1916 йилда Оқ подшонинг Астрахань губернияси, Сибирь ва Ўрта Осиёдаги рус миллатига мансуб бўлмаган аҳолини ҳаракатдаги армия туманларидаги мудофаа иншоотлари қурилишига жалб этиш тўғрисидаги фармони эълон қилинди. Бу фармон уруш баҳонасида беқиёс ошириб юборилган солиқлардан тинкаси қуриган, аксарият қисми учма-уч рўзғор тебратаётган Туркистон аҳолисини жунбушга келтирди. Авжи дала ишлари қизиган, меҳнатга яроқли ҳар бир кишининг ўрни билинадиган пайт эди. Бунинг устига фармон миллий урф-одатларни ҳам оёқ ости қиларди. Сабаби, шариат эркак кишининг ўз оиласини 6 ойдан ортиқ ташлаб кетишини тақиқларди, хотин-қизларнинг далада меҳнат қилиши мумкин эмас эди. Фармон кучга кирса, битта ёки иккита меҳнатга яроқли эркаги бўлган оилалар ўз боқувчиларидан айрилиб, оғир аҳволда қолишлари мумкин эди.
Биринчи бўлиб 4 июлда Самарқанд вилоятининг Хўжанд уезди аҳолиси, кейин бошқа шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси қўзғолон кўтарди. Лекин кўп жойларда маҳаллий аҳоли Оқ подшо фармонига Туркистон Бош губернаторлигининг маъмурий маркази — Тошкент меҳнаткашлари қандай муносабатда бўларкин, деб кутиб турдилар.
Тошкент аҳолисининг норозилик ҳаракатлари эса фармон эълон қилиниши билан бошланди. Шаҳарнинг мустамлакачи маъмурияти одамларни мардикорликка олиш аҳолининг қаршилигига дуч келишини дарҳол ҳис этди.
Дастлаб Тошкентнинг Эски шаҳар қисми етти мингга яқин мардикор етказиб бериши керак, деб эълон қилинган эди. Аслида мардикорликка олинадиганлар миқдори 13.600 кишини ташкил этди. Шундан 12 минги Эски шаҳар, қолгани Янги шаҳар ҳиссасига тўғри келди. Бу режа амалга ошса, Эски шаҳардаги ҳар икки хонадоннинг биридан мардикорликка одам олинар эди.
11 июль. Олмазор маҳалласидаги полиция бошқармасида эрталаб соат 11 га элликбошилар мажлиси тайинланган бўлиб, унда вилоятнинг собиқ ҳарбий губернатори Галкин маҳаллий акобирлар билан аҳолини мардикорликка олиш масаласида гаплашмоқчи эди.
Лекин эрталаб соат ўнда бошқарма ҳовлиси олдида аёлларнинг катта гуруҳи, улар ортидан эркаклар пайдо бўлди. Намойишчилар уч минг нафардан ортиқ эди. Эркак ва аёллар: «Болаларимизни мардикорликка бергандан кўра, ўзимиз шу ерда ўлганимиз афзал! Подшо фармонини бажармаймиз!» — деб бақира бошладилар. Оломон темир панжарадан ошиб ўтиб, полиция бошқармаси олдига келди. Уларнинг йўлини тўсишга ҳаракат қилган беш нафар маҳаллий ва бир ўрис миршаб калтакланди. Одамлар бир миршаб қўлидаги тўппончани тортиб олишди. Полицмейстер вазифасини адо этаётган 4-участка пристави Мочалов, 3-участка пристави Харчев ва полиция бошқармаси котиби Трентовиус бошқарма биноси зинасига чиқиб, аҳолини тинчлантиришга уринишди. Лекин уларнинг ҳаракатлари зое кетди, зеро аҳолининг ғазаби ортганидан-ортиб борар, бошқарма биноси деразаларига ва зинада турган маъмурларга қарата тошлар отила бошланди. Оломон аёлларни тинчитишга ҳаракат қилган тунги қоровулни ёқасидан ушлаб, ерга қулатди ва полиция амалдорлари кўз ўнгида уриб ўлдирди. Шу пайт зинани қуршаган одамлар Трентовиусни ҳам пастга тортиб, ерга қулатишди, унинг қиличини қинидан суғуриб, ўзини судрашди. Мочалов атрофдаги полицияларга тўппончалардан осмонга ўқ узишни буюрди. Шундан кейин оломон чекиниб, Трентовиус бино ичига очиб киришга улгурди.
