Абдулла Орипов. Ўзбекнинг ўз шоири (1993)

Халқимиз ўзининг ардоқли фарзанди, XX асрнинг забардаст шоирларидан бири Ғафур Ғулом таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлади. Ғафур Ғуломнинг номи, босиб ўтган ҳаёт йўли, серқирра ижоди барчамизга яхши маълум. Шоирнинг ўзи бир шеърида фахру ғурур, эркалик билан айтгани сингари:

Ғафур Ғулом кимлигини биласиз,
Адресимдир Ўзбекистон, шубҳасиз.

Ғафур Ғулом ўз сафдошлари қаторида ғоят мураккаб, ғоят зиддиятли, таҳликали бир даврда яшаб ўтди. Собиқ империя ҳудудида, қолаверса, жаҳон миқёсида ном қозонган шоир замоннинг барча воқеа ва ҳодисаларига гувоҳ бўлди, унинг бир қисм ижоди эса ҳукмрон мафкуранинг талаблари таъсиридан четда тура олган эмас. Тарихнинг мантиқий ҳукмига кўра, мустабид империя тарқаб кетди, табиийки, унинг беомон мафкураси ҳам барҳам топди. Бироқ бу мустамлакачилик сиёсати минглаб ҳақгўйларнинг бошини ейишга улгурди, қанчадан-қанча истеъдод эгаларининг бўйнига бўйинтуруқ солишга эриша олди. Ҳа, қозидан гина қилсанг, додингни кимга айтасан қабилидаги йиллар эди у пайтлар. Тағин шу ҳолатни афсус билан қайд этамизки, мадҳиябозлик кўп миллатли улкан адабиётнинг оммавий таомилига айланган эди. Не-не гўзал ташбеҳлар, чақмоқдек мисралар сомон орасидаги каҳрабо буғдой доналаридек назардан қолиб кетар эди.

Ушбу аччиқ ҳақиқатни, айниқса, бугунги ёшлар теран тушунмоқлари керак. Бунинг устига аксар ижод аҳли табиатан ҳаддан ортиқ ишонувчан халқ бўлади. Бир мисол келтириб ўтай. Ғафур Ғуломнинг сафдошларидан бири, машҳур рус шоири Владимир Луговской умрининг охиригача денгизларда сув парилари яшашлигига чин дилдан ишониб ўтган. Қиёсан айтганда, халққа ваъда қилинган нурли истиқбол ҳам, кўкларга кўтарилиб мақталган адолат, тенглик ҳам ўша сув париси янглиғ мавҳум бир хаёлот, мубҳам бир сароб бўлиб чиқди. Бу сиёсатнинг яна бир даҳшатли томони шунда эдики, у бутун-бутун халқларни темир қафас ичида сақлаб, шодиёна қўшиқлар айтишга мажбур қилди. Тўғрироғи, уни ўргатиб ҳам қўйди. Ўзининг ноғорасига ўйнашни хоҳламаганларни қатл қилди, қувғин остига олди. Инсонлар феълидаги машъум ожизлик, ҳасад, кўролмаслик иллатларидан усталик билан фойдаланиб, бир миллат ичида отани болага, акани укага душманга айлантирди. Шу тариқа ўзбек халқи ҳам ўзининг ўнлаб беқиёс фарзандларидан бевақт айрилиб қолди.

Биз бугун Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир номларини изтироб билан эслаймиз. Яқинда Ўзбекистон адибларининг бир гуруҳи билан учрашувда Ислом Каримов юқорида номлари зикр этилган сиймолар ҳақида гапириб, улар нафақат адабиёт соҳасида, балки халқимиз озодлиги йўлида тўла маънода сиёсий кураш олиб борган изчил ва собитқадам, эркпарвар зотлар эканлигини таъкидладилар.

Шукрким, алал-оқибат тарих бизга ҳам терс қарамади. Ўша курашлар, тўкилган қонлар ва ниҳоят жасур ўғлонларимизнинг кейинги даврдаги саъй-ҳаракатлари бекорга кетмади. Ўзбек халқи истиқлолга эришиб, ўз мустақил давлатига эга бўла олди. Энди унинг ҳақиқий Мустақил Конституцияси, дахлсиз байроғи, тамғаю мадҳияси бор. Тилимиз камситилиш ботқоғидан чиқиб Давлат мақомини олди. Жаҳон афкор оммаси, қатор мамлакатлар мустақил республикамизни якдиллик билан эътироф этдилар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлдик. Ниҳоят, халқимизнинг минг йиллик қадриятлари тикланмоқда, номлари ҳатто тилга олиниши мумкин бўлмаган зотларнинг шон-шавкатлари қайтиб келмоқда, дин оламининг муқаддас каломлари баралла жарангламоқда.

