Майдони исломиятда жаҳолат тиғи ила заҳмланмиш бир жароҳатимиз тўғруси Туркистон мусулмонлари бошига носир марази каби ёпишмиш бир бало бор бўлса, ул, шубҳасиз, никоҳдан сўнгра келинни куёвнинг уйига келтурулғон кеча ҳовлига зўр ўт ёқуб, келинни янгалари ила ул ўтнинг атрофидан айлантурмакликдур. Бу бидъат умумий урфу одат бўлуб, исломиятдан илгариги мажусиятдан бир намуналар, десам шояд ёлғончи бўлмасман. Иккинчи бири эса хотунлар тарафидан ёш келин ўлғонда қилинадирган «юз очув» расму қоидасидурки, буниси мажусийликнинг бутун ҳаёти ила кишининг кўз олдига мужассам суратда кўрсатадир. Мисол учун ўзимни кичкиналик вақтимда бир кўруб қолган бу расмни сўйлаб ўтсам, кифоя қилур.
Мундан бир неча йил муқаддам ўз ақраболарим орасида шундай юз очув расми бўлуб ўтмиш эди. Ўшал расм бўладурган куни ман бир уйнинг теразасидан қараб турган эдимки, кўзлари ёшли бир неча хотинлар кўрпага ўралган бир нарсани гўшанга (чодир) тортилган уйдан кўплашуб олуб чиқдилар. Кўз олдимни хотинлар тўсуви сабабли эшикни ёпуб, ёруғидан оҳистагина диққатлаб қараб турдим. Ўчоққа зўр ўт ёқуб, қозон осдилар. Қозонга бир қадоқ чамаси зиғир мой солдилар. Бир тарафдан ўчоқ бошига бир суфра ёзуб, ичига бирор табоқ ун солдилар. Дарров беш-ўн дона чўбчироғ ҳозирлаб, икки-уч дона шағамлар ила чўбчироғларни ёндуруб, суфрадаги унга суқуб қўйдилар. Шул ишлар қилинғондан сўнг отунойим китобини қўлтуғлаб суфра бошига ўтуруб, бояги кўрпага ўралган нарсани ерга келтурди ва ўз қўли ила кўрпани очди. Баъзи хотунлар оҳиста-оҳиста ҳўнграб йиғлаб юбордилар ва кўрпа ичидаги ҳаракатсиз гавданинг бошини кўтаруб қўйдилар. Шу ҳолда билдимки, бечора келиннинг навниҳол ғунча ҳаёти хазони маргға мубаддал бўлуб[1], ўлум йўлдоши бўлган экан. Баданим сескануб кетуб, кўзимни зулмат қоплади. Ҳақиқатини билмак учун яна қараб турдим. Алҳосил, ул жасаднинг қўллари ила ундан чангаллатуб қозонга солдирдилар ва ўчоқға таъзим қилдирдилар. Отун ойим жасадга қараб: «Энди эрингизнинг ҳақ-хизмати бўйнингиздан соқит бўлди. Сиздан қайнота, қайноналарингиз ҳам рози бўлди»,— деди. Бундан сўнг ул бечоранинг руҳсиз жасадини яна кўрпага ўраб, гўшангалик уйга олуб кирдилар. Ўтурғузуб қўюб, ҳарир кийимлар кийдирдилар. Маржон, узук ва зиракларни тамом тақдурдилар. Қошиға ўсма, кўзига сурма, юзиға упа дегандек тамом зийнатлаб, сўнгра ётқузуб, юзига бир оқ пардани ёпуб қўйдилар. Бу орада отунойим бир хотунға қараб: «Амма-холаларни чақиринг, келуб кўрсунлар», — деб уйдан чиқарди ва уйдан туруб манга кўзи тушуб қолди. Дарров хотунларга қараб: «Ана у ким? Уриб чиқаринглар, бу ерда турмасин», — деган ҳамон бир хотун келуб ёқамдан судраб, ул жойдан ҳайдаб чиқаруб юборди. Ноилож уйга қайтдим. Аммо, охириғача кўролмаганим хаёлимни кўп паришон қилмакда эди.
Эртасига ўшал хотунлар ичида бўлғон маҳалла дастурхончиси бизнинг уйға келуб қолди. Ман ондан ишнинг охирин сўрадим. Дастурхончи кўрганларимни эркакларга айтмаслигимни шарт қилуб, жавоб бермоқчи бўлди. Ман они қабул қилдим.
