Асад Асил. Тоза сув, тоза ҳаво – соғлом муҳит (1999)

Олий Мажлиснинг ХIV сессиясида “Ўрмон тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинади. Табиатнинг бир бутунлигини, биз ҳам унинг бир парчаси эканлигимизни англасак, бу қонуннинг аҳамиятини тўлароқ ҳис қилишимиз мумкин. Ўрмон дегани эса соф табиат дегани. Аммо биз унга салбий таъсир қилмаяпмизми? Бугун ўрмонларимизнинг аҳволи қандай? Бу саволлар эса қонун лойиҳасига жиддийроқ қарашга ундайди, назаримизда.

Тақдир тақозоси билан, туғилиб ўсган қишлоғим – Хондайлиққа тўрт-беш йил аввал қайтдим-у, табиатга муносабат хусусида атрофимда бўлаётган ҳангомаларни кўриб кўзларимга ишона олмадим. Қишлоқда ичимлик суви йўқ, аҳоли тоғдан оқиб тушувчи икки сойнинг ёнариқлар орқали олиб келинган сувидан истеъмол қилади. Азонда жамики идишларига сув тўлдириб қўядилар-да, тун бўйи ҳамма чиқиндиларини худди шу ариқларга ағдараверишади. Гўё ифлос нарсалар ўзи турган жойдан пастга оқиб кетаётгандек, ўзлари эса топ-тоза сув ичаётгандек! Ҳолбуки, унинг тепасидаги хонадонлар ҳам айнан шуни такрорлайверишади. Оқибатда бутун қишлоқ аҳли турли чиқиндиларга тўйинган иркит сув билан бир-бирларини “сийлаб” яшайверадилар. Аҳвол шу даражага борганки, оқиб кетиб улгурмаган чиқиндилар ариқ ёқаларида баланд деворлар ҳосил қилган. Турли касалликлар чақирувчи бу ифлос нарсалар йиллар давомида сувга қўшилиб оқяпти.

Мен бунга қарши курашишнинг аниқ бир йўлини танлаб, баҳоли қудрат ҳаракат қилиб кўрдим. Биринчи навбатда ўзимиз яшаб турган ҳовлини, айниқса, ариқ бўйларини обдан тозаладик. Чиқиндиларни тўплаб, ёқиб юборишга мўлжалланган алоҳида жой ҳозирладик. Қолган кул ва чорва чиқиндиларини экин ерларига сочамиз, хуллас, ичимлик сув оқаётган ариққа бирор нарса ташланмаслигини таъминлаб, бу хусусда кўнгилдагидек натижага эришганимиздан сўнг, уч тарафимиздаги қўшниларни ҳам назоратга олдик. Улар ҳам бу талабга кўника бошладилар. Чунки, “аввал ўзингга боқ”, деган эътирозга ўрин қолмаган эди-да. Шундан сўнг “ҳужум”ни қишлоқ фуқаролар йиғини раисига қаратдик. “Қишлоғимиз кўчалари, айниқса, ичимлик сувимиз оқиб турган ариқлар тозалигини назоратга олинг, агар бу борада хато ва нуқсонларимиз бўлса, жаримани бизлардан бошланг!” – дедик тозалик бобида янги тартибга ўтган уч-тўрт хонадон вакиллари оқсоқол қабулхонасига кириб. Кутилмаган бундай тиқилинч қилишлик, табиийки, кунларини тинчгина ўтказаётган оқсоқолга ёқмади. Шунинг учун бўлса керак, у дастлабки текширишни бизлардан бошлади. Келиб кўрдики, ҳаммаёқ топ-тоза, кўркам. Шундан сўнг хонадонларга бирма-бир кириб текшира бошладик. Ўзи ҳар куни истеъмол қилаётган сувга чиқинди ташламаётган ёки ювиндиларни оқизмаётган хонадонларнинг ғоят кам учраши ажабланарли ҳол эди. Шундай тартиббузарларга аниқ топшириқлар берилди, муддати ва унинг ижросини туман санитария-эпидемиология идораси мутахассислари иштирокида қайта текшириш куни ҳам кўрсатиб қўйилди. Ниҳоят, хонадонлар тугаб, тоғ бошланишидаги каттагина сойга ўтдик. Вой-бу, ахлатнинг сероби бу ерда экан-ку! Ёниб кетган уйлардан қолган куйинди дейсизми, фойдаланишга яроқсиз пойабзаллар дейсизми!.. Ҳаммасини шу сойдаги булоқ бошига тўкиб ташлашибди. Зилол сув бу ифлос нарсаларга тўйиниб, қўланса ҳидли оқиндига айланмоқда ва бутун қишлоқ халқи ичиб ҳаёт кечираётган катта ёнариққа қуйилмоқда. Ёнариқ ҳам ўз навбатида обдан ифлосланиб, катта сойга, у эса Чирчиқ дарёсига қўшилмоқда. Натижада буларнинг ҳаммаси табиат мувозанати бузилишига мудом ўз ҳиссасини қўшиб турибди…