Буларнинг барчаси ғоят қутлуғ саодатдир. Биз қадимий орзуларимизга эришмоқ учун оғир йўлларни босиб ўтдик, дедик. Бироқ яқин ўтмишимизга назар ташлаганимизда ҳам, афсуски, чигал муаммоларга, зидциятли манзараларга дуч келамиз. Бу муаммоларни эса ниҳоятда донолик, узоқни кўра билишлик билан ечиш керак бўлур эди. Президентимиз: “Биз яқин ўтмишимизни тафтиш қнлмасдан халқимизни парокандаликдан сақлаб қола олдик”, деганлари билан минг маротаба ҳақлидирлар. Президент ўз фикрларини давом этдириб, “Мен ўтмишда кимнинг кимга ёмонлик қилганини қўзғаб ҳозирги яхши муносабатларни бузишга қаршиман”, — дедилар. Бу чиндан ҳам оқилона сиёсатдир. Албатта, рўй берган хатоликлар, гуноҳу куфриятлар биз учун сабоқ бўлмоғи шарт. Бироқ, энг муҳими, олға кетаётган озод Ўзбекистонимиз кўрган-кечирганларида фойдали жиҳатларнигина қабул қилиб олиб, гинахонлик ва маломатбозликка ўралашиб қолмасдан, тараққиётнинг катта йўлига чиқиб олмоқда. Хуллас, мана шундай масъулиятли довондан туриб, халқимизнинг кўпдан-кўп донгдор вакилларига, уларнинг фаолиятларига назар ташлай бошладик. Чунончи, Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон учун неча ўн йиллар мобайнида қилган хизматлари муносиб равишда баҳоланди ва бу баҳо элу юрт томонидан мамнуният билан кутиб олинди.

Ўтганларнинг барчаси ҳам давр фарзандлари эдилар, лекин уларнинг халқ олдидаги хизматлари ҳам унутилмасдир.

Биз яқин ўтмишда яшаб ўгган алломаларимиз, адибларимиз ижодидаги муваққат ғуборларни ювиб ташлаб, ёмби олтинларимизнинг асл жамолига тўйиб-тўйиб боқишимиз, уларни келажак авлодлар ҳукмига, муҳими, Вақт ҳукмига авайлаб узатмоғимиз шарт. Аслида, ҳар қандай тарихий шахсга баҳо бериш, аввало, унга қайси нуқтадан туриб, қандай мақсадда ёндошишга боғлиқ. Ахир Амир Темур ва Бобур сингари зотларнинг номлари уларга махсус “кўзойнак” орқали қараш оқибатида қатағон этилмаганмиди?! Адабиёт ҳукмрон мафкуранинг хизматига мажбуран бўйсундирилган даврларга баҳо берганда ҳам ўша шарт-шароитларни ҳисобга олиш жоиздир.

Албатта, бирор ижодкор бирор тузумни ёхуд бирор фирқани муттасил мақтайвергани ёки қоралайвергани билан истеъдоди юксалиб қолмайди. Истеъдод, энг аввало, табиат эҳсони, Оллоҳ туҳфасидир. Шу маънода Яратганнинг ўзи Ғафур Ғуломдан марҳаматини сира-сира аямаган эди. Ғафур Ғулом чиндан ҳам улуғ заковат эгаси эди. Бунинг исботи шоирнинг жўшқин ва доно шеърияти, бунинг исботи — Ғафур Ғуломнинг туғма тафаккур соҳиби эканлиги, бунинг исботи — ёзувчи Ғафур Ғуломнинг ҳеч бир адибникига ўхшамайдиган чинакам миллий халқчил прозаси — насрий асарларидир. Замоннинг назари нечоғлик синчков ва ёвуз бўлмасин, Ғафур Ғулом деярли ҳар бир шеърида ўзбек халқининг манфаатию обрўсини ўртага қўйиб гапирар эди. У зот халқлар ўртасидаги беғараз дўстликни куйлаганда ҳам, мен ўзбек шоириман, ўз халқимнинг тилиман, деган ўтли иқрорига содиқ қолди. Шоирнинг фахру ғурури халқнинг миллий ифтихори билан чамбарчас боғланиб кетган эди. “Шараф қўлёзмаси” шеъридан бир парчани эслайлик:

Қадим ўзбек халқисан,
Асл одам авлоди,
Миср эҳромларидан
Тарихинг қарироқдир.
Хоразмнинг ҳар ғиштида
Боболарнинг ижоди
Англо-саксонлардан
Анча юқорироқдир.
Бизда логарифманинг
Мушкул муаммолари
Қўлдаги бармоқлардай
Оддий қилинганда ҳал,
Олий ирқ даъвогари
Черчиллнинг боболари
Ҳатто санай олмасди
Ўн бармоқни мукаммал.
Биз эккан пахталардан
Ер юзида бор киши
Уятини ёпганда
Устма-уст, қават-қават,
Ҳозирги жанобларнинг
Маърифат ва дониши
Пахта — дарахт қўзисин
Жуни деб билган фақат.

