I
Ҳар кимга маълумдирки, денгизларнинг тўлқунлари бир тарафдан икинчи тарафға кўчуб юрийдир.
Бу кун бир тарафда тўлқун бўлса, эртаси икинчи тарафда бошлануб, аввалги шовуллаб, қичқируб, шодлигинданми ёки бошқа бир сабабданми бир неча сажин юқорига сакрашуб тургон ерлари сукут ва сокит бўлуб қоладир. Шунга ўхшаш Бани башар (Одам болалари) орасида ҳам маданият тўлқунлари қувишуб ва суришуб юрийдир. Бир аср ичинда тараққий ва маданият дунёсинда ғўта уруб, сузишуб юрган бир қавмни кўрасанки, икинчи асрда таназзул дунёсига юзлануб, ваҳшийлик оламининг энг оғир нуқтасига боруб етадур. Бунинг сабаби ижтиҳод ва ғайратнинг озаюви, иттифоқ, инсоф ва адолатнинг йўқолуви, халқнинг илму маърифатдан узоқлашуб, бузуқ ишларга майл ва рағбатлари ортувидир.
Ҳар бир миллат маишат тарафиндан тараққийга юз қўймаса, маънавий тарафдан, яъни маърифат тарафидан ҳам тараққий қилолмас, бир кишининг ўз маишатига етарлик молу ашёси бўлмаса ва буларнинг сабабига ҳаракат қилмаса, моддий ва маънавий ишларни қилмоқдан ожиз қолур. Ва бундай очу яланғоч ўз авқотини ўткараолмайтурган бир халқга маърифат, маданият, улум ва фунундан дарс вермак муносиб бир иш ўлмаса керак, чунки фақир халқларнинг кеча-кундуз фикри-зикри нон топмак ва бола-чақасининг қорнини тўйғузмакдир. Таажжубки, мамлакатимизнинг ерлари, ўсимлик тупроғи баракатлик бўлиб туруб, ерли халқ оч ва яланғоч, бойқуш каби вайроналарда умр ўткарадирлар.
Қария[1] ва қишлоқ одамларини бир тарафга қўюб туриб, шаҳардаги маданийларимизга кўз солсак, маданият тўлқунлари бизларни кемаларимиз ила қаю ерга олиб кетуб турғонлиғи очиқ маълум бўладир. Халқимизнинг юздан тўртини бойга, икисини уламога, учини эшонга, бешини деҳқонга чиқарсак, қолган 86 си кўмирчи, темирчи, ямоқчи, фанарчи ва қоровулчилик каби энг паст хидматларда туруб, кунлик авқотларини зўрға ўтказадилар. Буларнинг орасида ойда, йилда бир мартоба гўшт, ёғ кўрмай умр ўткарадурғонлари, бутун йилни(нг) биргина кийим ила ўткарадурғонлари, ҳифзи сиҳҳат қайси, маданиятни на эканини тушунмайдирганлари кўбдир. Буларга они тушундирмак, ердан туруб, юлдузларга қўл сўзмак ила баробардир.
Бу тараққий замони ва маданият асри, билмам, бизни на ерга олиб боражак, ибрат кўзи ила Эски шаҳримизнинг мусулмон даҳаларига назар солган киши ҳар маҳаллада юздан тўқсон хоналарни(нг) бузилган, ёрилган, вайрона ва инқироз дунёсига юзланган бир ҳолда кўрадир. Гўё бу хоналарнинг деворлари, томлари лисони ҳол ила бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф қилмак, тўйларда жомафурушлик қилмак вайрона ва харобазорликға солди, деюрлар. Эмди, вайрона соҳибларини фақир ва хорликда яшаган, бола-чақаларини қўл кучи ила тўйдирадиргон, тўй деган ерда муқаддас Ватанини сотуб, сарф қилмоқдан тортинмайдирган «ҳозирам ҳузурам» деб истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак? Оч-яланғоч, кулфат, меҳнат ва заҳмат балолари орасида ўралиб қолган бир қавмга: «Маданиятга кирингиз, мактаб солингиз, ўқунгиз, тараққий қилингиз» каби сўзларнинг фойдаси ўлмадиғи офтобдан ҳам равшандир. Бу фақирликнинг энг қўрқунч тўлқунлари орасида эзилган халқимизни тўй маразидан қутқарурга тиришмак ва илож истамак лозимдир.