–Тавба, шу жойда ҳам булоқ бор экан-да! – деди оқсоқол ҳайратланиб.

– Бу жойларга келмаганмидингиз? – сўрадик биз.

– Ҳеч келмаган эканман, – ўйлаб-нетиб ўтирмай жавоб берди қишлоқни бошқараётган оқсоқол…

Белгиланган муддат ҳам келди. Биз яна йиғилишиб, қишлоқ раҳбари қабулхонасига кириб бордик ва мақсадимизни айтдик. Оқсоқол бирпас ўйланиб турди-да: “Бир неча кун олдин шу томонга йўлим тушган эди, қарасам, кўрсатмаларимизни асосан бажариб қўйишибди”, – деди ўрнидан қўзғалгиси келмай. – Туман санитария-эпидемиология идораси ходимлари ҳам кўчада кутиб туришибди, ижрони қайта текшириш учун чиқмаса бўлмайди, – дедик биз. Оқсоқол ноилож ўрнидан оғринибгина қўзғалди. Яна хонадонлардан бирма-бир ўтар эканмиз, аввалги берилган топшириқлар оқсоқол айтганидек, “асосан бажарилибди” эмас, аксинча, асосан бажарилмаганини кўрдик. Яхшиямки, тумандан келган мутахассислар бор экан, жарима тўлаш учун акт тузишга чоғландилар. Шундан кейингина тартиббузарлар саросимага тушиб сўнгги муддат берилишини илтимос қилишди. Сўнгги муддат ҳам берилди. Лекин оқсоқолни учинчи бор текшириш учун бошлаб чиқа олмадик. У ёши етганлиги муносабати билан пенсияга жўнаворибди. Ўрнига эса ўта одобли, ижрони ўрнига қўйиб келган қишлоқ фуқаролар йиғини котибини сайлашибди. Ғоят масъулиятли бу лавозимга ёшлардан тайинлангани яхши албатта. Лекин, кўриниб турибдики, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тиним билмай ишлашни, ўта уддабурон, ташкилотчи, талабчан бўлишни тақозо этади. Янги раҳбарнинг қай даражада иш олиб боришини келажак кўрсатади, албатта.