Гарчанд шеърнинг иккинчи ярми бошқа ўзанга қараб кетган бўлса-да, шоирнинг кимларга қандай ишоралар қилаётгани шундоққина сезилиб турибди. Чорасиз шоир миллатига қалқон бўлгиси келади. Ўзбекистоннинг шаънига ҳануз катта-кичик тошлар отилиб турибди. Улар эндиликда нафақат шонли ўтмишимиз, балки мустақилликка эришган бугунги кунимизни ҳам кўролмаяптилар. Одам боласи бунчалар очофат, бунчалар ичи қора бўлмаса! Президентимиз Ислом Каримов айттанларидек, энди ортга қайтиш йўқ, орқадаги кўприкларни аллақачон ёқиб юборганмиз.

Президентимизнинг ўтли нидосини ҳар соат, ҳар дақиқада қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг ватанпарварлик бурчимиздир. Кўприкнинг нарёғидан эса, энг яхши анъаналарнигина олиб ўтдик, холос. Миллат ғурури тўла шаклланадиган пайтлар келди. Кўриниб турибдики, барча ижодкорларнинг вазифалари ғишт сингари бир хил қолипларга солинган шароитда қалам эгалари ўзларининг қалб сўзларини, орзую армонларини баён қилишлари сира ҳам осон кечмаган, ҳатто мумкин бўлмаган эди.

Шу ўринда айтиш керакки, ниҳоятда болажон инсон Ғафур Ғулом кичкинтойларга атаб талай ибратли шеърлар ёзиб қолдирди.

Асрлар мобайнида ижод аҳли турли ҳукмрон доираларнинг таъсирию тазйиқидан қутулолган эмас. Бу тазйиқу таъсир асарларнинг мазмунида гоҳо дунёвий, гоҳо хурофий тарзда зоҳир бўлар эди. Баъзи шоирлар эса, бу ғалваларнинг барчасидан безиб, фақат ёр жамолию табиат манзараларини куйлаб ўтганлар. Жаҳон адабиётидан бунга кўплаб мисоллар келтирса бўлади. Бироқ, дунёда шундай табаррук мавзулар ҳам борки, уларни ҳеч бир тузум, ҳеч бир сиёсат дафъатан қатағон қилолган эмас, бундай мавзулар кимнинг лафзидан чиқмасин, тарихда сира ҳам салбий маъно касб этган эмаслар. Булар Ватан, дўстлик ва биродарлик, тинчлик ва мурувват каби мавзулардир. Айни шу маънода Ғафур Ғуломни Ватан, тинчлик ҳамда меҳру мурувватнинг оташин куйчиси деб аташ мумкин. Шоирнинг биргина “Сен етим эмассан” шеърини эсланг. Аслида халқимизнинг ўзи ҳақиқий мурувватлик халқцир, халқимизнинг ўзи меҳру саховатда яктодир, юртимиз бебаҳодир.

Ҳамма ўрганганимдан яхлит хулоса:
Ўз юртим ерида унган ҳар майса
Бегона юртларнинг гулидан афзал.

Шоир миллий ғурурини халқ фазилатларини куйлаш воситасида кўпроқ намойиш этди.

Шундоқ юртда, халқнинг асл шоирида ҳам юқоридагидек фазилатлар жамулжам бўлмоғи, албатта, табиий. Айни вақтда Ғафур Ғулом “бир оғиз ширин сўз нондек арзанда”лигини бошидан кечирган, етимликнинг барча ғурбатларини кўриб, ҳис этиб улғайган зот эдилар. Зеро, армонли одамнинг дил изҳори ҳам доимо самимий, кўз ёшлари ҳам булоқ сувидек тозаю покиза, меҳру муруввати ҳам юрак қонидек қайноқ бўлади.