Тўполон бўлартган жойга етиб келган Эски шаҳар полицмейстери, полковник Колесниковнинг қўзғолончиларни тинчитиш учун қилган урннишлари ҳам самара бермади. Оломон унга ҳамла қилди. Шунда полковник ўзи билан келган казакларга қўзғолончиларга қарши ўт очишни буюрди. Бунга жавобан оломон зинадагиларга ташланди. Полиция амалдорлари эса бино ичкарисига кириб, эшикни беркитишга улгуришди.
Колесников телефон орқали ҳарбий ёрдам чақирди. Орадан ярим соат ўтгач, бир томондан шаҳар бошлиғи вазифасини бажарувчи Кочан миршаблар билан, иккинчи томондан юнкерлар ротаси етиб келди. Шундан сўнг оломон сафи сийраклашди.
Шу кунги қўзғолонда мустамлакачилар ўқидан 11 қўзғолончи ҳалок бўлиб, 15 киши яраланди. Кейинги кунларда ҳам шаҳарда аҳвол танглигича қолди. Тошкент уездининг қишлоқ жойларида аҳолининг чор маъмуриятига қарши чиқишлари бошланиб кетди. Янгибозор, Тўйтепа, Троицкий, Хонобод ва Пискентда деҳқонларнинг полициячилар ва ҳарбийлар билан тўқнашувлари содир бўлди. Қўзғолонлар Фарғона водийсини ҳам қамраб олди. Жиззах уездида катта қўзғолон кўтарилди.
Хўш, Туркистон Бош губернаторлигининг маъмурий маркази бўлган Тошкент аҳолисини қўзғолонга кўтарган кишилар кимлар эдилар?
Тошкентнинг Эски шаҳар қисми собиқ полицмейстери Н. Е. Колесниковнинг қўзғолончиларни тергов қилиш пайтида берган кўрсатмасида шундай сўзларни ўқиймиз: «…Мен 10 июль оқшомида Шайхонтоҳур масжидига бордим, бу ерга рўза муносабати билан кўп одам тўпланарди. Мақсадим аҳолининг кайфиятини билиш эди. Бу ерда мен яқин жойда яшовчи масжид мутаваллиси Саидалихўжа Эшонхўжаевни ва Беклар Беки мадрасаси мутаваллиси бўлган сартни учратдим. Бу кишилар менга эскидан таниш эди, улар билан суҳбатлатшиб, аҳоли мардикорликка одам беришни истамаётганлигини билдим. Бундан ташқари, Беклар Беки масжиди мутаваллиси менга айтдики, жаноб Кочан Шайхонтоҳур масжидига келгунга қадар, қайси бир босмахонада ишлайдиган маҳаллий бир киши аҳоли олдида сўзлаб, уларни мардикорликка одам бермасликка даъват этибди. Оломон унинг нутқини қарсаклар билан кутиб олган.
