бадиий ижодини ҳам давом эттириб, ўзбек ва форс-тожик тилларида ғазалу муаммо, қасидаю маснавийлар яратди, мушоираларда қатнашди, ўқиш-ўрганиш баробарида шеър ижоди билан ҳам машғул бўлди. Бу даврда яратилган асарлари кўздан кечирилар экан, уларнинг услубан тиниқлашганини, мазмунан теранлашганини, мантиқан асосланганини сезиш қийин эмас. Бундай асарлар кейинчалик Навоийнинг ўзи тузган биринчи девони «Бадоеъул бидоя»га ва «Девони Фоний»га киритилган эди. Шулардан Аълойи Шоший ва тўн тикувчи ҳунарманд Бобур ҳақидаги муаммоларни, отахони Сайид Ҳасан Ардашерга йўллаган маснавий — номасини, бир неча ғазалларини, Ҳусайн Бойқарога бағишланган «Ҳилолия» қасидасини эслатиш мумкин. Айниқса, кейинги асарда Алишер Навоийнинг Самарқанддаги илмий-адабий муҳитдан баҳраманд бўлгани, хусусан Улуғбек илмий мактабининг таъсири кўриниб туради. Бунда фалакнинг Аторуди ва Баҳроми, Кайвону Зуҳаллари, Ою Қуёши шунчалик тасвирланганки, бу тасвир риёзиёт фанидан хабардор бўлган кишини ҳайратлантиради. Шу даврда ёзган иккинчи асари — Сайид Ҳасан Ардашерга шеърий мактуби эса, кўпгина фазилатлари билан бирга яна бир муҳим томондан аҳамиятли. Самарқандда 1466—1467 йилларда ёзилиб, Ҳиротга жўнатилган маснавийда Алишер Навоий ўзининг ижодий режалари ҳақида, яъни ўзбек тилида катта ҳажмдаги эпик асарларни ёзиш эҳтиёжи туғилиб қолса, уни бажаришга тайёрлигини айтган. Бу мулоҳазалар қуйидаги байтларда жуда тиниқ ва аниқ баён этилган;
Мен улменки, то турк бедодидур, Бу тил бирла то назм бунёдидур. Фалак кўрмади меи киби нодире, Низомий каби назм аро қодире. Не назме дер эрсам мени дарднок, Ки ҳар ҳарфи бўлғай анинг дурри пок. Етар тенгридин анча қувват манга, Ки бўлмас битирига фурсат манга. Бу майдонда Фирдавсий ул гурд эрур, Ки гар келса Рустам жавобин берур. Рақам қилди фархунда «Шоҳнома»е, Ки синди жавобида ҳар хомае… Деди ўз тили бирла ул кони ганж, «Ки, сисол бурдам ба «Шоҳнома» ранж. Ани дерга бўлса қачон рағбатим, Эрур онча ҳақ лутфидин қувватим. Ки ҳар неча нутқ ўлса коҳил сарой, Битигаймен ўттуз йилин ўттуз ой. Агар хосса маъни, гар иҳом эрур, Анинг кунда юз байти ҳалвом эрур. Вале, айт деб ким менга тутти юз, Ки мен юз учун демадим икки юз…Алишер Навоийнинг Самарқанд даври фаолияти шоирнинг кейинги даврдаги асарларида, жумладан «Хамса» достонларида, «Мажолисун нафоис»ида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Натижада Самарқанд ва унинг атрофидаги жойлар тасвири, Мирзо Улуғбек, Риёзий Самарқандий, Мирзобек Самарқандий, Фазлуллоҳ Абуллайсий, Хожа Хованд Абуллайсий, Муҳаммад Олим Самарқандий ва бошқаларнинг зикрлари самимият билан таъкидланади.
Ўзининг ибораси билан айтганда, «Самарқанди фирдавсмонанд» ҳам Алишер Навоийни ҳеч вақт унутмади. Жумладан, XVII аср олими Сайид Шариф Роқим Самарқандий ўзининг «Таворихи касира» («Кўп сонли тарихлар») номли асарида Алишер Навоийни «сўз мулкининг султони» деб ардоқлади, XIX аср котибларидан Мулло Муқимхон, Мир Абулҳай, Саид Абдусалом махдумлар Навоийнинг турли асарларини («Хамса», «Хазойинул маоний») маҳорат билан кўчириб, шоир ижодининг мухлисларига тақдим этган эдилар. Алишер Навоий асарлари қўлёзма нусхаларининг кўпи Самарқанддаги шеър шинавандаларига маълум. Ҳатто унинг ҳаётлиги вақтида кутубхонасида ишончли котиби Абдулжамил 1484 йилда кўчирган «Хамса»си ҳам Самарқанд навоийшуносларига маълум бўлиб, уни 1930 йилда машҳур шарқшунос Е. Э. Бертельс шаҳардан топиб, ўша вақтда Самарқандда бўлган илмий тадқиқот институти фондига топширган эди («Хамса»нинг бу энг қадимий ва нодир нусхасн ҳозирда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланмоқда). У китобнинг Навоий кутубхонасидан қандай қилиб ва қачон Самарқандга келиб қолиши тарихининг ўзи қизиқ бир саргузашт қисса бўлмоғи мумкин.
Маълумки, Алишер Навоий Самарқандда уч-тўрт йил яшаб ижод этди. Кейин ҳам бу шаҳар билан алоқасини узмади, уни доим ёдида тутди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Самарқандда, хусусан Фазлуллоҳ Абуллайсий мадрасаси жойлашган Фақеҳ Абулайс маҳалласида Навоий музейини ташкил этиш масаласини жиддий ўйлаб кўриш даркор. Бу музейда «Навоий ва Самарқанд», «Навоий ва Абуллайсийлар хонадони» мавзуи кенг ёритилса, ҳамда, умуман Самарқанд ва Навоий билан боғлиқ мавзу — Самарқанднииг навоийшунос олимлари, рассомлари, муғанний ва хонандалари, Самарқандда Навоий номи билан аталган жойлар тарихи, Навоий анъаналарини давом эттирган самарқандлик шоирлар, Навоий асарлари Самарқанд саҳналарида каби масалалар ҳозирги замон талаблари асосида намойиш этилса, Навоий туғилган куннинг 550 йиллигига арзигулик бир совға бўлур эди.
“Ёшлик” журнали, 1988 йил, 2-сон