Абдулла Қодирий. Ҳар кимдан анов манов (1925)

ЎШЛИК ҚАЛПОҚБОШ ЁЗУВЧИДАН

— Кўчаларинг чақир-чуқур, қурбақалар бақир-буқир, кафшларинг шап-шапига патакларинг чапак чалар; капаратга югура кўров, хотинга упа оласан, қизингга бўлса ироқи собун, ўғулчангга ошиқ оласан; ўчирт туриб зерикмағил, кутиб-кутиб савоб оласан. Сенга савоб керакмас-а бошингга бир шапка керак, қўлингга бир папка керак, ичкари қараб ўтаберасан, Сўна биби, Шашаниса жамолини кўраберасан ўлаберасан. Азабон бўлис чойхонаси: Аширматаканг ўғлини кўр, чойхонаға чўккалаткан таннозгина Қумрини кўр, тунда келиб базмини кўр, ёшларингни азмини кўр!

Пошшахўжа ўғли яна, волижроқўм аканг била хотин-қизнинг вакиласи, камсомоннинг жажжигинаси, кечалари дутор-сатор, димоғларинг мушки ифор. Мен ёзаман қақир-қуқир, босаберасиз апир-шупир!

АВЛИЯТАЛИК ЧЎКИЧДАН

Мулла Кумуш домла тўрам: Оёққа масҳ тортма[1] ҳаром, деган эди. Авлиятанинг муллаларин жаҳли чиқиб: Фатвонг сенинг эрур шалоқ, ўзинг кофир хотин талоқ, аслинг сенинг чалма қозоқ! Мунозара-муколама[2], мубоҳаса-мужодала[3], ажаб ширин муомала, китоб очиб, китоб ёпиб, бир-бирини итдек қопиб; натижада икки томон, бўлиб олиб қопқора қон, ҳарсиллашиб-гурсиллашиб мурожаат қилди Қозон.

ТОШКАНД ЎРДА САМОВОРИДАН БИР ДЕВОНА ЁЗАДИР

— Ўзбек қизи очилибдир, ерга бодом сочилибдир, очилса ҳай очилибдир, бир хиллари шошилибдир; чойхонада саккиз йигит, ўртасида битта чигит; какир-кукир этар чилим, катта-кичик унга елим! Бу на бало, бу на қазо? Мақсад шуми очилишдан? Ёху дедим шошилишдан!

Кўтаргучи Думбул.

«Муштум», 1925 йил, 20 декабр. 23-сон, 3-бет.

[1] Оёққа масҳ тортиш — сунний мазҳабида таҳоратсиз оёққа махсус кийимсиз масҳ тортилмайди, шиаларда таҳоратсиз, оёқ кийимсиз тортилади.

[2] Муколама — суҳбатлашиш.

[3] Мужодала — баҳслашиш.