Шу оқшом (10 июлда) мен маҳаллий кишилардан Каттахўжа Бобохўжаевни ва Саидаҳмад Саидкаримбоевни ҳузуримга чақириб: «Тилларингни тийиб юрларинг», — дедим. Сабаби, мен бу кишилар аҳолини мардикорликка одам бермасликка даъват этаётганлари ҳақида маълумот олган эдим. Шайхонтоҳурнинг Баландмасжид маҳалласида яшовчи ва шаҳар дорихонасида хизмат қилувчи Мусахон Мирзахонов ҳақида ҳам шундай маълумот олган эдим. Мен, у кўпчилик олдида мардикорликка одам бермаслик керак, деган фикрни айтганлиги ҳақида маълумотга эга эдим. 10 июль соат 3 га яқин мен уни вилоят бошқарувидан қайтаётиб, кўчада учратдим. Унга: «Мен сендан бундай гапларни кутмагандим, сени ерлик ақлли кишилардан ҳисоблардим», — дедим. Бунга жавобан Мусахон: «Мен бундай гапларни айтмаганман», — деди. Бироқ 11 июлда, тартибсизликлар бўлаётган жойга ҳарбий губернатор Галкин келиб, оломон орасидаги маҳаллий кишилардан бирига мурожаат қилиб: «Нега бу ерга келдингиз?» — деб сўраганида у: «Мени бу ерга Мусахон юборди, «у ерда қўзғолон қилишяпти, сен ҳам бор деди», — деган. Бу киши ушланмади ва унинг ким эканлигини билмайман» (Ўзбекистон МДА. Туркистон Бош губернаторлиги канцелярияси фонди, 31-рўйхат, 1100-иш, 230—233-бетлар).
Марҳум академик Ҳабиб Турсунов ҳам ўзининг 1962 йилда Тошкентда нашр этилган «Восстание 1916 годов Средней Азии и Казахстане» китобининг 261-бетида шундай ёзади: «Илғор зиёлилар вакили — шаҳар дорихонаси фармацевти, Шайхонтоҳурнинг Баландмасжид маҳалласида яшаган Мусахон Мирзахонов подшо фармонига итоат этмасликка тарғиб қилган. Айнан шу киши одамларни қўзғолон кўтаришга даъват этганлардан бири эди». Саҳифа остидаги эслатмада эса қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Мусахон Мирзахонов Октябрь инқилобидан сўнг совет тиббиёт муассасаларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган».
Аввало, бу ўринда Колесников терговда берган кўрсатмада ва ҳурматли академигимиз китобида йўл қўйилган жузъий чалкашликни таъкидлаб ўтиш лозим. Қўзғолончилар даъваткорининг асл фамилияси Муса Мирзахонов эмас, балки Муса Мирзахонович Миразимовдир. Яъни бу киши Мирзахон мингбошининг ўғли, Миразим мингбошининг невараси бўлган. Шайхонтоҳурнинг Баландмасжид маҳалласида туғилиб, умрининг охиригача шу ерда яшаган. Касби фармацевт-шифокор бўлган.
Мусахон аканинг бобосини Миразим саркор дам дейишарди. Бунинг сабаби, ў йигитлик пайтида Бухоро амирининг саркори бўлган. Амирнинг ҳарамидаги Чикобиби исмли гўзал тожик қизини севнб қолиб, уни тунда олиб қочган. Тошкентга келиб, чор Россияси фуқаролигига ўтган. Миразим саркор ўз даврида амирга садоқат билан хизмат қилган, уни бир-икки марта ўлимдан олиб қолган ҳарбий эди. Шу боис, амир унинг гуноҳидан кечади, ортидан таъқиб қилмайди.
Миразим саркор дастлаб Бешёғоч даҳасидаги Бўрхобод деган жойдан (Бўрух исмли яҳудийнинг боғи яқинидан) ҳовли сотиб олади. Давлати кўпайиб, мартабаси ортиб, мингбоши бўлгач, Шайхонтоҳурнинг Баландмасжид маҳалласида ичкари-ташқарили, болохонали ҳовли қуради. Чикобибидан тўғилган ўғли Мирзахонни мадрасада ўқитади. Мирзахон ҳам отаси сингари омадли инсон бўлиб, Чимкентда мингбошилик қилади.
Мирзахон ака 1892 йилда ўғил фарзанд кўриб, унга Мусахон деб исм қўяди. Бу ўғлини аввал рус-тузем мактабида, кейин Тошкентнинг Чилдухторон деган жойидаги (ҳозирги эски ТошМИ ўрнида) гимназияда ўқитади.
