Мунавварқори Абдурашидхонов. «Турон» театри очилишида сўзланган нутқ (1914)

(1914 йил 27 февралда Тошкандда «Колизей» театри биносида «Турон» труппасининг расмий очилиши муносибатила сўзланган нутқ.)

Жамоат!

Сиз ҳурматлуларга тиётр хусусида бир неча сўз айтмакка жасорат қилиб, қаршуларингизга чиқдим. Бу хусусда маним густоҳона ҳаракатимни афу этмаганингизни ожизона рижо қилурман.

Бизни Тошканд шаҳрида бир неча мартаба миллий тиётрлар ўйналган бўлса ҳам, холис Туркистон тилида ҳануз бир тиётр ўйналмағонлиғи барчамизга маълумдир. Шул сабабли баъзи кишиларимиз тиётрға, эҳтимолки, ўйинбозлиқ ёхуд масхарабозлиқ кўзлари ила боқурлар. Ҳолбуки, тиётрнинг асл маъноси ибратхона ёки улуғлар мактаби, деган сўздур. Тиётр сахнаси ҳар тарафи ойнабанд қилинғон бир уйға ўхшайдурки, унга ҳар ким кирса, ўзининг ҳусн ва қабиҳини, айб ва нуқсонини кўруб ибрат олур. Ва бу саҳнада кўзига ёмон кўрунган паст одатлардин ва бузуқ ахлоқлардин узр қилмоқға ҳаракат қилур. Биноаналайҳ тиётрни бузуқ ахлоқ касалларининг энг ёқимли давосига ўхшатган киши ёлғончи бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Тиётр саҳнасига чиқиб, юзига ун суртиб, бир масхарабоз шаклига киргон зотлар гўёки табиби ҳозиқ мисолиндадурлар. Бунлар аччиқ роман[1]ларни ширин даволари ила халқға едирурлар ва аччиқ насиҳатларни сучук сўзлари ила халқға эшитдурурлар. Биз шу зотларга ва тиётрларга қандай кўз ила боқмоғимиз керак? Муни ўрганмак учун биз ўзимиздан бошқа мутараққий мамлакатларга боқайлик. Мисли устимизга ҳоким бўлуб турғон русларга, туркларга, немисларга, франсузларга, яҳудийларга ва бошқаларга, кўб узоқ кетмайлук, энг яқин қўшниларимиз бўлғон Қофқоз мусулмонлариға. Бундан ўттиз йил муқаддам Қофқоз мусулмонларидин энг аввал чиқиб тиётр китоблари ёзған ва юзига ун суртиб тиётр саҳнасига чиқғон, адиби шаҳид Мирза Фатҳали Охундов жаноблариға халқ қандай кўз ила қаради? Марҳум Охундов халқнинг нуқсонини кўрсатғон, миллат тараққийсиға ва мамлакат ободлиғиға хизмат қилгон, исми ҳар ерда ҳақорат ила зикр қилинурди ва ўзидан ҳар ким нафрат қилурди. Лекин ўттиз йил ўтгандин сўнг марҳум Охундов жанобларининг чеккан машаққатлари ва тортгон заҳматларини миллат ўйлаб, тақдир қилуб, онинг хотираси ва руҳининг шодлиги учун улуғ бир юбилей, яъни дуо мажлиси ясадиларки, ҳозирға қадар бундай улуғ мажлис мусулмонлардин ҳеч бир киши учун ясалғони йўқдур. Марҳум Охундов тутган йўлнинг улуғ фойдалари ҳозирда кўринмакда бошлади. Қофқозиянинг ҳар бир ерида жамияти хайриялар очилуб, аларнинг тиётру шуъбалари ташкил топди, буларнинг энг машҳурлари Бокуда «Нажот жамияти»дурки, бу жамият тиётр воситасила Қофқоз халқининг ахлоқини хийла ислоҳ қилди, ғафлатдин уйғонтирди, тараққий ва маорифга ҳавасларин ортдирди. Ҳозирда тиётр воситасила ҳар йил мингларча ақча жамъ қилур. Юзларча мусулмон фақир ва ожизларга ёрдам берур. Қўлидан келгунча миллатининг номус ва обрўсини ҳифз қилур ва шаҳарнинг атрофида бўлғон қишлоқларда ўттузға яқин мак-таблар очуб, ислом болаларини тарбия ва таълим қилур. Юзларча миллат болаларини тарбия қилуб, ўқитуб, ҳақиқий миллат ва ватан ходимлари этиб майдонға чиқарур.

Модомики, бизим энг яқин қўшниларимиз ва ватандошларимиз ва диндошларимиз бўлғон тоторлар ва Қофқоз мусулмонлари бу тариқа тараққий ва тамаддунга қадам қўйдилар. Ва ёлғиз тиётр воситасила ўз миллат ва ватанларина бунча хизматлар кўрсатдилар. Биз, туркистонликлар на учун онлардин ибрат олмаймиз? На учун ўз тилимизда тиётрлар ясаб, орамизда бўлғон бузуқ одатларни йўқ қилмоқға ҳаракат қилмаймиз? На учун Туркистонда биргина бўлғон жамиятимизни ва фақирликдин инқирозга юз тутган мактаб ва маорифимизни ободлиғига саъй ва кўшиш қилмаймиз?

Бизим Туркистон мамлакати туфроғ, сув ва ҳаво жиҳатидин энг бой мамлакатлардин бўла туруб, на учун ўзумиз бундан фойдалана олмаймиз?

Мана, кетба-кет етган бундай саволларга жавоб бермак учун нодонлиқ ва оламдин хабарсизлик, демакдин бошқа чора йўқдур. Бу нодонлиқ ва дунёдин хабарсизлик балосидан қутулмак учун энг аввал орамизда ҳукм сурган бузуқ одатларнинг бузуқлиғини билмак ва ўрганмак керакдур.

Бас, бизга бу билдурғувчи ва ўргатувчи ёлғиз тиётр саҳнасидур. Сониян онларни тарк қилмак керақдурки, они тарк қилдирувчи яна жамият ва тиётр воситасила очилгон мактаб ва мадарасамиздур. Шул сабабли ҳимматли ёшларимиздан ва ҳимматли бойларимиздан бу тиётрларга фақат ўюн ва масхарабозлик кўзила боқмасдан, миллат ва ахлоқ жиҳатидан энг ибратли бир манзара ва улуғлар учун очилғон фойдали бир мактаб назари ила боқмоқларини ожизона арз ва истирҳом қилурман.

«Туркистон вилоятининг газети», 1914 йил, 2 март


[1] Роман — ахлоқ.