Абдулла Қодирий. Чиқиб бозор аро пошшойи танга кириб ўлтурди кеткан жон-танга (1924)

Кичкина фелетўн

Ана энди туфлаб тугадурған пуллар ҳам чиқди… Отангга раҳмат, дадаси кўрган!

Ман-ку, ҳали тангани ушлаб кўрганим йўқ, аммо ўша моянахўрлар янги пошшойи тангадан йигирматасини бир қўлға ушлаб иккинчи қўлға қатор тушурсалар борми, жиринғ-жиринғ, шалдир-шулдир-да![1]

Тусингдан айланайнинг кўрими ҳам яхши, товуши ҳам худди қизларники, бежирим… Девонахонингизнинг бир тилагим бор эдики, энди ул ҳам бўлди. Яъни ўша ўроқ билан болғаю бир тутам бошоқни қоғозда эмас, ана шунақанги бошитошдан бўлған нарсанинг устида кўргим келар эди. Шукр, ўзим ушлай олмасам-да, оға-иниларнинг қўлларида кўрдим; оға-иниларнинг бошлари омон бўлса шунақанги кўрсатиб юраберарлар-ку, ахир! Нима, мануларнинг тангасини еб қўяманми?..

Беш кундан сўнг чақабой чиқсалар, ўн кундан кейин тилла тўрам[2] ҳам чиқарлар, а? Энди биз ҳам боққолнинг олдиға бориб бир миллиарт, ўн миллиарт деб оғиз кўпуртириш ўрнига елкамизни сиқибгина: «Бир пақирга[3] носвой, бир мирига[4] савзи!» деб айтармиз-ку.

Бердибой акам бўлса: «Э ука, болшевойингнинг пулидан хафа бўлдим-ку, ҳисобини билиш бир сари, курсинига тушиниш икки сари… Бизларга ота-бободан қолған чақачамизни чиқариб берсин!» дер эди.

Ман:

Сабр қилсанг ғўрадан ҳолва битар,
Сабрсизлар ўз оёғидан йитар!

— деганимда, бир тиллойи пулини курсиндан йиқилиб тушуб, ўзининг анча зарар қилғанидан шикоят қилар ва «Э, ман, курсинидан зарар қилабериб буд-шудимдан айрилиб қолайми, ундан кейин бу итбаччаларингни ким боқадир, а?» деб манга пичинг қилар эди.

Одамларнинг қўлидағи пул бўлуб юрган тамға қоғозлар[5] энди кўзимга худди мохховға ўхшаб кўринадир. Аммо ман пошшойи тангасига[6] қойил-да!

Чиқиб бозор аро пошшойи танга,
Кириб ўлтурди кеткан жон-танга!

Кейинги мисрани абжад ҳисобига олсангиз ба илми каромат (1924) тарихи чиқар.

Думбул девона

«Туркистон» 1924 йил, 25 март, 248-сон


[1] 1924 йилда муомаладаги пулнинг қадри кетиб, пул ислоҳоти ўтказилган эди. Мақола шу муносабат билан ёзилган. Бу ерда муаллиф бир сўмлик ва эллик тийинлик сўлкавой пул ҳақида гапиряпти.

[2] Тилла тўра — 1922-1947 йилларда СССРда муомалада бўлган ўн сўмлик червон пул.

[3] Пақир — икки тийинлик чақа.

[4] Мири — беш тийинлик чақа.

[5] Тамға қоғоз — танга пуллар чиққунча бир-уч-беш тийинлик гербли қоғоз пуллар муомалада юрган, гап шу ҳақда боряпти.

[6] Пошшойи танга — червон пул.