Табиатни муҳофаза қилиш Тошкент вилояти қўмитаси раиси ўринбосари Мухтор Аъзамов билан Бўстонлиқ туманига йўл олдик. Тўлабой Юнусов бизни яхши кутиб олди. Хонасида атроф-муҳит тозалиги хусусида суҳбатлашиб ўтирардик. Шу пайт эшик шахд билан очилиб, ёши олтмишлардан ошган, жуссаси пишиқ киши хонага кириб келди.
– Гапларингиз ҳали-вери тугамайдиганга ўхшайди, менинг эса вақтим зиқ, кечгача Испайга етиб олишим керак, берухсат кирдим…
– Эй-й, Мирзарайим ака, келинг, келинг, суҳбатимизга қўшилсангиз, мамнун бўламиз, – деди Тўлабой Юнусов у одам билан самимий кўриша туриб бизга таништирар экан. – Бу отахон туманимизнинг юқори минтақасида юзлаб гектар боғ-роғлар яратган Мирзарайим Абдураҳмонов бўладилар.
Cуҳбатимиз атроф-муҳит муҳофазаси ҳақида бораётганидан воқиф бўлган Мирзарайим ака ғайратланиб ўрнидан турди.
– Бундай муҳим масалани бу жойда эмас, далага чиқиб ҳал қилиш керак, не-не машаққатлар билан тиклаган кўпригимиз хавф остида турибди, буниям кўрасизлар…
Бурчмулла, Боғистон, Нанай каби тоғлар оралиғида жойлашган қадимий қишлоқлар ҳузурбахш жозибаси билан кишини ўзига тортади. Бу серфайз масканларда ширинсухан, меҳнатсевар, танти ва азамат инсонлар яшайди. Айниқса, уларнинг бир фазилатига қойил қоласиз, ҳар йили ҳовли ва кўчаларни тартибга солиш, ариқларни тозалаш сингари ҳашарларда каттаю кичик астойдил иштирок этади. Бундай қутлуғ кунда ҳалим пиширилади, ҳашар байрам тусини олади. Катта ва салмоқли ишлар бажарилиши биробарида ҳаммаёқ чиннидек тозаланади. Ҳатто шундай хонадонлар борки, улар бутун ҳовлиси саҳнини сип-силлиқ қилиб суваб ҳам қўядилар. Кўчаларда гўнгтепа ёки бирон-бир хунук чиқинди ва ташландиқларни учратмайсиз. Ариқлардан шарқираб зилол сувлар оқиб туради. Тоғлардан келаётган бу зилол чашмалардан бемалол ҳовучлаб ичаверишингиз мумкин. “Оқар сув – Аллоҳ жамоли, уни булғаш гуноҳи азимдир!” – деб қўйишади улар. Ҳозирги кунда қишлоқларда сув қувурлаштирилган. Водопровод тармоқлари ҳовлиларга киритилган. Булар ҳам асосан ҳашар йўли орқали амалга оширилган. Бундай покизалик, саранжом-саришталик ва ҳамжиҳатликни кўргач, албатта, кайфиятингиз кўтарилади, дилингиз равшан тортади.
Испай қишлоғига кўпчилигимиз илк дафъа қадам ранжида қилмоқда эдик. Пском йўлидан ўнг томондаги кескин қияликка бурилиб, Пском дарёси устига ўрнатилган кўприкдан ўтдик. Ҳашар йўли билан испайликларнинг ўзлари тиклаган бу кўприкдан ҳар қандай юк машинаси бемалол ўта олади. Кўприк юзга яқин хонадонни катта ҳаёт билан боғлаб турувчи ягона восита экан. Ушбу иншоотга серсув Пском дарёси чиндан ҳам хавф сола бошлабди. Мирзарайим аканинг ташвиши ўринли, кўприкка олиб тушадиган йўллар ҳам таъмирталаб бўлиб қолибди.
Мирзарайим ака каби ўтюраклар кўприк қурилишида жонбозлик қилган бўлсалар, Испай қишлоғининг тўлиқ сув қувури билан таъминланишида эса шу ерли халқ фарзанди Мирсаид Абдураҳмонов ҳақиқий фидокор ва ташкилотчи эканлигини амалда исботлаган. Шунинг учун ҳам испайликлар Мирсаид Абдураҳмоновни маҳалла қўмитасига раис этиб сайлашган.
Хуллас, ўз-ўзини чинакамига бошқариш, халқ кучи билан тоғ шароитидаги машаққатларни даф этиш анъаналарини бундан кейин ҳам сира-сира бўшаштирмаслик лозим. Аксинча, бу йўлга янаям фаол ва жипслашиб киришмоқ керак.
Олий Мажлиснинг XIV сессиясида ўз-ўзини бошқариш асосий масалалардан бири сифатида кун тартибига қўйилгани ҳам бежиз эмас.
