Абдулҳамид Чўлпон. Эътироз (1927)

ЎЗБЕКИСТОН ИЖТИМОИЙ ШЎРОЛАР ЖУМҲУРИЯТИНИНГ ИККИНЧИ ҚУРУЛТОЙИ МУҲТАРАМ РАЁСАТ ҲАЙЪАТИГА ЧЎЛПОН (АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН) ТОМОНИДАН ЭЪТИРОЗ

Муҳтарам қурултойнинг ишларига маъзур важҳлар билан бўлиб, яқиндан аралаша олмаганим учун таассуф қиламан ва сиз муҳтарам ҳайъатдан ўтинаманким, менинг қуйидаги аризамни муҳтарам қурултойга етказсангиз экан.

Улуғ Октябрнинг аввалларидан бери ишчи-деҳқонларнинг инқилобий ҳукуматлари томонида бўлиб маориф ва маданият соҳаларида қўлимдан келган қадар самимият билан ишлаб келганим маълумдир. Ватандошлар урушининг энг қизғин даврларида, шонли қизил аскарнинг «Перекоп» музаффарияти дамларида коммунистлар фирқаси томонидан ишлатилган бир газетанинг (ўша вақтнинг энг сўл газетаси) — «Роста»нинг бошида туриб, қўлдан келган қадар инқилобга ва унинг енгишига хизмат қилганман. Бу Тошкентнинг хамма шўро ва фирқа ишчиларнга маълумдир. Ундан сўнг бошқа газета, журналлар ва ниҳоят театр ишларида ҳам, шу ишларнинг раҳбари бўлган сиёсий идоралар назоратида, ўшаларнинг кўрсатган йўллари билан пшлаб келганман. Булар ҳам ҳар қайсиси ўз кишиларига маълум.

Сўнгги икки-уч йил орасида шоирлик ва ёшлик майллари билан баъзи бир хатоларим бўлди. Чунончи, миллатчилик ва ватанпарастлик руҳида шеърлар ва нарсалар ёзиб, баъзи жойда шу йўлда сўзлаганларим ҳам бўлди. Сўнг вақтда, айниқса, Москвада ўқиган вақтларимнинг сўнгида ўз хатоларимга ўзим ҳам тушундим.

У ёзган нарсаларим ва сўзлаган сўзларим, камбағал ва йўқсуллар душманларининг фойдасига хизмат қилганини билдим. Башариятнинг умумий саодати, эзганлар ва бойларга қарши эзилганлар ва йўқсулларнинг курашида эканини англадим. Дунёда асосан икки қарама-қарши жабҳага бўлинган бойлар билан камбағалларнинг курашида ҳақ ва ҳақиқатнинг камбағал ва йўқсуллар томонида эканига қаноат қилдим. Мундан сўнгги ишимда шу қаноат ва ишончимни асос қилиб тутмакка қарор бердим.

Мундан сўнг шу йўлдаги азмимни иш билан кўрсатиб, иш орқасида ҳалиги хатоларни ишчи-деҳқоннииг кўнглидан кетказишга ҳаракат қиламан.

Мундан сўнг ўз фаолиятим учун ўзим севган театр соҳасини олиб, унда яқинда (шу йил) РКП(б) Марказий Комитети ташвиқот-тарғибот шўъбаси ёнида бўлган театр маслаҳат мажлисининг қарори асосида, ўшани дастур қилиб иш қилишимни арз қиламан.

________

Эътироз. — Мазкур хат «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1927 йил 12-сонида эълон қилинган. 20-йилларнинг ўрталарига келиб Чўлпон ижодидан ғоявий хатолар қидириш, уни йиғлоқиликда, буржуа мафкурачилигида айблаш руҳи билан суғорилган қатор мақолалар эълон қилинди. Умуман, шу вақтга келиб сиёсий вазият анча кескннлашган, вульгар социологик танқид ҳужумга ўтган эди. Адиб А. Қодирийнинг айни шу вақтда ҳибсга олинганини эътиборга олсак, булар келгусидаги қатағонларнинг бош репетицияси эканини англаш қийин эмас. Айни шу шароитда Чўлпон маданиятчилар қурултойи раёсатига ушбу хат билан мурожаат қилиб, ўлгаинг хизматларини эслатади, «гуноҳлариға тавба» қилади.

«Қурултойнинг ишларига маъзур сабаблар билан бўлиб, яқиндан аралашолмаганим учун таассуф қиламан…» — албатта, курултой соғлом вазиятда, ижодий фикр алмашишда ўтганида Чўлпоп «маъзур сабаб»ларни рўкач қилмасдан, қурултойда жон-дилдан иштирок этган бўлар эди.

«Перекоп музаффарияти дамларида…» — 1920 йил 7 ноябрда Қизил Армия қўшинлари Сиваш қўлтиғидан кечиб ўтиб Перекопни эгалладилар ва Врангелнинг қўшинлари 16 ноябрга келиб батамом тор-мор қилинди. Бу вақтда Чўлпон Тошкентда «РосТА» газетасига (бир саҳифалик деворий газета) муҳаррирлик қилар эди.