Абдулла Қодирий. Истатистиканинг кўрсатишича (1924)

Юбилейимиз муносабати билан

Истатистикаси бор бир миллат ойнаси бор бир қавм демакдир. Ойнангиз қўлингизда бўлса, шубҳа йўқки, дийдори шарифингиз сайхонидаги барча қинғир-қийшуқликларни кўрарсиз.

Истатистика деган нарса халқимизнинг тушига ҳам кирмаган, яъни миллати нажибамиз[1] бундай неъмати ажибадан маҳрум бўлса-да, аммо бу ўрунда ҳоли ҳозирамизнинг истатистикасидан баъзи бир нимарсаларни «юмалоқ-ясси» қилмоқчидирмиз-да! Кўб яхши гап.

Мамлакатимизда нима бор, ҳайвонлар ижтимоъидан[2] ҳам фойдалик бир ҳисоб тузуб бўлурми? дегучи сассиқ такалар балки бор чиқар. Бу гап бир томондан нечоғлиқ тўғри бўлса, иккинчи томондан шунчалик эгридир. Негаки, ҳайвонлар ижтимоъи деган жумланинг ифодаси омдир. Башарти умуман Туркистон ҳайвонлари кўбчилигини «ҳўкуз» деб ақида қилинса-да, улар ҳақидағи ҳисобу китобларни фойдасизга чиқарилса; иккинчи томондағи шу ҳўкузлар етакчиси бўлиб кўринган ва ўзларини доно ва донишманд олған девсийрат[3], тўнғузнамо, маймун қилиқ, қуёнсифат, бўри келиш, тулки мисол, илон шувиш, бақа мижоз… афандиларнинг ҳақларига хиёнат қилған бўлурмиз.

Демак, биз шу кейинги тасқаралар тўғрисида ижмолан[4] бўлса-да, бир истатистика жадвали тузмакчидирмиз. Маълумки, бизнинг жамоат ходими бўлиб танилған кишиларимиз бир неча қисмға бўлинадирлар:

  1. Сиёсиюнлар.
  2. Муаллимлар.
  3. Муҳаррирлар.
  4. Зиёли ёшлар.

Башарти бизда ҳам истатистика деган жонвор бор деб, кўз юмиб, истатистика идорасига кирган бўлсақ, гўёки, шу идорадан ўзимизнинг қизиқсинған маълумотимизни олуб чиққан ҳам бўлсақ, мана биз ўзимизнинг ўглон кўзларимиз билан нималарни кўрган бўлур эдик:

3789 бош сиёсиюн; булардан тўқсон фоизининг бор-йўқлиғи ҳеч кимнинг ҳам кўнглига келмайдир, беш фоизи туллакдан чиқмаған макиён[5], уч фоизи мушкилики[6] уларга қандай ҳукм беришдан «Мухтасарул-виқоя»[7] ҳам ожиздир, бир фоизи ҳайбаракалла[8], бир фоизи хом чучвара.

Мана бу ҳисобдан шу эҳтиёж ҳис қилинардирки, тўқсонни йўқсонға чиқариб қўйиш, макиёнларни уюрга қўшиш, мушкилларни омоложение усули билан бир ёғлиқ қилиш[9], ҳайбаракаллачиларга ҳуббулмулк[10] бериш, хом чучвараларни қайнаған сувга солуб олиш керакдир. Зероки, тажрибаларни кўрсатишича, биздаги юрак оғриғи касали шу хом чучваралардандир.

Бутун ўлкадағи муаллимлар сони 17 855 дир. Булардан 57 фоизи эски гўнг (буларни ерга солинса-да, таппи қилинса-да, мустаъиддирлар)[11], 17 фоизи янги ахлат, ўн фоизи палағда, саккизи пойнак[12], олтиси мояк[13], учи пучак, бирининг ўндан бириси сарак[14], қолғани кўракда турмайтурған пачоқдир. Шунинг учун «Бўлмағанга бўлишма» қабилида очилған ўрта мактаблар «Дорул-эгов»лардан чиқуб келган муллабаччаларни одам афтига олишқа, бунинг учун қирқ саккиз синфлик таҳририялар[15] очишқа ва шундан сўнг асосини бошлашқа мукаллафдирлар[16].

