Бегали Қосимов. Ўзбек миллий уйғониш адабиёти (2000)

Бу мавзу доирасида бир қатор масалаларда мутахассислар билан фикр алмашиб олиш зарурияти бор.

Биринчи – мазкур даврнинг етакчи тендентсиялари ва унга қандай ёндашиш масаласи. Бу давр адабиётимиз тарихининг ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларидаги 50-60 йиллик муддатни қамраб олади. Бу босқични алоҳида ажратиб ўрганиш янги гап эмас. Бунинг ҳам қарийб ярим аср­лик тарихи бор. Фақат биз бундаги миллий уйғониш мазмунига алоҳида урғу бер­япмиз. Аслида бу ҳам янги эмас. 20-йилларда бу атама “мода”да бўлган. Моҳиятан бу давр мумтоз адабиёт билан ҳозирги адабиёт ўртасида кўприк вазифасини ўтаган. Ўша замонда у аниқ-тиниқ “жадид адабиёти” дейилган. Бу — янги адабиёт дегани. Лекин тақдир тақозоси билан у “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” деб аталиб кетди. Бундай талқин ва йўналишда адабиётнинг эстетик жиҳатларидан кўра ғоявий масалаларига эътибор кўпроқ бўляпти.

Биз бунда мустақиллик эҳтиёжларидан келиб чиқдик. Истиқлол тарихга ҳам, адабиётга ҳам синфий ёндашувни рад этиб, миллий ёндашувни кун тартибига қўйди.

Бошимиздан тегирмон тоши тушгач, атрофга назар солсак, кўрдикки, инсоният дегани одамлардан иборат экан, одамлар эса, фақат миллий қиёфадагина намоён бўлар экан. Шундан бошлаб дунёнинг меҳвари биз учун ҳам ўзгарди. Ҳар қандай ижтимоий фикр миллат манфаати нуқтаи назаридан баҳоланадиган, унинг атрофида айланадиган бўлди. Бу мавсумий эмас, методологик масаладир.

Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Биз миллат, миллият ҳақида кўп гапирмоқдамиз. Бу тушунчалар бугун аниқ таърифига эгами? Биз эскича қарашлардан қутула олдикми? Жадидлар бу масалага жиддий қараган эди. Гаспралининг “Миллий ғоя”, “Миллият” сарлавҳали махсус мақолалари бор. Ўзимизда ҳам Беҳбудийдан Чўлпонгача бирортаси уни четлаб ўтмаган. Совет даврида, унда ҳам 20-йилларнинг 2-ярмидан “миллатчи” деган ном устига тавқи лаънат босилди. Олдин у “миллат дегувчи” маъносида эди. Бугун миллат, миллият ҳақида гапирмоқда эканмиз, бу тушунчаларнинг моҳияти, тарихи ва талқинларидан ҳар биримиз ўз ихтисослигимиз доирасида хабардор бўлишимиз зарур, деб ўйлайман.

Миллат ҳақидаги гап жуда эски, албатта. Жалил Мамадқулизода бир муносабат билан бу тушунчанинг қадим юнонларга бориб боғланишини ёзган эди. Кекса Демокрит уни тақрибан шундай тушунтирган экан: “Ҳар бир мамлакатнинг ягона бир соҳиби бор, унинг оти миллатдир”. Шундан сўнг бу тушунча тарих қатларида қолиб кетди,—деб давом этади Жалил Мамадқулизода.— Ва милодий тарихнинг 1793 йилида ер юзининг энг нажиб миллатларидан бўлмиш франтсуз жамоати томонидан яна акс-садо берди”.

Умуман, тўғри, албатта. Миллат ўзлигини ХVIII асрда намойиш этди. Ва миллият шаклида намойиш этди. ХХ аср сиёсатчиларидан бири мазкур жараённи кузатар экан, ёзган эди: “Миллият фикрига, бу азим қувватга ҳеч бир куч бас кела олмади, юз минг­ларча ҳайбатли қўшин бу фикр қаршисида енгилди. Миллият аталмиш буюк қудратга бугун тўп ва милтиқ бас кела олмайди”.

