Ўзбек саҳналарида шу кунгача ўйналиб келган пьесаларнинг энг кучлиси, энг буюги ўткур ёзувчимиз Фитратнинг ҳинд турмушидан олиб ёзғон «Чин севиш» пьесаси эканлигини ҳамма иқрор этса керак. Саҳнамизда бир неча мартаба борлиқ кўрсатган бу беш пардали пьеса 17 сентябрда ёзлиқ «Турон» саҳнасида ўзбек давлат труппаси томонидан яна ўйналди. Ҳаммага белгили ўзгаришдан сўнг ҳар ишимизда бўлғони каби, театру ишида ҳам тўлқунланишлар бўлуб ўтди. Бир неча труппалар тузилди. Кунда бу янги пьеса саҳналаримизни зиёрат қилиб ҳам турди. Бир ўқув-ёзув билган кишимиз пьеса ёзишга тутунди, десак ҳам бўлади. Труппалар пьесанинг қандай эканлигини текширмай, ўйнашдан усанмағонлари каби, эл ҳам томошаға келишдан усанмади. Чунки янги эди; ўйнағувчи ҳам томошачида руҳ бор эди. Бунда бўлатурғон камчиликларнинг келгусида тузалишига ишончлари кучли эди.
Шу даврда пьеса аташқа арзийдурғон асарлар ҳам ора-сира саҳнамизда кўруниб турди.
Бошланғон ишнинг кундан-кун тузалиб, яхшиланиб бориши қонун каби бўлса-да, бизнинг ҳамма ишларимиз кундан-кун бузулиб, ёмон йўлға кириб борадир. Шу каби театру ишларимизнинг ҳам анча ортға чекилганлигини бу кун ўйналғон «Чин севиш»даги ҳоллар очиқ кўрсатадир. Ўйнағувчида ҳам, томошачида кам дард сўна бошлағонлиги кўрунуб турадир.
Бурун соат 7 да очиладир, дейилган парда 8 да очилса, ҳозир соат 8-10 бўлмасдан очилмайтурғон бўлғон; парда оралари эса, яна узайғон. Демак, бунда ҳам кейинга қараб тараққий этган. Ҳозирғи театруларға бормоқчи бўлғонларға кўрпа-ёстиқларинида кўтариб бориш керак бўлиб қолган. Чунки тонгға яқин чироғлар ўчиб қолғонда, битатурғон ўйуннинг парда ораларида ухлаб олинса бўладир; қуруқ ўрундуқларда парда очилишини кутуб, ухловчиларнинг танлари қийналмайдир.
Бу каби ҳоллар шу кунларда ўйналиб турғон театруларимизнинг ҳар бирида бўлиб турадир. Пьесаларнинг сўнг пардалари, тангри ёрлақаб, ўйналиб қолса, юзга етар-етмас киши қоладир.
Ҳоллар бундай ёмон бўлғач, «Қилай деса иши йўқ, ётай деса касали йўқ» кишилардан бошқа ким театруға келсун?
Энди 17 сентябрда ўйналғон «Чин севиш» пьесасига келайлик.
Томошачи ўртача эди. Овруполикларнинг театруси ўйналиб битатурғон чоқда, парда очилди. Кутишдан усанғон халқ тинчланди.
Букун масъулиятли рўлларни адо зтувчиларнинг кўпи илгари ҳам шу рўлларда ўйнағон артистлар бўлса-да, илгариги ўйнашларидан яхши ўйнай олмадилар.
Раҳматуллахон рўлида чиқғон М.Қори ўртоқ ўз рўлини жуда ёмон ўйнади. Рўлига аҳамиятсиз қараб ёдламағонлиғи очиқ билиниб турди. Бундай масъулиятли рўлларни бу каби аҳамиятсиз қарағувчи кишиларга бермаслик керак. Ман ўйновчиларни танқид этмак истамаганим учун ўйнағувчилар тўғрисида шундан бошқа сўз айтмайман. Халқ ҳар пардада камая бошлаб, сўнг пардада жуда оз киши қолғонлиғи ўйнағувчиларнинг ва бошқа ҳолларни очиқ кўрсатадилар. Илгари шу асар ўйнолғонда диққат билан кўрган халқ бугун асардан нафрат этган каби бўлиб, чиқиб кета бошлади. Бунга асар айблими? Йўқ.
Сўнгғи парда ўйналиб турғонда, чироғ ўчиб қолди. Чунки вақт кеч бўлуб қолғон эди. Суфлёр чақмоқ (зажигалка) тутиб сўз бера бошлаб давом этмакчи бўлдилар. Саҳнадан зал ёруғ бўлди. Артистларнинг афтлари, ҳаракатлари сира кўрунмас эди. «Чироғ топиб ўйналсун» деган товуш халқ орасида кўтарилгандан кейин пардани тушурдилар. Шу вақтда чироғ топув мумкин эмаслиги белгили эди. Илғари чироғ тайёрлаб қўйилмағонлиғини ҳам чироғ топа олмағонлиқларини билдириб афв сўрадилар. Бундай қуруқ афвдан нима фойда?
«Театру ўйнамоқчи бўлгонлар ҳамма нарсани тайёр қилғондан сўнг ўйнасунлар, халқ билан ўйнашмасунлар» деган товушлар юксалиб, халқ сўка-сўка тарқалишдилар.
Мана сизга ўзбек театруси.
Шу йил шу саҳнада шу труппа томонидан «Ҳинд ихтилолчилари» отли пьеса ўиналғон эди. Бу ҳам Фитратнинг ҳинд ихтилолчилари турмушидан олиб ёзғон асаридир. Бу асар ҳам «Чин севиш» каби буюкдир.
Бу пьесанинг сўнг пардаси очилғонда чироғ ўчиб ўйналмай қолғон эди. Ундаги масъулиятли рўлларни адо этувчиларнинг овозларини биринчи қаторда ўтурғон кишиларда эшита олмағон эдилар. Халқ бир нарса англай олмай сўкиб кетган эди.
Мана бу каби ҳоллар асарнинг қийматини тушувига сабаб бўлади. Шунинг учун бундай олий пьесаларни бузиб ўйнашдан сақланув керак.
Бу асарлар тўғрисида келгусида кўб нарсалар ёзилиб юқори ўрун берилувига ишонаман.
Фитратнинг «Чин севиш» драмасига бағишлаб ёзилган ушбу номдаги мақола «Қизил байроқ» газетасининг 1921 йил 22 сентябр сонида босилган.