Бир йили Тошкентга подшолик топшириғига биноан-икки нафар жуғрофия олими келади. Бири санкт-петербурглик, иккинчиси қозонлик бу олимлар зиммасига бутун Туркстонни айланиб, ўлканинг жуғрофий харитасини тайёрлаш вазифаси юклатилган эди. Мусахон шу илмий экспедицияда қатнашиб, тилмочлик қилади. Рус олимлари ўзбек йигитини яхши кўриб қолишади. Уни ўзлари билан олиб кетиб, Қозон университетига ўқишга жойлаштирмоқчи бўлишади. Мусахон эса уларга узрини айтиб: «Ҳозирча сизлар билан кетиш учун имкониятим йўқ. Қулай имконият юзага келиши билан Қозонга ўзим бораман», — дейди.
Бу воқеа 1910 йилда бўлган. Мусахон икки жўраси билан Баландмасжиддаги чойхона сўрисида гурунглашиб ўтирарди. Шу пайт кўчадан отда пристав ўтиб қолади. Ўша пайтдаги одат бўйича кўчадан чор полицияси амалдори — пристав ўтганида маҳаллий кишилар дарҳол ўринларидан туришлари, таъзим қилиб, салом беришлари керак эди. Мусахоннинг жўралари шу мақсадда ўринларидан туришади. Лекин шунда Мусахон уларни қўлидан тортиб, жойига ўтқазиб қўяди. Буни кўрган пристав отини тикка Мусахон томонга буриб келиб: «Рус амалдорини беҳурмат қиладиган сенмисан?!» — дейди-да, йигитнинг елкасига қамчи билан туширади. Шунда Мусахоннинг ғазаби қайнаб, приставни отдан қулатади, уни калтаклаб, сув оқадиган жарликка улоқтириб юборади.
Ўша пайтда бу хатти-ҳаракат жуда ёмон гуноҳ саналарди. Чор полицияси амалдорига қўл кўтаришга журъат этган кишини каторга жазоси кутарди. Мусахон Чимкентга қочади. Чор полициясининг қўли узун, уни у ерга ҳам қидириб келишлари мумкин. Шуни ўйлаб, Мусахон Қозон шаҳрига жўнаб кетади. Таниш рус олими кўмагида Қозон университети қошидаги фармацевтлар тайёрлаш курсига кириб ўқийди. Бу курсни битиргач, Туркистонга қайтади.
Мусахон Миразимовнинг невараси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ботир Миразимовнинг оиласи архивида сақланаётган, бобосига дахлдор ҳужжатлар ва суратлар билан танишдим. Мана, Мусахон Миразимовнинг хизмат рўйхатидан бир парча:
- 1912 йил декабрь. Болотиннинг Қўқондаги хусусий дорихонасига фармацевт бўлиб ишга кирди.
- 1913 йил. Тошкент шаҳар дорихонасиға ишга кирди.
- 1916 йил сентябрь. Армиядаги фронт окоплари ишларига жалб этилди. Фронтдан қайтди (1917 йил февраль инқилобидан сўнг).
- 1917 йил. Тошкент шаҳар милиция комиссари ёрдамчиси этиб тайинланди.
- 1918 йил. Шайхонтоҳур туман милиция бошлиғи этиб тайинланди.
Ботир Миродиловичдан: «Нега бобонгиз 1912 йилда Қўқонга бориб ишлаган?» — деб сўрадим. У киши: «Б-бом бу пайтда ҳам Тошкент полициясининг таъқибида бўлган. Полициячиларнинг кўзидан нарироқ юриш мақсадида Қўқонга бориб ишлаганлар», — дедилар.
Калтакланган пристав Россия шаҳарларидан бирига янги вазифага кўтарилиб кетгач ва Мирзахон ака полиция амалдорларининг «томоғи»ни мойлаб, ўғлининг қилмиши учун узр сўрагач, Мусахон Тошкентга қайтиш имконига эга бўлади.
