Абдулла Қодирий. Қурбон байрами (1923)

Ҳангама

Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.

Бу кун қуввати келган ҳар бир «мусулмони комил» ўзлариға ўхшаған бир ҳайвонни қурбон қиладир. Қурбонлиқ қилған мусулмонларға охиратда бўладирған имтиёзлардан қуруқ қолмайлиқ, деб машҳур сиёсий тулки лорд Керзўн ҳам бу ҳайит Лондон халқи учун бир қўй қурбонлиқ қилмоқчи бўлди. Чунки у дунёда сирот кўпруги деган ваҳмалик бир нарса бор эканига Керзўн ҳам ишонибдир. Ҳар кимнинг бу «Қиличдан тез, қилдан нозик кўпрук»дан ўтиши мажбурийдир. Керзўндан каттароғи ҳам мусулмонларнинг ақлиға ҳайрон қолмасдан мумкинми? Сирот кўпругидан ўтиш учун бир мингта ҳаво флотининг икки чақача аҳамияти йўқдир. Қурбонлиқ қилған қўйни минасиз-да, пилдираб ўтуб кетаберасиз-да, тўн-тўғри сиз учун ҳозирланған жаннатга кириб, бир қулоғи бу дунёға юз минг баробар келадирган ҳур, бурниниш катаги мана шу Туркистон ўлкасига бир юз миллион баробар келадирган ғилмонни бир тийин налўг тўламасдан тасарруф қилаберасиз («Мифтоҳул-жинон» таъбири). Мана бу имтиёзлардан кимнинг шўппайиб қолғуси келадир.

Ҳамма ҳам роҳат ва саодатни яхши кўрадир. Баҳо ҳам унча қиммат эмас: бир қўй ё икки кишига бир ҳўкуз, вассалом… Тағин бу томони ҳам бор, қон чиқарилса кифоя.

Бойларимиздан Салимсоқ семиз бултур қилған қурбонлиғи билан қизини чорлади. Қўчқорхўжа акам жўраларига гап берди. Болтичўлоқ маҳалла сўфиси билан имомини ва ҳам уч-тўрт маҳалла муштумзўрларини имлаб қурбонлиғини едириб юборди. Булар-ку майли, Ёдгор семиз шундай бой бўлса ҳам зиқна-да, қурбонлик гўшт-ёғини димлаб қўйди.

Бу тўғрида ҳеч кимга айб қўйиш керак эмас. Қурбонлиқ гўштлардан очларға насиба чиқариш учун пайғамбарнинг декрети босилған қонунлар мажмуаси ҳам умматлар қўлиға теккани йўқ, уламолар қўлиға теккан бўлса ҳам улар бундай буйруқларни бекорга чиқарғанлариға кўб замонлар бўлди.

Қон чиқди — кифоя.

Ҳай-ҳай, қандай яхши… бу дунёда қадри йўқ мусулмон оға-иниларнинг у дунёда бундай роҳат билан кун кечиришларига ҳасад қилғучи кофирларнинг кўзи чиқсун.

Мусулмонлар учун жаннатнинг баҳоси бир қўй, икки кишига бир ҳўкуз, туя бўлса ҳам майли. Қони чиқарилса кифоя. Ҳай-ҳай, ҳамма пайғамбарнинг уммати ичида бахтиёр Муҳаммад уммати. Ҳай-ҳай, бу давлат бизга етмасми, Муҳаммад умматидирмиз.

(Ж-Қ)

«Туркистон» — 1923 йил, 24 июл, 160-сон