Абдулла Қодирий. Тошканд хабарлари (1924)

Тошканд ва теварагида маориф ойи билан бирга ёғмур ойи ҳам эълон қилинди. Чакканинг ўтиши чаккидир, негаки, Эски шаҳар халқи сувда сузиш илмидан баҳрасиздир, вақтдан истиъфода қилуб ҳар бир оила ўрдак боқсун, ҳозирга бир юз етмиш уй йиқилуб, катталардан уч юз киши шаҳид ва гўдаклардан беш юзтасининг гуноҳсиз қонини аранг думахона ўз зиммасига олди. Яна беш юзлаб уй рукуъда[1] йиқилғанлар сужуддадир[2].

Ёғмур агар эбида ёғса маълумки, оби раҳмат, яъни манбаъи ҳаёт деймиз, илло, ҳалокати табииётнинг энг кучлиги ҳам ёғмурдир десак, шояд янглишмаған бўлурмиз. Начукким, ҳазрати Нуҳнинг[3] балоси тўфон билан эди. Бу хабарларни ёзар эканмиз, қўрқунч бир ҳақиқат кўз ўнгимизда эди. Ажабо, биз мусулмонлар иртидодда[4] қавми Нуҳ даражаларига бориб етдикми?

Кечирмакда бўлғанимиз кунларни биз явмин-наҳсдан[5] ҳисоблаймиз. Шунинг учун ҳар кимга билиб оёқ қўймоққа, чакка балосидан, шабоблик[6] касофатидан эмин[7] бўлмоққа тавсия қиламиз. Айниқса, «Баладия бўлими ҳеч нарса демади-ку» деб эски том остида ўлтурмангиз, ўлтурсангиз ҳам том қисирлашди дегунча қочуб қолингиз-ки, ҳамма нажот шундагинадир.

Хусусан, Эски шаҳар расталарига тушиб, Маллахондан[8] қолған осори атиқа лафкаларнинг ёнидан ўтишдан, албатта, албатта, ҳазар қилинг, ўтар бўлсангиз, ушбу дуони ўқунгиз: «Оллоҳумма иҳфазни мин фалакотил инқилоби ҳозад-дўккона ва насъалука ан турсиланна жамиъа балоика ва қазоика алаш-шўъбатил-баладияти»[9].

Ушбу дуо кўб баракатлик дуодир. Ман шакка фақат кафара[10]. Бу дуони бир қоғозга ёзиб, думахонанинг вивескасига боғласангиз, хосияти ошкор бўлғай!

Мухбир Совринбой.

Илова: Заҳириддин аъламдан фатво сўраймизки, башарти катта кўчадаги бир иморат ёки девор ўткунчилардан бир нечасини босса, уларнинг хунини ким тўлайдир? Уй эгасими ёки думахонами? Фатво китобингизда, албатта, бунинг бир ҳукми бордир.

«Муштум», 1924 йил, 8 март, 24-сон, 6-бет.

[1] Рукуъ — намозда икки букилиб туриш; эгилиш, бу ерда: чала йиқилган.
[2] Сужуд — намозда бошни ерга қўйиш; йиқилиш, бу ерда: тўла йиқилган.
[3] Нуҳ милоддан аввал яшаб ўтган пайғамбар, одамлар йўлдан озганлиги учун Тангри уларга жазо қилиб тўфон юборган, Нуҳ қавмини халок қилган экан. Нуҳ пайғамбар эса олдиндан огоҳ қилингани учун ўз яқинларини ва барча жониворлардан бир жуфтдан олиб кемада жон сақлаб қолган экан.
[4] Иртидод — диндан қайтиш.
[5] Явмин наҳс — ёмон кун.
[6] Шабоблик — ёшлик, бебошлик.
[7] Эмин — хавфсиз, тинч.
[8] Маллахон — Худоёрхоннинг ўгай акаси, 1856-1858 йилларда Тошкент ҳокими бўлган.
[9] Эй Аллоҳ, мени бу дўконнинг ағдарилиш фалокатидан сақлагил ва жамии бало ва қазоларингни шўъбаи баладия (яъни шаҳар ҳокимияти бўлимлари) устига юборишингни сўрайман.
[10] Ким шак келтирса, кофир бўлади.