Алиназар Эгамназаров. Бу кимнинг ташвиши? (1992)

«Новый мир» ойномаси ўзининг 1991 йил 3-сонида ёзувчи Виктор Ярошченконинг «Бўлиниш қуввати» сарлавҳали катта мақоласини чоп этган эди. Собиқ Иттифоқдаги ижтимоий-сиёсий аҳвол таҳлилига бағишланган ушбу мақолада қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин: «Ҳар қандай холис таҳлил жамиятимизнинг сиёсий онги жуда хилма-хил эканлигини, унинг айтайлик, демократик имкониятлари бир хил эмаслигини кўрсатади. Болтиқбўйи жумҳуриятлари, Ленинград, Москва, Новосибирск, Свердловск, Россия, Украина ва Белоруссиянинг яна бир нечта йирик шаҳарлари — булар, ҳозир айтиш расм бўлганидек, демократик ижтимоий тузумнинг электр моторли араваларидир.

Кавказортида ўзгача аҳвол: бугун бу ерда ҳокимият тепасида демократлар турибди. Эртага қиролни таклиф этишса, ҳеч ким ҳайрон бўлмайди.

Анъанавий уруғ-аймоқчилик, ошна-оғайнигарчилик, табақачилик тузилишига асосланган Ўрта Осиёда мутлақо бошқача вазиятни кузатиш мумкин.

Қисқаси, кечаги Иттифоқнинг улкан ҳудудида воқеалар табиий йўсинда ривожланиб борса, хилма-хил регионал йўлбошчилар — Гру Харлем Брундтланддан тортиб Саддам Ҳусайнгача пайдо бўлиши мумкин».

Муаллифнинг бу сўзлари наҳот ҳақиқат бўлса? Наҳот биз қордан қутулиб, ёмғирга тутилсак, устимиздан Саддам Ҳусайндек мустабидлар ҳукмронлик қилса? Ўз ҳаётимизни дунёдаги энг илғор халқлар қурганидек қилиб қуролмасак?

Умуман кейинги пайтда Москва матбуотида Ўрта Осиё, хусусан унинг етакчи жумҳурияти бўлган Ўзбекистоннинг истиқболи ҳақида турли хил нохуш фикрлар кўп айтилмоқда. Бу менинг назаримда, худди яхши шеригидан айрилган, унинг иши олға босиб кетиши мумкинлигини пайқаб, у ҳақда ёмон гапларни тарқатиб юрган ғирром одамнинг хатти-ҳаракатларини ташвишланганини эслатади.

Жаҳонда ўз тарихини демократик асосда бошлаган яккаю ягона мамлакат — АҚШдир.

Қолаверса, демократия ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳволи, миллий анъаналари билан узвий боғланган мураккаб жараёндир. Шундай бўлгач, эртага Россияни нурли истиқбол кутадию, Ўрта Осиёда ҳокимият тепасига мустабидлар келади, деган тахминий гапларни айтиш тўғри бўлармикан? Собиқ Иттифоққа кирган жумҳуриятлар умумий иқтисодий ва сиёсий буҳронни бошдан кечираётган ҳозирги пайтда, бу қийинчиликларни биргалашиб бартараф этиш учун кўнгилни қолдирадиган гапларни эмас, ҳамжиҳатликка, ўзаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ундовчи гапларни кўпроқ айтиш мақсадга мувофиқ бўлмасмикан? Лекин ҳамон бизга қарши нохуш гаплар айтилаётган экан, биз ҳам жавоб қилишга мажбурмйз.

Ҳозир собиқ Иттифоқдаги вазиятга объектив қараладиган бўлса, демократик йўлдан чекиниш, ижтимоий «портлаш»лар эҳтимоли Ўрта Осиёдан кўра Россияда кучлироқ. Сабаби, бу ерда ҳозир ижтимоий-сиёсий танглик даражаси Ўрта Осиёдагидан юқори бўлса юқорики, лекин кам эмас.

Бир пайтлар бир тарихчи олимдан: «Нега Россияда қулдорлик жамияти бўлмаган?» деб сўраганман. У: «Қулдорлик жамияти табиатан бой жойларда яшайдиган халқларда бўлган; Россиянинг табиати эса камбағалдир, шунинг учун у ерда қулдорлик жамияти бўлмаган», деб жавоб берган эди. Етмиш йиллик тоталитар тузум ана шу табиатини озиқ-овқат билан таъминлашни мушкул вазифага айлантирди. Бу эса бугунги кунда Россия бозорларида озиқ-овқатни тобора қимматлаштириб, ижтимоий тангликни кучайтирмоқда. Эртага бу ерда нима воқеалар бўлишини эса ҳеч ким билмайди.

Бу ўринда яна шуни айтиш керакки, Россия ҳам, Ўрта Осиё жумҳуриятлари ҳам коммунистик тоталитар тузумдан мерос қолган ижтимоий муҳитда янги демократик жамият қурмоқдалар. Бугун бу жумҳуриятларда халққа етакчилик қилаётган кишиларнинг аксарияти онасининг қорнидан демократ бўлиб тушмаган, балки партия аппарати қобиғидан чиққан, барча қатори улар ҳам янгича шароитда ишлашга катта қийинчиликлар билан ўрганаётган, лекин ниятлари пок, халққа астойдил хизмат қилишга аҳд қилган одамлар эканлиги ҳам кўпчиликка маълум бўлган ҳақиқатдир. Шундай бўлгач, эскича иш усуллари, одатлар, кўникмалар ҳам анча вақтгача собиқ Иттифоқнинг барча ҳудудларида демократик ривожланиш йўлидан олға боришимизга халақит бериши табиий бир ҳолдир.

Американинг таниқли давлат ва жамоат арбоби Генри Киссенжер Лос-Анжелесда чиқадиган рўзномада чоп этилган «Россия демократияни ўзича тушунади» сарлавҳали мақоласида қуйидагиларни ёзди: «Гарчи мен Борис Ельциннинг коммунистик режимга қарши курашдаги мардлиги, унинг ҳамдўстликни тузишдаги ғайрати ва қобилияти учун чуқур ҳурмат қилсам ҳам, Россиянинг чақиртиканакли миллатчилиги ҳали-вери сўнмаслиги равшан бўлиб турибди… Горбачев даври тугаганлиги муносабати билан миллатчилик олдиндаги қийин синовлар даврида бирлаштирувчи куч бўла оладиган жозибали омилга айланадиганга ўхшайди».

