Ажойиб ҳажв устаси Саид Аҳмад яқинда бир адабий учрашувда қизиқ бир фикрни айтиб қолди: «Эркин Воҳидов ҳажвиясини ёқтираман»,— деди у. Кулги устасининг кутилмаганда билдирган бу эътирофи кишини сергак торттирмай қўймайди. Ахир шеърият ихлосмандлари Эркин акани лирик шоир сифатида эъзозлайдилар, севадилар. Наҳотки шундай ижодкор Саид Аҳмаднинг эътиборини ҳажвияси билан ром этган бўлса?! «Унинг ижодидаги бу ўткир қирра алоҳида тадқиқ этилишга лойиқ,— деб давом этади Саид Аҳмад.— Адабиётшунослар негадир буни эътибордан қочириброқ келишяпти. «Донишқишлоқ латифалари»нинг ўзи янги бир дунё».
Бироқ, «Донишқишлоқ латифалари»га Эркин Воҳидовнинг ўзи бошқача қарашини билиб, яна ҳайратга тушдик. У шундай дейди: «Донишқишлоқ латифалари»ни ўқиб, ҳамма кулади. Ваҳоланки, мен уларни йиғлаб ёзганман. Ақл-идрокка зид, тескари ишларимиз эл бошига кулфат ва уқубатлар келтириб ётгани сир эмас-ку. Косаси тескари қурилган чархпалаклар камми? Бир пардани тутганча қола берган, бир хил оҳангни қўймай чала берган матмусалар озми? Ўзимиз яратган қолипларни тандирдай кийиб олиб, йўлни кўролмай, осмонга қараб кетаётган ҳолларимиз йўқми? Булар кулгили ишлармас, ачинарли, офатли ҳодисалар».
Дарҳақиқат, кулгини йиғи билан, йиғини кулги билан ифодалаш усуллари адабиётда азалдан мавжуд. Буни инкор қилиб бўлмайди. Дунёга машҳур Габрово латифалари ҳам кишиларнинг ўта ишонувчан, самимий, беғубор, соддадиллиги асосига қурилган. Биз уларни тинглаб ва ўқиб, энг аввало инсон қалбининг болаларча беғуборлигидан завқланамиз. Латифа қаҳрамонларининг гўллиги, ношудлиги, тажрибасизлигидан эмас, йўқ, асло, табиатан очиқ кўнгиллилиги, болаларча софлиги, ҳақиқатпарастлиги қаршисида тан берамиз.
Бизнингча, мазкур латифалар, унинг муаллифи айтганидай, «ачинарли, офатли ҳодисалар» эмас, балки халқимизнинг беғубор табиатига, ҳалол ва покизалигига, соддалиги ва очиқкўнгиллигига монанд қимматли фазилатлардир. Масалан, «Матмусанинг тандири» деган бобда ўзини тайёр қолип билиб тандир қурган, ичидан чиқолмагач, маслаҳатга йиғилганларнинг қидириб топган чораси туфайли Матмусанинг бошини арралаш лозимлиги ҳақидаги эпизод қувноқ кулги уйғотади. Матмуса бундан ўзга чора йўқлигини тан олиб, рози бўлгани, «Кессангизлар бошимни, мен ниятга етарман. Бошим олиб бу ердан, бирор ёққа кетарман», деган жавоби болаларча беғубор соддадиллик ифодаси эмасми? Гап унинг бошини кесиш-кесмасликда эмас, балки софдилликнинг бадиий талқини ва ифодасидадир. Албатта, ҳеч ким бундай соддадилликка ҳавас қўймайди, лекин софлик, беғуборликнинг табиийлиги, самимийлигидан маънан завқланади. Латифаларнинг таъсирчанлиги ҳам шунда эмасмикан!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида Азиз Несиннинг Миад Ҳакимов таржима қилган ўзбекча китобига ёзган сўзбошиси босилди. Унда машҳур ҳажвчи қуйидагиларни ёзади: «Билдимки, адабиёт турлари ичида энг таъсирчани, энг оммабопи ҳажвиёт экан. Шу тариқа ҳажвиёт мен учун кенг китобхонлар давраси, турли синф вакиллари билан, халқ билан мулоқотда бўлишнинг бир воситаси бўлиб хизмат қилмоқда». Буюк сатирикнинг фикри ҳажвиётга берилган холис ва ҳаққоний беҳодир. Ҳаётимизда рўй бераётган туб ўзгаришлар жараёни ҳажвчи ёзувчиларимиз учун битмас-туганмас илҳом манбаи бўлиши билан бирга улардан турли-туман ва ранг-баранг ғоявий-бадиий пишиқ асарлар яратишларини ҳам тақозо этади.