Ғафур Ғулом ижодининг яна бир хусусиятини таъкидлаб ўтмоқчиман. У қайси мавзуга қўл урмасин, катта миқёсларда фикр юритарди, руҳий поёни чексиз эди, бачкана, чучмал ҳис-туйғуларни ҳеч қачон яқинига йўлатмасди. Бу фазилат, бу маҳорат, бу донолик шоирнинг худо берган табиатига хосдир; иккинчидан, ул зот чуқур билим эгаси, қамрови жаҳоншумул мутафаккир эдилар. Учинчи, ва балки Ғафур Ғулом истеъдодининг юксак парвозига толмас қанот берган зўр куч, қадим Шарқ шеъриятининг муборак нафасидир. Буни шоирнинг ўзи таржимаи ҳолида ҳам катта қониқиш билан эътироф этган эди. Саъдий ва Ҳофиз, Навоий ва Бедил девонларини бир умр қўлдан қўймаган, ўтмиш даҳоларининг минглаб байтларини ёд билган шоирнинг ўзи ҳам уларга ҳамоҳанг бўладиган ўлмас сатрлар яратиб кетди.

Ғафур Ғулом ижоди ҳақида сўз юритганда адибнинг насрий асарлари тўғрисида гапирмасдан бўлмайди. Ғафур Ғулом насрини мен ҳақиқий миллий наср деб биламан. Фикримизча, ҳар қандай халқчил асар миллий бўла олмайди, ҳар қандай миллий асар эса доимо халқчилдир. “Шум бола”, “Нетай”, “Ёдгор”, “Менинг ўғригина болам” каби қиссаю ҳангомаларни ҳеч иккиланмасдан адабиётимизнинг дурдоналари деб атаса бўлади. Ҳикоянависликнинг ғоят табиий йўсуни, тил ифодасининг беқиёс халқчиллиги, тенги йўқ ажойиб ҳажвиёт Ғафур Ғулом насрига хос бўлган энг муҳим фазилатлардир. Дарвоқе, сатира ва ҳажвиёт ҳақида гап кетганда Ғафур Ғуломни бу соҳаларнинг энг нодир устаси дейиш мумкин. Кейинги пайтларда эркинликни ошкора суиистеъмол қилаётган лўттибозлар, олғирлар, иғвогарлар, маҳаллийчи айирмачилар болалаб кетдилар. Улар Ғафур Ғуломнинг шафқатсиз сатира қамчисини интизорлик билан кутиб турганга ўхшайдилар…

Ажаб ҳол: гоҳо ёзувчининг кичик бир ҳажвиясини ўқиб ҳам муаллифнинг дунёқараши, эътиқодини адашмай аниқлаб олса бўлади. Ҳалоллик, тўғрилик, инсоф, диёнат оёқости бўлган шароитларда Ғафур Ғулом сукут сақлаган эмас. У киши, ҳатто, кутубхоналарда ўтмиш қўлёзмалари варақларини йиртиб қочганларнинг ҳам боплаб таъзирини бергандилар. Масалан, Ғафур аканинг китоб йиртар ҳақидаги фельетонини эсланг. Ғафур Ғулом ўзи мансуб бўлган жаҳон адабиётидан жуда ҳам яхши хабардор эди, таржимонлик ишининг нечоғлик беқадрлигини билсалар ҳам бу меҳнатнинг савобини четлаб ўтмаганлар. Шекспир фожеаларини она тилимизга маҳорат билан таржима қилган шоир ҳаётининг сўнгги йилларида буюк Дантенинг “Илоҳий комедия”сини ўзбекчага ўгиришни орзу этгандилар. Ғафур Ғулом, шубҳасиз, улкан олим ҳам эди. У зот Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилганида, биринчилардан бўлиб академикликка сайландилар. Ғафур Ғулом Шарқ адабиёти ва фалсафаси тарихини теран идрок этар, Навоий, Жомий, Машраб, Муқимий каби мумтоз зотлар ҳақида чуқур тадқиқотлар олиб борганди. Албатта, алломанинг айрим мақолаларида давр мафкурасининг шабадаларига дуч келамиз. Лекин Ғафур Ғулом илмининг асосий мағзи тафаккур хазинамизнинг мулки бўлиб қодди, бу хазина ҳанузгача адабиётшунослар учун мўътабар манбадир.

Ҳозир биз Марказий Осиё деб атаётган минтақа халқлари Ғафур Ғуломни айниқса ардоқлар, туркий забон қардошларимиз шоирни бошларига кўтарар эдилар. Қайси бир йили Абдулла Тўқай тўйи муносабати билан Қозон шаҳрига борганимда татар ипташларимиз Ғафур аканинг у юртга келганларида соф татар тилида ажойиб маъруза қилганини зўр мамнуният билан эслагандилар. Ғафур Ғулом шунингдек, форс-тожик тилини ҳам пухта биларди.