Бироқ шунда мардикорликка олиш билан боғлиқ тўполонлар бошланади. Тошкент қўзғолони иштирокчиларидан 34 нафари ҳибсга олиниб, аксарияти қаттиқ жазоланади. Жумладан, намойишчиларни полициячиларга ҳужум қилишга даъват этган Абдураҳмон Қаюмсафиев, Мирқосим Шомуҳамедовни округ ҳарбий суди осиб ўлдиришга ҳукм қилди. Ёқуб Муродражабов, Тожибой Юнусхўжаев, йўлчи Иброҳимов, Муродхўжа Муҳаммадалихўжаев, Ғулом Камоловлар узоқ муддатли каторга ва сургунга ҳукм қилиндилар.
Мусахон Миразимовнинг айби қонуний асосда исботланмагач, унга бир оз енгил жазо берилди. Чор маъмурлари уни шубҳали шахс сифатида Туркистондан бадарға қилиш керак, деган хулосага келиб, Тошкентдан мардикорликка олинганларнинг катта гуруҳига бошлиқ қилиб жўнатишди. У бу сургундан 1917 йил февраль инқилобидан сўнг қайтди.
Айтишларича, Мусахон ака 1916 йил қўзғолонига қадар ҳам чоризмнинг ўлкадаги мустамлакачилик сиёсатига қарши яширин ҳаракатда фаол иштирок этган. Тошкентдаги ҳозирги Амир Темур хиёбонига қараб тушган икки ғиштин бинонинг чап томонидагиси томи остида ўша пайтда яширин босмахона бўлар экан. Чор полициячилари шу босмахонани фош этишлари маълум бўлиб қолганида, Мусахон ака унга ўт қўйиб, бинонинг иккинчи қаватидан ташлаб қочган эканлар.
1917 йил 14 ноябрда Тошкентда ҳокимият большевиклар қўлига ўтди. Бир неча кундан сўнг Мусахон Миразимовни Туркистон инқилобий қўмитасига чақиришди. Бу ерда у билан Вотинцев суҳбатлашди.
— Ўртоқ Миразимов, биз бу ерда маслаҳатлашиб, сизни Тошкент милицияси комиссари ёрдамчиси этиб тайинлашни лозим топдик. Шунга нима дейсиз? — деди у.
— Ишончингиз учун раҳмат! Бироқ менинг узрим бор: биринчидан, мен йўқсил эмасман, ўзига тўқ зиёли оиладанман; иккинчидан, партиясизман, тиббиёт ходимиман.
— Биз буни биламиз. Аммо Сиз чоризм истибдодига қарши курашган одамсиз. Янги ҳукуматга эса ҳуррият учун астойдил курашадиган, халқ орасида обрў-эътиборли кишилар керак. Сиз инқилобий ҳукуматнинг юксак ишончига сазовор бўлаётган биринчи маҳаллий халқ вакилларидансиз.
Шундан кейин Миразимов янги лавозимда ишлай бошлади. 1918 йилда у Шайхонтоҳур тумани мнлицияси бошлиғи, 1922 йилда зса Тошкент шаҳар милицияси комиссари этиб тайинланди. У бу лавозимда ҳаётини хавф остига қўйиб, астойдил ишлади.
1919 йилда Тошкентда фожеа рўй берди. Исёнчи полковник Осипов 14 Туркистон комиссарини ҳарбий қалъага алдаб чақириб, ҳаммасини отиб ташлади. Ўшанда қалъага чақирилганлар орасида Мусахон Миразимов ҳам бор эди. Оқшом унииг уйига хабарчи келиб, қалъадаги йиғилишга таклиф этганида, Муса Миразимов унга: «Ортингиздан ярим соатда етиб бораман. Уйимда меҳмоним бор, шуни кузатиб қўйишим керак», — дейди. Хабарчи кетади. Миразимовда шубҳа пайдо бўлади. У ўзича: «Нега йиғилиш Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси биносида эмас, ҳарбий қалъада бўлади? Бу ерда бир сир бўлса керак», — дейди-да, қалъага бормасликка қарор қилади. Ҳақиқатда унинг кўнгли шу куни ёмон бир ҳодиса содир бўлишини сезган эди. Бундай шароитда уйда қолиш ҳам тўғри эмас. У уйига меҳмон бўлиб келган куёви (синглисининг турмуш ўртоғи) Қоплонбек билан паранжи ёпиниб, маҳси-ковуш кийиб, Кўкчадаги бир дўстиникида яширинади.