Матбуотимизнинг қон томири бўлған муҳаррир ва шоирлар сони… (бай-бай-бай; пишти кабоб, пишти!..) Оқмирзакарим айтар эрдики: «Сан хоро-о-о бан хоро». Шунга ўхшаш ман ҳам айтаманки, «Биз хоро-о-о, муҳаррир ва шоир хоро!» Тўғриси жим-жиму туя кўрдингми, йўқ; ёпиғлиқ қозон ёпиғлиқ!

Мунаввар зиёлиларимизнинг сони агарда истилоҳ топуб[17] ўқушни эбласангиз 1900, 7000, 8000, 500 000 дир. Очиқроқ таъбир қилғанда, «Ҳисобда ҳам йўқ, китобда ҳам йўқ!» деб шундай сонлик ҳисобқа айтадирлар. Бу ўртоқ мадрасада сиғайи муболағани[18] кўпрак истеъмол қилған экан, деб балки мандан куларсиз. Лекин бу ҳисоб муболаға эмасдир. Чунки бизнинг мунавварларимизнинг ҳар бирисида минг эмас ўн минг ҳайвони нотиқнинг ақли, фикри, сезгуси, даъвоси ва бошқа лаш-луши бордир. Мана шундан онгланған бўлса керакки, бизнинг сўзимиз пуч эмас, кучдир.

Бу мунавварларимизнинг асосий машғулиятлари қуйидағи режада кўрсатиладир:

  1. Ўн беш фоиз ёшларнинг асосий ғоялари ичкулукка;
  2. Йигирма беш фоизнинг яратилиш сабаблари ўрус ва бошқаларнинг фоҳишаларига;
  3. Йигирма беш фоизнинг туғилиши соч ўсдириб, хина қўюб, янги мўда кийим билан бирга оқишқа;
  4. Ўн фоизи қуруқ маҳмаданагарчиликка;
  5. Қолған йигирма беш фоизнинг ғоялари НЭПга чин ўғул бўлмоққадир.[19]

Бу ўрунгача ҳисоблари кўрсатилган халқ етакчиларидан бошқа яна бир дуркум оқ салла, қора кўнгил мунавварлар бордирки, инқилобдан сўнг эълони ифлос[20] қилғанлиқларидан уларни ҳисобга олиш ва олмаслиқ «адаму вужуд»[21] бизнингча баробардир.

Жулқунбой.

«Муштум», 1924 йил, 8 апрел, 25-сон, 2 3-бетлар.

[1] Нажиб — ҳурматли, мўътабар.

[2] Ижтимоъ — гуруҳ, тўда, пода.

[3] Девсийрат — девга ўхшаш, йўғон-елпи.

[4] Ижмол — қисқа, мухтасар.

[5] Фойдасиз, ҳосилсиз демоқчи.

[6] Мушкил — хунаса.

[7] «Мухтасарул-виқоя» — фақиҳ Бурхониддин ал-Марғинонийнинг (вафоти 1197) «Ҳидоя» номли фиқҳ асарига ёзилган шарҳ китоби, муаллифи Убайдулла ибн Масъуд ал-Маҳбубий.

[8] Ҳайбаракалла — лаганбардор, мансабпараст.

[9] Ёшартириш; бу ерда эркаклаштириш лозим демоқчи.

[10] Ҳуббулмулк — мансабпарастлик.

[11] Мустаид — лойиқ, муносиб.

[12] Пойнак — дарз; йиртиқ.

[13] Мояк — асл эмас, яроқсиз.

[14] Сарак — бутун, синмаган тухум.

[15] Таҳрир — тузатиш.

[16] Мукаллаф — вазифадор, бурчли.

[17] Истилоҳ — термин, атама.

[18] Сиғаи муболаға — ошириб-тошириш, кўпиртириш.

[19] «Ҳарбий коммунизм» сиёсати ёки унинг бир оз енгил нусхаси бўлган «Янги иқтисодий сиёсат» даври, умуман олганда, Туркистон халқининг ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзига ёт бир тартиб эди. Муаллиф бу ерда шахсий фойдаларини кўриб, лекин умумий зарарни кўрмай, бу сиёсатни тарғиб қилиб юрган айрим туркистонлик тўтиқуш зиёлиларимиздан киноя қилиб ўтади.

[20] Эълони ифлос — синганлигини, яроқсизлигини эълон қилиш (масалан сиёсий майдонда).

[21] «Адаму вужуд» — бор-йўқлиги, ўлик-тириги.