Турғунлик деб аталаётган даврда ҳам ўзбек адабиётида ҳажвиячилик аянч ҳолатга тушиб қолмаганини кўрамиз. Намуна адабиёти ҳамда 20—30-йилларда Ҳамза, Абдулла Қодирий, Садриддин Айний, Чўлпон, Фитрат, Тавалло, Абдулла Авлоний, Сўфизода номлари билан боғлиқ бўлган анъаналар муваффақият билан давом эттирилганлигидан кўз юмиш мумкин эмас. Лекин ёзувчиларимиз адабиётнинг бу жанрида қўлга қалам олар эканлар, аллақандай ички бир ҳадик, эҳтиёткорлик билан иш тутганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Ўзининг ҳақ сўзлари учун Абдулла Каҳҳор қанчалар тазйиққа учраганлиги ҳаммага маълум. Бу ўзига хос «сабоқ»дан ҳажвчиларимиз хулоса чиқармасдан иложи йўқ эди. Шундай бўлса ҳам ҳажвчи ёзувчиларимизнинг сафи кенгайиб борди. Худойберди Тўхтабоев, Неъмат Аминов, Саъдулла Сиёев, Анвар Муқимов, Фарҳод Мусажоновлар ижоди айни шу йилларда оммага манзур бўлди. Лекин бошқа бир мулоҳаза бор: агар ҳажвий тафаккурга ўша йилларда тўсиқлар бўлмаганда, калондимоғ раҳбарлар мазкур жанр равнақига раҳна солмаганида, бу борадаги муваффақиятларимиз янада салмоқли бўлиши аниқ эди.
Ҳаёт барибир адабиётга ўз муҳрини босади. Бусиз мумкин эмас. Шу жумладан, ҳар бир ижодкорнинг бадиий тафаккур тарзига ҳам. Анвар Муқимов ажойиб ҳажвиялари билан олтмишинчи йилларда Абдулла Қаҳҳордай ёзувчининг олқишига сазовор бўлган эди. Унинг кейинги ижодида дастлабки чўғ, ҳарорат анча пасайгани сезилади. Ёзувчи илк асарларида кишилардаги лоқайдлик, айрим раҳбарлар онгидаги ўзибўларчилик ва такаббурлик, маориф соҳасидаги кўзбўямачилик каби ижтимоий иллатларни алоҳида бир изчиллик ва фаоллик билан фош этган эди. Афсуски, ҳажвиёт учун кенг имкониятлар яратилган ҳозирги пайтда кўп ижодкорларда шижоат, кескинликни учрата олмаяпмиз.
Ҳажвиётимизга саксонинчи йилларда келиб қўшилган Анвар Обиджон бу соҳага, айтиш мумкинки, янгича эпкин олиб кирди. Унинг Уста Гулмат номидан ёзилган шеърлари образларнинг тиниқлиги, кулги жилоларининг ранг-баранглиги, аския оҳангларига монандлиги билан ажралиб туради. Кесатиқ, пичинг, киноя, соддалик ва қувлик, айёрлик ва худбинлик — хуллас, инсон зотига хос бўлган барча иллат ва фазилатларни жам этган уста Гулмат ўз даври нуқсонларини, турли кишиларнинг ички қиёфаси — руҳий оламини ҳам аниқ лавҳаларда, ўзига хос тарзда мужассамлаштириб боради. Муҳими шундаки, бу қиёфалар бизга таниш, улар ёнимизда ҳамон яшаб келаётган одамлар эканлигини сезиб турамиз. Бу асарларнинг кучи, замонавийлиги шунда яққол кўринади.
Албатта, бугунги кунда рўй бераётган жараёнларни адабиётда зудлик билан Тасвирлаш, адабий умумлашмалар чиқариш машаққатли иш. Мақоланависликка оид мақолаларда эса ҳаётимиздаги чиркин иллатлар, тараққиётга тўсиқ бўлиб турган расволиклар кескин ва аёвсиз фош этилмоқда. Улардаги жиддий далиллар ижтимоий салмоғи кучли ҳажвий асарлар учун қимматли манба бўлиши мумкин. Ҳажвчиларимиз ана шу бой турмуш материалларини бадиий ўзлаштиришга улгурмаётганга ўхшайдилар. Драманавис Шароф Бошбековнинг ижодий тажрибасини мустасно тарзида қайд этиш мумкин. У «Темир хотин» драмасида пахтанинг зуғуми, аёл кишининг бугунги оғир қисматини фожиавий усулда минглаб томошабинларга манзур эта олди. Ҳаётий муаммоларга ўз пайтида жавоб қайтариш мумкинлигини бу санъаткор ёрқин исботлаб берди. Бошқа ҳажвчи ёзувчиларимиздан ҳам ана шундай ҳозиржавоблик, журъат ва дадилликни кутишга ҳақлимиз.
“Шарқ юлдузи” журналининг 1992 йил 7-сонидан олинди.