Абдулҳамид Чўлпон. Вақф ишлари (1923)

Андижон шаҳар ва уезд вақф* шуъбаси ўзининг чин ишлик даврини май ойининг ўрталарида бошлаған эди. Шундан бери ҳам бутун қилған ишлари шаҳардаги вақф мулкларини рўйхат қилиш, уезднинг 6 маҳкумига махсус вакиллар қўюб, шулар орқали уезд вақфларининг рўйхатини ола бошлаш ва рўйхат қилиниб, қўлға кирган мулкларини ижарага қўйишдан иборат бўлди. Булар ташкилот жиҳатидан.
Энди маориф – илм жиҳатига келсак, унинг қилған улгуржи бир иши ёз ойларида шаҳримизда давом этган таълим-тарбия Қурслариға улгуржи ёрдам қилишидур. Бу Қурс магар вақф шуъбасидан ёрдам олмаған бўлса, очилар-очилмас ёпилған бўлур эди.
Яна шаҳримизнинг бундан бошқа мусулмон мактаб ва интернатлариға катта-катта муованати кўб бўлди. Маориф важҳидан* бу кунгача мундан ортиқ бир ёрдамни вақф шуъбаси қилғани йўқ, гапнинг ростини айтсак, қила олғани йўқ.
Чунки вақф шуъбаси ҳали шу чоққача ташкилот ишини жойлай олғани йўқ.
Яқинда марказ вақф идорасидан бир муршид келиб, шунинг ёрдами билан ташкилот ва молия ишларига пухта пойдевор қилинди. Энди киримнинг оз-кўплигига қараб маориф важҳидан ҳам дуруст нарсалар кўрсатса керак.
Киримни кўпайтиш масаласи умидли бир рангга киргани йўқ. Тағин қайталам умидсизрак рангга кириб борадур. Шаҳар хўжалиғи шуъбаси билан вақф шуъбаси орасида бозор жанжаллари бўлуб, у жанжаллар кўбрак вақфнинг зарарига тамом бўладур. Бунда жиддий зўр ва асослигина бир онглашилмаслиқ бор. Айниқса, Туркистон марказ ижроқўмининг вақф ишлари тўғрисидағи машҳур 173-декрети бир қадар ўзбошимча тафсирларга йўлуқмоқдадур. Бу ҳол бошқа шаҳарларда ҳам бўлса керак. Буни мутлақ, умумий доирада ҳал этмак лозим.

* * *

Андижон шаҳар ва уезд инқилобий қўмитасининг қарори билан маориф назорати қарамоғидағи бешинчи «Намуна» мактаби вақф шуъбаси таъминотига ўтди. Шу биргина мактабни яхши йўлга қўюб, чиндан «намуна» қилмоқ ҳаракатидадур. Мудир ва ҳайъат таълимия янгиланди. Иккинчи синф­дан оша олмаған бу мактаб учинчи ва тўртинчиларга эга бўлмоқдадур. Агарда маҳаллий маблағ (средство)га ишонса, мутлақ шикаст-рехти қаралмай қоладурған бу мактаб яхшилаб тузатдирилмакчи. Керакли режа ва чизиқлари чизилиб бўлди.
Мактаб олдида рушдий синфлар* очмоққа вақф шуъбаси қарор бериб қўйди. Локин муаллим йўқлигидан бу қарор ҳалига қолуб кетатурғанға ўхшайдур.

* * *

Вақф шуъбасининг қарамоғида эски мактаблардан учтаси ислоҳ қилинди. Буларнинг жойлари ярамас. Яхши жой топуб кўчириш, эски жойларни тузатуб, ярарлиқ ҳолға келтириш учун ҳам ҳаракат бор.
«Ҳаракатда баракат!» – деган гап бор. Сони бормоқ ҳисобиға етмайдурған Андижон маорифчиларига шундан бошқа тасалли ҳам йўқ…

_________________
Мақола «Фарғона» газетасининг 1923 йил 1 ноябрь – 116-сонида «Қ» имзоси билан босилган. Биринчи марта Чўлпон “Асарлар”и 4-жилдида қайта чоп этилган.
Вақф (араб.) – мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёхуд хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк.
Важҳ (араб.) – хизмат ҳақи, маблағ, нақдина пул.