Абдулла Қодирий. Ёмон кўз (1923)

Ёмон кўздан сақланиш керак

Баъзи-баъзида «Туркистон» билан «Ёш шарқ» газеталарига кўзим тушуб қоладир. Нималарга йўлиқасан денг! Худо кўздан сақласун.

Газеталарда қизиқ-қизиқ байтлар босиладир. «Мамаданалар»нинггина оғзидан чиқатурған «тўти қуш» гапларини ўшал байтларда кўрасиз. Гапка мунча чечан бу ҳаромилар?!

«Фалон мактабнинг фалон синф талабаси» деб қўл қўйилғандан кейин, албатта, уни ёзғучилар «аҳли соқол» худо бандалари эмас, ёш гўдаклар, туркий қилиб айтсанг, кичкина тирранчалар!

Ёш болаға ким қўйибдир катталар турғанда оғиз очиб, гап гапиришни? Замонанинг болалари бу ҳикматнинг маънисини биларми эди? Улар гапираберадирлар.

Боланинг кўб гапирганини «мамадана» деймиз. Мамадана болалар кўпинча жинни бўладирлар. Бунинг сабаби-да шудирким, бола «Ҳа» деб жовраб сайраб гапираберса бир очкўз мўъмин боради-да: «Ўсдирганингга балли, хўб сайрайтурған бўлибдирми?» деб, кўзини мойлантириб бир қараб қўядир. Болага кўз тегиш шу бўладир.

Ана шу мўъминнинг қараши ёмон кўз, яъни «бадназар» бўладир. Ёмон кўздан сақланиш ҳар бир мўъминнинг вазифаси.

Газеталарни ўқусангиз, кичкина-кичкина тирранчаларнинг гапка усталиғиға ҳайрон қоласиз. Ўшалар ҳам мусулмон боласи, мўъмин бандаларнинг ўғли.

Биттасини яхши танийман: худди Пирмуҳаммад аълам домламизнинг махдумлари. Ўшандай мусулмон фарзандларини ёмон кўздан сақлаш керак.

Ғараз: елкаларига битта-битта тумор тақиб қўйиш қийин иш эмас. Ёмон кўздан сақлайтурған дуолар, туморлар, кўзминчоқлар тўлуб ётадир.

Зомонанинг охири,

Катталар жим-жит,

Болалар сайрайдир.

Шунинг учун айткан-да, ота-боболаримиз:

«Кичкина митти—Хонхўжани йиқитди» деб…

Муштум

«Муштум» — 1923 йил, 6-сон, 1-бет