Россияда кейинги даврда бўлаётган воқеалар Киссенжернинг бу хавотирида асос борлигини кўрсатаяпти. Россиянинг кейинги 70 йил мобайнида совет халқларининг бир неча авлоди меҳнати билан бунёд этилган умумий мулкларни барчага баравар бўлишни истамаётганлиги, қуруқликдаги ҳарбий кучларни, ҳаво ва денгиз флотини ёлғиз ўзиники қилиб олишга интилаётганлиги, марказда бўлаётган йиғинларда рус ҳарбий офицерлари жазавали нутқлар сўзлаётганликлари, рус маъмурлари ҳудудларидан юк олиб ўтаётган жумҳуриятлардан инсофсизларча бож олишга интилаётганликлари, майда миллатларни (жумладан, немисларни) камситиш сиёсатини юргизаётганликлари Россия демократия ва адолат йўлидан бормай, балки уч юз йил давом этган мустамлакачилик ва зўравонлик сиёсатини давом эттиришни истаётганлигини кўрсатмайдими?

Ўрта Осиёдаги демократиянинг тақдири ҳақида ҳам олдиндан бир нарса дейиш қийин, албатта. Лекин шу нарса аниқки, биз 130 йиллик «танаффус»дан сўнг ўз кунимизни ўзимиз кўрмоқчи бўлиб турибмиз, ўзбекдан эса, иншоллоҳ, илгари гадой, дайди чиқмаган, бундан буён ҳам чиқмаса керак.

Тўғри, қайта қуриш бошланган 1985 йилдан бери мамлакатда бўлган ҳодисалар Болтиқбўйи жумҳуриятлари, Россия, Украина халқлари демократик ўзгаришларга нисбатан анча тайёр эканликларини намойиш этишди. Хўш, бу нималарда ифодаланди? Бу ҳодиса Болтиқбўйи жумҳуриятлари, худди Шарқий Оврўпанинг Чехословакия, Венгрия каби мамлакатлари сингари «нафис» инқилоб қилиб, тўла мустақилликни қўлга киритганликларида ифодаланди, деб айтиш мумкин. Ўтган йил август ойидаги давлат тўнтариши Россияни фуқаролар уруши бўсағасига олиб бориб қўйган эди. Лекин Москва, Санкт-Петербург сингари марказий шаҳарлар аҳолисининг реакцион кучларга зўр бирдамлик билан қарши тура билганлиги қонли тўқнашувларнинг олдини олиб, демократларнинг ғалабасини таъминлади. Бунинг сабаблари нимада?

Болтиқбўйи халқлари азалдан Оврўпадаги демократик анъаналарга бой бўлган мамлакатлар билан яқин алоқада яшашган, бу ердаги халқларнинг умумий савияси ҳам нисбатан анча юқори. Россияда эса 1905-07 йиллардаги буржуа-демократик инқилоби мобайнида чор ҳукумати томонидан ўзига хос миллий парламент — Давлат думаси ташкил этилган эди. Унга гласний (вакил)лар сайлашда маълум чеклашлар билан аҳолининг деярли барча табақалари иштирок этарди. Давлат думаси 1906 йилдан 1917 йилгача мавжуд бўлди ва ўз фаолиятини тобора такомиллаштириб бориб, секин-аста фуқаролик эркининг мустаҳкам заминини яратаётган эди. Лекин 1917 йил октябрда большевиклар амалга оширган давлат тўнтариши бу жараённи 70 йилга тўхтатиб қўйди. Бу демак, гарчи Россия тарихан демократик анъаналарга бой бўлмаса ҳам, унда халқ ҳаётини демократик асосда ташкил этиш учун 85-90 йил аввал ижтимоий-сиёсий замин яратилган эди, дейиш мумкин.

Ўрта Осиёда эса қайта қуриш бошлангандан бери Фарғона, Ўш, Душанбе, Паркент воқеалари юз бериб, кўп одамлар қурбон бўлди. Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасида содир бўлган қонли тўқнашув ҳам бутун жумҳуриятни ларзага солди. Бу қонли тўқнашувлар халқнинг энг онгли, илғор қисми бўлган демократларнинг даъвати билан эмас, балки халқ орасида хуфёна иш олиб борган, жумҳуриятимизнинг мустақиллигини кўролмайдиган қора кучларнинг иғвоси, қутқуси билан рўй берди.

Албатта, қора кучлар Болтиқбўйи жумҳуриятларида қилолмаган ишларини Ўрта Осиёда амалга оширишга муваффақ бўлаётганликларининг ҳам ўз сабаблари бор. Биз узоқ давр халқни қуллик исканжасида сақлаган феодал тузум шароитида яшадик. «Тарихимизнинг энг қора, энг кир қисми бўлган» хонлик даврларини бошдан кечирдик. Кейин Туркистонни Россия босиб олиб, халқ икки ёқлама эзила бошлади.

Октябрь тўнтаришидан кейин Туркистонга «экспорт» қилинган тузум эса фақат бизни эмас, собиқ Иттифоқнинг улкан ҳудудида яшаган барча халқларни эркинликлар маъносида ўрта асрдан ҳам нарироққа итқитиб юборди. Совет халқи 70 йил демократия йўқлигидан қийналди. Нима учун? Шунинг учунки, коммунистик тоталитар тузум билан феодал тузумни таққослаганда, иккинчисида демократик эркинликлар маълум даражада мавжуд эди, дейиш мумкин. Сабаби, феодал тузум шароитида барчага баравар демократия бўлмаган тақдирда ҳам, феодал учун маълум даражадаги демократия бор — у ўз мулкида хоҳлаган ишини қила олади. Коммунистик тузумда эса деярли ҳеч кимга эркинлик йўқ — «пирамида»нинг тубидан тепасигача (жамоа хўжалигидаги оддий бригадирдан Коммунистик партия Марказий Қўмитасининг Бош котибигача) бир-бирига муте. Бундай шароитда демократия ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас.