Бунинг давоси ва чораси учун ҳеч бир табибга муҳтож ўлмасдан, балки бир оз орқа-ўнгға қарамак, ҳамённинг оғзини маҳкам қилмак, иқтисодни риоя қилмак, исрофдан сақланмак лозимдир. Ажабо. Бу исроф тўлқунлари бизларни на ерга олуб борадир?.. «Дард устига чипқон» дегандек, кундан-кун бидъат устига бидъат ортмакда. Уламо, фузало ва эшонларимиз зикр ва тасбеҳ ўрнига «тўй устига тўйлар бўлсун» сўзини вирди забон қилмақда. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилуб, бир-бирларининг бор-йўқларига қарамасдан, фақир ва камбағалларимиз уйларини, боғларини, отларини, тўнларини сотуб тўйга сарф қилмақдадурлар. Бир тарафдан, маданият тўлқунлари шоширмоқда, икинчи тарафдан фақирлик ва мискинлик кўпаймакда, яна бидъат устига бидъат ортмакдадир. Мундан беш-олти йил муқаддам энг сарватли кишиларимиз уч кундан ортиқ ош ҳам йигирма-ўттиздан ортиқ чопон бермас эдилар. Ҳозир бу тарафдан кўб тараққий қилиб, олти-етти кун ош ва юзлаб чопон бермакдадирлар. Аввалда бир ярим — ики сўмлик чопон берадиган кишиларга, ҳозир 20—25 сўмлик зарринлар, бахмаллар берурга бошладилар. Мана шул тариқада биз кейинга қараб тараққий қилмакдамиз, билмам, бизим бу исроф ва бидъатларимиз қачон йўқ бўлиб кетар?!.
Ҳама поён ба боло метариқад, Ман аз боло ба поён метариқам.II
Муҳтарам ўқувчиларга ибрат учун маданиятнинг кони, манбаи ва чиқғон ери ўлан Осиё қитъасидаги Арабистон ярим отосини гўстаражагам. Олтинчи асрда дини мубийн Ислом ила баробар маданият денгизлари ҳаракат қилди. Ва бу қитъада яшамиш араблар ўзлари борган мамлакат ва қитъаларга маданият сувларини ҳам суруб бордилар. Орадан бир аср ўтар-ўтмас маданият тўлқунлари Осиёдан кўчуб, Оврупо қитъасини босди. Овруполилар ҳозирги йигирманчи асргача маданият тўлқунлари ичра яшадилар ва бу чолишқон овруполилар маданият тўлқунларидан қўрқмадилар, қочмадилар, ҳаракат қилдилар, асбоб ва машиналар ҳозирладилар. Ва бу маданият тўлқунларини ўзлариға асиру мусаххар қилуб олдилар. 15 нчи асрда маданият сувларини суриб, Амриқо қитъасиға олиб бордилар. Амриқонинг ерли ваҳший халқлари «эшикларидан оқғон сувнинг қадрини билмадилар», маданиятга киришмадилар, қабул қилмадилар. Ота-боболаридан қолғон одатларини ташламадилар, ўзларича ваҳшатда авратларини япроқлар ила ўртуб, бошлариға товус патларини санчуб, яланғоч гоҳ дарахтлар устида, гоҳ кафаларда, гоҳ ертўлаларда дўмбира ва чирмандаларни чолуб, яшай бердилар, маданият орқаларидан қувди, қочдилар. На ерга борсалар, маданият ҳам борди, қочиб қутулолмадилар, охирида маданият ғалаба қилиб, инқироз дунёсиға кузатуб юборди. Мана шу жумладан, ярим-ёрти ваҳшатда яшаш Ўрта Осиёга, Туркистонимизға Русия ҳукумати ила баробар маданият сувлари келуб кирди. Ҳозир ярим асрдурки маданият бизни орқамиздан қувиюр. Биз қирдан-қирға қочурмиз, қаршимизда маишат машаққатлари чиқуб ҳужум қилур, ўнгимиздан билимсизлик ва жаҳолат келуб, жонларимизни сиқур, сўнгимиздан мусрифлик, фақирлик ва бидъатлар чиқуб йўлимизни тўсур. Дангасалик, ялқовлик, ишсизлик устимиздан босуб бўғмак истар.
