Ҳангама
Шариъатсиз киши учса ҳавога,
Кўнгил берма унингдек худнамога![1]
Сўфи Оллоёр
Тўртта бемаъни бир ерга йиғилиб олибдир-да, отини «Маҳкамаи шаръия» қўйибдир.
— Маҳкамаи шаръия очдиқ, шариъати набиянинг равнақини истасангиз бизнинг ёнға марҳамат қилингиз! —деб рўкач учун содда домлалардан бир нечаларини ўз ичларига олибдирлар-да, уялмай-суялмай «Тошканд маҳкамаи шаръияси» деган вивескани ҳам Кўколтош мадрасасига осибдирлар.
— Эй уялмағанлар! Бу кун бўлмаса, эртага сиримиз очилиб, шарманда бўламиз деб ўйламадингизларми?
Алҳамдулиллоҳ сумма алҳамдулиллоҳким, аҳли мусулмонга ашрорун-носнинг[2] зарарлари тегмай туриб «сирлари» очилди. «Маҳкамаи шаръия» деганнинг чуви чиқиб, бизнинг томондан бир парча чурук латтага тугилди.
«Маҳкамаи шаръия»нинг чувининг чиқиши жуда осон бўлибдирким, эшитуб зиёда хурсанд бўлдиқ ва аҳли солиҳ диндошларнинг анзори олийларига[3] тортиқ қилишни ўзимизға фарзи айн билдик:
«Маҳкамаи шаръия»даги «Ислоҳи мадорис»чилар (ба чимаъни?) ҳаракати беҳудага юз қўюб, мадрасаларга янги усули дарс ва янги мударрис тайинламакчи бўлғанларида А. аълам домла жаноблари мударрислик учун ўз тарбияларида етишкан зотларни таклифи босавоб қилибдурлар. Аммо ислоҳотчилар бу таклифи босавобни рад айлаб, чиртинг-пиртинглар билан жавоб бериб, ҳаракати нописандада бўлибдурлар.
Иккинчи, Шомий домла деган бемаъни мажҳулун-носнинг ўрниға мулла Зиёуддин маълумун-нос вал-хос вал-авомни мударрис бўлсун, деб меҳрибончилиқ қилған эканлар. Яна ул бемаънилар дағаллик айлаб ва яна бунинг устига бирмунча шўртумшуқлик ҳам қилибдурлар.
Учунчи, «Мадрасаи шукрхония»ни булғатуб олудаи нажас айлаб ётған жамоаи жадидни кажак олиб ҳайдамоқ маҳкамаи шаръия афродига фарзи айндир, деб меҳрибончилиқ қилғанларида яна улар сустлик кўрсатибдурлар.
Шунинг ила А. аълам домлаға «Маҳкамаи шаръия»нинг сири очилиб «Маҳкамаи жадидия»лиги ошкор бўлибдур. Ва яна «Ҳамияти диния»лари жўшка келиб «Маҳкамаи шаръия»да шариъат йўқ экан!» деб хитоб айлабдурлар. Ва яна «шайхул-ислом»лик мансабларидан ҳам истеъфо берибдурлар. Ва яна «Маҳкамаи шаръия»нингчуви чиқибдур…
Мулла Жулқунбой
«Туркистон» — 1923 йил, 25 январ, 50-сон
[1] Илмсиз киши олий мартабага эришса ҳам ундай худбин, шуҳратпараст, риёкор одамга ихлос қилма.
[2] Ашрорун-нос — ёвуз одамлар.
[3] Анзори олий — улуғ назарлар.