Мирзарайим ака хонадонидамиз. Хонадон гавжум. Ҳамма иш билан банд. Бу хонадонда йил давомида бир зум ҳам тиним бўлмайди. Чунки Мирзарайим ака чинакам фермер. Жамоа хўжалиги билан тузилган шартномага кўра беш гектар ерга беш минг туп олма кўчати экиб парваришлаяпти. Атрофига эса икки минг туп терак қаламчаларини қадаб чиққан. Яроқсиз ерларда ҳам беш юз туп олхўри, уч юз туп ёнғоқ ўстирилмоқда. Олма кўчатлари ёш бўлганлиги учун уларнинг оралиқларини яхшилаб ҳайдаб, бир гектарга буғдой, икки гектар ерга картошка, нўхат ва бошқа экинлар экиб қўйибди. Хуллас, қўлидаги ернинг бир қаричини ҳам бекор қолдирмаган. Айниқса, қиялик ҳамда яроқсиз ерларда чангалзор бўлиб ётган ёввойи олмаларга Мирзарайим аканинг ўзига хос услуби билан яхши навлар пайванд қилиниб, маданийлаштирилганини кўрган ҳар қандай кўз қувонади. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, гўзал одамларнинг заҳматли меҳнатлари эвазига чиройли ҳаёт учун тамал тоши қўйилмоқда.
– Бу воҳада аҳвол жуда оғир, – деди мезбон одатига кўра очиқчасига кўчиб. – Ёввойи ҳайвонлар қирилиб битиш арафасида турибди. Масалан, атрофимиздаги тоғларда, менинг тахминимча, кийиклар ва айиқларнинг кўпи билан беш фоизга яқини ҳозирча сақланиб турибди. Ёввойи чўчқалар-ку, бир фоиз бордир, бўлмаса, у ҳам қолмаган. Йил-ўн икки ой давомида бетўхтов отилавергандан кейин барака қолармиди?! – чинакамига қизишиб кетди Мирзарайим ака. – Фақат тоғдаги паррандаю дарранда ҳисобига кун кечираётганлар қанчадан-қанча! “Меҳмон” овчиларнинг қилмишлари-ку, дард устига чипқон бўлмоқда. Э, қуруқ гаплардан не фойда!
– Менимча, тоғ йўлларининг асосий нуқталарида, бошқа томонлардан айланиб ўтиб бўлмайдиган жойларида махсус постлар ташкил этиш ва уларда фақат чин фидойилар навбатчилик қилишларини йўлга қўйиш зарур, – деб таклиф киритди Мухтор Аъзамов.
– Ҳамма гапларингиз тўғри, лекин кўпинча гап гаплигича қолиб кетяпти-да, – оғир-вазмин одатига хилоф равишда қизишиброқ гап жиловини тутди Тўлабой Юнусов. – Хўп, биз қўлимиздан келган ишларни қилайлик, аммо табиат муҳофазасига дахлдор бошқа ташкилотлар ҳам астойдил киришмасалар, тайинли бирор натижага эришиб бўлармикан? Буни қаранг, Ўгам-Чотқол миллий боғи назоратчиларига карабинлар бериб қўйилибди! Бу қурол билан улар ўзларини браконьерлардан ҳимоя қилишар эмиш! Ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун мундайроқ қурол ҳам кор қилар. Уларнинг ўша кучли қуроллардан бошқа мақсадларда фойдаланмасликларига ким кафолат беради?! Худди шу ташкилот ҳудудида ўрмон хўжаликлари ҳам бутунлай мустақил равишда фаолият кўрсатаётганига нима дейсиз? Менимча, бу икки ташкилотдан бири қолиши ёки бири иккинчисига бўйсуниши керак. Акс ҳолда, битта жойдаги шўрлик табиат икки хўжайин томонидан қўриқланадими ёки хомталаш қилинадими?! Бу муаммолар қанча тез ҳал этилса, шунча яхши…
“Бундай муаммоларни албатта жуда тезлик билан ҳал этиш керак!” – деган тўхтамга келди давра иштирокчилари. Ҳаяжонли бу суҳбатлар мустақил Ватанимизнинг соф виждонли ҳар бир вакили қалбида акс-садо бериши ва ҳар биримизни амалий ишга отлантириши лозим. Энг аввало, табиат муҳофазасига дахлдор раҳбарлар аниқ чора-тадбирлар белгилаб, уларнинг ижросини албатта таъминлашлари зарур.
Шу ўринда ҳамма жойлардаги фуқаролар йиғинлари ва маҳалла қўмиталари раисларининг табиат муҳофазасига оид масъулиятларини ҳам алоҳида эслатиб ўтиш лозим. Ахир ким нима иш билан шуғулланаётганини улар ҳаммадан кўра яхшироқ билишади-ку!
“Ўзбекистон овози” газетаси,
1999 йил 1 июнь сони.