Эртаси куни шаҳарда 14 комиссар ҳарбий қалъада отиб ташланганлиги ҳақидаги хабар тарқалади. Сибирь ўқчи полки Тошкентга ёрдамга етиб келгач, ҳарбий қалъага ҳужум бошланади. Исён бостирилади. Айтишларича, шунда исёнчилар бошлиғи Осипов ҳам Тошкентдан Бухорога паранжи ёпиниб қочган экан.
Мусахон Миразимов 1917 йил Октябрь давлат тўнтаришини шод-хуррамлик билан кутиб олди. Ўша йили туғилган тўнғич фарзандига Ҳуррият деб исм қўйган. Сабаби, у ҳам большевикларнинг ёлғон шиорларига ишонган, халқимиз чинакам ҳурликка чиқадиган, миллий масалалар оқилона ҳал этиладиган, собиқ чор Россиясининг катта империясидаги барча халқлар биродар бўлиб, эркин яшайдиган замонлар келди, деб ўйлаган эди. Лекин йиллар ўтгач, бу орзулари хом хаёл эканлигини сеза бошлади. Ўлкадаги чор мустамлакачилари ҳукумати ўрнига ундан ҳам маккорроқ, ундан ҳам шафқатсизроқ, ундан ҳам мустабидроқ ҳукумат келганлигини англаб етди. Қилаётган ишидан кўнгли совиди.
1925 йилда Мусахон Миразимов ўз севган соҳасига қайтди. Дастлаб Ўзбекистон Дорихоналар бошқармасига раҳбар, сал вақт ўтгач, республика соғлиқни сақлаш халқ комиссарининг ўрйнбосари лавозимларида ишлади. Қисқа вақт республика соғлиқни сақлаш халқ комиссари ҳам бўлди. Ундан сўнг Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими мудири лавозимига тайинланди. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб, олий маълумотли шифокор бўлди.
1936 йилда халқ саломатлигини сақлаш соҳасидаги хизматлари учун Ўзбекистон ҳукуматининг фармонига биноан Мусахон Миразимовга Меҳнат Қаҳрамони унвони берилди. 1943 йилда эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор юксак унвонига сазовор бўлди, қатор орденлар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Бу кишини халқ «Муса комиссар», «Муса мўйлов» ҳам дерди. Республикамиздаги дастлабки дипломли шифокорлар авлодига мансуб бўлган Муса комиссар ўша йилларда ўлкамизда кенг тарқалган, минглаб кишиларнинг умрига завол бўлган чечак, безгак, қизамиқ каби касалликларни тугатишда, ўлканинг умумий санитария ҳолатини яхшилашда, республикада дорихоналар тармоғини кенгайтиришда катта жонбозлик кўрсатган эди. Унинг бу хизматларини халқ биларди ва шу боис, беқиёс ҳурмат қиларди.
Мусахон Миразимов 20-йилларда Эски шаҳарда Туркистон халқ консерваториясининг Тошкент бўлимини ташкил этишда ҳам фаол иштирок этган.
Ҳозир республика дорихоналар бошқармаси қошидаги фармацевтика музейида Мусахон Миразимовнинг катта портретини кўриш ва унинг ҳаёт йўли ҳақидаги маълумот билан танишиш мумкин. Бу киши ўзбеклар орасидан чиққан биринчи провизор саналади.
Мусахон акани билган кишилар унинг ниҳоятда хуш муомалали, ташкилотчи, одамларга эътиборли инсон булганлигини таъкидлашади. М. Миразимовнинг фарзандлари ҳам оталари изидан кетишди. Ўғиллари Исахон ва Пўлат Миразимов, неваралари Темир ва Ботир Миразимовлар шифокор-олимлар бўлиб етишишди.
