Абдулҳамид Чўлпон. Андижонда янги бонк (1914)

Андижонда, мусулмон қитъасинда, «Девони Мат­­­қобил ширкат бонки», яъни «вриминний кридит» очмоқға қа­рор берилди. Ҳозирги аъзоси 180 нафар бўлуб, 130 дан зиё­даси мусулмонлардур. Сармояси 28 минг сўмдур. Машварат аъзолари олти нафар бўлуб, ярми мусулмонлардан: Эшонхон махзум Одилхўжа ўғли, Зуннунбой Қутлуғбой ўғли, Мирҳайдарбой Миркомил ўғлиларидур. Идора аъзолар 3 нафар русдур. Азбаски, бизға замонаға тааллуқдор, илмдан хабардор киши йўқдур. Тафтиш аъзолари уч нафар бўлуб, бири Саъдуллахўжа Турсунхўжа ўғли жанобларидур. Бонка келар ҳут ойинда* очилса керак. Ушбуни вужудга келишиға мазкур муҳтарам мусулмонлар ва аларни ёрдамчилари сабаб бўлдилар. Бонка бўлмасун деганлар-да бор эдики, уларни «Ойна» идорасиндаги «Муш»ға ҳавола қилдук.

________________________
«Ойна» журналининг 1914 йил 18 январдаги 13-сонида «Абдулҳамид Сулаймоний» имзоси билан босилган. Биринчи марта адабиётшунос Рустамжон Тожибоев томонидан топилиб, 1993 – 1994 йилларда республика газеталаридан бирида ­эълон қилинган.
Ҳут ойи – қуёш йили ҳисобидаги ой, февраль-март ойига тўғри келади.