Бизнинг ота-боболаримиз авлиё эканми ёки ўз замонларида уларға ҳазрати Хизр назар қилғон эканмиким, уларнинг даврларидағи хайру баракот, омонлиқ, арзончилиқ бизнинг замонимизда йўқ. Ёки уларнинг қилиб кетган ишларини ва солғон иморатларини букун биз қила олмаймиз. Ҳатто улардан нусха-нишона қолғон катта биноларни тоза сақлашдан ҳам ожиз қоламиз. Шундан билинадирким, раҳматлик ота-боболаримизда биз билмаган ва кўрмаган бирор хислат бор экан…
Ҳали эсимда борким, бобомнинг вактида бир мардикорнинг кунлик меҳнат ҳаққи 40 пул, ҳунарманд ва бориб турган овозадор бир устаники 2 танга эди. У вақтда чоряк гўшт танга мири, битта нон уч пул эди. Қадоқ-падоқ деган нарса у замонда йўқ эди. Бундай чатоқлик тошларнинг ҳаммасини кофирлар чиқарди. Бизлар бобомиз замонида чақмоқ чақиб олов ёқар эдик. У вақтнинг гугурди бир турлик «жайдари» дейилган гугурд эдиким, мусулмонободдан қолғон эски баққолларимизнинг дўконида ҳали ҳам тўда бўлиб ётадир.
Раҳматлик отам айтар эди: Болам, ҳар замонда арзончилик ва фаровонлик ўшал замон подшоҳининг адолатига қарайдир. Инсофлик, одил подшоҳнинг даври тинчлиқ ва арзончилиқ билан ўтадир. Хизр назар қилмагон ва ё чилтоннинг аъзоси бўлмагон киши подшоҳ бўла олмайдир. Демак, подшоҳ бўлмоқнинг бир шарти азими валий биландир.
Бобомнинг сўзларига қарағонда, букунги болшевиклар ҳам чилтонларнинг аъзосидир! Буларға ҳам, албатта, ҳазрат Хизр назар қилғондир. Шундай бўлмаса эди, булар Туркистондек азиз-авлиёларнинг юртида 7 йил ҳукмронлик қила оларми эди!?
Мақсаддан узоқ кетдик. Бизнинг юқоридағи сарлавҳани қўйишдан мақсадимиз, бу мақолада ота-боболаримиздан қолғон тоғдек биноларнинг букунги хароблик ҳолидан бир оз дард-ҳасрат қилиш ва шу муносабат билан осори атиқа комиссиясини сўкиб ўтиш эди. Лекин нима бўлдию қалам қинғирлиқ қилиб бошқа томонға бурулиб кетди.
Шаҳримиздаги эски биноларни бутун ва тоза сакдаш учун кўпдан бери осори атиқа комиссияси бор. Бу комиссия ойлиқхўрлиққа ва қўлиға пул тушғонда уни «якдардил» ҳисоби билан сарф қилишға хейли чечан, лекин эски биноларни ремонт қилиш ва уларни тоза сақлашға жуда ҳам мичалдир. Эшитганимизга қарағонда, осори атиқа комиссияси шаҳар ўртасидағи катта биноларнинг ахлат ва одам поруси билан тўлғонини кўруб шу фурсатдан бир мунча истифода қилмоқчи бўлғон. Яъни тахминан юз аробалик ахлатни мусулмон табиблариға ва мадрасалар устидаги поруларни обчакор деҳқонларға батархи тамом сотиб, пулини ўзининг майда-чуйда қилғон харажатиға ҳисоб этишга қарор қилғон.
Ҳол шундай экан, дуо қилинг, ўртоқлар! Худо бошимиздан ё комиссияни кўтарсун ёки шу биноларни… Токи уларни кўрмайлик-куймайлик.
Ботурбек
«Машраб», 1924 йил, 8-сон