Асад Асил. Гўзаллик тўкис бўлиши керак (2000)

– “Экология”ни боболаримиз нима дейишган?

Дардингни олай, она заминим!

– Нима осон?

– Маслаҳат бериш.

– Нима қийин?

– Берилган маслаҳатга амал қилиш.

Ҳаёт ҳақиқати, инсоният бошидан кечираётган воқеа-ҳодисалар силсиласидан хулоса чиқариб, бир тўхтамга келиш мумкин: ҳар қандай жамият, уюшма ёки қурилмалар ўзгариб кетади, ҳатто остин-устин бўлади, аммо атроф-муҳит муаммоси ҳар қачон, ҳамма жойда мудом долзарблигича тураверади. Ҳа, экология муаммоси ер юзи учун доимо бир бутундир…

Дарвоқе, “экология” деган сўзни борган сайин кўпроқ ишлатяпмиз-у, унинг ўзи қаердан келиб чиққан, маъноси нима экан, бу томонларига унчалик эътибор бермаймиз. Луғатларга қарасак, “экология” юнонча сўз бўлиб, атроф-муҳитни ўргатадиган фан, дегани экан. Бунинг маъносини тўлалигича акс эттирадиган аниқ сўз ёки ибора ўз она тилимизда йўқмикан? Наҳотки, бу муаммо билан энди шуғуллана бошладик? Бундай саволлар қаршисида бир зум тек туриб қоламиз. Хаёлан ўтмишимизга, бу соҳада қилинаётган ишлар, ёритилаётган асарлар салмоғига назар ташлаймиз-да, экология деганлари инсоният билан мудом ёнма-ён яшаб келганлигига иқрор бўламиз. Узоққа бормасдан, ўз халқимиз ҳаётини олиб кўрайлик. Бизда “покизалик” деган сўз бор. Хўш, покизаликни қадрламайдиган бирон инсон зоти ўзбек халқи орасидан топилармикан? Ёки бадииятда, гўзаллик, иффат, саранжом-саришталик ва покизалик тараннум этилмаган бирон-бир асарни учрата оламизми? Ҳар ким ҳам маълум маънода бу соҳага эътибор берган, ўз нуқтаи назарини бадиий йўсинда ифодалашга баҳоли қудрат уриниб кўрган. Чунки покизалик ҳаётий эҳтиёждир. Ундан кўз юмиш асло мумкин эмас. Фақат мувозанат кескин бузилиб кетмаганлиги учун бу соҳадаги курашлар бизга унчалик таъсир кўрсатмай келди. Энди бўлса, атроф-муҳит шу қадар шиддат билан ўзгара бошладики, ҳаммамиз бараварига ташвишга тушиб қолдик.

Бора-бора атроф-муҳитга нисбатан инсон тажовузкорлиги таборо кучаяверди. Бу билан биргаликда табиат жонкуярлари овози ҳам тез-тез ва баландроқ эшитила бошлади. Айниқса, бу ҳолат саксонинчи йилларда кучайди. Ёзувчилар уюшмаси йиғинларида “Она-замин, атроф-муҳит муҳофазаси” масалалари доимий муҳокама этиладиган бўлди. Бундай анжуманларда асосан ёзувчиларнинг чиқишлари кучли ҳис-ҳаяжон билан кутиб олинар, қизғин қўллаб-қувватланарди. Кўп ўтмай, муҳокамаларга олимлар, ўрмончилар, иқтисодчилар, мелиораторлар ва кўплаб бошқа соҳа вакиллари ҳам жалб этилди.

Орол қуришининг салбий таъсири нафақат Ўрта Осиё, балки бутун дунёга татияпти-ку! Ер юзини – гўзаллик, покизалик, умуман олганда, атроф-муҳит мувозанатини яхлитлигича ҳимоя қилиш кераклигини ҳаётда бир қадам олдинда юрувчи зиёлилар, хусусан, адиблар анча кеч бўлса ҳам тушуниб етдилар. Шундан бўлса керак, турли миллат ва элатларнинг зиёли ҳамда ёзувчилари атроф-муҳит муҳофазаси хусусида анча якдил ишламоқдалар. Турли жанрларда ушбу мавзу юзасидан кескин чиқишлар қилган Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Валентин Распутин, Одил Ёқубов, Озод Шарафутдинов, Иброҳим Ғафуров каби кўплаб адибларни эзгу ниятли ҳамнафаслар, дейиш мумкин. Улар бетиним ёзадилар, катта-кичик йиғинларда сўзлайдилар, халқнинг кўзини очиш, кучайиб бораётган экологик фожиаларнинг олдини олиш учун қўлларидан келган ҳамма имкониятларни ишга соладилар. Адиблар турли услубда, ҳар хил жанрларда ижод қилсалар ҳам мақсадлари битта – она табиат дардига малҳам топиш.