Алишер Навоий ҳам “миллат” атамасини деярли шу доирада қўллайди. “Тарихи анбиё ва ҳукамо”даги “Исо алайҳиссалом осмондин ингай, дағи дажжолни ҳалок қилиб, сойир милал аҳлин хотимаи нубувва миллатиға далолат қилғай” иқтибоси, “Тарихи мулуки Ажам”даги “Гуштасп зардўшт динин ихтиёр қилиб, элни ҳам ул миллатға киюрди..” кўчирмаси ҳам бунинг далилидир.

Шоирнинг шеърларида эса бу сўз кўпинча тасаввуфий мазмунга хизмат қилдирилди, тавҳидни англатиш учун ишлатилди. Масалан, “Зиҳи тожинг, гавҳари кибриё, Бу гавҳардин офоқ топиб зиё” матлаи билан бошланадиган ва борлиққа кўчган Аллоҳнинг тазоҳири тасвирига бағишланган ғазалда “Сенинг миллатингдан чу топиб шараф, Саодат либоси кийиб атқиё” деган байт борки, унинг мазмуни ҳам юқоридаги фикрга бўйсундирилган. Лекин “миллат” сўзининг “халқ”, “миллат” маъноларида ишлатилган ўринлари ҳам йўқ эмас. Масалан: “Eмди билким, буҳуреким баъзининг таркиби-ла ҳосил бўлур, ўн тўққуздур, баъзи арабқа махсус ва баъзи ажамқа махсус ва баъзи муштарак ва баъзи турк шуаросига миллати истеъмолидан ҳеч қайси бу вақтқа дегинча махсус эмас эрмиш…” (“Мезонул авзон”, 14-жилд, 142-бет).

Бу ердаги “миллат” этник мазмунга эга, бунга шубҳа йўқ. Навоий гоҳо “миллат” ва “дин” тушунчаларини бақамти, ёнма-ён ишлатади. Масалан, Жомийга берилган “нурул-миллат ва-д-дин”, таърифида ёки “шамс ул-миллати вад-дин” (Паҳлавон Муҳаммад) “саййид ул-миллати вад-дин” (Саъдуддин Кошғарий), “зайн ул-миллати вад-дин” (Ал-Ҳавоқий) каби сифатларда буни кузатиш мумкин.

Демак, “миллат” атамаси Навоий ижодий меросининг барча жанрларида учрайди; шоир бу атамага аксарият анъанавий маъно юклайди. Ундан дин – мазҳаб тушунчаларини англатиш учун фойдаланади. Айни пайт­да унинг илмий ишларида, замондошлари ҳақидаги хотираларида ушбу истилоҳ этник тушунча сифатида ишлатилган. Қолаверса, “миллат” атамасига бундай маъно бериш, яъни унинг мазмунини бугунги тушунча томонга бошлаш Навоийгача бўлган адабиётимиз намуналарида учрамайди.

Гап “миллат” атамаси устидагина кетяпти. Миллият, яъни миллийлик борасида Навоийнинг тушунча-тасаввурларигина эмас, ўз дастури ҳам бўлганки, бу алоҳида бир мавзу.

“Миллат” ва “дин”ни муқобил тушуниш, айтиш мумкинки, ХХ аср аввалигача давом этди. “Тавҳиди ислом” (“панисломизм”) шунга суянар эди. Шуниси қизиқки, исломчиларнинг ўзлари ҳам дин бошқа, миллат бош­қа эканини яхши билган. Масалан, Гаспрали “Миллият” мақоласида “дин ва миллият бирдир” деган гап “ески бир назарияйи сиёсия” эканини, унинг ҳаётга сингмаганини, форс ва турк мусулмонликни қабул қилса-да, араб бўлиб қолмаганини ёзади.

Гаспрали Ғарбдаги миллат билан боғлиқ назарияларни таҳлил қилар экан, улардан иккитасини мўътабар тутади:

1) Миллат мабнии лисон ила мутакаллим кимсалар мажмуидир. Демак, бу ерда миллатнинг биринчи ва асосий белгиси —тил.

2) У миллатдан ўлмоқ истаян кимсаларнинг мажмуидир. Яъни бу ерда мезон – хоҳиш (“орзуйи интисоб”). Тилнинг ҳам, диннинг ҳам, ҳатто ирқнинг ҳам аҳамияти йўқ. Ва мисол сифатида Швейтсарияни келтиради. У ерда 2 мазхабга мансуб 3 тилда сўзлашувчи халқ яшайди.