* * *

Бугунги кунда Япония Осиёнинг тараққий этган мамлакатларидан бири эканлиги ҳаммага равшан. Аммо Япония ўтган асрнинг иккинчи ярмигача чет элликлар босқинидан қўрқиб, 200 йил ташқи дунёдан ажралиб яшаганлигини, мамлакатга ҳатто миссионерлар ҳам киритилмаганлигини, бу эса мамлакатнинг ҳар жиҳатдан орқада қолиб кетишига сабаб бўлганлигини кўпчилик билмайди. Японлар ташқи дунёдан узилиб яшаш миллат учун ҳалокатли эканлигини билиб қолишгач, чет элликлар учун дарвозаларини кенг очиб, биринчи навбатда Оврўпанинг илғор мамлакатлари билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни кучайтиришди.

Шоира Зулфия 60-йилларнинг бошида Японияга сафар қилган. Ўшанда унинг ҳузурига «Ленин учқуни» рўзномаси мухбири бориб, кўчада қолган, ўқиш имкониятига эга бўлмаган япон болаларининг оғир аҳволи ҳақида гапириб беришни илтимос қилибди. Шоира эса кулиб: «Сизга бу ҳақда айтадиган гапим йўқ, укам,— дебди.— Япониядаги болаларнинг аҳволи яхши. У ерда ўқимайдиган, кўчада қолган боланинг ўзи йўқ. Мамлакатда саводсизлик бундан юз йил аввал тугатилган, индустрлаштириш ўтган асрнинг саксонинчи йилларида, электрлаштириш тўқсонинчи йилларда ниҳоясига етказилган».

Мен Япония тарихини ўйласам, беихтиёр хаёлимга ўз тарихимиз келади. Чунки биз ҳам тарихимизнинг анча катта қисмида ташқи дунёдан ажралиб яшадик, бу эса бизнинг бугунги кундаги ижтимоий-сиёсий қолоқлигимизнинг асосий сабабларидан биридир. Японлар бу ишни ўз ихтиёрлари билан қилишган. Бизда эса бунга маълум тарихий ҳодисалар сабаб бўлди.

Масалага юзаки қараган кишига бундан минг йил аввал инсониятга Абу Али ибн Сино, Ал Беруний, Ал Хоразмий, кейинроқ эса Улуғбек сингари илм-фан даҳоларини берган, минг йил аввал фуқароси қанот ясаб осмонга учган, Бухородаги машҳур Минора, Исмоил Сомоний мақбараси сингари мўъжиза иншоотларни қурган халқ ҳаётида ўрта асрдан сўнг турғунлик ва инқироз даври бошланганлиги ҳайрон қолдириши мумкин. Баъзилар бунга ислом дини айбдор, дейишади. Бу фикр мутлақо асоссиз. Аслида ўрта асрдан кейин Туркистонда юзага келган турғунлик Оврўпадаги уйғониш даври ҳодисалари билан боғлиқдир. Бу даврда Оврўпада буюк олимлар ва сайёҳлар дунёга келди. Улар Америка қитъасини кашф қилишди, Хитойга, Ҳиндистонга олиб борадиган сув йўлларини топишди. Бу эса ўз навбатида Ўрта Осиё орқали ўтган, Шарқ халқлари тарихида жуда катта ўрин тутган Буюк ипак йўлининг аҳамиятини сусайтирди. Бунинг оқибатида қитъа ичкарисида жойлашган, денгиз йўлларига эга бўлмаган Ўрта Осиёнинг ташқи дунё билан алоқаси бирмунча мураккаблашди. Россиянинг Туркистонни босиб олиши эса Туркистоннинг шарқий ва жанубий сарҳадларига «темир панжара» ўрнатиш, ўлкани чор Россиясининг «чекка мустамлака ўлкаси»га айлантириш билан тугади. Мустамлакачилар фақат шу билангина чекланмадилар. Халқни онгсиз, ҳуқуқсиз қилишга интилиб, миллий мактабларда аниқ фанларнинг ўқитилишини тақиқладилар. Фарзандларига аниқ фанларни ўқитишни истаган кишилар уларни рус-тузем мактабларига беришлари мумкин эди. Бундан кутилган мақсад эса халқни руслаштиришдан, ўтмишидан маҳрум қилишдан иборат эди.

Т. Н. Қори-Ниёзий ўз эсдаликларида ёзишича, кунлардан бир кун Фарғонанинг машҳур педагоги А. В. Яхонтов Марғилон мадрасаларидаги ишнинг аҳволи билан танишиб, Фарғона вилояти ҳарбий губернаторига улардаги оғир аҳвол ҳақида ёзади. Губернатор А. В. Яхонтовни чақириб, ваъз ўқийди ва унинг эътиборини «шундай бўлиши лозимлигига, чунки бу император ҳазратларининг сиёсатига мувофиқ келишига» қаратади.

Мустамлакачиларнинг қабиҳ мақсадларини биринчи бўлиб жадидлар англадилар. Шунинг учун ҳам аср бошида рус-тузем мактабларига қарши ўзларининг «усули савтия» мактабларини ташкил этдилар. Чор амалдорлари эса бу мактабларни ёпиб, Мунаввар қори, Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари тараққийпарвар кишиларимизни таъқиб остига олдилар.

* * *

В. Ярошченконинг мақоласида яна қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин: «Алвидо, Самарқанд, алвидо Бухоро! Верешчагин порох тутуни остида бу шаҳарларнинг босиб олиниши тарихини ёзган эди. Россия Англиянинг изидан бориб, дунёни тақсимлашда иштирок этди ва Афғонистон, ўтган асрда бўлганидек, икки давр ва икки дунёни бир-биридан айириб турган сарҳадга айланди. 1989 йил 15 февралда афғон уруши тугаб, генерал Громовнинг Термиз яқинида Амударё устига қурилган кўприкдан ўтиши менга катта ва қийин, ҳатто ўн йил давом этган, лекин муқаррар юришимиз — уйимизга қайтишимизнинг ниҳояси эмас, балки дебочасидек бўлиб туюлаяпти. Руслар бу ерга қўлларида қурол билан келишган эди. Ўзгалар қонини ва ўз қонларини беармон тўкишди, дардга чалинишди, даволанишди, қуришди, каналлар қазиб, Орол фожиасини яқинлаштиришди, шаҳарлар бунёд этишди, авлодлар бу кўҳна заминга ўз ҳаётлари, нафратларини ва муҳаббатларини баҳшида қилишди.

