Абдулҳамид Чўлпон. Руҳимиз ўлмасун (1922)

Сўнгғи вақтларда матбуотимиз маориф масалаларидан кўп­ги­на баҳс қилмоққа бошлади. Таъминот тўғрисидан кў­пин­ча халқ­нинг ўз бўйниға юклатилган мактаб ва ўқуш иш­лари кўп куч ва ғайрат сарф қилмоқ билангина истакка му­вофиқ юруб борса мумкиндир. Йўқ эса, аввалдан келган қўрамаслик ва эъти­борсизли­ғимизнинг давом эта бериши мао­рифимизни бўғуб ўлдургусидир.
Мактабларни таъмин этмак вазифаси ўз бўйниға тушган халқимизнинг савия фикрияси, мактаб ва ўқиш-ўқитиш ишларига назари маълумдир.
Мавлуд муносабати билан Тошкентда Маҳкамаи ­шаръиа томонидан ясалған улуғ намойишда бу эътиборсизликни зарарли самараси жуда очиқ кўрулди. Бизни яшатишга эмас, ўлдиришга судрайтурған эски мактаб болалари хорлик ва мас­канатни* кулдириб турған қонсиз чеҳралари билан ола-була тўнлар ки­йиб Жомеъ билан Кўкалдош саҳнасига тўлған чоқларида халқнинг кўзи ёшлар билан тўлди. Халқнинг кўзларидан тўкилган у ёшлар нодонлик ва таассиб орқасида келган беҳуда ва шунинг билан бирга самимий ёшлардир. Бу манзара қаршисида бутун умрини халқнинг маорифи, янги мактаби, тараққий ва таълими учун сарф этган кишилар бош­қа тушунча ва бошқа ўйлар билан йиғиладилар. Бирмунча вақтдан бери маориф ишларидан четда юрган эски бир маориф ходими ўшал манзарадан олған таассуротини жуда аччиғ қилиб онглатди. Унинг маориф ишларидан четда юриши учун гуноҳни кимнинг бўйниға қўя оламиз? Ҳар ҳолда, мавлуд кунидаги ҳазин манзарага шу чеккалаб юриш­ларнинг хийла улуғ таъсири бордир.
Ҳозир ҳукумат қарамоғида бўлған мактабларнинг сони жуда оздир. Бўлған қадарисини ҳам ҳукумат тўла ва етарлик равишда таъмин қила олмайдир. Янги иқтисодий сиёсат (НЭП) деган нарса билан бу кун жуда бузулиб кетган халқ руҳи мавлуд куни кўрганимиз каби масканат манбаи бўлған эски мактабларда бўлса, ул мактаблар бундан сўнг, шубҳасиз, кундан-кунга кучайиб борғусидирлар. Уларга қарши курашмак лозимдир. Фақат бу курашни ҳеч бир куч билан давом этдириб бўлмас. Бунинг учун ҳукумат қарамоғида бўлған мак­таб ва интернатларни кучайтирмак, тўлайтирмоқ ва ҳар жи­ҳатдан мукаммаллашдирмак керакдир.
Бунинг устига, яна халқ ҳисобиға ҳам янги усул мактаблар очдириб, уларни ҳам моддий ва маънавий ёқлардан мукаммаллашдиришга бутун маориф ва ёшлик кучларини завқ этдурмак керакдир.
Тарихнинг бизнинг учун тескари бўлған жараёни натижасида келиб чиққан шу ҳолларнинг айбини биримиз дўлга ва биримиз тегирмонга қўймоқ билан фақат аҳволни оғирлашдирган бўлурмиз. Тегирмон тарафдорлари ва дўлни ёқлағучилар учун қўшмоқ бир вазифа бор: бор қадар янги мактаб­ларни ҳар жиҳатдан мукаммаллашдириб, эски мактаб таҳликасига қарши курашмак!
Ҳозир шу мақсад билан болалар ҳафтаси ясалмоқдадир. Дўл деганлар-да, тегирмон деганлар-да очиқ майдонда ўзларини кўрсатсунлар.

_______________________
Мақола «Туркистон» газетасининг 1922 йил 4 ноябрь сонида «Абдулҳамид Сулаймон» имзоси билан босилган. Биринчи марта Чўлпон “Асарлар”и 4-жилдида қайта чоп этилган.
Масканат – фақирлик, бечоралик.