Бир вақтлар чор ҳукумати ва унинг хоин миссионерлари қўл остида жуда оғир ҳоллар кечирган Туркистон маорифпарварлари, шўролар ҳукумати даврида хийла кенг план ва ғоялар билан ишга киришган эдилар: беш йил инқилоб даврининг аввалги йилларида маориф ишларимиз ғоят ёруғ ва зўр умидлик бир ҳолга кира бошлаган ва бу йўлда асосли бир замин ҳозирлана бошлаган чоғда маориф бирдан турғунлик ва тушкунликка йўлиқиб қолди.
Бунинг сабаблари жуда кўп бўлса ҳам, каттароқлари — маориф ишларида кўрпага қараб оёғ узатмаганимиз, маориф аҳлларининг халқдан узоқлашганликлари, маориф ишларида Туркистон халқининг Оврупо гази билан ўлчаганлиги, кило каби хусусий ва фанний равишда ҳал этиладиган масалаларда Туркистон ёшларининг ўзаро ихтилоф қилиб, ҳар турли араз ва ситезлар билан бир қадар вақт маориф ишларидан чеккага чиққанликлари ва, буларнинг устига, Самарқанд ва Фарғонада беш йилдан бери давом этиб келган «босмачилик ҳаракатлари»дир. Бунинг устига, янги иқгисод сиёсати орқасида кўп мактабларимизнинг таъминоти маҳаллалардаги маблағларга ва маҳаллий халқнинг ўз эркига қолдиридди.
Бу ҳақиқатларни кўра ва била туриб шу юқоридаги сабаблар билан курашмасак ва ўзаро жанжалларимизни бир тарафга ташлаб қўйиб, қўл-қўлга беришиб, бутун тиш ва тирноғимиз билан маорифга ёпишмасак, Туркистон маорифи ўлди ва Туркистоннинг порлоқ келажагидан умид узулди, демакдир. Чунки, Туркистоннинг порлоқ келгуси, балки ҳаёти ва қўрқинчли қоронғилиқдан қутулиши фақат маорифгагина боғлиқдир. Туркистон халқи маориф ва маънавият нарвонининг биринчи поясига эндигина қадам босди.
Бу тўғрида ҳали қилинадиган хизматлар жуда кўп, кўзланган мақсад жуда узоқдир. Моддий ва маънавий томондан ишланмаган ишларнинг ҳали мингдан бири ҳам ишланган эмас. Маориф ва маданият йўлида ҳали бизнинг тилимизга олинмаган, балки, хаёлимизга ҳам келмаган буюк хизматлар ва ечилмаган масалалар бор — фанний ва илмий тадқиқот ва мубоҳасалар бир томонда турсин, ибтидоий мактабларни бир йўлга қўйиш учун ҳам керакли чораларни ҳануз топа олганимиз йўқ. Тил ва адабиёт масаласида эса, ҳалигача унинг бошлағичи бўлган ёзув ва имло тўғрисида асосли бир йўл тополмасдан, турлимиз турли томонга тортишиб, кўзланган мақсаддан чеккага чиқиб кетдик. Шу саналган камчиликларни қанча оғир бўлса бўлсин, иқрор қилмоқ билан бирга биз, Туркистон маориф ходимлари, устимизга тушган ғоят муҳим ва масъулиятли вазифаларни — қанча оғир бўлса-бўлсин, комил сабот ва матонат, улуғ қаҳрамонлик ва олижаноблик би-лан ийфо қилишимиз лозим, буни инкор қилиб бўлмас. Мана шу ҳолларни эътиборга олиб, Тошкентнинг бутун ўзбек маорифпарвар ёшлари ва масъул маориф-маданият ишчиларининг умумий йиғини.Туркистонда маориф ишларининг сусайиши ва маориф ходимлари орасидаги жанжалларнинг сабабларини яхши англаб билмакни лозим топиб, шунга махсус бир ҳайъат сайлади. Бу ҳайъатнинг бир неча кунлик фаолияти натижасида маориф ишчилари орасидаги бутун англашмовчиликларнинг бартараф қилинганлиги тўғрисида ўзаро бирлик ясалиб ва аҳдномалар тузулди. Маориф ишларимизнинг энг оғир ва буҳронлик бир вақтида шу ишни пастлаш ва йўқолишдан қутқариб қолмоқ учун бирлашган Тошкент ўзбек маориф-маданият ходимлари, бутун ўлкадаги маорифпарвар ўзбек шоввозлари шу бирлашмани самимий бир тантана билан эълон қилмоқ баробарида, уларга қуйидаги таклифларни қилади:
1) Бутун ўлкадаги ўзбек маориф-маданият ходимлари ўз ораларидаги барча жанжал ва битишмасликларни ташлаб, қўл-қўлга берилиб, маорифнинг юксалиши учун ортиқ даражада зўр ғайрат билан ишласинлар.
2) Халқни маорифга ва маорифни халққа яқинлаштирмоқ учун қўлларидан келган ҳар бир чорага киришсинлар.
3) Самарқанд ва Фарғонада халқнинг бутун хўжалик ишларини ва бунинг орқасида маориф ишларининг барбод бўлишиға сабаб бўлган босмачилик билан курашиш ишида бор кучлари билан ҳукуматга ёрдам берсинлар.
4) Туркистон ўзбекларнинг маориф ва маданият ишларини тўғри бир йўлга қўймоқ учун Тошкентда «Нашри маориф» исминда бир жамият очиш ҳаракатига киришилди. Шу жамият расмийлашгандан сўнг матбуотда эълон қилиниши билан дарҳол шу жамиятнинг ҳар ерда шўъбаларини очишга киришсинлар. Ерли халқнинг маориф ишларида бизда муттаҳиди фронт ташкил этилмоқдадир. Шунга яқиндан аралашмоқ ва умумий душманимиз бўлғон жаҳолат билан курашмакка барча ўзбек маориф-маданият ходимларини даъват қиламиз.
Мунаввар қори Абдурашидхонов
Маннон Рамз Шокиржон Раҳимий
Заҳириддин аълам Элбек
Шаҳид Эсон
Салимхон Тиллахонов
Ҳамид Сулаймон
Холмуҳаммад Охундий
Мажид Қодирий.
«Туркистон» газетаси, 1923 йил, 1 январь