Инқилоб бизнинг биргаликдаги тарихимизга янги шафқатсизликларни олиб кирди. Биз ўзимизни ҳам, уларни ҳам бахтли қилолмадик».

Жуда тўғри сўзлар бу. Менга ушбу сўзлардан чиқадиган, аслида аллақачаноқ ҳаммага маълум бўлган маънодан ҳам кўра, уни Москванинг нуфузли ойномасида таниқли рус публицисти —собиқ босқинчиларнинг бугунги авлоди вакили бўлган, рус халқининг (ва ўзга халқларнинг ҳам) бебахтлигини — ҳар бир рус хонадонида қора қозонни қайнатиш бугунги кунда мушкулотга айланганлигини, Россия ҳукумати эса ўзгалардан садақа сўрашга ор қилмай қўйганлигини ўз кўзи билан кўриб-билиб турган одам ёзаётганлиги қаттиқроқ таъсир қилди. Менимча, Россияга «ихтиёрий равишда қўшилиб, ўзларига ёрқин истиқбол йўлини белгилаб олган» Туркистон халқларининг кечаги тарихидан диссертация ёзиб профессор бўлган «акахон»ларимизнинг риёкорлигини фош этиш учун бундан ортиқ далил топилмаса керак. Ҳа, В. Ярошченко бу ўринда Россиянинг буюк хатосини тўғри тан олаяпти. Бу хатода Россия оддий фуқароларининг (ўтган асрда яшаганларининг ҳам, бугунги замондошларимизнинг ҳам) ҳеч бир айблари йўқлигини таъкидлаган ҳолда шуни айтиш керакки, руслар юртимизни босиб олиб, бизга бир юз ўттиз йил хўжайинлик қилиб, бизларни ҳам, ўзларини ҳам бахтли қилолмадилар. Чунки, ўзбек халқида, қалб қозони қайнамас, қайнаса ҳам қуйилмас, деган мақол бор. Киши эгри ният билан иш бошласа, бу ишнинг пироварди ҳам яхши бўлмаслиги ҳақида инсоният тарихидан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин.

Эндиликда Россия ҳам, унинг собиқ «чекка мустамлака ўлкалари» ҳам ўз кунларини ўзлари кўриши керак бўлган давр бошланаяпти. Ғарбий Германиянинг таниқли сиёсий арбоби Штраус 80-йилларнинг бошида Совет Иттифоқида бўлганида шундай деган экан: «Совет Иттифоқини яхши космик техникаси бор. Қолган техникаси эса бир пулга қиммат. Агар космик техникаси бўлмаганида, Совет Иттифоқини ривожланаётган мамлакатлар қаторига қўшиш мумкин бўлар эди».

Ўзбекистон бугунги кунда ана ўша «бир пулга қиммат» техникага ҳам эга эмас, дейиш мумкин. Чунки, биз собиқ Совет Иттифоқидаги саноат маҳсулотининг уч фоиздан сал кўпроғини ишлаб чиқарамиз, бунинг ҳам асосий қисми кенг истеъмол буюмларидан иборат. Бу ҳам майли. Бизга коммунистик тоталитар тузумдан қуриган Орол, заҳар босган далалар, порахўрлик, ўғирлик беқиёс гуллаган ижтимоий муҳит мерос қолди. Ҳар йили Ўзбекистоннинг ўзида 240 мингга яқин одам сариқ касал билан оғрияпти, болалар ўлими, аёлларнинг камқонли касали миқдори бўйича эса Африкадаги энг қолоқ мамлакатлардан ҳам юқорида турамиз. Қишлоқларимизда оғзи ойлаб гўштга тегмайдиган оилалар тобора кўпаймоқда. Шундай шароитда биз бундан буён бахтли бўламиз, деб айта оламизми? Умуман бебахт рус халқидан бебахт ўзбек халқининг нима фарқи бор? Ёки бебахт ўзбек халқидан, айтайлик, бахтли япон халқининг қандай ортиқ томонлари бор? Назаримда биз бугунги мустақиллигимиз шароитида олға бориш, ҳаётимизни яхшилаш учун ўтмишни холис таҳлил қилишдан ташқари, умуман халқ сифатида қандай фазилат ва камчиликларга эга эканлигимиз ҳақида ҳам очиқчасига фикр-мулоҳаза юритишимиз керакка ўхшайди.

Ўзбеклар Ўрта Осиёнинг бой маданий меросга эга бўлган қадимий халқи эканлигини, бизнинг меҳнаткашлигимизни, меҳмондўстлигимизни, яхши одамдан сўнгги бурда нонимизни ҳам аямаслигимизни, инсонпарварлигимизни бугунги кунда дунё билади. Лекин… Бир кун буюк рус ёзувчиси А. Чехов М. Горький билан суҳбатлашиб ўтириб, шундай деган экан: «Рус кишиси — жуда ғалати нарса! Унда ғалвирдагидек, ҳеч нарса турмайди. Ёшлигида у қалбини қўлига нима тушса, ўша нарсага юхтоблик билан тўлдиради, ўттиз ёшдан кейин эса унда қандайдир бир эски-туски лаш-лушларгина қолади. Яхши, одамдай ҳаёт кечириш учун ишлаш керак-ку! Иштиёқ, ишонч билан, астойдил ишлаш керак. Бизда эса ундай қилолмайдилар. Меъмор икки-учта дурустгина бино қурганидан кейин, карта ўйнагани ўтиради, бир умр ўйнайди, ёки театр саҳнаси ортида ивирсиб юради. Доктор, агар унинг тажрибаси бўлса, фанни кузатишни бас қилади, «Новости терапии»дан бошқа ҳеч нарсани ўқимайди ва қирқ ёшида ҳам шамоллаш — ҳамма дардларнинг бошидир, деган гапни жиддий туриб айтаверади».

