Абдулла Қодирий. Сиёсат майдонларида (1923)

Сарлавҳани ўқуғач, Пуанқаранинг лўттисидан[1], Керзўннинг Туркияга қилаётқан олифталигидан эшитамиз, деб кўнглингиз айнар. Воқиъан бу тўғрида кўнглингиз айнаб, ҳазми қийин бўлған Ёврупо йиртқичларининг куракда турмаған сиёсатларини «воқ» этиб қусуб юборишға ҳам ҳақлидирсиз. Тўғриси ҳам бу ит эмганларнинг тутқан сиёсатларини ҳар қандай Шарқ боласи осонлик билан ҳазм қила олмайдир. Бундай заҳар-заққум олуд сиёсатни илон катлети, чиён сомсаси еб, Лўндўн рестўранларида нашъу намо қилған Керзўн чўчқанинг нозик меъдаси ҳазм қилмаса, эгаси ўлган эшакнинг гўшини (Германияни) Пуанқаранинг кўнгли тортмаса, бундай палид ва нажас сиёсатларни ишчи халқининг касби ҳалолғагина ўрганган меъдаси кўтара олмайдир.

— Еврупо балохўрлари, ўз ора «Олинг қуда-беринг қуда»ларни қачонғача мазлум Шарқ ҳисобига қилар эканлар? — деб сўрарсиз, албатта[2]. Бу саволингиздан нечоғлиқ сабрсизлик ва самимийлик ислари дунёни тутқанидек бунинг жавоби (агар ўзингиз, башарти аҳли салоҳ синфидан бўлсангиз, кўзингиз узоқни кўруб, қулоғингиз инқилоб қийқуруғини эшитса) ҳам ердан, ҳам кўқдан, ҳам тоғдан, ҳам тошдандир.

Қачонки бу муттаҳамларнинг балоси ўз ичидан чиқадир: қачонки Еврупонинг ишчи деган синфи хуружга келадир; ана шу вақтда бу Шарқ елкасига миниб олған рўдаполарнинг мия қатиғи бурнидан келиб, жойи жаҳаннамдан белгуланадир. Аммо шунда ҳам Шарқ оғзинг қани деганда бурнини кўрсатиб ўлтуратурған бўлса, қассобдан гўш олиб баққол билан гаплашса, маданият деган лаш-лушдан қирқ газ нарига қочишни қўймаса, яхшиси шуки, ўзининг иссиғ ўрнини совутмасун, эшак аравасини тортаберсун!..

Лузончи муттаҳамлар билан Туркия вакиллари «борди-келди»си масаласига келганда, муттаҳамларнинг лўттиси жуда ҳам эшак мия еган даражададир.

Бутун дунёдан ўзига кўмакчи излаган Туркия ўз ёнида Русиядан бошқасини кўрмайдир. Бизнинг Чечерин бўлса Туркияга юрак бериб:

—      Шаллақиларнинг дўқидан қўрқма! —дейдир.

«Яланғоч сувдан тоймас» дейдилар. Туркия бутун дунёнинг биринчи яланғочи бўлғанлиқдан олабўжиларнинг ҳар бир «Ваҳималик картинка»сини кўришга ҳозирдир.

Жулқунбой

«Муштум» — 1923 йил, 2-сон, 2-бет


[1] Лўтти — найранг.

[2] Шарқ мамлакатлари бир неча юз йиллардан бери Европа ва кейинроқ эса АҚШнинг иқтисодий-сиёсий маънфаатлари доирасида келаётган бўлиб, 1910-1920 йилларда капиталистик кучлар бу мамлакатларни яна бир карра ўзаро тақсимлаётган эдилар. Масалан, Лозанна ва Генуя конференсиялари шу ниятдаги ҳаракатларнинг ҳосили эди.