Абдулла Қодирий. Дарди йўқ — кессак, ишқи йўқ — эшшак (1923)

—      Калникига ошға-а-а-а!!!

Гур-гур одам калникига туз ялаб чопадир…

—      Айиқ полвон кураш тушадир, Жўра қизиқ маймун ўйнатадир, Фарғонадан Арава полвон келди, Жиззахдан Ит полвон келди…

Кўрубсизки, кураш ўрнини ижарага олған зарғалдоқ хўжаларнинг қилған фойдалари минди-минди…

—      Чет эллардаги ўқуғучи ёшларимиз фойдасиға бу кун «Турон»да театру қўйиладир!

Ла ҳавла ва ла қуввата… Тошканд мусулмонларини… яйзара[1] ер ютубдир ва ё катта-кичик оға-ини ин-инларига кириб кетибдир…

Шунга ўхшаш «Шарқ саҳнаси» яхши ният ёрти мол, деб кино қўяр. «одамови»ларни йиғмоқ учун эшак ҳуркарлик қилиб, томға тўртта карнай ҳам чиқарадир; лекин шунчалик атторчиликлар, «Сурма кет, ўсма кет»лар бир пақир; саҳна хазинадорларининг оғизлариға пашша ўлтурған, ўюнхона эшикидан «ғинг» деган бир чибин учмайдир. Шу соатда шаҳарнинг барча чойхоналарида ғиж-ғиж чурвақа, лим-лим… бузоқ:

—      Оғзингми, ўрпилган ўрми?

—      Башарангми, бадбахтнинг даласими?

—      Кўзингми, пўстакнинг йиртиғими?

—      Энгахингми, йўлға чиқған ҳиндининг…ми?[2]

—      Хо, хо, хо!

Топған-таянған совутмачоқ шу. Бошқа дастмоя йўқ. Бангихонада «ҳарб-зарб»[3] олуб юргучи бир ўртоғим нашанинг тутуни гуркураган чоқларда:

Харсак — марсак,

дарди йўқ — кессак

ишқи йўқ — эшшак![4]

деб байт ўқуған бўлуб жоврар, ман бўлсам «Бу нима дегани тентакнинг» деб байтига тушунолмас эдим. Энди келиб-келиб бу байтнинг маъносини Эски шаҳар саҳналаридан топуб мавридсиз бўлсада, ўзим шу байтни яккахонлик қилмоқдаман:

Дарди йўқ — кессак, ишқи йўқ — эшшак!

Воқиъан, дард бўлмаса, ишқ бўлмаса одамнинг кесакдан нима фарқи бўлсин-у, эшакдан нима айирмаси!

Валлоҳи аълам биссавоб.

Жулқунбой

«Муштум» — 1923 йил, 5-сон, 6-бет

 


[1] Яйзара — яксара, биратўла.

[2] Бу айтишув такялардаги бангиларнинг ўзига хос аскияси.

[3] «Ҳарб-зарб» — ҳарбий стратегия жанги; бу ерда даҳанаки жанг маъносида.

[4] Бу байтни бангилар бангихонада қарсак чалиб айтиб кетидан бири: «Соқий самадий, эски пўстакни ямади, қўйга бўри келганда қўйчивон ҳайҳайламади» — деб «жаво-о» — дейди. Қолганлар унга жўр бўлиб «жаво-о» деб бақиришади (жаво (ҳиндча) — наша чекишга кел, дегани).