Дастурхончи ўлукнинг амма, хола ва жиянлари тирик вақтида олуб келуб кўрадирғон кўрманаларини олуб кирурлар. Аларнинг ҳар қайсилариға ўлукнинг юзини очуб кўрсатилур. Алар ила кўриштирилур ва салом қилдирурлар.
— Нима учун?
— Агар шундай қилинмаса, қиёматда ўлукнинг юзи ёпуқ қолур эмиш.
— Сизнинг бу сўзингизга кўп ҳайрон бўлдим. Ман ўқиғон китобларнинг ҳеч қайсисида бундай сўзлар йўқ эди.
— Йўқ, отинбибиларимизнинг китобларида бор экан, бизларға неча мартаба ўқуб бердилар. Ҳам бу расм қадимдан ота-боболаримиздан қолуб келуб ётган расм. Бу иш ҳар ерда бор, болам.
— Бу расмни эркаклар ҳам биладиларми?
— Эркакларнинг хотинларда нима ишлари бор? Эркаклар аввал ўзларини тузатсунлар, ондан кейин гапурсунлар.
— Эркакларга нима бўлубдур?
— Эркаклар бачча ўйнайди, қимор ўйнайди, ичкулик ичади, шариатда йўқ ишларни қилади. Биз нима қилубмиз? Биз ҳали момоларни исчироғ, расм-қоидаларини қиламиз-да. Аларни бизда нима ишлари бор?!
Мана шундай дашномларни эшитгандан сўнг ҳар икки тарафни айбли қилмасдан, бошқа анинг ила мунозара қилишдан бутун ожиз қолдим.
Хотунларнинг бу ишларини нима деб ҳукм қиласиз? Мажусийликми? Йўқми? «Ўтган айлантуриш бу бидъат расм ва урф, муни ман қилуб бўлмайдур», дейдурғон зави ал эҳтиром[2] уламоларимиз буни ҳам «Бидъат, урф» дебгина қўяверарларми ёки уй ичида мажусона бўлуб кафанланган ўлукни «Шариат зоҳирини кўзлайдир. Бу худо раҳмати»,— деб берган тўнларини олуб, кўмуб юборурларми? Киши бундай расм ва одатларни исбот қилмак учун уй ичига икки шоҳид олуб кируб воқеани кўрсатсунми ёки «синематуграф» каби тошқарида кўрсатуб турсунми? Бу қандай ғафлатдурки, аҳволимизға боқмайсиз? Бу асрорни билмайдиргон киши йўқ. Ҳаммамиз билсак керак. Имом ва уламоларимизға халқнинг бундай бидъат ва мажусийлик амалларидан қайтармак, масжид ва жомеларда, хусусан, жума куни хутбаларда ваъз ва насиҳат қилуб амру маъруф, наҳи мункар қилмак улуғ вазифалардан эмасми?
Бу бидъат ва мажусиятлар «бидъат, урф, урф» деб қонимизға сингитуб, гўё ота-бободан бизға мерос қолган каби бўлуб кўринадир. Мундан сўнгра яна «урф, урф» деявермак истиқболда булар ёниға яна бир нечалари қўшулуб, биздан кейин келадурғон авлодларимизға кўпроқ мерослар қолдирурмиз. Ул бечоралар ўз гуноҳларини ҳазм қилсунларми? Биздан қолғон меросларними? Агар бу аҳволда яшайверсак, бир муддатдан сўнг бу бидъатлар орасида бир миллат туғулуб бутун ислом фақат исми бор, жисми йўқ бир ҳолға келуб қолур. Ўзимизнинг бидъатларға мубтало бўлғонимиз етар. Ўзимиздан кейинги авлодларимизнинг хуршид саодатларин заволға еткурмайлук ва ҳозирдан бу дардларнинг давосиға киришуб, чорасини излайлук.
Мана бу ишлар на ердан чиқди? Албатта, илмсизликдан, хотун-эркакларимиз учун яхшигина мунтазам мактаблар йўқлиғидан чиқди. Бунинг каби бидъат ва мажусият одатларини йўқ қилмак учун ёлғуз икки калима сўзни яхши тушунмак лозим: ўқимак ва ўқитмак.
“Садойи Туркистон” газетаси, 1914 йил, 20 май
[1] Мубаддал бўлмоқ — алмашинмоқ.
[2] Зави ал эҳтиром— ҳурмат нурини таратувчи.