Абдулла Қодирий. Ҳой, ер юткур (1924)

Хотун-қизларнинг байналмилал кунига бағишлаб

Бу кун хотун-қизларнинг байналмилал байрам кунлари. Албатта, бу «муштипар»ларнинг кўнгилларини олмоқ ҳар бир белида белбоғи бор бўлған кишининг вазифасидир. Бироқ биз ҳайрондирмизки, қайси йўсун билан уларнинг кўнгилларини олиш керак? Биз бу нуқтани ўбдан ўйлаб кўрдик. Аммо ақли қосиримизға[1] ҳеч бир эпақалик гап келмай, миямиз қотди.

Тўғрисини айтканда (орада эшиткучи йўқми?), бу сочи узун, ақли қисқа анав-манавларга байрам қилишни ким қўюбдир?.. Тузук, хотун-қизларнинг сочлари узун, ақллари қисқа, бу ҳақиқат. Аммо ўзлари Худойи таолонинг ширин қилуб яратқан махлуқларидандирки, бу гап ҳам тўғри. Бинобарин, уларнинг ўйнаб-кулишларига рози бўлмаған одам хумсадир[2]. Бироқ масаланинг шу ерига тушунолмаймизким, бизнинг сочлик эшонларимизга бир йил ўн икки ой бўлса, шу ўн икки ойнинг ҳаммаси ҳам уларнинг байрамидир. Баҳор бўлса, шулон[3] қайнатғали мозорға чиқсалар, ҳайит келса яна иш йирик бўлса, туғуриқ чиқса, яна байрам, тўй бўлса, бешик-белик, упа-элик, тўй устига тўй… Энди тағин нима керак, бу ер юткурларга.

Ҳукуматчилик бўлғандан кейин кишининг тили қисиқ бўлуб, чурқ эталмас экан… Йўқса тунов кун… Халқ қозихонасида речь[4] айткан «Жужунай сўфи» оғамизнинг сўзи нах бизнинг муддаомиз эди:

Хотунларға ҳуқуқ, деб хотун-қизларимизни бузуб юбордилар, бу кунгача ҳуқуқсиз яшай билган хотун-қизлар бундан кейин ҳам яшай оладирлар. Хотун-қизларға ҳуқуқ олуб бергучи таъвиянинг кераги йўқ! — деди.

Речни биз, халойиқ узоқ олқишладик, қози афанди бўлса ашад таъсиротидан[5] ҳўнгир-ҳўнгир йиғлади. Орадан битта ҳуқуқчи чиқуб: «Бул киши хотуниға ҳуқуқ бериб оғзи куйди…» деб сўзлай бошлаған эди, уруб оғзини дабдала қилдиқ. Агарда сиз ҳам ҳуқуқ тарафдори бўлсангиз, сасиған оғиздан ачиған сўз чиқар деярсиз, ҳавола ба Худо[6]. Аммо сирасини сўзлаб ўтдик биз. Агарчандики[7], фақирингиз бу байрамға бетараф қарайдир, шунинг учун бетарафона кенгашлар беришдан ҳам тоймайдир:

1. Инқилоб тўполони билан хотун-қизларимизнинг паранжиларини янгилаб берилсун.

2. Ошни қирмоч олдирған учун ҳам баъзи бир оға-инилар «ҳасм»ларининг[8] чангини қоқар эканларки, бу иш яхши эмасдир. Баъзи унча-мунча иш учун пахтасавар қилинмасун.

Ихтор: 1. Бундан бошқа мавзуларда масалан, сўзингизни қайтарса, ижозатсиз кўчага чиқса, маҳсингизни тортмаса ва шунингдек, гунохдар воқиъ бўлса, шундоғ урингки, бадани унниқиб, мўматалоққа айлангунча қўймағайсиз.

Ихтор: 2. Хотун-қизларни урадирган олат (мизроб) уч турлукдир: а) қамчи; иш вақтида сувлаб олинса, хотун уриш учун бундан яхши олат йўкдир; б) мушт ва тарсак; в) оёқ; бу олат мазрубани ётқузуб олғандағина ишка ярайдир, айниқса, пошнаси баланд этик бўлса… ўткуррак қайиноналар келин-кеватка ҳужум қилғанда ўқлоғи, ўғуч каби олатларни истеъмол қиладирларки, бу ҳам яхши усулдир.

3. Хотунингиздан аччиғлансангиз, уни фақат мошхўрдага боғлаб, ўзингиз чойхона ва ошхоналарда мойлиқ паловни тушуринг. Хотун-қизға одоб беришда бул ҳам яхши усулдир (Аммо баъзи бир акалар хотунларини умр бўйи мошхўрдага боғлаб, ўзлари ҳамиша чойхонада қолур эканларки, айниқса, буниси фақирга кўб пором[9] келадир). Ана бизнинг сўзимиз шул: ёқса сизга, ёқмаса ўзимизга.

Ҳой, ер юткур! Киши-киши, юзингни бекит!..

Жулқунбой.

«Муштум», 1924 йил, 8 март, 24-сон, 2-бет.

[1] Қосир — қисқа, ожиз.
[2] Хумса — хунаса, ярамас.
[3] Шулон — бой, камбагал, бева-бечораларга бериладиган иссиқ овқат.
[4] Речь — нутқ, маъруза.
[5] Ашад таъсирот — қаттиқ таъсирланиш.
[6] Ҳавола ба Худо — Худога ҳавола.
[7] Агарчандики — гарчи.
[8] Ҳасм — душман; бу ерда: хотин
[9] Пором — кўнгилдагидек, ёқимли, маъқул.