Бу ўринда Чехов ўз халқининг дунёга кўпдан бери маълум бўлган камчиликларини тўғри кўрсатган. Мен ёзувчининг шу сўзларини ўқиганимда ўзимга ўзим: «Биз ўзбеклар ҳам шундаймизми?» деб савол бердим ва ўйлаб-ўйлаб: «Йўқ, биз ундай эмасмиз», дедим. Ўзбек халқи меҳнаткаш, тиниб-тинчимайдиган халқ. Чунки халқимиз қадимдан ўз фарзандларини, қўлинг меҳнатда бўлсин, Оллоҳ дилингда бўлсин, деб тарбиялаган. Бекорчидан худо безор, деган мақолни ҳам ўзбек халқи яратган. Биз меҳнаткашлигимиз билан японларга ўхшаб кетамиз, деб бемалол айта оламиз. Хўш, ундай бўлса, нега биз японлар ёки қавмимиз турклардай дунёнинг илғор халқи эмасмиз? Бунга биринчидан, юқорида айтганимиздек, узоқ вақт мустамлакачилар қўли остида эзилганлигимиз, иккинчидан, коммунистик тоталитар тузум айбдорлиги ҳаммага аён.

Одамлар Япония мўъжизаси ҳақида гап кетганда япон халқининг ғоят меҳнатсеварлигини, илмга чанқоқлигини таъкидлашади. Менимча бугунги кунда ҳар бир халқ юксак тараққиётга эришмоғи учун фақат шу фазилатларнинг ўзи етарли эмас шекилли. Мен «Ҳашоратлар ҳаёти» китобини ўқиганимда ўзини дунёдаги барча жонзотлардан устун қўядиган инсоннинг баъзи бир ҳашоратларга нисбатан такомиллашмаган томонлари бор эканлигини билган эдим. Масалан, жуда ғаройиб ҳашоратлар саналадиган асалари ва чумолида инсондан фарқли равишда коллективизм инстинкти кучли. Японлар эса айнан шу фазилатлари билан бошқа халқлардан ҳийла ажралиб турадилар.

Биз эса бундай фазилатимиз билан мақтана олмаймиз. Ўн бештамизни бир жойга тўплаб қўйишса, камида уч бўлак бўлиб олишга интиламиз. Бир-биримизга нисбатан кечиримли эмасмиз. Ахир нега ундай қиламиз, жаҳон миқёсида олиб қаралганда «тўрттагина» халқмиз-ку! Наҳотки, айрилганни бўри ер, деган мақолни ўзимиз тўқиб, ўзимиз шунга тескари иш қилсак.

Бундан бир неча йил муқаддам Отабой ака деган бир кекса одам билан шифохонада ётган эдим. У менга тўрт йил фронтда бўлганлигини, уруш тугагач, икки йилча ички ишлар қўшинларида хизмат қилиб, Қарағанда яқинида конда ишлаган япон асирларини қўриқлаганлигини гапириб берди. Мен ундан:

— Японлар қандай халқ бўларкан, кузатдингизми? — деб сўрадим.

— Жуда меҳнаткаш ҳам адолатсизликка тоқат қилмайдиган халқ бўлар экан, — деди у. — Бир кун бизнинг одамлар лагерда бир япон асирини нотўғри жазолашганда, йигирма саккизта япон бу адолатсизликдан норозилигини билдириб, қорнини ёриб ташлади… Шундан кейин ҳеч ким уларга нисбатан ножўя хатти-ҳаракат қилишга журъат этмади.

— Мана, буни халқ деса бўлади!—дедим мен ҳаяжонимни яшира олмай.— Айтингчи, Отабой ака, агар шу ерда японлар ўрнида бизнинг ўзбекларимиз бўлишганида нима қилишарди?

— Менимча, укам, ўзбекларингиз ҳеч нарса қилмасди. Нари борса, чеккароқ жойга чиқишарди-да, бу ишдан норози эканликларини бир-бирларига гапириб қўйишарди… Отангни ўлдирганга онангни бер, деган мақолни ҳам ўзбек тўқиган, укам…

Масалага чуқур қараладиган бўлса, бу «мўмин»лигимизнинг ҳам ўз тарихий илдизи бор. Японияни кўпминг йиллик тарихи мобайнида ҳеч ким босиб олиб, ўзининг қулига айлантирмаган. Бизнинг юртимизга эса кимлар бостириб кирмади?..

* * *

Хрушчев 60-йилларнинг бошида йигирма йилда мамлакатда коммунистик жамият қуришни ваъда қилган эди. Лекин ўшанда ақлли кишилар бу амалга ошириб бўлмайдиган режа эканлигини айтишган эди.

20 йиллик дастурда биринчи ўн йилликда озиқ-овқат ишлаб чиқаришда энг илғор капиталистик мамлакат бўлган АҚШга етиб олиш, кейинги ўн йилликда эса коммунистик жамият учун зарур ижтимоий-сиёсий, иқтисодий шарт-шароитларни яратиш вазифаси қўйилган эди. Энди маълум бўлишича, ўз даврида кўп шов-шувларга сабаб бўлган бу дастурнинг бажарилишига Н. С. Хрушчевнинг ўзи ҳам ишонмаган экан.

Академик Саид Усмонов 1963 йилда Кубага қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб бораётганида, Хрушчевнинг қабулида бўлган. Никита Сергеевич шу суҳбат асносида: «Ана у ерда (яъни Кубада — А. Э.) АҚШни қувиб етиш масаласини ҳал қилиш мумкин», деган экан.

Шундан бери ўтган ўттиз йил мобайнида биз ҳам, Куба ҳам АҚШни қувиб етиш у ёқда турсин, озиқ-овқат масаласини дунёнинг ўртача бир мамлакати даражасида ҳал қила олмадик. К. Маркс дунёда нуқсонсиз жамият барпо этиш орзусида ўз таълимотини яратган эди. Биз улкан бир мамлакатда бу таълимотга «оғишмай амал қилиб», қаёғига қарасангиз, ўша жойида қусури бўлган мужмал бир жамият қурдик. Ҳа, бизнинг етмиш йиллик тажрибамиз бенуқсон одам бўлмаганидек, бенуқсон жамият қуриш ҳам хаёлий иш эканлигини бутун дунёга намойиш этди. Бу эса ўз навбатида собиқ Иттифоқда туб қайта қуришни тақозо қилди.

Жамиятда чинакам демократияга замин яратиш учун аввало иқтисодни демократлаштириш зарурлиги ҳақидаги фикрлар батамом ўринли. Тўғри, бизда бу борада маълум ишлар қилинаяпти, лекин уларни етарли деб бўлмайди. Жумҳуриятда ишлаб чиқариш монополияси ҳамон давом этаяпти.