Шу ўринда бир эътирозни айтиб ўтишга ҳам ҳақлимиз. Хондайлиқ қишлоғида нафақат табиат муҳофазаси, балки ҳаётнинг бошқа соҳалари ҳам издан чиққан. Ўн йиллар давомида чала ташлаб қўйилган сув қувурлари, мактаб ва бошқа қурилишларнинг ўз вақтида битказилмаганлиги учун асосан қишлоқ раҳбарларини бемалол айблаш мумкин. Негадир кўп йиллардан буён бу қишлоқ бошлиқларга ёлчимади. Йигирма-ўттиз, балки ундан ҳам узоқ йиллар давомида қайси йўл билан бўлса-да, бир амаллаб план бажарувчи, қишлоқ равнақи етти ухлаб тушига кирмайдиган шахсиятпараст кимсалар бошлиқлик курсиларини эгаллаб келдилар. Уларнинг фикру ёди фақат юқоридаги мансабдорлар кўнглини овлаш билан банд бўларди. Бунинг натижасида бутун ҳаёт издан чиқа бошлади. Айниқса, табиат катта талафот кўрди. Қадим-қадимдан ғиж-ғиж балиқлар макони бўлиб келган Шўробсой ва Туятошисой турли заҳарли чиқиндилар оқизилаверганидан ҳозирга келиб бутунлай ўлик сув ўзанларига айланиб қолди. Қишин-ёзин милтиқларнинг гумбур-гумбури етмаётгандек, пўлат симлардан ясаб, ҳамма томонга қўйиб ташланган беҳисоб тузоқ ва қопқонлар дастидан табиатдаги жамики тирик жонлар батамом қийратиб юборилди. Болаларнинг қўлларидаги “рогатка”ларни айтмайсизми! Атрофимизда кўнглимизни яйратиб, турли зараркунанда ҳашаротлардан ҳимоя қилиб турувчи бу майда қушлар ҳам “рогаткалар”нинг батамом қурбони бўлмоқда. Тоғу тошлардан йил-12 ой ҳаммаёққа қирон солиб юрувчи ўн-ўн беш нафар табиат кушандалари билан ҳам, ўзбошимча болалар билан ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ. “Бир амаллаб бола-чақа боқиб юришибди-да”, деб табиат кушандаларини оқлаб ҳам қўйишади бу ҳақда гап кетганда. Улар юлиб оладиган равоч, лола, чойўт, тоғрайҳон каби дориворлар-ку илдизи ва пиёзларини “пишиқлик” қилиб сақлаб қолади. Аммо матар деб аталувчи “Қизил китоб”га кирган энг ноёб доривор ўсимликнинг поясидан тортилса, пиёзи ҳам чиқиб келади. Демак, у бутунлай йўқ қилинади. Бу туришда безорилар бу ўсимликнинг уруғини қуритиб юбориши мумкин, ахир. Табиат мувозанати бу қадар яксон қилинмаганда, оқар сувлар қадимгидек балиқларга, тоғу тошлар паррандаю даррандаларга тўлиб-тошиб турганда нафақат бир ҳовуч кушандаларни, балки бутун қишлоқ аҳлини боқиши, тўйдириши мумкинлигини бирор кимса ўйлаб кўрмаётгани эса кишини лол қолдиради. Албатта, бунга ҳам асосан раҳбарлар айбдор. Бу ҳақда бош қотиришга ҳозирга қадар уларнинг “қимматли” вақтлари етмади, очиғини айтганда, умуман хаёлларига келгани йўқ. Хаёлига келган тақдирда ҳам энг муҳим бу ишларни амалга оширишнинг ҳозирча иложи ҳам йўқ. Чунки салкам олти минг одам яшовчи бу қишлоқда халқ билан юзма-юз суҳбат қилиш учун фойдаланиб келинган клуб бўлар-бўлмас баҳоналар билан бузиб ташланган, янгиси эса ҳамон қурилганича йўқ. Чала бўғизланган жонивордек мудом хириллаб турувчи маҳаллий радиони жонлантириш, лоақал шу орқали қишлоқ аҳли билан алоқа боғлаб туриш учун ҳам бу ердаги раҳбарлар ўз “қимматли” вақтларини аяйдилар…

Бу қишлоқ аҳволи ҳақида гапни ортиқча давом эттириш, бирор натижа чиқариш ҳозирча амримаҳол экан, Бўстонлиқ туманидаги табиатни муҳофаза қилувчи ташкилотлар қандай фаолият кўрсатяптилар? Ростини айтганда, улардан ҳам бирор самарали натижа кутиш амримаҳол бўлиб қолди. Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси, миллий боғ, ўрмон хўжаликлари, овчилар жамияти… Санайверсак, атроф-муҳит муҳофазасига дахлдор ташкилотлар сони ўндан ошиб кетади. Лекин ҳақиқий жонкуяр, асосий жавобгарнинг ўзи йўқ. Табиат муҳофазаси хусусида бу ташкилотлар орасида ашаддий сансоларлик мудом давом этиб келмоқда…