Асримизнинг деярли барча етакчи ижодкорлари Ғафур Ғулом билан дўст ва камарбаста эдилар. Булар — Пабло Неруда, Файз Аҳмад Файз, Самад Вурғун, Мирзо Турсунзода, Собит Муқон, Берди Кербобоев, Константин Симонов ва бошқалардир. Баъзан ўйлаб қоламан. Агар, фалон йилларда яшагансан, тирик юргансан деб юқоридаги сиймоларни ҳам бирваракайига рад қила бошласак, умуман, адабиётга ҳожат қолармикан? Таққос, албатта, нисбий бўлади, лекин кўпчилигимиз ўша йилларни кўрдик-ку. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, “тавбанинг эшиги ҳамиша очиқ”, деганлар.

Ғафур Ғулом доимо халқ орасида яшади, ўзбекнинг еттидан етмиш яшаригача Ғафур акага чексиз ҳурмат билан қарарди. У кишини юракдан севарди. Дунёнинг томир уришини сезгирлик билан илғай оладиган адибимиз кўплаб публицистик мақолалар яратди. Бугун Истиқлолимизни Ғафур Ғулом нечоғлик ифтихор билан, нечоғлик зўр кўтаринкилик билан мадҳ этиши мумкинлигини тасаввур қилса бўлади.

Эҳтиёж ҳамда вазият одамларни бир-бирига яқинлаштиради. Собиқ империяни қўмсаётган овозлар ўқтин-ўқтин эшитилиб турган айни шу пайтларда давлатимиз мустақиллигини кўз қорачиғидек авайлаб сақлаш, бу йўлда ҳамжиҳат бўлиш бизга сув билан ҳаводек зарурдир. Ушбу муқаддас бурчни Президентимиз ҳам бизга қайта-қайта таъкидлаб турибдилар. Ҳаёт муаммоларини ойдиилаштиришда, рақибларимизга жавоб беришда адабиётнинг аҳамияти жуда катта. Демоқчиманки, устоз Ғафур Ғуломнинг мислсиз ғайрати, фаоллиги айниқса шу кунларда биз учун ибрат бўлмоғи керак. Бунинг учун ҳам аҳиллик лозим. Бунинг учун ҳам ягона Ватан, ягона миллат тушунчаси зарурлигини замон талаб қилаётир. Бир-иккита шахснинг дийдори аллергия қўзғайди, деб қозон-товоқни бўлак қилиб олиш тўғри бўлармикан! Қариялар давраларга фотиҳа берганларида, жамоага хотиржамлик қаторида кўпинча, кенг феъл, кетмас давлат тилайдилар. Ана шуларни биз абадий шиорлар десак бўлади. Модомики, Ватан ҳамда миллат манфаатлари бизни ҳар қачонгидан ҳам кўра мустаҳкамроқ жипслапггириши керак экан, биз кўпроқ келажакни кўзлаб, ёш авлодларга ибрат бўлмоқни ўйлаб асарлар ёзишимиз, шунга қараб иш тутмоқлигимиз лозим. Унутилмас устозларимизнинг руҳлари ҳам биздан шуларни сўраб турибди, деб ўйлайман. Биз Ғафур Ғуломнинг номини кимлардандир ҳимоя қилмоқчи эмасмиз. Биз Ғафур Ғулом шаънига сохта мақтовлар ёғдириш ниятидан ҳам йироқмиз. Зотан, Ғафур Ғулом буларнинг барчасидан баланд туради. Ҳа, Ғафур Ғулом ўз замонасининг фарзанди эди. У зот замоннинг барча олий нишонларию унвонларига ўз буюк истеъдоди ва меҳнати туфайли эришганди. Шоир бир шеърида: “Кремль саройида минбардаги ўзбекман”, — деганида бор миллий гапни ёзган. Вақт кўрсатдики, ҳақиқий ижодкорнинг ўрнини, хотирасини турли минбарлардангина эмас, халқ қалбидан ахтармоқ керак экан. Зеро, ҳар қандайин софдил ижодкор ўз халқига албатта бахту саодат, тинчлигу хотиржамлик тилайди. Халқимизнинг турфа фазилатлари, унинг меҳнатсеварлиги, тантилиги, бағри кенглиги, Ўзбекистон гулзорларининг таровати улуғ шоиримизга туганмас илҳом, юксак сурур бахш этди, турли зилзилаю офатлар, йўқотишлар эса уни беҳад изтиробга солди. Биз ана шу жиҳатларни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак. Ғафур Ғулом ўзбек халқининг миллий ўз шоири эди ва шундай бўлиб қолди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1993 йил 28 май.