Бадиий йўсин орқали инсон онгига таъсир ўтказиш борасида ҳозирги катта авлод адиблари ўзларига хос йўлдан бормоқдалар. Ёши улғайиб бораётган бу инсонлар келажак авлод олдида юзи қора бўлишдан қўрқадилар, невара-чеваралари соғлом, ҳур ҳаёт кечиришларини истайдилар, шунга эришиш учун қўлларидан келганча ҳаракат қиладилар. Яъни, улар ер юзида покизалик, мусаффолик, пировард натижада ҳаётнинг тугаши эмас, аксинча, гуллаб-яшнаши учун толмасдан курашиш кераклигини яхши тушунишади. Ўзларини табиатнинг, ҳаётнинг ҳақиқий жонкуярлари деб билган барча инсонлар ҳам бу масъулиятни чуқур англаган ҳолда умумманфаат ишига бараварига ўз улушларини қўшмоқлари даркор.

Республикамиздаги энг сўлим гўшалардан бири бўлмиш Бўстонлиқ табиатини сақлаб қолиш учун бўлган ҳаракатларда бундай ҳамкорликнинг ҳақиқий намуналарини кўрганмиз. Бундай инсонлар нима учун курашаётганларини жуда яхши билишади. Уларнинг қаричи калта эмас, улар яшаб турган сайёрамиз кичкина ва аҳволи тобора танг бўлаётганини теран ҳис қиладилар. Тўғри-да, ер юзида гўзаллик ё бир бутун бўлиши, ёки ундан бутунлай айрилишимизга тўғри келади. Қаранг, Чорвоқ сув омбори яратилиши оқибатида Бўстонлиқнинг азалдан-азал яшаб келган Шунгак, Бақачўл қишлоқлари бутунлай, Бурчмулла, Боғистон, Сижжак ва Нанай қишлоқларининг эса кўплаб маданий-маъмурий бинолари, катта-катта унумдор экин ерлари, барқ уриб яшнаб турган жаннатмакон боғлари сув остида қолиб кетди. Халқ тили билан айтганда: «бўлар иш бўлди, бўёғи синди». Лоақал бундан буёғига Буюк Аллоҳ яратиб қўйган табиатнинг нозик оламига билиб-билмай аралашувдан ўзимизни тиймоғимиз, шу пайтгача йўл қўйиб келган хатоларимиз оқибатларини тугатишга астойдил бел боғламоғимиз лозим.

Чорвоқ сув омборининг бағрида бутун ёз давомида неча йиллардан бери давом этаётган нохуш манзараларни айтмайсизми! Сув омбори теграсида “салқинлаётган” минг-минглаб одамларнинг чиқитлари, иркит қолдиқлари тўппа-тўғри Чирчиқ дарёсига тушмоқда ва ундан қуйида яшаётган барча инсонларнинг, шу жумладан, тошкентликларнинг ҳам ичаётган сувларини булғамоқда. Ахир, сув юқорига эмас, қуйига оқади, уни терс йўналтириб юборишнинг иложи йўқ! Бу хунук ҳолни кўрганимизда халқимизнинг: «Осмонга туфласанг, қайтиб юзингга тушади», деган аччиқ нақли ёдимизда жонланади…

