Абдулла Қодирий. Давосиз дардлар (1922)

Ҳангама

Дард қўб — давоси йўқ, ҳасрат узоқ — кечалар қисқа, манзаралар ажиб — кўзлар кўр, жарт-журт зўр — натижалар кичик, манзил узоқ — роҳила оз, ваҳима катта — тўй бедарак, осмон узоқ — ер қаттиқ, бўйи бир қарич — соқоли икки қарич…

Сиз ўқуй берсангиз, ман шунақангги бир-бирисига тескари жумлаларни Маллахоннинг давангидек[1] қатор-қатор, сулайтириб-сулайтириб ташлайберсам. «Мифтоҳул-жинон»нинг ривоятига қарағанда, агар дарёлар сиёҳ бўлиб, харилар қалам бўлса, япроқлар қоғозға айланиб, қурбақалар ўқуғучи бўлсалар, бу аживаи-таралаларни чоп қилиб тарқатғучи Давлат нашриётининг Эски шаҳар матбааси бўлса, бунинг савоби бутун Туркистон мамлакатининг думоғиға худда сассиқ саримсоқдек таъсир бериб, ҳар қайси ўзбекларнинг номаи-аъмолларига ҳар йили тўрт фаслда хурракни баташ қўйған мўмин ва мусулмоннинг аъмоли солиҳаси ёзилур экан.

Энди бир озғинаға фалсафа, эътиқодиётни қўятураилик-да, «Дарди бедаво»ларимиз устига ўтайлик.

Туркистон истатистиқа идорасининг тўплаған сўнгғи маълумотига кўра, Эски шаҳардаги «Ҳаракатдан баракат» мактабларининг сони шу кейинги ҳафта ичида юзга-юз ортиб кеткан. Масалан: ўткан ойда етти юз қирқ бир оғилхонадан иборат бўлған халқ ибтидоий дорул-жунунлари[2] ярим мингга, қорихоналар беш юздан тўққуз юзга етмишдир (қорихоналарда бир оз секинлик). Бу сўнгғи очилған ибтидоий дорул-жунун ва қорихоналарниш муаллимларида ҳам фавқулоддалик бор, дейдирлар: соқоли от тўрбадак, саводи чиқар чиқмас фариштасуфат зотлардан иборат бўлиб, ёш болаларимизни бир йил комил деганда муллаи боамал, бунинг устига даққи, калвак, оғзинг қани десалар қулоғини кўрсататурған «Дарди бедаво» қилиб чиқарар эканлар.

Бу ҳақда сиёсий доираларнинг юруткан мулоҳазаларига қарағанда, ўзбеклар ишни бу тариқа олиб бора берсалар, уч йил комил деганда, Туркистон гўёки иккинчи Амриқо-ку, ўзбеклар орасида ғарчча маданият, на у ёққа ўта оласан, на бу ёққа; худди девори қиёмат! Яна ўшал истатистиқа идорасининг берган маълумотиға қарағанда, иккинчи томонда қилтиллаб турған Эски шаҳарнинг маъориф шўрваси[3] бу маданият мактаблари қаршисида қаддини кўтаришға ўйлашар экан. Аммо шуниси бор эканки, ановларда йўқ шағшаға, ановларда йўқ дабдаба бизнинг маъорифнинг шўрвасидан топилур экан!.. Бул ҳам бир дарди бедаво!..

* * *

Бизникилар «Бўрк ол!» деса, бош олишға ҳозир, бир маблағлар десанг, эҳтимолки, нишка тушкан[4] бўлурмиз. От билан эшакка солиқ солинибдур, хайр, солинса солинибдур; бу орада бир эшакчи камбағалнинг эшаги очлиқда ҳаром қотибдур; хайр, қотса қотибдур.

—      Ўлган эшагингнинг солиғини бераверасан!

—      Бечора эшагим марҳум бўлди ака, бу ерда жони узилиб, мана бу ерда ювулди, ана у ерда жаноза ўқилиб, мана бу ерга кўмилди, ака…

—      Йўқ, бера берасан! Эшагинг бешдан кам эмас!

Бечоранинг эшаги ўлгани-ўлган, устига-устак мана бу «Бош олғучилар»нинг фотиҳахонлиғи қизиқ…

Бул ҳам бедаво дардларнинг бириси.

* * *

Эски шаҳарнинг бошдан-оёғи, оёқдан боши, етти яшаридан етмиш яшари қўтур… Эски шаҳарнинг афкори умумияси шу қўтур масаласи билан машғул (Бизда афкори умумия йўқ дегувчилар номақул айтибдирлар).

Бечора халқ шу қўтур истибдодидан қутулмоқ учун ўткан-кеткандан илож сўрашдан бўшай олмайдур. Аммо берилган дору-дармонлардан тўққуз чақалиқ фойда йўқ; ҳамон ҳар кимни кўрсанг: қирт-қирт, қирт-қирт… Пуввак боғлаған Ёврупо дўқтурлари ниҳоят келиб-келиб бизнинг «қўтур масаламиз» устида эълони ихдос қилдилар. «Халқ соғлиқни сақлаш бўлими» бу тўғрида қимир этмайдир. Кейинги кунларда қўтурларнинг ҳаммаси «Халқ соғлиғини сақлаш бўлими эмиш» деган бир резалютсия қабул этди.

Мана бул ҳам бизнинг давосиз дардлардан…

Жулқунбой

«Туркистон»— 1922 йил, 14 декабр, 36-сон


[1] Маллахоннинг давангидек — Туркистон хонларидан ўтган Маллахон ҳайвон, парранда боқишга; ит, қўчқор уруштиришга ишқибоз бўлган экан, муаллиф шунга киноя қиляпти.

[2] Дорул-жунун — жиннихоналар; бу ерда муаллиф эски усулдаги мактабларни танқид қиляпти.

[3] Маъориф шўрваси — «Маъориф шўъбаси» демоқчи.

[4] Ниш — мўлжал; сира, моҳият.