Абдулла Қодирий. «Кўмак» уюшмасига ионалар (1923)

Кейинги кунларда «Кўмак» уюшмасига[1] берилган ионаларнинг ҳисоби жуда ҳам кўпайиб кетди. Тушкан ионаларни[2] уюшманинг битта кассаси эплай олмағанлиқдан иккинчи касса очмоққа мажбур бўлинди. Кейинги ойда иона берган сахийларнинг рўйхати мундайдир:

  1. Валиҳожи — беш миллиард сўмга арзийтурған дуо.
  2. Ғуломшайх бойбачча — «Ўқушға кеткан йигитлар мулло бўлсунлар» деган яхши тилак (баҳо қўйиш комиссиясининг сўзига қарағанда бу иона ҳам 5 миллиардға арзир экан).
  3. Азимбойбачча кўмирчи — саккиз пут тошкўмир,
  4. «Тужжор» ширкати — иккита солол товоқ билан битта хурмача.
  5. «Қамар» ширкати — чорак қадоқ олма чой.
  6. Пойафзал бозоридағи дўкондорлар ўзаро — бир пой бачкана этик[3].
  7. Чит бозорининг дўкондорларидан — бир газу уч чорак газлама.
  8. Аттор оға-инилардан — икки қути упа.
  9. Қассоблиқдан — беш дона ўпка.
  10. Қандолатчилардан — уч истакан писташка билан бир қадоқ пашмак ва бошқалар.

Ушбулардан Берлин ўқуғучиларимизға юборилди:

Берлин талабаларимиз ортуқча муҳтож бўлғанлиқларидан биринчи галда тўрт пут тошкўмир, иккита сопол товоқ, бир посилка дуо юборилди.

Мухбир: Думбул.

«Муштум»: Олтун олма, дуо ол — дуо олтун эмасми?

«Муштум» — 1923 йил, 4-сон, 6-бет


[1] «Кўмак» уюшмаси — 1921 йилда Туркистондан чет элга, масалаи, Германияга бориб ўқиш ҳаракатн бошланади. «Ўзбек билим ҳайъати» ва «Кўмак» уюшмасининг ёрдами билан 1923-1924 йиллар давомида Туркистон ва Бухородан 58 та талаба Германиянинг турли ўқув юртларига бориб ўқиганлар. «Кўмак» уюшмаси бу талабаларга моддий ёрдам юбориб турган. Афсуски, бу талабаларнинг ўқишини битириб ватанига қайтганлари 30-йиллар қурбони бўлган.

[2] Иона — моддий ёрдам, нафақа.

[3] Бачкана этик — болалар этиги.