Ўзбекистон аграр жумҳурият саналади. Шундай бўлгач, иқтисодиётни демократлаштиришни ерни деҳқонларга бўлиб беришдан бошлаш керак. Наинки, деҳқон ёлланма қул эмас, ернинг ҳақиқий эгаси бўлмоғи керак.

Ўтган йили Фарғонада бўлиб, бир қатор хўжалик раҳбарлари билан гаплашдим.

Бир жамоа хўжалиги раиси менга шундай деди: «Сиз ёзувчилар кейинги пайтда пахтакор меҳнати қийинлиги ҳақида жуда ошириб-тошириб ёзишни одат қилаяпсизлар. Аслида аҳвол сизлар ёзганчалик эмас. Пахтакорлар баҳорда ерга чигитни қадаб олишда бир қийналишади, кейин ғўзани икки марта чопиқдан чиқаришда қийналишади, у ёғига асосий ишни сувчи қилади. Бошқалар эса далага соат 9.30-10 да бориб, кун иссиғида тутнинг соясида дам олиб, домино ўйнаб, кун ботарда даладан қайтишади. Ғўза парвариши пайтида жонини койитиб меҳнат қиладиган одам кам бўлади».

Мана шу гапнинг ўзи деҳқонларнинг аксариятида эгалик ҳисси сўнганлиги, лоқайдлашганликлари, уларда ишнинг пировард натижасидан манфаатдорлик йўқ бўлаёзганлигининг ёрқин далили эмасми?

Ўзбек деҳқонидаги ички «энергия»ни ҳаракатга келтириш, уни ҳозирги қуллик ҳолатидан жамиятнинг эркин, тенг ҳуқуқли фуқаросига айлантириш учун ерларни бўлиб бериш керак. Баъзилар бунга ернинг озлигини баҳона қилишади. Бизда ернинг озлиги Хитойдачалик эмасдир. Ҳеч бўлмаса, ишчи кучларини жалб этиш қийин бўлаётган Мирзачўл ва Жиззах даштидаги хўжаликларда Хитой вариантини жорий этиб кўрайлик. Хитойда ернинг деҳқонларга бўлиб берилиши 4-5 йил мобайнида барча экинлар ҳосилдорлигини қарийб иқки баравар ортишига олиб келгани ҳақиқат-ку. Ерни деҳқонга сотмаслик керак, балки шартнома асосида 15—20 йилга бериш керак. Чунки коммунистлар бу ерларни бундан 60 йил муқаддам деҳқонлардан тортиб олишган.

Ҳозир жамиятда бу чорани мутлақо хоҳламайдиган, юмшоқ курсисидан айрилиб қолишидан қўрқадиган табақа бор. Лекин ҳаёт уларни бугун бўлмаса эртага шу йўлга рози бўлишга мажбур қилади. Сабаби, эркин нарх шароитида техника, минерал ўғит, қурилиш материаллари ва бошқа буюмлар нархининг осмон баравар сакраб кетиши кўпгина жамоа ва давлат хўжаликларини иқтисодий жиҳатдан ўтқазиб қўяди.

— Жамоа ва давлат хўжаликларини йўқ қилмай туриб бозор иқтисодиётига ўтиш, теракка анорни пайванд қилиб, ҳосил оламан дейишдай гап, — деди иқтисод фанлари доктори, профессор Абдуманноп Эгамбердиев. — Ер, ишлаб чиқариш давлат монополияси бўлиб турар экан, рақобат бўлмас экан, бозорда нархнинг тушиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Урушдан кейинги йилларда ҳозирги Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги бизнинг Хонобод қишлоғимиздаги жамоа хўжалиги сабзавотчиликка ихтисослаштирилди. Ўша пайтларда одамлар жамоа хўжалиги даласида йил бўйи ишлашардию, лекин ҳақига деярли ҳеч нарса олишмас эди. Одамларнинг бирдан-бир тирикчилик манбаи томорқаси, сигир-бузоғи эди. Шу боисдан қишлоғимизда томорқасини яшнатиб қўймаган оила деярли бўлмас эди. Хўжалик маъмурлари шуни ҳам кўролмай, жамоа хўжалигидаги ишни ёлчитмаган хонадонларнинг томорқасини қирқиб, экинига плуг солишарди, ўз вақтида бозор-ўчарини қилишга имкон беришмасди.

Кекса деҳқон бўлган отам жамоа хўжалигидаги эгасизликларни кўриб, хафа бўлганидан дерди:

— Яккахўжалик даврида биз ўртаҳол деҳқон саналардик. Аммо бизнинг даламизнинг ўзидан ҳар куни бозорга икки арава қовун борарди. Ҳозир бутун колхоз даласидан ҳар куни икки арава қовун узиб беришолмайди.

— Нега бундай?

— Эй ўғлим, биз қаттиқ ишлардик-да, қовунни қўмма қилиб экиб, ҳар бир ханжуварга бир қопча гўнг солардик. Колхозда эса кетмончи кам-ку, хўжайин кўп. Ҳамма ишлари юзаки…

Ҳозир баъзилар ер одамлар қўлига топширилса, ер олди-сотдиси бошланиб кетади, умумхалқ мулки бўлиб тургани яхши, дейишади. Бунга жавобан шуни айтиш мумкинки, биз ерни хусусийлаштиришни эмас, балки одамларга шартнома асосида маълум муддатга бериш ҳақида гапираяпмиз. Иккинчидан, бизда ер ҳеч қачон умумхалқ мулки бўлган эмас, аксинча бошқарув аппаратининг мулки бўлиб келди, ҳозир ҳам шундай. Ер олди-сотдиси эса йирик шаҳарлар атрофидаги хўжаликларда Сталин вафот этганидан бери давом этаяпти, дейиш мумкин. Хўш, қанақасига дейсизми? Бизда қишлоқдан ер оламан деган шахс ёки ташкилот хўжалик ёки туман раҳбарларининг кўнглига йўл топса бас. Раис ёки директорга қариндош бўлгани, уларнинг мансаб зинасидан кўтарилишларига кўмаклашганлиги, фарзандини ўқишга киритиб қўйгани ёки пора бериб хўжаликдан ер олган ёки олаётганларнинг жуда кўпини халқ гапириб юради. Бундай ишларни «қонуний асосда» қилишнинг йўллари ҳам кўп. Масалан, директор бўш-баёв, етовига юрадиган хўжалик ишчисини топиб, унга участка учун ер беради. У бу ерга пойдевор қуради-да, бироз вақт ўтгач, «қўли калталик қилиб» сотади. Қарабсизки, пойдевор билан бирга ер майдони ҳам шаҳарлик чайқовчига сотилиб кетади. Ёки шаҳарлик учар шу хўжаликда олти ой-бир йил ишлайди-да, участкали бўлгач, жуфтакни ростлайди. Ёки хўжаликка у-бу даражада даҳли бўлган ташкилот раҳбарларининг илтимосномаларига биноан ҳам правление ёки дирекциянинг қарорини чиқариб, ер майдонлари берилаверади. Айни чоқда кўпгина хўжаликларда оддий деҳқонлар вояга етган фарзандига уй қуриш учун дирекциядан олти сотих ер ундиролмай, яқин вақтгача ҳам қийналиб юришдй. Шундай бўлгач, ер умумхалқ мулки, деган ақидага ишониб бўладими?