Бир дўстимизнинг таклифи билан август ойида Бўстонлиқнинг Пском қишлоғи томонларда бўлган эдик. Ерли халқ мерганлари овга жўнаётган пайтга тўғри келибмиз, бизни ҳам таклиф қилиб қолишди. Ярим тунда от ва эшакларга юкларни ортиб, Урунгач тоғларига кўтарилдик. Қуёш кўринганда абадий қор қоплаб турувчи энг баланд довонларга етиб бордик. Овга киришиш олдидан мерганлар милтиқлар ва ўқларини кўздан кечиришди. Бешотар ҳам, “Малокалибр” ҳам, истаганча миқдорда ўқлар ҳам бор эди уларда. Боласини кўзи қиймай, тошлар орасида ўралашиб юрган она кийик уларнинг биринчи қурбони бўлди. Тошдан-тошга урилиб тушиб кетган онасини излаб тош устига сакраб чиқиб бўзлаётган кийикчани ҳам бир ўқ билан қулатишди. Кейин такалар тўдасидаги энг йиригини ҳам танлаб отишди. Шу куни тоғда тунаб, эртасига ўлжаларни от-эшакларга юклашиб, қишлоқ яқинига олиб тушдилар-да, ўзаро тақсимлаб олишди…

Қатор қонунбузарликларни қаранг! Биринчидан, август ойида ҳар қандай тирик жонни овлаш қатъиян таъқиқланади. Иккинчидан, бундай “боевой” милтиқларни қаердан олишган-у, ов учун улардан фойдаланишга ким рухсат бериб қўйибди? Учинчидан, кийикларни овлаш учун қўлларида бирон-бир рухсатнома – лицензияси йўқ бу мерганлар юрак ютиб бемалол қирғин қилаётганларига нима дейсиз?! Ўлжалар тақсимлаб бўлингач, ўзаро чой ичиб, суҳбатлашиб ўтирганларида юрагимни ғижимлаётган юқоридаги саволларни уларга бердим.

– Бунақа қуроллар тоғлар оралиғидаги ҳамма қишлоқларда истаганингизча топилади, – дея дангал жавоб берди мерганларнинг ёшроқ ва сергапроғи. – Рухсатнома масаласига келсак, керакли бошлиқларга сўраган нарсалар етказиб берилса, олам гулистон-да!

– Шу зайлда қирғин қилинаверса, бутун тоғлару дарёлар қуп-қуруқ ҳолга тушади-ку, бу айниқса, ўзларингиз учун, келажак авлодларингиз учун катта йўқотиш бўлмайдими?! – Қизишиброқ сўнгги саволни бердим мен. – Аслида, биринчи навбатда, сизлар табиатнинг энг куюнчак ҳимоячилари бўлишларингиз керак эди. Тоғу дарёлардаги бу бойликлар асосан сизга тегишли, ҳатто хусусий мулкингиз, деса ҳам бўлади-ку!..

Анчага чўзилган оғир сукунатдан сўнг ўрта ёшдан ўтиб қолган камгап, вазмин табиатли мерган менга ўгирилди.

– Ҳамма айтганларингиз тўппа-тўғри, – деди у жиддий тикилиб. – Хўп, биз ўзимизни тияйлик, аммо бошқалар-чи?! Қанийди, Ўзбекистонимизнинг ҳамма жойларида сиз айтганчалик қатъий тартиб ўрнатилса! Ахир, энди мустақилмиз, ўз эркимиз ўз қўлимизда.

– Чет элда ҳатто катта кўчада тупириш ҳам айб саналар экан! – гап қистирди ёш мерган.

Атроф-муҳитга муносабат хусусида ўзим туғилиб ўсган, ҳозир яшаётган қишлоғимдаги ҳақиқий аҳволни тасвирладим. Узоқ-яқин тоғ қишлоқларида кўрган-кечирганларимдан ҳам биттасини сизлар билан баҳам кўрдим. Аммо бу билан аҳвол ўзгарармикан?!

“Ўзбекистон овози” газетаси,

1999 йил 6 апрель сони.