Беўхшов бу ҳолатни, кечроқ бўлса-да, тушуниб қолган мутасаддилар халқимизнинг асосий ичимлик суви тармоқларидан бўлмиш Чирчиқ дарёси атрофидаги булғанч оқаваларни катта қувурлар орқали олиб кетиб зарарсизлантириш ишига анча йил аввал енг шимариб киришган эдилар. Чимён – Бақачўл йўналиши бўйлаб то Қибрай ҳудудигача олиб боришга мўлжалланган катта канализация қурилиши икки-уч йил давомида тузуккина олиб борилди. Шу ишнинг бир қисми бўлмиш Чирчиқ – Қибрай оралиғидаги қурилишлар битказиб ҳам қўйилди. Аммо тоғлар бошидан Чирчиқ шаҳрига қадар кавланган зовурлар, чала-ярим ётқизилган улкан қувурлар 1988 йилдан бери ёддан ҳам чиқариб юборилди. Чирчиқ дарёси эса йил сайин кўпайиб бораётган сассиқ оқавалар, иркит чиқиндилар ҳисобига тобора кўпроқ ифлосланмоқда. Дарёнинг юқори қисмида яшовчилар аҳволнинг ғоят мушкул эканлигини унчалик тушунмас. Тошкентдаги бу иш мутасаддилари-чи?! Нафақат бу ишга алоқадор кишилар, Чирчиқ дарёсидан таъминланаётганлар у ёқда турсин, воқеадан бохабар бўлган Ватанимизнинг ҳар бир фарзанди ушбу муҳит мувозанатини тиклаш, шу йўлдаги эзгу ишларни амалга ошириш учун қўлидан келган ҳамма чораларни кўрмоғи лозим…

Бу эзгу йўлда Президентимиз фаолиятидан ҳар қанча ибрат олсак арзийди. Мақсад шуки, Юртбошимиз қайта-қайта таъкидлаганидай, биров бошқа бировга юк бўлмасин, ҳар ким бошлаган ишини, Чирчиқ дарёси бўйларидагидек чала ташлаб кетмай, чиройли ҳолда охирига етказсин.

Бир доно кишидан, “Нима осон?” деб с ўраганларида, “Маслаҳат бериш”, дея жавоб қайтарибди. “Нима қийин?”, деган саволга эса, “Берилган маслаҳатга амал қилиш”, деган экан.

Айниқса, гўзалликка ихлос, покизалик хусусида гап кетганда ҳамқишлоғим Сирожиддин Мирзоҳид ўғли – Сидқий Хондайлиқийнинг ёрқин хотирасини астойдил ҳурмат билан ёдга олмай илож йўқ. Бадииятнинг кўп жанрларида юксак истеъдод билан қалам тебрата олган забардаст адиб шахсий ҳаётда ҳам нозиктаъб, биринчи навбатда ўз-ўзига қаттиқ талабчан экан. Адибнинг ҳовлиси ранго-ранг гул ва лолаларга тўла бўлган. Гулзор чеккаларига ўрнатилган уялардаги асаларилар ғув-ғув учиб, гулзордан, кўркам боғлардан шарбат тўплаган. Ҳовлидаги кўркам ҳовузга сув элтувчи ариқ ёқасидаги ўстирилган каттакон тол дарахти устида ҳар йили лайлаклар бола очар экан. Сидқий Хондайлиқий меҳнатсеварларни астойдил қадрлар, ишбилармон ва покиза инсонларни дўст тутар, мустақил фикри йўқ, ялқов кимсалардан нафратланарди. “Одам уч хил бўлур, – деб ёзган эди бу хусусда адиб. – Бутун одам, ярим одам, одам ҳисобинда бўлмаган одам. Бутун одам шуки, ўз ақлига иш буюриб, касбу корга машғул бўлур. Ярим одам шулки, ўзи бир ишнинг уҳдасидан чиқа олмас, лекин бировнинг далолати бирлан ишга киришур ва тиришур. Одам ҳисобинда бўлмаган одам шулдирки, ўзича касб қила олмас ва бировнинг иршодича ҳам бир ҳунарнинг уҳдасидан чиқа олмас…”

Хулласи калом, элу юртимизнинг чинакамига гуллаб-яшнаши учун ҳамма ишда, айниқса, табиатни муҳофаза қилиш ва соғломлаштириш соҳасида ҳақиқий бутун одам бўлиб, баркамол, тўкис гўзаллик учун астойдил курашайлик.

“Халқ сўзи” газетаси,

2000 йил 25 февраль сони.