* * *

1967 йилда бўлса керак, «Сирдарё ҳақиқати» рўзномасида ишлаб юрган пайтларим эди. Муҳаррир мени ҳузурига чақириб, Янгиердаги қурилиш-монтаж бошқармасидан бир бульдозерчи КПССнинг навбатдаги съездига делегат этиб сайланганлигини, шу одам тўғрисида рўзноманинг навбатдаги сонларидан бирига материал тайёрлаш зарурлигини айтди.

Янгиерга бориб, қурилиш бошқармаси партия ташкилоти котибига учрашдим.

У рус одам экан, «делегатимиз икки кундан бери ишга келмаяпти, юринг, уйига борайликчи», деди. «Газик»ка ўтириб, делегатнинг уйига бордик. Лекин уни уйидан ҳам тополмадик. Рафиқаси: «Шанхайда (Янгиернинг эски қисмига халқ шундай ном қўйиб олган — Э. А.) Павлик деган ўртоғи бор, ўшаникида бўлса керак», деди. Павликникига бордик. Ҳақиқатда уни шу ердан топдик, ичиб, карахт бўлиб ётган экан. Котиб уни бу аҳволда кўриб, сўкиб кетди…

Ўша куни мен қаҳрамонимдан интервью ололмадим. Кўчага чиқиб, машинага ўтирарканмиз, котибга, нега бундай ичкиликбоз одамни шундай мўътабар анжуманга делегат этиб сайладинглар, бошқа одам қуриганмиди, дедим. У: «Афсуски, бу масала бизнинг ихтиёримизда эмас-да, —деди. — Бўлажак делегат ёки депутатнинг ёши, миллати, касби юқоридан белгилаб берилади».

КПСС XXIV съездига Тошкент вилояти Оржоникидзе туманидан бир соғувчи делегат бўлган. Съезд тугагач, мен шу соғувчи ҳақида очерк ёзиш ниятида у ишлайдиган хўжаликка бориб, партия ташкилоти котибига учрашдим. Котиб менга бу аёл ҳақида ёзмасликни маслаҳат берди. Сабабини суриштирсам, у кулиб, «қовун туширибди», деди. Кейин бўлган воқеани гапириб берди.

Партком котибининг айтишича, соғувчи еттинчи синф маълумотига эга бўлган, рус тилини билмайдиган аёл экан. Унга Москвадаги Съездлар саройида энг олдинги қатордан жой тегибди. Ўн кун мобайнида нотиқларнинг тушунарсиз нутқларини тинглайвериб зерикибди. Шунинг натижаси бўлса керак, беихтиёр оёғини ликиллатиб ўтирган экан, бир пой туфлиси учиб бориб, Л. И. Брежнев нутқ сўзлаётган минбар яқинига тушибди. Бу ҳодисани жумҳурият раҳбари раёсатда ўтириб, кўриб турган экан, танаффусда аёлни ҳузурига чақириб койибди.

Эртаси яна шу аёл ёнидаги дугонаси билан Съездлар саройидаги буфетга кирса, тоза шоколадлардан сотилаётган экан. Сабаби тирикчилик, кўзи очлик қилиб, тўрт хилидан уч килодан олиб, бир қучоқ конфет билан зинадан тушиб келаётганда, яна жумҳурият раҳбарига дуч келиб, дакки эшитибди…

Қизиғи шундаки, аёлни Москвадан қайтганидан кейин туман партия қўмитаси бюросига чақириб, съезд таассуротларини гапириб беришни илтимос қилишса, биз юқорида ҳикоя қилган воқеаларни гапириб берибди. Бюро аъзолари эса, қоринларини ушлаб роса кулишибди.

Ленин бир пайтлар келажакда кухарка (ошпаз)лар ҳукуматни бошқарадиган бўлади, деб башорат қилган эди. Кейинги етмиш йил бу башорат, Лениннинг бошқа кўпгина башоратлари сингари, хомхаёллигини, ошпаздан, соғувчидан ҳукуматни идора қиладиган киши чиқмаслигини (улар ўз ўринларида азиз эканликларини инкор этмаймиз), ҳар ишни шу соҳага лаёқати бўлган кишилар бажариши лозимлигини кўрсатди. Лекин бу ҳақиқатни бизда ҳали ҳамма тушуниб етмаган кўринади.

Бир танишим ўтган йил август ойида Москвада муваффақиятсизликка учраган исёндан кейин бўлган Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдаги сессиясини телевизор орқали томоша қилгач, «Жумҳурият парламенти сессияси турғунлик давридаги Олий Кенгаш сессияларидан энди бир қадар фарқ қиляпти», деди. Дарҳақиқат, парламент расман коммунистик тузум даврида ҳам бор эди. Лекин у аслида парламент эмас, балки Компартия қўлидаги «овоз берувчи машина» эди, тайёр қонун лойиҳаларини, фармонларни тасдиқлашдан бошқа ишни қилмасди. Жумҳурият Олий Кенгаши Раёсати раисидан Компартия Марказий Кўмитаси оддий котибининг мавқеси юқорироқ саналарди.