Муаллиф фикрича, бу уч назариядан қайси бирининг илмий асосли эканини айтиш қийин. Ҳар учаласи ҳам амалий масалага айланган. Тарих ва тажриба шуни кўрсатмоқдаки, давлат ҳудуди билан миллат ҳудудининг бирлашиш жараёни кечмоқда. Ва бу катта салтанатлар ичида катта ғавғоларга олиб келади. Масалан, миллатга тил асос қилиб олинса, Русия ўз тобеъларини руслаштиришга, Усмонли эса турклаштиришга уринади. Ёхуд дин асос қилиб олинса, бири христианлаштиришга, иккинчиси мусулмонлаштиришга киришади. Лекин ХХ асрда буларни ошкор амалга ошириш қийин. Шунда “мажбурий ихтиёрий” принтсип ишга тушади ва “орзуи интисоб” (“хоҳиш”) асосга олинади. Лекин бу жараён албатта амалга ошади деб ҳисоблайди Исмоилбей.

У ҳақ бўлиб чиқди. Бизнинг ўз ихтиёримиз билан миллиятини йўқота бошлаган “совет кишиси”га айланганимиз бунинг ёрқин мисоли эди.

Маслаҳатлашиб олинадиган иккинчи масала давр адабиётининг ўрганилиши билан боғлиқ.

Аввало, кўлам ҳақида. Биз 1983 йилда чоп этган “Излай-излай топганим…” рисоламизда 1905-17 йиллар адабиётига бевосита дахлдор бўлган 84 номни келтирган эдик. Бу 18 йил олдинги маълумот. Бу рақам ҳозир, шубҳасиз, кўпайган. Иккинчидан, миллий уйғониш даврини биз уч босқичга бўламиз: 1865-1905 йиллар; 1905-1917 йиллар; 1917-1929 йиллар. 84 рақами шу уч босқичнинг биргина даврига тегишли. Агар ҳар уч босқичда яшаб, ижод этган адиблар адади жамланса, 300 дан ошишига шубҳа йўқ. Адабиётнинг кўлам даражасини ижодкорлар адади белгилаган эмас, албатта. Лекин, айни пайтда ўшандай шароитда шунча қаламкашнинг фаолият кўрсатиши сокинлик нишонаси эмас, аксинча, қизғин адабий жараён, миллий уйғониш белгиларидан ҳамдир.

Лекин биз улардан бугун қанчасини таниб олдик? Нечта ижодкорнинг асари ўқувчиларга етди? Нечта ижодкорнинг асари илмий муомалага киритилди? Бу борадаги ишлар тоғдай бўлиб олдинда турибди. Тўғри, Беҳбудий, Фитрат, Авлоний, Чўлпон, Ибрат, Сидқий Хондайлиқий, Сидиқий-Ажзий, Элбек, Боту, Абдулҳамид Мажидий, Зиё Саид, Хислат, Хуршид, Фақирий каби ХХ аср боши адбиётининг бир қатор вакиллари асарлари оз-кўп нашр қилинди, илмий истеъмолга киритилди, тарғиб-ташвиқи йўлга қўйилди. Лекин булар ишнинг бошланиши холос. Яқинда мутахассислардан бири расмий фондларда 103 минг китоб сақланаётганлигини ёзди. 103 минг хусусий кишилар қўлида эмиш. Уларни бирма-бир кўздан кечириш, саралаш ва юзага чиқариш 5-10 йиллик иш эмас. Ва булар учун мутахассис керак, фидойилик зарур.

Бугун Муқимий, Фурқат, Завқий, Ҳамза, Айний ижоди ва фаолияти қайта баҳоланмоғи керак. Биз бу улкан санъаткорларимиз ҳақида қилинган ишларнинг ўз вақтидаги буюк аҳамиятини ҳеч бир камситмаган ҳолда уларга бугунги кўз билан қарамоғимиз, уларни бугунги ақл билан баҳоламоғимиз лозим. Бу мезоннинг номи миллийликдир, Миллат ва Ватан манфаатидир.