Ҳозир номи Тошкент фармацевтика акционерлик жамиятига қўйилган, шу корхонани қурган ва унга узоқ йиллар раҳбарлик қилган республика фармацевтика саноатининг асосчиларидан саналадиган марҳум Султонбек Исломбеков, Москва эндокринология институтининг профессори, тиббиёт фанлари доктори, Россия Тиббиёт фанлари академиясининг мухбир аъзоси, Ражаббек Исломбеков, тиббиёт фанлари доктори, профессорлар Ўткир Исломбеков, Эркин Исломбеков Мусахон Миразимовнинг зурриёдларидирлар ва улар мазкур зотни ўзларининг устозлари деб биладилар.
Ҳозир республикамизнинг турли соғлиқни еақлаш муассасаларида меҳнат қилаётган, Мусахон Миразимовга авлод бўлган дипломли шифокорлар сони 40 нафардан ортади.
Мусахон Миразимовнинг шогирди ва дўсти, бир умр фармацевтика соҳасида меҳнат қилган фахрий, 90 ёшли Содиқ Қори Тўлаганов билан суҳбат асносида: «Нега Мусахон Миразимов Коммунистик партия сафига ўтмаган?» — деб сўрадим. У киши: «Мусахон акам жадидларга ҳамфикр эдилар, — дедилар. — Тошкентнинг «Хизматчи» маҳалласида 1929 йилда маъмурий идоралар томонидан ҳибсга олиниб, отиб ташланган жадид Эшонхўжа Хонийнинг «Ҳаёт» мактаби бўларди. Эшонхўжа Хоний оиласи билан ўзи ташкил этган шу мактаб биносининг уч хонасида яшарди. Унинг уйида Тошкентнинг кўзга кўринган жадидлари тез-тез тўпланиб туришган. Ўшалар даврасига Мусахон акам ҳам бориб турардилар. Хонийнинг уйига Файзулла Хўжаев келганлигини ҳам кўрганман.
Орифхўжа бойнинг Зокир исмли татар кучери бўларди. Унинг Шарифа исмли рафиқаси Хонийнинг мактабида фаррошлик қиларди. Шу кишиларнинг Ғали исмли, мен билан озгина ошначилиги бўлган ўғли Хонийнинг уйида жадидлар тўпланишганда уларга чай ташиб, хизмат қилиб турган.
1937-38 йиллардаги қама-қама пайтида Мусахон акам ҳар кеча кийим-кечакларини ёстиқлари ёнига қўйиб, қамоққа кетишга тайёр бўлиб ётганлар. Аммо омадлари чопиб, қамалмай қолганлар.
Содиқ Қори отанинг ҳикоясича, Мусахон Миразимов умрининг охирги йиллари Алихон Тўра Соғуний билан дўстлашган. «Бир куни Мусахон акамнинг уйига борсам, меҳмонхоналарида Соғуний домла билан гурунглашиб ўтирган эканлар, — деб эсладилар у киши. —Мен киришим билан Соғуний домла жим бўлиб қолдилар. Шунда Мусахон акам у кишига мени кўрсатиб: «Бу ишончли одам, хавотирланманг», — дедилар. Шунда мен улар замонанинг носозликларидан гаплашиб ўтиришганлигини ҳис этдим.
Соғуний домла Мусахон акам 1957 йилда вафот этганларида фотиҳахонликларида бир кун қатнашганлар».
Айтишларича, Мусахон Миразимовнинг вафотини халқ катта маросимга айлантириб юборган. Ҳукумат вакиллари у кишининг жасадини қутига солиб, орксстр садолари остида, оврўпача дафн этмоқчи бўлишганда, Баландмасжид маҳалласи аҳолиси қатъий норозилик билдиради. Улар: «Бу одам мусулмон оиласида туғилган, мусулмон бўлиб яшаб ўтди; мусулмонча дафн этамиз», — деб туриб олишади. Ҳукумат вакиллари ўз қарорларидан қайтишга мажбур бўлишади. Шундан кейин марҳумнинг жасадини миллий одатга биноан тобутга солиб, минглаб одамлар елкама-елка кўтариб олиб бориб, Кўкча қабристонига дафн этишади.
1997 йил.