Асад Асил. Қалбларнинг тубидан чиқса ҳайқириқ (2000)

Оддийгина бир сўров билан учраган одамларга мурожаат қиламиз: “Ҳаёт учун энг зарур нарса нима ўзи?” Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб айтади: бировлар ҳаво деса, баъзилар сувни ёки бошқа турли заруратларни кўрсатишади. Аммо кўпчиликнинг бу мавзуга мутлақо эътиборсизлик, шунчаки расмиятчилик билан ёндашуви кишини ажаблантиради. Гўё бу масаланинг уларга мутлақо алоқаси йўқдек, арзимайдиган нарса учун қимматли вақтини йўқотаётгандек… Худди шу ўринда бир нарса ойдинлашади: демак, омманинг кенг қатлами орасида экологик онгни юксак даражада шакллантирмай туриб, бу соҳада бирон-бир ижобий силжишга эришиш қийин.

Ҳаммамиз кўриб-кузатиб юрибмиз: Ўзбекистон Республикаси Президенти барча анжуман, йиғин ва учрашувларда ғоят салмоқли ва ёниқ саволларни ўртага қўяди, нафақат залдагилардан, балки ҳаммамиздан очиқ, самимий жавоб кутади. Жумладан салкам етти йил аввал у кишининг ёниб айтган мана бу сўзлари ҳамон эсимда: “Бу азиз Ватан – барчамизники! Унинг бахт-саодати, ёруғ истиқболи, фаровон келажаги учун яшаш, курашиш, керак бўлса жонни фидо қилиш шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсон учун бахтдир!” Қалбнинг туб-тубидан чиққан бундай ҳайқириқни ҳис-ҳаяжонсиз эшитиш, оқибатсиз қолдириш мумкинми?

Худди ўша 1993 йилнинг октябрь ойида “Экология ва саломатлик” икки йиллигини ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилинди ва 1994-1995 йилларга мўлжалланган дастур ҳам тасдиқланди. Вазирликлар, идоралар, концернлар ва ассоциацияларга 1994-1995 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган бу дастурда назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш вазифаси топширилди. Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясидан тортиб, эколигияга оид барча анжуман ва йиғинларда юксак ҳаяжон билан айтган ҳароратли гаплари, оташин чақириқлари кўпчилик қалбларда акс-садо берди. Шундан кейинги ўтган йиллар давомида табиат муҳофазасига оид бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Оролнинг қуришини сезиларли даражада тўхтатишга эришилди, ҳаво ва сувни тозалаш, тежаш, ерга муносабатни ўзгартириш сингари масалаларда анча ижобий силжишлар бўлди. Айниқса, Оролбўйи минтақаларида, шунингдек республикамизнинг барча вилоятларида аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадида кўплаб янги шифохоналар, поликлиникалар қурилганлиги қувонарлидир.

Аслини олганда, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича эришилган натижалар, амалга оширилган ишлар кўлами бундан ҳам салмоқли бўлиши мумкин эди. Бироқ, жойлардаги айрим раҳбарларнинг эътиборсизлиги белгиланган вазифалар, айниқса қишлоқларда ўлда-жўлда қолиб кетишига сабаб бўлди. Мана бир ҳаётий далил: Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини “Ўзбекистон Швейцарияси” деб аташади. Чиндан ҳам бу гўшага Аллоҳ назари тушган. Лекин кейинги йилларда жаннатмакон бу гўша кўркига ҳам путур ета бошлади. Олдини олиш учун матбуотда қатор чиқишлар қилинди.

Туманга янги раҳбарлар сайланди. Улар биринчи қадамлариданоқ халқ манфаати нуқтаи назаридан иш бошлашди. Табиат муҳофазасига доир кенг кўламли юмушларга енг шимаришди. 2000 йил 10 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси “Чимён-Чорвоқ” зонаси табиий бойликларини сақлаш ҳамда ҳудудни ўзлаштиришга комплекс ва изчиллик билан ёндашишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарор қабул қилди. Тумандаги атроф-муҳит муаммолари, асосий ичимлик сув манбаи – Чирчиқ дарёсининг тобора ифлосланиб бораётгани, наботот ва ҳайвонот оламида содир бўлаётган йўқотишлар, 1992 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган Ўгам-Чотқол Давлат табиат миллий боғининг номи бор-у, бирор бир ижобий иши йўқлиги каби қатор муаммолар янги раҳбарлардан қатъият билан ишлаш кераклигини талаб қилди.

Ҳозир жойларда, (ҳар соҳада!) хусусан, табиат муҳофазаси бобида фидойи кўнгиллилар майдонга чиқмоқдалар. Улар барча қишлоқ, овул, қўрғон ва шаҳарларда ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтиб, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўз гўшаларини ҳар томонлама обод ва кўркамлаштириш ишларига астойдил киришдилар. Булар ҳаммаси яхшилик аломати.

“Фидокор” газетаси,

2000 йил 28 ноябрь сони.