Ҳазиний, Муҳйи, Сарёмий, Муҳсиний, Фазлий, Табибий каби ўз даври адабий муҳитида катта мавқега эга бўлган ижодкорларнинг ўрни илмий асосларда кўрсатиб берилмоғи лозим.

Бугун ХIХ асрнинг охири ХХ аср бошлари ижтимоий-сиёсий воқеаларни ўрганишда анчагина ишлар қилинди. Пўлатхон воқеаси, вабо қўзғолони, Андижон қўзғолони, 1916 йил воқеалари, 1917 йил Феврал, 1917 йил Октябр, Туркистон мухторияти, босмачилик ва ҳоказолар ҳақида янги замонавий нуқтаи назарлар ўртага тушмоқда ва илмий ишларимиз учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бу борада жадидчилик номи остида қилинган ва қилинаётган ишларни алоҳида таъкидлаш керак. Бироқ, миллатнинг, хусусан зиёлиларимизнинг мустамлакачиликка қарши олиб борган гоҳ ошкор, гоҳ пинҳона курашлари ва энг муҳими, буларнинг адабиётдаги бадиий ифодаси ўрганилган эмас. Бу жараён ҳаракатчилик нуқтаи назаридан Авлоний бир муносабат билан тилга олган 1904 йилдаги “жадидлар тўдаси”дан 30-йиллардаги “Ботир гапчилар”гача, 1905 йил 15 августда Ока дарёсидаги Струве пароходида 300 вакил иштирокида тузилган ва Исмоилбек “Тарихи жадидимизнинг бош саҳифаси” деб баҳолаган “Шўройи уммат” — “Иттифоқи муслимин”дан “Турон”, “Чиғатой гурунги”, “Турк Адам марказияти”, “Иттиҳод ва тараққий”, “Миллий иттиҳод”, “Миллий истиқлол” жамиятларигача Ватан ва Миллат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўрганилмоғи керак.

Адабий-танқидий нуқтаи назардан эса, Фурқатнинг Худоёрхон тилидан айтилган “Демиш хон”идан Чўлпон ва Фитратнинг 20-йиллардаги юракка ўт солувчи исёнкор сатрларигача миллий истиқлол ғояси нуқтаи назаридан яхлит ва изчил тадқиқ этилмоғи керак.

Умуман давр ва ижод, инқилобий давр поетикаси, анъанавийлик ва новаторлик, қўйингки, кўп аср­ли мумтоз адабиётимизнинг янги адабиётга айланиш жараёнини ўрганишнинг назарий ва амалий масалалари дахлсиз турибди.

Ниҳоят, бу даврни ўрганишда турли соҳа мутахассисларининг филолог, философ, педагог, тарихчи, иқтисодчи, диншунос, санъатшунос, қонуншунослар ҳамкорлиги керак. Чунки жадидчилик яхлит ҳодиса эди. Унинг учун ўрта асрлар Ренессансидаги сингари универсализм хос эди.

Учинчи масала – миллий уйғониш даври адабиётини ўрганишда вақтли матбуот материалларидан фойдаланишдир.

Мутахассисларга маълумки, мазкур даврда матбуот йўлга қўйилган ва ўлкамизнинг ўзида ўнлаб газета-журналлар чиққан. Масалан, Зиё Саид 1870-1927 йилларда Чоп этилган газета-журналлар ҳақида фикр юритганда 45 газета, 36 журналнинг номини тилга олади. Бунинг устига Кавказ ва Волгабўйида, Марказий Русия шаҳарларида, Истанбул, Кобул, Ҳиндистонда, Мисрда чиқиб турган матбуотнинг ҳам Туркистонга келиб турганини ва Туркистон ҳаётини ёритиб турганини кўзда тутсак, кутубхоналаримизда жуда катта хазина борлигига ишонч ҳосил қиламиз. Айниқса, Исмоил Гаспралининг “Таржимон”и, Ризо Фахриддиннинг “Шўро”си, Фотиҳ Каримийнинг “Вақт” газетаси, Жалил Мамадқулизоданинг “Мулла Насриддин”и кабилар жаҳоний миқёсга эга бўлган ва бутун дунё­га тарқаладиган газета-журналлар эди. Ва уларнинг ҳаммасида Туркистон мавзуи мумтоз бир ўринни эгаллаб келар эди. Муҳими, хайриҳохлик билан ёзилган эди.