Ажабо! Бизлар ҳамон бу эскинча ромка орасидан чиқуб қочмак истамаймиз. Бир оз тушунмак ва ўйламак лозимки, бу ромка орасиндан чиқуб қочмак ва қутулмак мумкинми? Йўқми? Бизим фикримизча, қочмоқнинг имкони йўқ, кутулмаку халос бўлмакнинг фақат биргина чораси бордурки, маданиятни қабул қилмак ва маданиятга киришмакдир. Лекин киришганда ҳам маданиятнинг ҳақиқатини билмак ва ҳақиқий маданиятга киришмак лозимдир. Баъзи ёшларимизга ўхшаш усти ялтираган, ичи қалтираган бўлуб, бошларига Еврупо қалпоғини киюб «Маданият!», «Маданият!» деб оғизларини кўпуртуруб, оз-моз мусулмонча, чала-ярим русча сўйлашуб кулгу бўлиб юрмак маданият бўлмай, масхарабозликнинг бир шуъбасидур. Агарда табиатнинг жиловини нафсимиз қўлиға берсак, ул бизларни на ерга олуб бормасун? Чиройлик ва чикка бел қизлари ила ўйнашмакни, рестуран ва фивахоналарга боруб, қимор ўйнамак ва ичкулик қилуб, тонг отқузмакни, бир оз қизишгандан сўнг одобдан ташқари маданиятга ярашмаган сўзларни айтишмакни, ҳатто урушмакни, жабр ва зулм қилмоқни хоҳлайдир. Лекин маданият қонунида (устофида) мундай фано ва бузуқ ишлар бўлмаса керак. Маданий бўлмак ва маданиятга кирмак учун ундай ёмон сифатлардан сақланмак ва ҳазар қилмак ила баробар ҳақиқий маданият илми, маиший ва ахлоқий ишлар ила уч қисмға бўлинадир. Агар миллат болалари бу хислатни мукаммал суратда ўзларига дарбар олсалар, мана шул вақтда биз «маданиятни қабул қилдук, маданий бўлдук» деб лоф урсак, мақтансак кулги бўлмаймиз.
Ёшларимиздан маданиятга лойиқ равишда ўқуб, диний ва маданий кишилар ҳозирланса, тарбия ва таълимға моҳир олим ва олима, адиб ва адибаларимиз етушса, мактаб ва мадрасаларимиз мунтазам ва тартиблик бўлса, зироат, саноат ва тижорат ишларига моҳир кишилар етушуб, замонаға мувофиқ равишда иш юритилса, тартиблик «Дорул-ятим» — етимхоналар, «Дорул-ожизин» — камбағалхоналар, кутубхоналар ва қироатхоналар очилса, ширкат (товаришиство)лар барпо қилинса, юқорида дедигимиз каби, халқимиз орасида замонаға лойиқ улум ва фунундан бохабар уламоларимиз кўпайса, оч ва яланғоч кишиларимизнинг маишатларини тузатмак учун ҳаракат қилинса, ўқутилса, ахлоқ ва одоб ўргатилса, шул вақтда эскинча орасидан чиқуб, ҳақиқий маданият бўстониға юзланғон ҳамда маданият тўлқунларидан қутулуб, соҳили саломатға чиқғон бўлур эдук. Соҳили саломатға чиқувимизга замон мусоид верурми, вермасми билмаймиз.
Илм ила олам мусаххар бўлди, биз жоҳил ҳануз, Хоби ғафлат бошимизға етса ҳам ғофил ҳануз, Очмайин ибрат кўзин биз уйқуға мойил ҳануз, Илми ҳикматларға бизлар бўлмадук қобил ҳануз шеърини вирди забон қилмакдан бошқа чорамиз йўқ.—————————————-
[1] Овул.