Меҳнаткашлар ташкилотсиз яшай олмайдирлар. Бу мантиқий бир сўз. Бутун ўлкамизда бирор маҳкам ташкилотлик касаба уюшмаси йўқ. Магар бор бўлса-да, у ҳам якка ва ягона Тошканддаги кўнчилар ташкилотидир.
Бу ташкилот бизнинг «миллий анъана»ларимизни оқизмай-томизмай сақлаб келиши баробарида, уни кенг суратда тарқатиш учун ҳам жуда яхши ташаббус кўрсатмакдадир. Тангри кўнчилар ташаббусини самарасиз қолдирмасун!..
Бу йил далаларни ким обод қилди? Базмлар тарақ; ноғора, чирманда қарс-вадаванг; бачча ва баччабозлик намуна бўларлиқ даражада эл қошида манзур этилди. Кўнчилар жумҳурияти бўлған Кўкча даҳасининг Муссўлиниси[1], Гардинги[2], Пуанқараси[3] бор. Эски шаҳар милитса идораларининг кўнчилар ҳаракатига ирод еткизишга[4] ҳеч бир ҳақи йўқ. Пайшанба кечалари қийқуруқдан қўшни жумҳурият халқи мижжа қоқа олмайдир.
— Ҳа, нима ғалва?
— Қизил тирноқлар ташкилоти ўзининг қандай маҳкам ташкил топқанини кўрсатмакдадир.
— Аниқми?
— Аниқ!
— Бўлмаса миллат яшайди, десанг-чи.
Намойиш… пайшанба куни Янги шаҳар кўчаларидан арава-арава қизил тирноқлар ташкилоти ноғора, чирманда чалиб, бачча ўйнатиб кўча айланурлар.
— Ҳа, нима гап?
— Қизил тирноқларнинг айш-ишратини ёвруполиқ буродарлар ҳам кўрсун эмиш…
Ёшлар, комсомоллар деб қўя қолай, бир кун Қўйлўқский кўчадан намойиш қилиб ўтуб кетаётқан қизил тирноқ жамоатига: «Бу ишингиз четлар қошида кулги-ку», деган экан, ўшал он ҳалиги комсомоллардан бирави онасини учқўрғондан кўрган.
Афсус, ёз ўтиб, ноғора, чирманда билан бўладурған базмнинг вақти кетиб борадир. Энди тор меҳмонхоналарда дутор, танбур билан базм қилиш қандай кўнгилсиз…
Нима чора, жувонға[5] кокил солиниб қўюлғандан кейин тор уйда ҳам кенг феъл бошланиб кета берадир. Шунинг учун «Кўнчилар ташкилоти яшасун!» деймиз.
«Муштум», 1923 йил, 12-сон, 2-бет.
[1] Муссолини Бенито — (1883 — Италия — 1945) италян фашистик партиясининг ва фашистик ҳукуматининг раҳбари (1922-43).
[2] Гардинг — Хардинг Уоррен (1865 — АҚШ — 1923) давлат арбоби, 1921 йилдан АҚШнинг президенти.
[3] Пуанқара — Пуанкаре Раймон (1864-1934) француз сиёсий арбоби, 1913-20 йилларда Франция президенти, 1922-24 йилларда бош министр ва ташқи ишлар министири, 1928 йилгача молия министри. Советларга қарши ҳужумнинг ташкилотчиларидан бири. Генуя конференциясига борган Франция вакилларининг раҳбари.
[4] Ирод етказиш — қаршилик қилиш.
[5] Жувон — ёш йигит.