Аҳамиятига кўра мана шундай ғоят муҳим масалалар кўтарилган вақтли матбуот намуналаридан жуда кам фойдаланамиз. Уларни тўплаш, нашр қилиш, илмий муомалага олиб кириш керак.

Тўртинчи масала – мазкур даврни ўрганишда хорижий адабиётлардан фойдаланишдир. Бу — давр эҳтиёжи. Бизнинг ижтимоий фанларимиз синфий асосга қурилгани учун, сотсиалистик бўёққа бўялган шовинизм нуқтаи назарини ифодалагани учун бугун яроқсизгина эмас, зарарли ҳамдир. Биз бугун бу фанларнинг талқинларини эмас, келтирган фактларини ҳам қайта кўриб чиқиш мажбурияти остидамиз. Айниқса, тарих фани ва қадриятларимизни. Шу сабабли Президентимизнинг бу масалаларни кун тартибига қўйишида жуда катта асос ва маъно бор.

Четдаги китоблар бундай тазйиқдан холи. Бу ҳақда гап кетганда, биринчи навбатда Заки Валидий асарлари алоҳида аҳамиятга эга. Олим Европа шарқшуносларининг туркий халқларнинг келиб чиқиши — она юрти ҳақидаги фикрларини тасниф этади. Миллатларни ўзаро гиж-гижлаш, “майдала – ют” шиорини ушлаган империалистик сиёсат билан боғлаб таҳлил қилади.

Маълум бўлишича, туркийларнинг она-Ватани ҳақида бир эмас, 5-6 назария бор экан. 1. Олтой (Вейдеман-1838, Частрен -1848, шот – 1849). 2. Байкал (Паркер- 1924). 3. Узоқ Шарқ (Рамштет). 4 Урал минтақаси (Немич). 5. Тиёншон (Олмоси). 6. Орол минтақаси (Де Квик).

Туркий халқларнинг жаҳон тсивилизатсиясидаги ўрни ҳақида дунё­да хилма-хил гипотезалар бор экан.

1) Веналик профессор Шмидт ва Менген фикрларига кўра, Олд Осиё ва Нил бўйи буюк давлатларини Ўрта Осиёдан борган кўчманчи қабилалар бунёд этган. Бу фикрни Миср тарихчи мутахассиси Шебеста исботлашга ҳаракат қилган.

2) Ака-ука Гримлар Герман ва туркий қавмларни кўп жиҳатлардан қардош кўради.

3) Археолог Ф. Хоммел фикрича, Ўрта Осиё туркийларининг аждодлари милоддан 5 минг йил олдин Олд Осиёга бориб, шумерлар номи билан дунёга довруқ солган. Унингча, қадим шумер тилидаги 350 сўзнинг келиб чиқиши туркийдир (Расин драмалари 700 сўз билан ёзилган).

4) Ариёнлар келишидан бир қанча вақт олдин дунёга келган Мохинижидоро, Хараппа маданиятларининг бунёдкорлари туркий халқлардир. Бу фикр профессор Немечга тегишли.

5) Узоқ Шарқда бир қисм туркийлар Жонг Тик номлари билан мил. ав. 1328 йилда жиддий бир сиёсий қувватга эга бўлгани Хитой манбаларида учрар экан. Тик номини Туркнинг бузилгани дейдилар.

6) Туркий халқларнинг Ўрта Америка маданиятининг асосчиларидан деб қарайдиганлар бор. Ке­йинги пайтларда Америка ҳиндуларининг тилидаги туркий элементлар ҳақида фикрлар ўртага тушмоқда. Рассом Рерих Олтой тили билан Америка ҳиндуларини бениҳоя ўхшаш топади.

Демак, бу халқ агар Соҳибқирон Амир Темур айтганидек, туркнинг бош бўғини бўлса, совет даври қўшиқларида куйланганидек “номи қул, қашшоқ, гадо” эмас, жаҳон тсивилизатсиясининг чорраҳасида келган, дунёга дунёдорлик қилган бир миллатга авлод эканмиз. Ва бу, шубҳасиз, ҳар бир миллатдошимизда ғурур, ифтихор уйғотади…

2000 йил, декабр