Лекин шу нарса аниқки, парламентда депутатлар ҳукуматни танқид қила бошлаши ҳали парламент тўлақонли фаолият кўрсатаяпти, деган сўз эмас. Сабаби, давлатни парламент усулида идора қилишда ҳам демократияни чеклаб қўйишнинг жуда кўп йўллари борлиги бугунги кунда кўпчиликка сир эмас. Бундай ножўя хатти-ҳаракатларга имкон бермаслик учун эса ижрочи орган бўлган ҳукумат қўлида катта ваколатлар тўпланиб қолишига ва у кўнглига келган ишини қилишига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда парламент муҳим давлат ишидан четлаштирилиб, унинг асосий вазифаси ҳукумат тадбирларини, таклифларини танқид қилишдан ёки маъқуллашдангина иборат бўлиб қолиши мумкин.

Қонунлар қабул қилиш «саҳна ортида» фаолият кўрсатадиган комиссияларнинг эмас, ҳар бир депутатнинг жонажон ишига айланиши лозим. Бунинг учун эса парламентга депутат қилиб, қўлингни кўтар, деса кўтариб, тушир, деса, туширадиган чаласавод кишиларни эмас, ўз соҳасининг йирик мутахассиси бўлган юристлар, иқтисодчилар, давлат ва жамоат ишларида кўп йиллар ишлаб, катта тажриба орттирган сиёсий арбоблар, зиёлилар сайланиши керак. Бундан ҳам муҳими, бу кишилар эртага амалидан айрилиб қолишидан, мавқелари пасайишидан қўрқмайдиган, «масжид учун ишлагандай», халққа холис, беминнат хизмат қиладиган кишилар бўлишлари керак.

Парламент депутати шунинг учун ҳам ўз мавқеига муносиб киши бўлиши керакки, у парламентга депутат этиб сайлангандан кейин ўз сайлов округининг эмас, балки бутун миллат, халқнинг вакилига айланади. Унинг ҳар бир нутқи, хатти-ҳаракатини зангори экран орқали миллионлаб кишилар кузатиб турадилар. Бундан ташқари ҳозирги даврдаги парламентдаги сиёсий кураш жуда қийин иш ҳисобланади. Сессияларда турли хил масалаларнинг кўрилиши, қонунчилик ишларининг мураккаблиги, чигаллиги депутатдан билим доираси кенг, ақлли ва тажрибали бўлишдан ташқари, мардона ва юксак маданиятли киши бўлишни ҳам тақозо этади.

Ҳозир жумҳуриятимиз парламенти жуда яхши қонунлар қабул қилаяпти, президентимиз халқ оммасининг кенг қатламлари маъқуллаб кутиб олаётган фармонлар чиқараяпти. Бу қонунлар ва фармонларни ҳаётга жорий этишдаги депутатларнинг иштироки янада фаоллашса яхши бўлур эди, афсуски, ундай бўлмаяпти. Парламент қабул қилган яхши қонунларнинг, президентимиз чиқарган фармонларнинг ижроси жойларда ҳамон бюрократлашган аппарат — «танглайи» турғунлик йиллари пора билан кўтарилган раҳбар ходимлар қўлига ўтиб кетаяпти. Улар жойларда шўро ташкилотларига расмангина итоат этадилар, аслида эса халқ устида туриб, билганларини қилишаяпти. Ҳозир шундай бир замон бўлиб қолдики, пулдор чайқовчи ёки ўғри хоҳласа қаср қуради, хоҳлаган нарсасини қийналмай топади, бу ишларни қандай қилаётганлигини ундан ҳеч ким сўраб-суриштирмайди ҳам. Оддий меҳнаткашнинг эса мингта ғишт ёки элликта шифер ололмай, райижроқўм эшигига қатнаб, ковуши йиртилади.

Ёки президентимизнинг қишлоқда яшайдиган оилаларнинг томорқасини кенгайтириш ҳақидаги фармонини олайлик. Бу фармонда қишлоқ оилаларига энг яхши экин майдонларидан 25 сотихгача томорқа бериш айтилган. Аслида эса бир қатор жойларда оилаларга энг ёмон, сув бормайдиган жойлардан 7—8 сотихдан ер берилди. Фақат шугина эмас, бу масалада ҳар хил қалбакичиликлар ҳам қилинди. Масалан, Жомбой туманида ҳукумат қарори чиққанидан кейин аҳолига томорқа сифатида бериш учун 2593 гектар ер ажратилган — қишлоқ шўролари ихтиёрига берилган эди. Қишлоқ шўролари эса бу ерларни тақсимлаб бўлгач, маълум сабаблар билан ортиб қолган қисмини хўжалиқларга қайтарди. Худди шу ерда қалбакичилик рўй берди. Яъни хўжаликларнинг экин экиш обороти режасидан чиқарилиб, қишлоқ шўроларига ўтказилган, лекин аҳолига тақсимланмай хўжаликка қайтарилган ерларга қайта ҳужжатлаштирилмай экин экилаверди. Бу ерларга бир жойда пахта экиб, ҳосили умумий кўрсаткични ошириш мақсадида режадаги гектарлар устига сочиб юборила бошланди. Бошқача айтганда, кўзбўямачилик билан мавжуд гектарлар ҳосилдорлиги оширилди. Бошқа экинлар — полиз, чорва учун озуқа, мева-чева, зиғир экилган жойларда эса ердан олинган даромад кимларнингдир чўнтагига туша бошлади. Мана шундай ҳисобга киритилмай аросатда фойдаланилган ерлар туман бўйича 1000 гектардан ортиқроқни ташкил этган.

Хуллас, биз коммунистик тоталитар тузумдан янги мустақил ҳаётга оёғимиздаги «ботқоғимиз» билан ўтаяпмиз. Бу демак, мустақил, демократик ҳаёт қуришни ҳар биримиз ўз хатти-ҳаракатларимизга танқидий қарашдан, нуқсон ва камчиликларимизни тугатишдан бошлашимиз лозим. Демократия эса фақат намойишларда, йиғилишларда ваъз айтиш, ўзгаларни «дўппослаш» эркидан иборат эмас. Демократия — бу масъулият ҳамдир. Ҳар биримиз фақат ўзимиз, оиламиз ёки қишлоғимиз манфаатларинигина эмас, биринчи навбатда бутун миллат, юрт манфаатларини ўйлаб иш қилишга қанча тез ўргансак, шу даражада тез эркин ривожланаётган демократик жамият қурамиз.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 10-сон